Мўъжизаларнинг аксарият қисми йўқ бўлиб кетган бўлсада, бугунги кунга келиб инсон қўли билан янгидан-янги мўжизалар яратилмоқда. Ушбу мўжизалар қадимги мўжизалар каби сирли жиҳатларга эга бўлмасада, бироқ улар инсон ақли ва тафаккури маҳсулидир. ХХ асрда илм-фан ва технологиялар ривожланиши натижасида янги ва замонавий етти мўжиза барпо этилди.
СИРС-ТАУЕР
Чикагодаги ушбу 110 қаватли осмонўпар бино дунёдаги энг баланд бинодир. Унинг баландлиги 443 метр. У Ню-Ёркдаги Эмпайр-Стрейт-Билдингдан 60 метр баланд. Бино дастлаб «Ребака Сирс» компанияси учун қурилган эди. Кўпчилик одамлар осмонўпар бинолар Чикагода ўйлаб топилган дейишади. Бу бежиз эмас. Чунки энг баланд бинолар айнан шу ерда жойлашган.
1871 йилда катта ёнғин шаҳарнинг учдан бир қисмини йўқ қилди. Шундан сўнг архитекторлар уни тиклашга киришдилар. Бу даврга келиб пўлатни катта ҳажмда ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, Элиша Отис эса 1852 йилда лифтни кашф этган эди. Бу кашфиётлар баланд бинолар қурилишига йўл очаётган эди. Шунингдек, олдинги биноларга қараганда юқорироқ биноларни қуриш хавфсиз ва фойдали бўлиб қолди. 1882 йилда шаҳарда биринчи осмонўпар бино пайдо бўлди. Бу бино «Хоум Иншуранс Компани»га тегишли бўлиб, темир ва пўлатдан қурилган каркас конструкцияли биринчи иншоот эди. У 100 қаватли бўлиб, 90 йил кейин қурилган Сирс-Тауердан 10 қават кам эди. Сирс-Тауерни қуриш учун 2400 ишчига уч йил керак бўлди. Унинг қурилиши 1973 йилда тугалланди. Бу бино асоси катта квадрат шаклини эслатувчи 9 улкан тўртбурчак трубадан иборат. Бино бетон ва тош аралаш фундаментда туради. 9 пўлат қувур 50 қаватни ташкил этади. Сўнг бино торая бошлайди. Яна 7 та қувур 66-қаватгача кўтарилган. 90-қава
тгача яна 5 та қувур кўтарилади ва ниҳоят иккита қувур қолган 20 этажни ҳосил қилади. Иккита телевизион антенна бино баландлигини 250 метргача оширади. Бинонинг каркаси учун ишлатилган пўлатдан 52000 автомобил яратиш мумкин эди.
Бу бинонинг майдони 418000 м.кв. дан ортиқ. Бу 57 та футбол майдонидай гап. Осмонўпар бинода 104 тезкор лифт бўлиб, улар бинони 3 ҳудудга бўлади ва одамларга анча қулайликлар яратиб беради. Бинода 16000 қора ойнали деразалар бўлиб, уларни ювиш учун мўлжалланган 6 автоматик мосламалар бутун бинони йилига саккиз марта тозалаб чиқади.
КЕННЕДИ КОСМИК МАРКАЗИ
Кеннеди космик маркази биринчи навбатда 1960-70 йилларда ойга одамларни юборадиган «Аполлон» космик дастурини учириш майдончаси эканлиги билан машҳур. Марказ ҳозирги кунда ҳам фаолият юритиш билан бир қаторда саёҳатчилар масканига ҳам айланган. Бу ерга келувчилар космик ракеталар кўргазмасини, халтачаларни (челнок) учириш ва йиғиш комплексларини кўришлари мумкин. Бу жойда илгари АҚШ Ҳарбий Ҳаво кучлари базаси ва ракетани синовдан ўтказиш полегони жойлашган бўлиб, у 1958 йилда биринчи Америка сунъий йўлдошини учиришда ишлатилган эди. 1961 йил 5 майда эса Алан Шепард «Меркурий» фазо кемасида учиб, фазодаги биринчи америкалик бўлди. Кейинчалик президент Кеннеди 1970 йилда ойга одамни элтиш учун фазо кемасини яратиш — «Аполлон» дастурини эълон қилди. 1963 йилда Президент ўлимидан сўнг бу жой Ж. Кеннеди номли фазовий тадқиқотчилар марказига айланди.
