«Ҳурматли редакция. Мен йил ҳисоби хусусида, фасллар ҳақида, «чилла» тўғрисида кўпгина манбаларни эшитганман. Лекин, бу календарь — йилнома, саналар ҳисоби мени таажжубга соладики, унинг тартиби турлича. Гоҳ милод, гоҳ ҳижрий, гоҳ Қуёш, гоҳ Ой, гоҳ Қамарий, гоҳ Шамсий йилномалари бор. Шулар ва шунга ўхшаш йил ҳисоблари хусусида батафсилроқ маьлумот беришларингизни истар эдик. Мардонбек Тошев»
Бу каби саволлар кўпчиликни қизиқтириши шубҳасиз. Баъзан йил ҳисобида англашилмовчиликка ҳам дуч келинади. Адашмаслик учун ҳар йили ўзбекча уй календарларида «Йилнома» ҳақида қисқача маълумот берилиб борилади. Лекин, бу манба йил ҳисобига қизиқувчиларни ҳамиша ҳам қаноатлантиравермайди. Ҳақиқатан ҳам, бу борадаги чалкашликларни ойдинлаштириш керак.
Хўш, Милод қачондан бошланган?
Абу Райҳон Берунийнинг «Осор ал-боқия» — «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарида хабар беришича, Ўрта Осиё халқлари эронликлар билан бир қаторда зардуштийлик (оташпарастлик) динининг ярим афсонавий асосчиси Зардушт ибн Сафид Тумон юзага чиқишидан ўз тарихларини бошлаганлар. Бу тахминан эрамиздан аввалги 670 йилларга тўғри келади.
Европа мамлакатларида христианлик ёйила бошлаган дастлабки йилларда турли йил ҳисоблари қўлланилган. Улар бир-бирига мос келмасди, оқибатда халқларнинг ўзаро маданий алоқаларида, кундалик турмушда анча-мунча чалкашликлар юзага келарди. Шу сабабли турли йил ҳисобларига барҳам бериб, ягона йилномани тузиш лозим бўлиб қолади. Бу йил ҳисоби милод деб аталди. Унинг маъноси қуйидагичадир.
Милод (араб тилида туғилиш) янги эра — кўпгина мамлакатлар томонидан қабул қилинган йил ҳисобининг боши ва йил ҳисоби тузилиши. Милодий йил афсонавий Исо пайғамбарнинг (Иисус Христос)нинг туғилишидан ҳисобланади. Христианлик тарқала бошлаши «олам яратилиш» эраси — Диоклетиан эраси ҳам дейилади. Бу борада Исо пайғамбарнинг тарихий шахс эканлигини исботлаш мақсадида римлик монах Дионосий Диоклетиан эрасининг 248 йилида «бундан 526 йил муқаддам Рим барпо қилинишининг 753 йили Исо пайғамбар таваллуд топган» деб эълон қилади ва тарих шу санадан бошланиши лозим дейди. Аслида эса, Исо пайғамбарнинг туғилган куни ҳақида асосли ҳеч бир далил йўқ.
Ҳозир амал қилаётган календарь милодийдир. Бу календарь, эрамиздан олдин 46 йилда Рим императори Юлий Цезарнинг илтимосига кўра, александриялик астроном Созиген тузган йилномага асослангандир. Унда йилнинг узунлиги 365 кун 6 соат деб олинган. Асрлар ўтган сари бу йилноманинг хатоси борлиги сезила бошлади. 1551 йилга келиб, астроном Эразм Рейнгольд бир йилнинг узунлигини анча катта аниқлик билан топди. Н. Коперник тадқиқотларига суянган Рейнгольднинг аниқлашича, бир сутка 24 соат; бир ой 29 сутка 14 соату 3 минут; бир йил эса 365 кун 5 соат 48 минуту 46 секунд. Бу эса Юлий Цезарь йилномасидаги йил узунлигидан 10 минуту 44 секунд қисқа. Бундан анча олдин нашр қилинган Альфонс жадвалига кўра, бу хатолик 10 минуту 36 секундни ташкил этади. Шунинг учун ҳам XVI асрда Рим папаси Буанкам панью (тарихда Григорий XIII номи билан танилган) топшириғига кўра, Луиджи Лилио Юлий йилномасининг ўртача хатолигини 10 минуту 40 секунд деб олди.
Қуёш йилномаси қадимги Мисрда — биз яшаётган эрагача, 4 минг йил олдин пайдо бўлгани ҳақида манбалар бор. Бу йилнома асосида бир қанча миллий халқ йилномалари вужудга келган. Ҳинд, Юлиан, Григориан йилномалари шулар жумласидандир.
