Абдулла Аъзамов. Шоир, шоҳ ва… дарвеш (2010)

Буюк тарихимизнинг олтин саҳифаларидан бирини Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва фаолияти ташкил қилади. Темурийлар салтанатининг анъаналарини бошқа бир ҳудуд ва муҳитда давом эттиришга муваффақ бўлган Мирзо Бобурнинг ижодий мероси кўпқиррали экани яхши маълум. Унинг ҳозиргача топилмаган мусиқа ва ҳарб ишига оид рисолаларини ҳисобга олмаганда ҳам бу мерос ўз кўламининг кенглиги билан ҳайратга солади. Айниқса, “Бобурнома” шоҳ асарининг довруғи бугун дунёга ёйилган. Ундан фарқли ўлароқ, Бобур девони у қадар кенг тарқалган эмас. Назм, айниқса, Шарқ мумтоз ғазалиётининг хусусияти билан боғлиқ бу ҳолатни табиий деб қабул қилса бўлар. Бобур ғазаллларини оригиналда ўқиб, тадқиқот доирасига тортган А.Н.Самойлович, И.В.Стеблева каби рус туркшуносларининг китобларини айтмасак, Бобур девони ўзбек, турк, озарбойжон тилларидан ташқарида асил қимматига яраша тарғиб этилаётир, дейиш қийин. Ҳолбуки, бу девон ихчам бўлишига қарамай, маҳорат бобида “назм мулкининг султони” девонларига энг яқин турувчи тўпламдир. Маҳоратда Бобур ҳатто ҳазрат Навоий билан бўйлашадиганўринлар ҳам оз эмас.

Ғазалларни-ку бадиий хусусиятларини сақлаб, мазмунига путур етказмасдан хорижий тилларга таржима қилиш қийиндир. Ҳар ҳолда Бобур шеърларининг рус тилига таржимасида қониқарли чиққанлари бармоқ билан санарли. Аммо, фикримизча, Бобур маснавийларини Европа халқлари тилларига муваффақият билан ўгирса бўлади. Аминмизки, шунинг ўзиёқ Бобурни шоир сифатида ҳам дунё миқёсида тарғиб қилишга катта ҳисса бўлар эди. Бошқа томондан таажжубли ҳолат — Бобур маснавийлари ўзимизда ҳам ҳали етарличатадқиқ ва тарғиб этилган деёлмаймиз. Ҳолбуки, маснавийлар кўпи таржимаи ҳол мазмунида бўлиб, бу жиҳати билан алоҳида аҳамиятга моликдир.

Шу муносабат билан Бобур девонидаги “Сипосу ситойиш Худовандға / Ки, андин кушод ўлди ҳар бандға” деб бошланадиган маснавийни олиб кўрайлик. У нафақат Бобурнинг ижодий меросидаги, нафақат ўзбек адабиётидаги, балки умумжаҳонадабиёти миқёсидаги энг нодир дурдоналардан бири сифатида эътирофга лойиқдир.

Маснавий арузнинг мутақориб баҳрига мансуб мутақориби мусаммани маҳзуф вазнида битилган (қолипи фаъувлун фаъувлун фаъувлун фаъул, схемаси v – – I v – – I v – – I v –; қуйида маснавий байтларини аруз вазнида ифодали ўқишни енгиллаштириш мақсадида қисқа ҳижолар курсив билан қайд этилади; ўта чўзиқҳижонинг қисқа ҳижоси ҳамда анга, кўнгулкаби сўзлар ан-га,кўн-гул тарзида нотўғри ўқилишининг олдини олиш учун а*нга, кў*нгултарзида “нг” товуши нуқта билан ажратилади; олдинги ҳижонинг охиридаги ундош кейинги ҳижога қўшиб ўқилиши лозим ўринларостки чизиқ_ белгиси билан кўрсатилади):

Сипосу Iситойиш IХудованIд*ға

Ки, андин Iкушод ўл Iдиҳар банIд*ға. (1)

 

А*нга не Iмисолу Iне монанIд*дур,

ХудованIд*ларға IхудованIд*дур. (2)

 

А*нга неIамируIа*нга неIвазир,

А*нга неIшабиҳуIа*нга неIназир. (3)

(Худованд – 1) эга, 2) ҳоким; сипосу ситойиш – ҳамду сано; кушод – чора, тугунни ечиш; банд – 1) банди, асир; 2) тугун, муаммо; шабиҳ – тенг; назир – ўхшаш; байт охирида унинг маснавийдаги тартиб рақами кўрсатилади.)