Ойгача бориб етган «Аполлон» космик кемаси «Сатурн» номли кучли ракета ёрдамида учирилган эди. «Сатурн» каби ракеталарни 160 метрли бинода қуришарди. Бу бино ўз ичига «Сатурн» ҳажмидаги ракеталардан 4 тасини сиғдира олиши мумкин эди. Ракеталарни учириш учун 5 км. узоқликдаги учиш майдончасига олиб ўтишарди. Бутун комплекс 5000 тонна оғирликка эга бўлиб, у улкан машина ёрдамида ташилар эди.
«Аполлон»ни 1-учириш 1967 йилга белгиланган эди, лекин космик марказда фалокат содир бўлди. Учиш олдидан режадаги текширув вақтида бортда ёнғин чиқди ва уч астронавт ҳалок бўлди. Шундан сўнг «Аполлон» дастурига ўзгартириш киритилди ва 1969 йил 16 июлда Сатурн ракетаси «Аполлон-11» космонавтларини фазога олиб учди. Тўрт кун ўтгач, Нил Армстронг ойга қадам қўйган биринчи инсон бўлди.
70 йиларда «Аполлон» дастурига ажратиладиган улкан харажатлар янги фазо кемасини яратишга туртки бўлди. Ушбу янги фазо кемаси ракетадан кўра кўпроқ самолётга ўхшаб кетарди ва яна бир фарқи уни кўп марта ишлатиш мумкин эди. 1981 йилда янги фазо кемасини учиришга тайёрлаш мақсадида 39-учириш майдончасида 4572 метрли учиш ва қўниш йўлаги қурилди. 1986 йилга келиб янги кема 24 марта фазога муваффақиятли парвоз қилди. Ҳали ҳануз Кеннеди космик маркази жуда кўплаб тижорат ва илмий фазоларни амалга ошириб келмоқда.
КАНСАИ АЕРОПОРТИ
Япониянинг Осака кўрфазидаги халқаро Кансаи аеропорти — дунёдаги қуруқликда эмас сувда қурилган ягона аеропорт. У 1994 йилда қуриб битказилган эди. Футуристик дизайнли, ойнаванд биноли бу аеропорт сунъий оролда қурилган. Аеропорт биносининг узунлиги 1,7 км. Оролни ва аеропортни қуришда янги технологиялардан фойдаланилган. Бу аеропортни денгизга қурилишининг сабаби нимада? Биринчидан, шаҳар атрофидан жой топиш қийин. Иккинчидан шовқин даражасини пасайтиришга ҳаракат қилинган. Кансаи аеропорти Хонсю оролидан 5 км. узоқликда жойлашган. Шу сабаб аеропорт 24 соат одамларни безовта қилмасдан фаолият юритиши мумкин. Самолётлар денгиз сатҳи узра кўтарилиб қўнишади.
Сунъий орол ғоясини кўриб чиққан муҳандислар узунлиги 4 км. кенглиги 1,25 км.лик орол лойиҳаси устида ишлай бошладилар. Дастлаб сузиб юрувчи орол ғояси кўриб чиқилган, лекин бу лойиҳа кўп маблағ талаб қиларди ва унчалик мустаҳкам эмас эди. Кўп изланишлар ва ҳаракатлар натижасида замонавий ва мустаҳкам орол лойиҳаси ишлаб чиқилиб, 5 йил муддатда қуриб битказилди. Аввал Осака кўрфазини 20 метрлик тубини қум ва тупроқ билан тўлдиришди, устини эса шағал билан қоплашди. Орол устидаги шағал вақт ўтиши билан ўз оғирлиги билан денгиз тубидан сувни сиқиб чиқарди ва орол мустаҳкам бўлди. Баржани аниқ керакли жойга келтириш учун комютер ва сунъий йўлдошлардан фойдаланилди. Ниҳоят улкан пўлат ром орол параметри бўйича чўктирилиб жойлаштирилди. Энди оролни қуриш учун моҳир муҳандис керак эди. Шундан сўнг улар муҳандислар учун танлов эълон қилишди. Танлов ғолиби деб Париждаги машҳур Помпиду маркази яратувчиларидан бири Рентсо Пяно топилди.
