Табиий бойликларга эга бўлган Ўзбекистон дунёдаги энергия мустақиллигига эга саноқли давлатлардан бири ҳисобланади. Аммо бундан салкам йигирма беш йил муқаддам шўро ҳукуматининг бир ёқлама сиёсати боис юзага келган энергетик тақчиллик туфайли мамлакатимиз қийин бир вазиятда қолгани, ёқилғи ресурслари кимларнингдир қовоқ-тумшуғига қараб тақсимлангани ҳозир кўпчиликнинг ёдида ҳам бўлмаса керак. Ҳа, бугун аллақачон кечмишга айланган ўша кезлари, айниқса, мамлакатимиз эндигина мустақилликка эришган даврда, узоқни кўзлаб иш тутишга тўғри келди.
Юртбошимизнинг ташаббуси билан кетма-кет Кўкдумалоқ нефт-газ-конденсат кони ўзлаштирилди, Бухоро нефтни қайта ишлаш ва Муборак газни қайта ишлаш заводларида таркибида олтингугурт бўлган газни тозалаш бўйича ишлаб чиқариш объектлари, Янги Ангрен иссиқлик электр стантсиясида энергия блоклари барпо этилди. Табиий газ олиш 30 фоиздан кўпроқ, нефт қазиб чиқариш эса уч баробарга ошиши натижасида, 1996 йилда Ўзбекистон четдан ёқилғи ресурсларини олиб келишни бутунлай тўхтатди. Истиқлолнинг тарих олдида жуда қисқа муддат — илк беш йиллигидаёқ энергия мустақиллигига эришилгани бугун айтишгагина осон сўзлар холос. Ваҳолангки, унинг ортида улкан жасорат, соҳа ходимларининг заҳматли ва фидокорона меҳнати ётибди. Ахир сотсиализм назариётчилари томонидан тамбалаб ташланган истиқбол эшигининг калити — иқтисодиётнинг йирик тармоқларидан тортиб, хонадонларимиз чароғонлигигача бўлган барча соҳалар айнан энергетика тизими билан узвий боғлиқ эди-да.
Маълумотларга қараганда, бугун дунёда кунига миллионлаб тонна нефт, газ, уран ва бошқа энергиянинг табиий манбалари қазиб олиняпти. Агар биргина «қора олтин»нинг пайдо бўлиши учун 100 миллион йил кераклигини ҳисобга олсак, мавжуд ресурслар ХХI асрдаёқ тугаш эҳтимоли жуда юқори. Аммо унутмаслик керакки, ҳавони ифлослантиришнинг 80 фоиздан кўпроғи айнан шу энергетика соҳаси ҳиссасига тўғри келади. Демак, атрофмуҳитга етказилаётган зарар миқдори жуда катта. Шу боис дунё ҳамжамияти бугун қайта тикланувчи энергия манбаларига нажот кўзи билан қарамоқда. Бундай манбаларга қуёш, шамол, сув ресурслари, геотермал манбалар, саноат, маиший ва қишлоқ хўжалик чиқиндиларидан олинадиган биогазлар киради. Улар орасида, айниқса, шамол энергияси энг арзон ва самаралилиги билан ажралиб туради.
Аслида қадим замонлардаёқ ота-боболаримиз битмас-туганмас ҳаво оқимидан — шамолнинг кучидан унумли фойланиб келишган. Шамол мунтазам эсиб турадиган ҳудудларда чархпалаклар қурилиб, унинг ёрдамида сув чиқарилган, тегирмонлар юргизилган. Тарихий манбалар милоддан аввалги ИИ асрдаёқ илк шамол тегирмонлари барпо этилгани ҳақида гувоҳлик беради. Электр токи ишлаб чиқаришга мўлжалланган шамол электр стантсиялари (ШЭС) эса биринчи марта 1890 йили Данияда бунёд этилган.
Бугун шамол ва унинг қудратли кучидан инсон манфаатлари йўлида фойдаланиш анча оммалашган. Замонавий шамол электр стантсиялари 5 м/с. дан 25 м/с.гача бўлган тезликдаги шамол муҳити, релефи нисбатан баланд бўлмаган жойларда жуда самарали ишлайди. Ана шундай табиий муҳитда жойлашган Германия ҳозир бу борада етакчилик қилмоқда. 2020 йилга бориб, бу ерда 20 фоиз электр энергияси ШЭСлардан олиниши режалаштирилган. Шунингдек, Англия, Канада, Япония, Испания каби давлатларда ҳам бу борада изчил изланишлар олиб бориляпти. Умуман олганда, Халқаро энергетика агентлиги тахминларига кўра, 2030 йилга бориб сайёрамизда шамол энергиясига бўлган эҳтиёж қарийб 5000 гигаваттни ташкил этади.