Шундай қилиб, милодий йилноманинг янги лойиҳаси қачондан кучга кирган?
1576 йилда янги йилнома лойиҳаси тайёр бўлди ва Григорий XIII томонидан тузилган астрономлар ва руҳонийлардан иборат комиссия мазкур лойиҳа билан танишиб чиққач, 1582 йили Рим папаси махсус ислоҳ билан уни қабул қилди. Бу янги йилнома Григорий номи билан аталди.
Бизга рус тили орқали келган «календарь» сўзининг ўз маъноси бор. Яъни «календарь» сўзи лотинча бўлиб, «қарздорлик китоби» маъносини билдиради. Қадимги Римда ҳар ойнинг биринчи кунида «қарздорлик китоби»га номи тушганлар қарзи учун маълум устама тўлаганлар. Кейинчалик «календарь» сўзи бошқача тус олган ва «йилнома» маъносида ишлатила бошлаган.
Ой ва Қуёш йилномаларининг ҳам ўзига хос маъноси ва фарқи бор.
Узоқ муддатли вақт оралиқларининг кунлар, ҳафталар, ойлар ва йиллар бўйича солинган тартиби, «йилнома», «тақвим», «календарь» дейилиб, уларни тузиш, осмон жисмларидан Қуёш, Ер ва Ой айланма ҳаракатининг даврларига асосланган. Эслатилган осмон жисмларидан биронтасининг даври иккинчисиники билан аниқ, яъни қолдиқсиз ўлчана олмайди. Масалан, Ернинг Қуёш атрофидаги айланиш даври (бир йилни суткаларда ифодаласак, тахминин 365,25 сутка чиқади. Бунда қолдиқ 6 соатга тенг бўлади. Бир йилни Ойнинг Қуёш атрофида айланиши (Қуёшга нисбатан) даври ҳисобланганда, у 12 ойу ва яна 11 (айрим ҳолларда 10 ёки 12) сутка қолдиқ қолади. Бир ой кунлар бўйича ифодаланганда, 29 суткаю, яна 12 соатдан кўпроқ вақт қолдиқ сифатида ортиб қолади. Демак, йилномалар қайси осмон жисмининг айланиши даври асос қилиб олинишига ҳам боғлиқдир.
Ойнинг Ер атрофида айланиш даври 29,53 сутка йилнома учун асос қилиб олинса, у Ой йилномаси дейилади. Ой, арабчасига қамар, демакдир. Қамарий йилномаси шу сўздан келиб чиққан. Бордию, Қуёшнинг Ер атрофидаги кўринма ҳаракатининг (бу Ернинг Қуёш атрофидаги ҳаракати туфайли содир бўлади) даври асос қилиб олинса, бу Қуёш йилномаси деб аталади. Қуёш арабчасига Шамс, яъни Шамсий йилномаси ана шу сўздан пайдо бўлган.
Қуёш ва Ой йилномаларининг фарқига келганимизда, Қуёш йилномаси милодий йилнома ҳисобида қўлланилади, Ой йилномаси эса мусулмонлар ёки Муҳаммад йилномаси дейилади. Қуёш йилномаси борасида сўз юритганимиз туфайли энди Ой йилномасига тўхталмоқчимиз.
Ой йилномаси Муҳаммад пайғамбар Маккадан Мадинага кўчиб ўтган йилнинг бошидан ҳисобланади. Бу Григориан календарига мувофиқ 622 йилга тўғри келади. Арабчада кўчиб ўтмоқни — «ҳижрат» дейилади. Шу сабабли Ой тақвими, йилномаси Ҳижрий деб аталади. Ҳижрий йилномасига кўра, бир йилнинг узунлиги 354 ёки 355 кун бўлганидан, унда янги йилнинг бошланиши, ҳозир биз ишлаётган Қуёш йилномасига тўғри келмайди. Ой йилномасида йил фасллари ҳам бизнинг ҳозирги ойларга мос тушмайди ва фаслларнинг бошланиши бир ойдан иккинчисига кўчиб юради. Ҳижрий йил ҳисобида ойлар номи қуйидагича:
1. Муҳаррам — 30 кун — Ашир ойи; 2. Сафар — 29 кун — Сафар ойи; 3. Раби-ал-аввал — 30 кун — Тўрт оға-инининг биринчи ойи; 4. Раби-ас-сани — 29 кун — Тўрт оға-инининг иккинчи ойи; 5. Жумади ул-аввал — 30 кун — Тўрт оға-инининг учинчи ойи; 6. Жумади ус-сани — 29 кун — Тўрт оға-инининг тўртинчи ойи; 7. Ражаб — 30 кун — Моҳиражаб ойи; 8. Шаъбан — 29 кун — Барот ойи; 9. Рамазон — 30 кун — Рўза ойи; 10. Шаввал — 29 кун — Ҳайит ойи; 11. Зулқаъда — 30 кун — Орай ойи; 12. Зулҳижжа — 29 ёки 30 кун — Қурбон ойи.