Аеропорт қурилиши орол яратилиши тугалланмасданоқ бошланган эди. Пяно компанияси пассажирлар учун узунлиги 1700 метрли қулай ва кенг бино қуришга киришди. Бинонинг марказий қисмини самолёт қаноти шаклида ишланган улкан томли тўрт қаватли бино ташкил этади. Компютерлар узлуксиз равишда 900 та устуннинг ҳар бирини баландлигини назорат қилиб борарди. Чунки орол яна бир неча йил давомида чўкиши мумкин эди. Кансаи аеропортида бор йўғи бир қўниш ва учиш йўлаги мавжуд. Шундай бўлишига қарамасдан, ундан бир йилда 160000 самолёт ва 25 млн. йўловчи қўнади ва учади.
СИДНЕЙДАГИ ОПЕРА ТЕАТРИ
Ушбу ғайри табиий замонавий бино Австралиянинг энг машҳур биноларидан биридир. Шунингдек, опера театри Австралиянинг энг қадимги ва катта шаҳри Сиднейда барпо этилган. У уч тарафдан сув билан ўралган ва улкан елканлар шаклида лойихалаштирилган. 1950 йиллар бошида Сиднейда янги санъат маркази биноси лойиҳаларининг халқаро танлови бўлиб ўтди. Қурилиш жойи этиб Беннелонг бурнини танлашган эди. Танловда даниялик муҳандис Ёрн Уттсон ғолибликни қўлга киритди. Ҳакамлар унинг лойиҳасини энг зўр лойиха деб топишди. Муҳандисни бухтадаги елканлар манзараси ва атстек, мае қабилаларининг ибодатхоналари илҳомлантирган эди. Бироқ бу мураккаб лойиҳани амалга ошириш осон эмас эди. 1959 йилда пойдевор қуриш ишлари бошланди. Бунга тўрт йил вақт сарфланди. Сўнгра бинонинг энг мураккаб қисми кўланка томларни қуриш навбати келди. Илгари бунга ўхшаш бинолар умуман қурилмаган. Опера театри томининг елканларга ўхшаш шакли уни дунёдаги ҳеч бир бинога ўхшатмайди. Улар умумий узунлиги 350
км. бўлган пўлат трослар ёрдамида тортиб туриладиган 2000 дан ортиқ йиғма бетон секциялардан йиғилган. Томдаги қобиқлар миллиондан ортиқ керамик плиткачалар билан қопланган.
1966 йилда Ёрн Уотсон лойихани охиригача етказишдан бош тортди. Шундан сўнг ушбу лойиҳани тўрт австралиялик муҳандис давом эттиришди. Бир йил ўтгач, бинонинг томи қуриб битказилди. Бино ичининг қурилишига эса яна 6 йил вақт керак бўлди. Ниҳоят бино қуриб битказилди. 1973 йилда Қиролича Елизавета ИИ томонидан Сиднейдаги опера театри расман очилди. Бинода 4 та асосий саҳна бор. Контсерт зали 2600 кишини ўзига сиғдира олади. Томнинг юқори чўққиси кўрфаз сатхидан 67 метр баландда. Опера зали кичикроқ. Унда 1500 ўриндиқ мавжуд. Қолган икки саҳна эса драма актёрларига тақдим қилинган. Опера театрига биринчи 20 йилда 36 млн. киши ташриф буюрди. Бу кўрсаткич Австралия аҳолисидан икки баравар кўпдир.
ЛА-МАНШ ОСТИДАГИ ТУННЕЛ
Дунёдаги энг узун сув ости туннели Ла-Манш бўғози остидан ўтади. Шунингдек, бу туннел Англияни Франция билан боғлаб туради. Бу мисли кўрилмаган муҳандислик намунасидир. Туннелнинг узунлиги салкам 50 километр ва шунинг 38 километри сув остидан ўтказилган. Бўғоз остидаги туннел Британияни қитъа билан боғловчи замонавий транспорт тизими сифатида 1994 очилган эди. Охирги 200 йил ичида Ла-Маншни кесиб ўтишни кўп йўллари ишлаб чиқилди. Туннел лойиҳаси дастлаб 1802 йилда таклиф этилган. Уни яратиш бўйича қўмита эса 1892 йилда ташкил этилган. Ўшанда баъзи муҳандислар бўғоз остидан кўприк қуришни таклиф этишган эди. 1985 йилда Британия ва Франция ҳукуматлари мамлакатдаги қурилиш компанияларига бу лойиха устида жиддий изланишлар олиб боришни таклиф этишди. Орадан бир йил ўтгач, таклиф этилган 9 та лойихадан биттасини танлаб олишди.