Қолаверса, мазкур муқобил энергия тури мавжуд табиий ресурсларни тежашдан ташқари, экология мусаффолиги билан ҳам аҳамиятлидир. Масалан, 1 МВТ қувватли ШЭС 10 йил давомида 15 минг тонна кўмир, 45 минг баррел нефтни тежаши мумкин. Бундан ташқари, атмосферага карбонат ангидрид, сулфат оксиди, азот оксидиларини умуман чиқармайди. Бир сўз билан айтганда, жуда фойдали бўлиши баробарида мутлақо безарар ҳамдир. Шу боис кўплаб мамлакатларда ШЭСлар барпо этишга давлат аҳамиятига молик масала сифатида қаралмоқда. Жумладан, яқинда оммавий ахборот воситалари Болтиқ денгизида бунёд этилган «Балтика-1» номли шамол парки фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар тарқатди. Ушбу шамол парки 21 та шамол генераторидан иборат бўлиб, ҳар бирининг баландлиги 160 метрга етади. Шамол парракларининг диаметри эса 93 метр. «Балтика-1» соатига 185 гигаватт электр энергия ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу бирданига 50 минг уй-жой энергия билан таъминланади, деганидир. Мана сизга шамол энергиясининг салоҳияти ва имконияти.
Хўш, бугун энергия манбаларига талаб кучаётган бир пайтда бизнинг мамлакатимизда мазкур тизимни ривожлантиришнинг истиқболлари қандай? Мутахассислар томонидан юртимизда шамол энергиясининг ялпи потентсиали 2,2 миллион тонна нефт эквивалентига тенг деб баҳоланган. Аммо бунда алоҳида ҳудудлардаги, жумладан — Устюрт ва Бекобод шамол энергияси имконияти тўла ҳисобга олинмаган. Қолаверса, бу кўрсаткич 58 метр баландликда ҳисобланган. Аслида эса 25100 метрда аниқланиши керак. Умуман, республикамизда доимий шамол эсиб турадиган очиқ ҳудудларнинг кўплиги бу борада умидбахш хаёллар уйғотади.
Шамол энергиясидан ёритиш, теле ва радио, алоқа асбобларини ишлатиш, сув тортиб чиқариш, иситиш ва бошқа кўплаб мақсадларда фойдаланиш мумкин. Мамлакатимизда, хусусан, Оролбўйи каби экологик ночор ҳудудларда яшовчи аҳолини, шунингдек, электр энергияси, табиий газ, иссиқ сув таъминотидан узоқда жойлашган, ичимлик суви билан таъминланмаган, чўл, саҳро, тоғ ҳудудларидаги масканларни электр энергияси, иссиқлик ва ичимлик суви билан таъминлашда шамол энергиясидан фойдаланиш яхши самара беради.
Ўтган асрнинг 80-йилларида Навоий ва Бухоро вилоятларида бир қанча шамол энергияси билан ишловчи генераторлар ишлатилиб, бу борада тажриба тўпланганди. Истиқлол берган имкониятлар ҳамда Юртбошимизнинг эътибори туфайли эндиликда соҳа жадал ривожланмоқда. Масалан, «Ўзбекенерго» давлат актсиядорлик компанияси ва Кореянинг «Доожин cо. лтд» компанияси билан ҳамкорликда Чорвоқ сув омбори ҳудудида қурилган 40 метрга тенг анемометрик мачта йилига қўшимча 2,3 миллион киловатт-соат ҳажмда электр энергияси ишлаб чиқариш имконини бермоқда. Бу йилига 700 минг куб метр табиий газ тежаб қолиняпти, деганидир. Шунингдек, Қорақалпоғистондаги парранда фабрикасида ўрнатилган шамол қурилмаси хусусида ҳам ана шундай илиқ фикрларни билдириш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси қошида 2005 йилдан буён фаолият юритиб келаётган «Eко-енергия» илмий-тадбиқий Маркази ҳам тегишли корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликда жойларда ШЭСларни қуришда жонбозлик кўрсатиб келмоқда. Хусусан, кейинги йилларда жойларга аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва суғориш учун сув таъминотини яхшилаш мақсадида шамол генераторлари етказиб берилди.
— Яқинда Навоий вилояти Қизилтепа туманининг чўл ҳудудидаги бўрдоқичилик фермасида объектни электр энергияси билан таъминловчи ва қудуқдан сув тортиб берувчи қурилма ўрнатилиб, ишга туширилди, — дейди марказ директори Мажид Хўжаев. — Одамларнинг ичимлик суви ва электр энергиясига бўлган талабини қондиришдан ташқари, саҳро бағрида дарахтлар, турли ўсимликлар экиб, кишининг баҳри дилини очадиган боғ барпо этишда ҳам бу қурилманинг аҳамияти беқиёс бўлмоқда.
Кўриниб турибдики, шамолнинг безавол ва экологик зарарсиз кучидан фойдаланиш ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан катта фойда келтиради, аҳоли турмуши фаровонлигига хизмат қилади. Ваҳоланки, мамлакатимизнинг юқори салоҳиятли қайта тикланадиган энергия манбаларидан тўлиқ фойдаланилса, атмосфера ҳавосига чиқариладиган 450 миллион тоннага яқин ис газининг (углерод икки оксиди) бартараф қилинишига эришиш мумкин. Шундай экан соҳани янада тараққий эттириш, бу борадаги изланишларни қўллаб-қувватлаш бугун вазиятнинг ўзи тақозо этиб турган масалалардан, десак янглишмаймиз.
Иномжон Абдиев
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2011).