Алоҳида эътиборга молик нуқта: Бобур маснавийcи Навоийнинг “Садди Искандарий” достони вазнида(аслида достон жанри ҳам маснавий турига мансуб). Қиёслаш учун мазкур достондан ҳам уч байт келтирайлик:

Худоё,IхудолиқIмусалламIса*нга,

Бирав шаҳIки, даъбиIгадолиқIса*нга.

Худован Iди бемисIлу монанIд*сен,

ХудованIд*ларғаIхудованIд*сен.

 

ЗабардасIт*лар зеIри дастингIсенинг,

Бийиклар Iкелиб борIча пастингIсенинг.

Бу вазндаги шеърлар ўзига хос салобат билан (хотиржамлик руҳида) ўқилади:

Худоё,

худолиқ

мусаллам

саIнга, Бирав шаҳ

ки, даъби

гадолиқ

саIнга …

Шунинг учун мутақориби мусаммани маҳзуф баҳрида ёзилган асарлар одатда фалсафийликка мойил бўлади. Хусусан, Бобурнинг қаралаётган маснавийси ҳам бежиз айни шу вазнда битилмаган.

Келтирилган байтларданоқ кўриниб турибдики, Бобур маснавийси нафақат вазнига кўра, балки яна бошқа жиҳатлари билан ҳам“Садди Искандарий”га ҳамоҳангдир. Умуман, бу маснавий ёзилишида “Садди Искандарий”нинг таъсири яққол сезилади. Гап шундаки, ҳар икки асар, ҳажман катта фарққилишига — униси улкан бир достон (7215 байтлик),буниси эса атиги 43 байтлик маснавий бўлишигақарамай, руҳият жиҳатидан бир-бирига яқин.

Бобур асарига бус-бутун достон салмоғини берувчи муҳим бир жиҳат бор. У ҳам бўлса, маснавийнинг қаҳрамони (адабиёт нуқтаи назаридан) — Бобурнинг ўзи эканлигидир.

Навоий “Садди Искандарий” достонида ўз ижтимоий-фалсафий қарашларини ярим афсонавий, ярим тарихий шахс Искандар Зулқарнайн тимсоли орқали баён қилган. Бу борада асарни ўрганган навоийшунослар ўртасида ихтилоф йўқ. Биз учун Бобурнинг маснавийси нуқтаи назаридан Навоий достонидаги иккита боб диққатга молик. Биринчиси, Искандарнинг тожу тахтдан воз кечиб, дарвешликни ихтиёр этган шоҳ билан учрашуви. Унда Навоий бу учрашув воситасида шоҳ тождан воз кечиб ҳам бахтиёр бўла олиши, ҳатто бахтиёрроқ бўлиши мумкинлигини ифодалаган:

Боши тоIж таркинIқилиб ихIтиёр,

Бўлуб тарIки тожи Iбилан бахIтиёр.

Иккинчиси – Искандарнинг вафотига бағишланган боб. Унда тасвирланишича, етти иқлимни эгаллаган, ҳатто уммон остидаги битмас-туганмас бойликни қўлга киритган Искандар ўзи асос солган Искандария шаҳридан жуда олисда – океан соҳилида вафот этади. Ўлими арафасида Искандар васият қиладики, Искандария шаҳрига дафн қилиш учун олиб боришар экан, унинг қўлини тобутдан чиқариб қўйсинлар.Бундан мурод – “Мана, дунёни эгаллаган Искандар ҳам у дунёга бўм-бўш қўл билан кетмоқда”, деган ҳикматни англатиш бўлган.