Аввал эслатиб ўтганимиздек, Қуёш йилномаси бўйича 622 йил 16 июль жума кунидан ҳижрий йили Григориан календаридан 1011 кун олдин бошланади. Демак, йил якунига кўра, ҳар 100 йилда ҳижрий ой йили Қуёш йилномасидаги ҳисобдан 3 йилга қисқаради. Бу рақам 1000 йилда 30 йилни ташкил этади. Шунинг учун ҳам ҳижрий ой йилномаси милодий Қуёш йилномаси билан солиштирилганда, ҳар 100 йилда 3 йил чиқарилади:
Масалан: 1405—42+ 622=1985
Энди, Ой йилномасини чиқаришда бу формула тескари ҳолда қўлланилади. Масалан: 1985— -622+42=1405
Олдинги йилномалардан ташқари, асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланувчиларнинг ўз ҳисоблари ҳам мавжуд. Бу йил ва фасллар ҳисобини халқ ҳисоби ҳам деб аталади. Ҳисоб қуйидагича олиб борилади:
- ДАЛВ.
3 кун — оёқ тирноқлари ёки бармоқлари; 3 кун — тирноқдан тўпиққача; 3 кун — тўпиқнинг ўзи; 3 кун болдир; 3 кун болдир мускули; 3 кун — тизза ости.
- ХУТ.
3 кун — тизза; 3 кун — сон; 3 кун — жинсий аъзолар; 3 кун — орқа; 9 кун ичак; 9 кун — қобирға.
III. ҲАМАЛ.
3 кун — юрак; 3 кун — қорин; 3 кун — юрак боғлами ёки юрак пайи; 3 кун — кўкрак; 3 кун — қўлтиқости; 3 кун — елка; Зкун — ияк; 3 кун — лаблар ва тишлар.
- САВР.
3 кун — бурун; 3 кун — қулоқ; 3 кун — кўз; 3 кун — тепа ёки бош; 3 кун — мия.
Шу билан баҳор фаслининг 40 куни — «чилласи» бошланади.
Саврнинг 17-кунидан жавзонинг охиригача 46 кун. Яна қирқлик давом этади. Бу билан ёзги «чилла» — 40 кунлик бошланади. Саратоннинг биринчи кунидан бошланиб, асаднинг 13-кунида тамомланади. Асаднинг 14-кунидан бошлаб, вақт-кунлар яна одамнинг аъэойи қисмлари билан ҳисобланади. Бу олдинги ҳолатнинг тескариси бўлиб, бошдан оёққа қараб боради. Шундан кейин эса кузги «40 кунлик» бошланади. Ақрабнинг 18-кунидан, яъни 12 кун олади ва қавснинг 29 куни билан якунланади ва жаъми 41 кунни қамрайди. Шу билан халқ ҳисобида вақтни инсон аъзолари қисми билан ҳисоблаш якунланади.
Фасллар ойлари қуйидагича номланади:
Қиш: Жадд, Далв, Хут
Баҳор: Ҳамал, Савр, Жавзо
Ёз: Саратон, Асад, Сунбула
Куз: Мезон, Ақраб, Қавс.
Булардан ташқари, мучал ҳисоби ҳам бор. Шарқ халқлари ичида кенг тарқалган йил ҳисоби бўлиб, бир мучал 12 йилга тенгдир. Аммо, биринчи марта мучал 13 ёшда келади. Мучал ҳисобида 12 йил, ўн икки ҳайвон (жонивор) номи билан аталади.
Милод ҳисобида мучал йили 21 ёки 22 мартдан бошланади. Мучал
ҳисобида одамнинг ёши она қорнида пайдо бўлган кунидан ҳисобланади. Шунинг учун ҳам мучал ағдарилганда, туғилган йилга 9 рақами қўшилади (бу она қорнидаги 9 ойдир) йиғинди 12 га бўлинади. Қолдиқ сон мучал йилларининг тартиб рақамини билдиради. Масалан:
1940+ 9=1949 1949:12=162, қолдиқ 5.
Демак, бу одам бешинчи жонивор номи билан аталувчи — балиқ йилида туғилган.