Аслида учта туннел мавжуд бўлиб, улардан иккитаси темир йўл, учинчиси эса хизмат кўрсатиш йўли. 1987 йил декабрида Британия қирғоқларида қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Франциядаги қурилишлар уч ой ўтгач бошланди. Улкан қазувчи ва айланувчи ускуналар билан жихозланган машиналарда 1 км. масофани қазиш учун бир ойгача вақт сарфланар эди. Хуллас туннел қазиш ишлари уч йил давом этди.
Туннел ўртача ҳисобда денгиз тубидан яна 45 метр пастликда қазиб чиқилган. Қурилиш тугалланишига ҳар иккала томон орасида 100 метр қолганда ишчилар томонидан қазилди. Ниҳоят 1990 йилда икки томон учрашди. Қолган икки темир йўл туннелини 1991 йил 22 май ва 28 июнда тугатишди. Орадан 7 ой ўтгач релсларни ўрната бошлашди. Бу орада англиялик ва франциялик муҳандислар темир йўл терминаллари устида иш олиб боришарди.
1994 йилнинг 6 майида Қиролича Елизавета ИИ ва президент Миттеранлар туннелни тантанали равишда очишди.
Машиналар туннелдаги поездлардан ҳаракатланувчи шоссе сифатида фойдаланадилар. Улар вагонларга бир томондан кириб, 35 дақиқалик масофа босиб ўтилгач, иккинчи томондан чиқиб кетишади.
КОНКОРД
Конкорд дунёдаги ягона тезлиги товуш тезлигидан юқори бўлган самолёт. Бу самолёт пайдо бўлиши билан хаво транспортида ҳақиқий инқилоб юз берди. Ҳозирга қадар у тезлик ва қулайлик тимсоли бўлиб келмоқда. Ер юзасида товуш соатига 1225 км. тезлик билан ҳаракатланади. Товушнинг ҳаводаги тезлиги бир оз секинроқ. Учувчилар уни «Мах-1» деб атайдилар. Табиийки, товуш тезлигининг икки карра оширилгани «Мах-2» деб аталади. 1940 йилларга келиб, тезучар самолётлар «Мах-1» даражасидаги тезликка етган эдилар. Кейинчалик 1947 йилда АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари самолёти товуш тезлигидан ҳам юқори натижани забт этди. Учувчилар самолёт товушдан тезроқ учаётганда товуш тўлқинларига етиб олишини ва бу вазиятда қандайдир тўсиқдан ўтгандай туюлишини кузатишди. Бу тўсиқни ёриб ўтиш жараёнида момоқалдироққа ўхшаш баланд товуш чиқар экан. Ундан ташқари самолётлар ҳаддан ташқари қизиб кетади. Юқоридагиларнинг барчасига қарамасдан муҳандислар ана шу жараёнларга бардош бера олади
ган товушдан тез самолётни яратишга киришдилар.
1950 йил бошларида бритиниялик ва франциялик муҳандислар параллел равишда товуш тезлигидан тез уча оладиган лайнер устида иш олиб бордилар. Сўнгра 1962 йилда Британиянинг «Бритиш-Эйркрафт» ва Франциянинг «Аероспасял» корпорациялари ҳамжиҳатликда ишлай бошладилар. Улар яна Роллс-Ройс ва реактив двигател ишлаб чиқарадиган «СНЕКМА» компаниялари билан бирга иш олиб бордилар. Ҳамкорлар бўлажак самолётни «Конкорд» деб аташни маъқул топишди. Етти йиллик иш натижасида 100 ўринли ихчам самолёт пайдо бўлди. Унинг орқароққа тортилган қанотлари ва кўтарилиш, қўниш жараёнида тушириладиган олд қисми катта аҳамиятга эга. Ҳар иккала давлатда иккитадан «Конкорд» ишлаб чиқарилди. Биринчиси 1969 йилнинг 2 мартида Францияда, Тулузада ҳавога кўтарилди. Учувчи ва муҳандислар уни синаб кўриш мақсадида жами 5000 соат унда парвоз қилишди. Бу синов уни дунёга «энг синалган самолёт» номи билан танитди. Ниҳоят 1976 йилда Конкорд «Бритиш Эйрвейс» ва «Эр Франц» томонидан сотиб олинди.
