Яқин-яқингача мутахассислар қалампир ва бошқа ўткир таъмли зираворларни истеъмол қилишда эҳтиёт бўлиш зарурлигини уқтириб келишарди. Овқатни ҳазм этиш аъзолари хаста беморларга улардан фойдаланиш ман этилганди. Эндиликда эса, бу моддаларга муносабатда шифокорлар фикри ўзгармоқда. Хусусан, қалампир ва мурч каби зираворларнинг жигарга умуман зиёни йўқ экан. Бироқ бу мазкур зираворлардан ҳар ким таъбига қараб бемалол фойдаланаверса бўлади, дегани эмас. Айниқса, цирроз ва юрак камқувватлиги хасталигида, шишлар ҳосил бўлганда улардан ош-овқатда фойдаланиш тавсия этилмайди. Жигар хасталиклари бўйича машҳур шифокор, тиббиёт фанлари доктори А.Буверовнинг фикрича, қалампир ва мурч чанқоқни ошириб, кўп сув ичишга сабаб бўлади ва бу билан беморнинг аҳволи-руҳиясига салбий таъсир кўрсатади.
Қалампир таркибидаги бромелайн ферменти оқсилларни парчалайди, капсаицин моддаси эса ўткир аччиқ таъм бериш билан бирга, термогенез жараёнини кучайтиради. Бунинг натижасида аъзои баданимиз ўзидан кўп иссиқлик чиқаради ва танадаги ёғларнинг бир қисми парчаланиб кетади. Нонушта пайти истеъмол қилинган аччиқ таъмли таом организмдаги қувватнинг 23 фоизи сарф бўлишига олиб келар экан. Айни чоғда, капсаицин йигирмадан ортиқ оқсиллар таркибини ўзгартириш билан бирга, ёғли тўқималарнинг ўсишига тўсқинлик ҳам қилади.
Қора мурч таркибидаги пиперин, занжабил таркибидаги гингерол ва шогаол моддалари ҳам термогенез жараёнини кучайтиради. Бу зираворларни биргаликда қўллаш эса турли ортиқча ёғларнинг ҳазм бўлишига таъсир кўрсатиб, ҳосил бўлган энергия сарфи кучайишига олиб келар экан. Уларни биргаликда ишлатишнинг фазилати шундаки, бирида камроқ бўлган фойдали модда ўрнини иккинчиси тўлдиради. Ҳиндистонда уларнинг ҳаммасидан кенг фойдаланилиши сабаби шунда. Масалан, ҳиндлар қизил қалампир ва қора мурч, занжабил ва зира, шунингдек, кориандра, куркум ва бошқа зираворларни бир-бирига муносиб нисбатда қўллаб, яхши зираворлар мажмуини яратишган. Турли зираворлардан кўп фойдаланиладиган Ҳиндистон, Хитой ва бутун Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида Ғарбдагига қараганда ҳаддан ташқари семиз одамлар кам. Бу мазкур мамлакатлар аҳолиси ирсияти билан у қадар боғлиқ эмас. Негаки, минтақада сўнгги пайтда Ғарбнинг озиқ-овқат концернлари иш бошлаши ва турли “фаст-фуд”ларнинг кўпайиши натижасида семириш эпидемияси ва қандли диабетнинг иккинчи типи пайдо бўлди.
Минтақада одамларнинг тез семиришига тўсқинлик қилувчи омиллардан яна бири бу — кўк чойдир. Унинг таркибида катта миқдорда катехин мавжуд. Бу модда юрак ва қон томирларни ҳимоя қилиб, саратон ҳосил бўлишига тўсқинлик қилади. Шу билан бирга, кўк чой жигар ва тери остида ёғ тўпланишининг олдини олади, термогенез жараёнини кучайтиради.
Албатта, биргина ушбу жиҳатларига кўра, ҳиндлар каби ўта аччиқ таомларни истеъмол қилишга одатланишнинг ҳожати йўқ. Бироқ таом тайёрлашда қалампир ва мурчдан фойдаланиш, дастурхонда эса ҳамиша майдаланган турфа зираворларнинг бўлиши фойдадан холи эмас. Улар туз истеъмол қилишни камайтиришига кўра ҳам фойдали. Зираворлардан биринчи ва иккинчи таом ҳамда турли салатларга озгина қўшиб юбориш фойдали бўлиш билан бирга, таомларга яхши таъм ҳам беради.
Олимларнинг сўнгги маълумотига кўра, кавш қайтарувчи жониворлар (қўй, эчки, сигир) сути ва улардан тайёрланган сут ҳамда гўшт маҳсулотлари парҳез таомлар ҳисобланиб, семиришга тўсқинлиққилади. Спирт қўшилмаган қизил вино ҳам семириб кетишга тўсқинлиққилади. Айни чоғда жигарни спиртнинг салбий таъсиридан ҳимоялайди. Қандли диабет ва атеросклероздан сақлайди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 36-сонидан олинди.