Биз, ўзбеклар чой ичишда инглизлардан қолишмаймиз. Эрталаб ҳам чой, кечқурун ҳам чой. Қишнинг совуғию, ёзнинг жазирамасида энг кўп ичиладиган ичимлик барибар чой ҳисобланади. Ҳа, чой бизга ҳар доим керак экан. Лекин унутманг, чой — шифобахш ичимлик, у сув эмас. Ҳар замонда қайнатиб ичиладиган баргли шифобахш ичимликларни биламиз. Энди ўйлаб кўринг, ўша ичимликни чанқаганимизда ҳам, овқат маҳалида ҳам, ётишдан олдин ҳам ичаверсак зарар қиладими? Нега унда шифобахш ичимликлардан бири бўлган чойни бот-бот ичаверамиз?
Бу савол ҳаммага эриш туюлса керак. Ахир чой ҳеч ким учун янги бўлмаган ичимлик-ку. Миллий таомимиз, либосимиз ва бошқа миллийлигимизни билдирувчи эҳтиёждаги нарсалар қаторидан чой ҳам миллий ичимлик сифатида ўрин олишга улгурган. Шунинг учун ҳам сўзлашувимизда ичимлик ёки бошқа маъноларни англатадиган “чой” сўзини кўп ишлатамиз. Масалан, “бир пиёла чой устида суҳбат”,“чойга марҳамат”, “келиннинг қўлидан чой”… деб умумий овқатланишни назарда тутишимиз мумкин. Чиндан-да, чойсиз кунимизни тасаввур қилолмаймиз. Шу ичимлик билан боғлиқ тарихий воқеа —“Бостон чойхўрлиги” ҳам кўпчиликка маълум. “Машҳур” ичимликнинг фойдали хусусиятлари ҳақида кўп гапирилган ва анча-мунча хабардормиз. Аммо чой тўғри ичилгандагина фойдали бўлишини ҳам унутмаслигимиз лозим.
Биз, ўзбеклар чой ичишда инглизлардан қолишмаймиз. Эрталаб ҳам чой, кечқурун ҳам чой. Қишнинг совуғию, ёзнинг жазирамасида энг кўп ичиладиган ичимлик барибар чой ҳисобланади. Ҳа, чой бизга ҳар доим керак экан. Лекин унутманг, чой — шифобахш ичимлик, у сув эмас. Ҳар замонда қайнатиб ичиладиган баргли шифобахш ичимликларни биламиз. Энди ўйлаб кўринг, ўша ичимликни чанқаганимизда ҳам, овқат маҳалида ҳам, ётишдан олдин ҳам ичаверсак зарар қиладими? Нега унда шифобахш ичимликлардан бири бўлган чойни бот-бот ичаверамиз?
Овқатга қўшиб деярли ҳамма чой ичади. Чойнинг таркибидаги танин моддаси эса озиқ маҳсулотларда мавжуд бўлган фойдали моддаларни парчалаб юборади, натижада организмда витаминларнинг етишмаслиги юзага келади. Чой билан бирга истеъмол қилинганда гўшт 40 фоиздан 100 фоизгача қонга сўрилмаслиги мумкин. Меваларнинг эса 5 фоиздан кўпи сўрилмайди. Умумий овқатлардан кўрадиган бўлсак, чой билан истеъмол қилинган маҳсулот таркибидаги витамин ва темир моддасининг камида 70 фоизи сўрилмай қолади. Бу эса инсон саломатлиги учун салбий таъсирдир. Ҳозир дунёда кўпчилик инсонлар камқонлик билан касалланган. Бу касаллик асосан темир моддасининг етишмаслиги оқибатида юзага келади. Темирга бой маҳсулотлар бўлмиш мева-сабзавот, кўкат, дуккаклиларни истеъмол қилиш бизни анемиядан сақлаб қолиши мумкин. Аммо буларни чой билан истеъмол қилиш витамин ва темирнинг органларимизга тўлиқ етиб боришига тўсқинлик қилади.
Юртимизда кўп сонли аҳоли, айниқса, аёллар ва болалар темир танқислигидан келиб чиқадиган касалликларга чалинаётгани туфайли кундалик истеъмол қиладиган нонимизга темир моддасини қўшиш, яъни унни бойитиш йўлга қўйилган. Бу камқонликка қарши курашлардан биридир. Сиз нонни нима билан ейсиз? Албатта чой билан. Бу эса юқорида таъкидлаганимиздек, темир моддаси мавжуд бўлмаган нонни ейиш билан баробар.
Яна кўпчилик ёш болага чой бериб хатоликка йўл қўяди. Уч ёшгача болаларга чой ичириш тиббиёт нуқтаи назаридан ман этилган. Болакайнинг чойига ёки сутига шакар қўшиб бериш ҳам нотўғридир. Болаларни ёшлигидан овқатланиш тартибига эътибор бериш лозим. Агар унинг организмида темир етишмовчилиги юз берса, бу кейинчалик ақлий ривожланишдан орқада қолиш хавфини ҳам туғдиради.
Саломатлик учун курашиш йўлида овқатланиш тартибимиз, айниқса чой ичиш анъналарини ўзгартиришимизга тўғри келади. Овқат маҳали ёки овқатдан сўнг чой ичманг. Чой ўрнида бошқа ичимликлар, масалан, қайнаган ёки маъданли сув ва шарбатлар ичишингиз мумкин.
Бу маслаҳатлардан сўнг, чой соғлигимиз кушандаси экан, деган фикр туғилмасин. Чойнинг организмдаги аҳамияти катта. У кўплаб касалликлар учун даъво бўла олади. Аммо асалнинг ҳам ози ширин. Чойга шифобахш ичимлик сифатида қараб, меъёрга ва вақтига кўра ичсак, саломатлигимиз учун фойдали. Овқатлангандан 30 дақиқа кейингина ичилган чой ёки қаҳва безарардир.
Саломатлик ҳамма учун керак ва уни асраб қолиш ўз қўлимизда. Бу унчалик қийин ҳам эмас. Оддий кўринган нарсаларга чуқурроқ назар ташласангиз, барчасига эришасиз. Келинг, ҳозирги дақиқадан эътиборан ҳар кунги чойимизга нисбатан янгича муносабатни шакллантирайлик.
Дурдона Алимова
“Ҳуррият” газетасидан олинди.