Ҳозирги кунда иккала авиакомпанияда еттитадан «Конкорд» мавжуд. Ҳаммаси бўлиб 16та церияли модел яратилган бўлиб, уларнинг иккитаси синов учун ишлатилади. Конкорднинг узунлиги — 62,1 метр, қанотлари — 25,5 метр. У 18300 метр баландликда «Мах-2» тезлигида, баъзи ўқлардан ҳам тез уча олади. Асосан у Лондон ва Париждан Ню-Ёркка учади. 1990 йилда Конкорднинг Ню-Ёркдан Лондонга учиш жараёнида кўрсатган вақти рекорд натижани яъни 2 соат 45 дақиқани кўрсатди. Бу натижа Конкордни Атлантика океанини 3 соат ичида кесиб ўтишини билдиради.
Гарчи Конкорд технология нуқтаи назаридан мўжиза хисоблансада, унинг тижорат борасида омади чопмади. Конкордни ишлаб чиқариш ва ундан фойдаланиш тўхтатилди. Ҳозирги самолётлар Конкордга нисбатан каттароқ. Шунингдек, қўшимча ёқилғисиз узоқ масофаларни ҳам босиб ўтади, йўловчи ва юкларни ҳам кўпроқ олади.
АСВОН ТЎҒОНИ
Улкан тўғон дунёдаги энг узун дарё Нилнинг сувларини ушлаб туриш учун қурилган. Тўғон йил давомида сув оқишини муттасил сақлаб туришга ёрдам беради. Шу билан бир қаторда мамлакатнинг шаҳар ва заводларини электр билан таъминлаб туради. Тарихдан маълумки, қадим замонлардан бери Нилнинг сувлари ҳар йили тошади. Бу тошқин ерда ҳосилдор балчиқни қолдиради ва деҳқонларнинг мўл хосил олишига катта ёрдам беради. Аммо йирик тошқинларнинг ўзига яраша муаммолари ҳам бор. Бунинг натижасида кўплаб уйларни ва ҳосилдор далаларни ювиб кетади. Йилнинг қолган қисмида эса қирғоқчилик бўлади. 1902 йилда тошқинларни олдини олиш учун муҳандислар Асвондан жануброқда тўғон қуришди. Кейинчалик бу тўғон 1912 ва 1933 йилларда янаям баландроқ қилиб кўтарилди. Бироқ, биринчи қурилган Асвон тўғони Нил сувларининг тошқинига бардош бера олмаётган эди. Шу сабаб 1960 йилда янги ва баланд Асвон тўғони устида ишлар олиб борилди. Бу тўғоннинг узунлиги 3,6 км.дан ортиқ, баландлиги эса 111 мет
р, юқори қисмининг кенглиги 40 метрни ташкил этади. Тўғоннинг дарё тубидаги пастки қисмининг кенглиги 925 метрдир. Тўғон 10 йил мобайнида қуриб битказилган.
Ёмғир мавсумида тўғоннинг фойдаси жуда катта. Тўғондан юқорироқда узунлиги 500 км.лик сув ҳавзаси қурилди. Уни Миср президенти шарафига Насер кўли деб аташди. Бу кўлнинг барпо этилиши учун 50000 га яқин одам ўз уйларини бўшатиб беришига тўғри келди. Уларни Асвондан 50 км. шимолроққа кўчиришди. Кўл қурилиши натижасида бир неча ибодатхоналар ва ороллар қолиб кетди. У ердаги ибодатхонадан Рамзес-ИИ ва Нефертари ибодатхоналари 30 тонналик бўлакларга бўлиниб, дарё узра кўтарилиб турган тепаликларга қайта йиғилиб, қурилди. Яна булардан ташқари, сув остида қолиб кетиши мумкин бўлган бир нечта ибодатхоналар ҳам бошқа жойга кўчирилди.
Насер кўлида йиғиладиган сув қишлоқ хўжалиги учун сарфланади. Бундан буён мўл ҳосилни ҳар йили олиш мумкин. Шунингдек, тўғондан ўтаётган сув турбиналарни айлантириб ўтади ва Мисрнинг ярмини электроенергия билан таъминлаб туради. Лекин тўғон хосилдор балчиқни дарёнинг қуйи қисмига ўтишига йўл бермайди. Натижада деҳқонлар ер учун турли кимёвий ўғитларни кўпроқ ишлатишга мажбур бўлиб қолдилар. Яна бир салбий томони ер ости сувларининг юқорига кўтарилиши ҳосилдорликни камайтирувчи тузларни олиб чиқа бошлади.
Меҳриддин Шукуров тайёрлади.