Биз Бобур маснавийсида “Садди Искандарий”даги мазкур ҳикояларга мутаносиб ҳасби ҳол (яъни ўз руҳиятини ифода этиш)га дуч келамиз.

Маснавий – мумтоз адабиётнинг анчайин эркин жанри, у ҳеч бир муқаддимасиз, бевосита мавзуни ёритишдан бошланиши жоиз бўлган. Бу, хусусан, Бобурнинг бошқа маснавийларида яққол кўринади. Аммо улардан фарқли равишда бу ўринда фикр юритилаётган маснавийда достонларга хос хусусиятни кўрамиз: у Оллоҳ таоло ва таборакага ҳамд ҳамда Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга наът билан бошланади. Юқорида келтирилган уч байт ҳамд қисмининг бошланиши эди.Бобур бу қисмни ажиб бир эътироф билан якунлайди:

Тилармен: I гадойиIға бўлсам I гадой,

Бу давлатIниқилғай I муяссар I Худой. (9)

Бу шунчаки йўл-йўлакай айтиб кетилган тилак эмас, балки муаллифни маснавий ёзишга ундаган унинг қалбидаги туғённинг ифодасидир. Искандар билан учрашган шоҳ тахтдан воз кечиб, дарвишлик йўлига ўтган бўлса, Бобур ўз маснавийсида унга нисбатан бир неча баробар кескинроқ эврилишга бош урмоқчи эканлигини изҳор этади. Бу эврилишни шундай схема билан тасвирлаш мумкин: шоҳлик => тахтдан воз кечиш => дарвешлик йўлига кириш => “гадолик” (ҳамма нарсадан воз кечиш, яъни фақирлик)=> фақирлик мақомига эришган одамга “гадолик” қилиш (мурид бўлиб хизматини қилиш). Бундай эврилиш якуни тасаввуфдаги фано мақомига яқин дейилса, катта хато бўлмайди.

Келтирилган байтдаги тилак, ният ифодасини шунчаки лирик шеър дейиш билан чекланиш мумкинми?(Бу саволга қуйироқда қайтамиз.)

Ҳамддан кейин маснавий наът билан давом этади:

Дейин ҳам Iдидин сўнгIрасули Iға наът,

Илоҳи Iки, тушгайIқабули Iға наът. (10)

 

Расули Iжаҳону Iҳабиби IХудой

Ки, андин Iкелур эл Iга тийби IХудой. (11)

 

Набийға Iдуру*д_айIтайин барIдавом,

Ҳа*м_авлоIду асҳоIбиға, васIсалом. (13)

 

Чуҳамду Iсанодин I кў*нгил топIти ком,

Қилай эмIди мақсуIд сори Iхиром. (14)

(Наът — мақтов, таъриф; ҳабиб — дўст; тийб — тавба қилдириш; дуруд — салом; набий — пайғамбар; бардавом — тўхтовсиз; асҳоб — саҳобалар, суҳбатдошлар; ком — мақсадга етиш; мақсуд — мақсад қаратилган объект; сори — томон; хиром — юриш, отланиш, интилиш.)

Хўш, муаллифнинг маснавийдан мақсуди нима экан? Бобур лўнда ва очиқ-равшан ёзади:

Менинг сўзIларим буIдур_аҳбоIб*қа,

Бари хеIшу атбоIъу асҳоIб*қа. (15)

(Аҳбоб — дўстлар; хеш — қариндош; атбоъ — тобеълар). Бу сўзлардан кўринадики, маснавий лирик асарликдан кўра кўпроқ хешу ақрабога, қўл остидагилар ва ёр-дўстларга қаратилган мурожаатга яқинроқ, бир сўз билан айтганда, Бобур эълон қилишга қарор берган бир манифестдир:

Ки қилғайIмеIн_албатIта дарвеIш*лик,

Тариқат I йўлида I вафокеIш*лик. (16)

 

Жаҳон ишIларин жумIла тарIк_этIгамен,

Кетар вақIт*да беIасар кетIгамен. (17)

(Вафокешлик – вафога содиқлик; беасар — ном-нишонсиз.)

