Агар одамлардан сиз чет тилини ўрганиш зарурми, деб сўрасангиз, уларнинг кўпчилиги “йўқ” деб жавоб беради. Она тилидан бошқа биронта тилни билмасдан бемалол яшаш мумкин, дейдиганлар анча. Улар энг яхши бадиий асарлар аллақачон ўзбек тилига ўгирилган, қолганларини ўқиш учун эса иккинчи тилни ўрганиш шарт эмас, деб ўйлайди. Аммо бирон-бир тилни ўрганиш керакми-йўқми, деган саволга холис жавоб олмоқчи бўлсангиз, чет тилини билмайдиганлардан эмас, хорижий тилни биладиган одамдан сўраб кўринг.
Ахир ўзида йўқ нарсанинг аҳамияти ҳақида ким сизга тўғри маълумот бера олади?
Шу боис, чет тилида бемалол сўзлаша оладиганлар ўртасида кичик тадқиқот олиб бордик ва олимларнинг бу борадаги айрим хулосаларини эътиборингизга ҳавола қиляпмиз.
Дунёга янгича нигоҳ
Ҳар бир тил ўзига хос жиҳати билан бошқаларидан ажралиб туради. Худди бизнинг тилда бўлгани каби бошқа тиллар ҳам ўзида халқнинг ўтмишини акс эттиради. Тил ўрганишнинг афзалликларини уни мукаммал ўзлаштирмагунингизча билолмайсиз. Хорижий тилни ўрганиш асносида ўша халқнинг турмуш тарзи, менталитети, дунёқараши билан яқиндан танишасиз. Бу тил ўрганишни бошлаган илк кунларингизданоқ сезилмайди, аммо уни яхши ва мукаммал эгаллаганингиз сари ҳаёт янада ёрқин ва ранг-баранг эканлигига амин бўласиз. Замонавий психология фани чет тилини ўрганиш инсон характерини ҳам қисман ўзгартиради, деган фикрни илгари сурмоқда.
Келинг, кўп гапирмасдан тил ўрганишнинг амалий натижаларини санаб чиқамиз.
1. Интернет қамрови сиз учун янада кенгаяди. Кўпчилик битта хорижий тилни билгани сабабли керакли маълумотларни интернетдан асосан шу тилда излайди. Аммо инглиз ва яна бир нечта тилни билганлар ундан юз чандон ортиқ билимга эга бўлиши турган гап, боиси улар учун илк манбалар сони бир неча ўн баробарга кўпаяди-да.
2. Чет тилини билиш хорижий филмларни аслиятда кўриш имконини беради. Сиз ҳам аёл, ҳам эркак киши ижро этган ролларга овоз берувчи актёр эмас, ёқтирган киноактёрларингизнинг ҳақиқий овозини тинглаб, филм томоша қилиш имконига эга бўласиз. Бундан ташқари, диалоглардаги сўз ўйинлари ва ҳазилларни ўзлаштириб боришингизда ҳам ёрдам беради.
3. Ажнабий мусиқани шунчаки эмас, тушуниб тинглашга кўникасиз.
4. Глобаллашув жараёни. Шитоб билан ўзгариб бораётган даврда аввалгидек масофа катта рол ўйнамайди. Йилдан-йилга саёҳат қилувчилар сони ортиб бормоқда. Уларнинг сафига қўшилганингизда, зиёрат қилган осори-атиқа тўғрисида маҳаллий гид билан таржимонсиз суҳбатлашишга нима етсин?!
5. Чет тилини ўрганаётганингизда, илгари сезмаганингиз ёки парво қилмаганингиз – атрофингизда муҳожирлар кўплигини пайқаб қоласиз. Танишув мустаҳкам дўстликка айланса, дунёнинг нариги бурчагида ҳам сизни тушунадиган одамнинг борлиги ададсиз Ер шарини баҳайбат ва бегона эмас, яқин қилади.
6. Тил ўрганиш фикрлаш қобилиятини яхшилайди. Қабргача илм изланг, дея мурожаат қилинади ҳадисда. Британиялик олимларнинг аниқлашича, иккинчи тилни ўрганиш миянинг нутқий равонликни таъминловчи қисмини ривожлантиради. Тил ўрганишга қанча эрта киришсангиз, равон ва чиройли гапиришингиз ҳам шунча яхшиланади.
7. Тил билиш даромадни кўпайтиради. Англия шимоли-ғарбида истиқомат қилувчилар она тилидан ташқари битта тилни билишса, йилига 3000 фунт стерлингдан ортиқ маош оларкан. “Сундай Лист” нашрида дунёнинг энг бой одамлари рўйхатини чоп эттирган Филипп Бересфорднинг тадқиқотига кўра, хорижий тил бир йиллик фаолият давомида ғарбликларга ўртача 145 000 фунт даромад келтирмоқда ва ҳоказо.
Хорижий тилни ўрганишдан ҳайиқиб, «менга шу тил керак бўлармикан?» деб ўзига савол берувчилар, шубҳаларингиз бекорлигига ишонаверинг. Замонавий дунёда хорижий тил сув билан ҳаводек зарур.
Тил ўрганувчиларнинг аксарияти 17-30 ёшни қаршилаган кишилардир. Энди ишга келган тажрибасиз ёшларнинг кўпчилиги то тажриба орттиргунча чет тилларидан бир нечтасини билиши эвазига «жон сақлашади».
Ва ниҳоят, бир қарорга келдингиз…
Энди нима қилиш керак? Кадрларни халқаро талабларга жавоб берадиган қилиб тайёрлашни кўзлаётган олий ўқув юртлари сони йилдан-йилга кўпаймоқда. Аммо камдан-кам институт ва университетлар талабаларнинг хорижий тилларни мукаммал ўзлаштиришлари учун етарли шароит яратиб беради. Шу сабаб ўзингизга мос ўқув курсини топинг. Сертификат, тавсиянома олиш, курснинг баҳосига билимларингиз ҳам ҳамоҳанг бўлиши керак. Агар тилни яхши ўрганмоқчи бўлсангиз, бозор қонуниятини назарда тутинг: яхши маҳсулот арзон бўлмайди. Унутмангки, ўз касбига жиддий ёндашувчи ҳар қандай ташкилот ёш мутахассисларнинг тил билиш қобилиятини эътиборсиз қолдирмайди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, тил миллатлар ўртасида кўприк вазифасини ўтовчи восита, ундан қўрқмай «хатлаб» ўтганлар бир йўла ютуқ ва “янги олам”лар калитини ҳам қўлга киритади. Энг муҳими, саволларингиз жавобсиз қолиб кетмайди.
Гулгун Султонова
“Маърифат” газетасидан олинди.