МУЧАЛДАГИ 12 ЖОНИВОР НОМИ
(Қавс ичида форсий номлари берилган)
1. Сичқон (Муш); 2. Сигир (Бақар); 3. Йўлбарс (Фаланг); 4. Қуён (Ҳаргуш); 5. Балиқ (Наҳанг); 6. Илон (Мор); 7. От (Асп); 8. Қўй (Гўсфанд); 9. Маймун (Ҳамдуна); 10. Товуқ (Мурғ). 11. Ит (Сак); 12. Тўнғиз (Ҳўк).
Тарихий ва муҳим йилларни билишда бошқа ҳисоб ҳам мавжуд Бу ҳисобни араб алифбесининг 4 ҳарфи — (алиф, бе, жим, д) қўшилиб «абжад» ҳисоби деб аташади. «Абжад» ҳисобида араб алифбесининг 28 ҳарфи, маълум бир сонлар белгисини билдиради.
Биринчи ўн ҳарфида 1 —10 гача бўлганлар. Сўнг 10-ҳарфидан бошлаб, сонлар ортига қўйилади. Бунда 10, 20, 30 ва ҳоказолар ҳосил бўлади. Яъни «Абжад» ҳисоби қуйидагича аниқланади:
ا 1 ح 8 س 60 ت 400
ب 2 ط 9 ع 70 ث 500
ج 3 ي 10 ف 80 خ 600
د 4 ك 20 ص 90 ذ 700
ه 5 ل 30 ق 100 ض 800
و 6 م 40 ر 200 ظ 900
ز 7 ن 50 ش 300 غ 1000
Ушбу жадвал ҳисобида ҳарфлар белгисидаги сонлар қўшилиб, исталган йилни, кунни Қуёш ва Ой йилномалари бўйича топиш мумкин. «Абжад» йўлида ҳисоблашни осонлаштириш учун 28 та араб алифбесидаги ҳарфларни сунъий равишда 8 қисмга бўлиб олмоқ керак.
Маълумки, 21 мартда кундуз билан кеча тенглашади. Бу баҳор фаслининг бошланганидан дарак беради. Одатда, бу фаслда деҳқончилик юмушларига киришилади. Бу кун қишлоқлару шаҳарларда дошқозонларда сумалагу ҳалимлар пиширилади. Одамлар бу тансиқ таомлардан тановвул қилишиб, қишки толиқишдан баҳорга соғ-омон етиб келганликларини оммавий байрам қиладилар. Неча кун миллий халқ сайиллари давом этади. Наврўздан янги мучал йили бошланади.
Қуёш йилномаси жаҳонда халқаро календарь деб ҳам ном олди. Бу йилнома ҳисобида кўп вақтлар 1 март янги йил ҳисобланган. Сўнгра янги йил 1 сентябрга кўчирилган пайтлар ҳам бўлган. 1699 йил 15 декабрда Петр I йилнома ислоҳини ўтказди ва шунга кўра 1700 йил 1 январдан янги йил ҳисоби бошланди.
Россияда бу йилномага Улуғ Октябрь инқилобидан кейин — 1918 йилнинг 1 февралида ўтилди. Бу даврга келиб, Юлий йилномасининг хатолиги 13 суткага етган эди. Шунинг учун ҳам Халқ Комиссарлари Советининг 1918 йил 25 январдаги Декретида: «…31 январь сешанба кунининг эртаси 1 февраль ўрнига 14 февраль чоршанба қабул қилинсин», дейилган эди. Бу йилнома амалда қўлланиб келинмоқда.
Янги йил ҳамма жойда ҳар хил пайтда кутиб олинади. Масалан, Бали ороли ва Индонезияда янги йил ҳар хил вақтларда кутилади. Уларнинг маҳаллий йилномасида бир йил 210 кундан иборат. Янги йил шодиёнаси Эфиопияда 11 сентябрда, Бирмада 17 апрелда, Въетнамда февраль ойида, Малайзияда 4 мартда ўтказилади. Аввал европачасига, сўнг ҳиндчасига, яна хитойча ва мусулмонча. Инклар эса яиги йилни 22 декабрда байрам қиладилар.
Ҳозир, бизнинг ҳисобимизга кўра 1989 йил. Японларда эса «63-Сёва йили». Уларда 63 йил муқаддам, 1926 йилда император Хорохита тахтга ўтирган. Шу йилдан бошлаб Японияда миллий йил ҳисоби кучга кирган. Эронда ҳозир 2546 йил. Чунки, қадимги Эрон шоҳи Кайхусрав шунча йил олдин тахтга ўтирган экан.
Йиллар келиб кетаверади, асрлар барпо бўлаверади. Лекин йиллар ҳам, асрлар ҳам халқ яъни одамзод учун хизмат қилади.
«Гулистон» журнали, 1989 йил, 3-сон