Сўнгги байт беихтиёр Искандар қарори билан қиёсланади: у тожу тахтни ҳам, шону шуҳратни ҳам тарк этмаган, фоний дунёдан боқий дунёга қўли бўм-беш кетаётганини билдириб қўйишни васият қилган, холос. Бобур эса ният қилмоқдаки, бу дунёдан у фақирлик мақомида, бирор ному нишон қолдирмай кетса. Бу энди ҳатто тасаввуф пешволарининг хаёлига ҳам кўпда келмаган орзу, яссавиёна тариқат.

Бобур бундай қарорга келиш сабабини баён этишдан аввал, гарчи сиртдан олиб қараганда ақлга номувофиқ туюлса ҳам, аммо узри борлигини маълум қилади:

Ме*нга кўп Iжиҳатдин I бу иш бўлIди фарз,

ЖиҳатларIни айлай I барин сизIга арз. (19)

Асарни шу байтгача ўқиган кишида “Нега, нега энди?” деган савол туғилиб, унинг онгу шуурини ҳайрат чулғаши табиий. Ахир, маснавий Бобур умрининг охирларида, Ҳиндистон тахтини эгаллаб, салтанатини мустаҳкамлаб олган, нисбатан тинч ва хотиржам яшаш, сарой хизматидан истеъфога чиққан Алишер Навоийдек, баракали ижод қилиш шароитига ахийри муваффақ бўлган бир пайтда битилган. Шундай экан, нега энди қудратли шоҳ ва шоир бундай забун кайфиятга тушмоқда? Бобур бунингсабабларини санашга ўтар экан, энди ҳайрат ўрнини қаттиқҳаяжон эгаллайди:

Бири булIки, толеъ I ме*нга ёIр_эмас,

СипеҳруI кавокиб I мададкоIр_эмас. (20)

 

Фалакдин I етишти I жафолар I ме*нга,

Бало узIра бўлди I балолар I ме*нга. (21)

 

Гаҳе қилIди давлатI била ҳамIнишаст,

Гаҳе қилIди меҳнат I била ерIга паст. (22)

Гаҳе тўлIдурур жоIми ишрат I ме*нга,

Гаҳе келIтурур дарIду меҳнатIме*нга. (23)

(Сипеҳр — осмон, фалак; кавокиб — юлдузлар; ҳамнишаст — улфат; меҳнат — қийинчилик).

Шоир бу мисраларни битар экан, ҳаёт йўлидаги воқеалар кўз олдидан бирма-бир ўтган бўлса керак. Масалан, мана бу байтда Самарқанд қамалидан хотиралар жонланган:

Басе қалIъа берди I қабалмоқI учун,

Кўтарди I вале ерIга чолмоқI учун. (24)

Фалакнинг синовларини-ку иймонли одам тақдири азал сифатида қабул қилади, аммо дастурхондан туз ичиб, хиёнат қилувчилар ҳам тақдири азалданми:

Бировни I десам жон, I қилур жонIғақасд,

Ебон тузIни, айлар I намакдонIғақасд. (26)

Минг афсуски, Бобур ўзининг бутун ижодий қудратини намоён этишга шароит яратилганда шум тақдир унинг бошига яна бир даҳшатли синовни солган – унинг “тузини ичиб юрган” ошпаз “намакдонга” хиёнат қилиб, валинеъматини заҳарламоқчи бўлган душманларга сотилган.

Чархнинг шумликларидан тўйиб кетган Бобур шундай хулосага келади:

БоIр_эрмиш I ажаб шуIм толе I ме*нга,

Эсиз умIр*ким, бўлIди зое I ме*нга. (27)

Эй фалак! Наҳот, Бобурдек олижаноб ва жўмард йигит, дилбар ва самимий инсон, дарвеш шаҳзода, буюк истеъдод соҳиби, муҳими, иймон-эътиқодли шоҳни “Эсиз, умрим бўлди зое” дейишгача олиб борсанг?

Ул зот, шак-шубҳасиз, буюк ирода ва матонат соҳиби ҳам бўлган — узлуксиз давом этган хиёнат ва мағлубиятларга қарамай, ўз орзуси йўлида, ўз мақсадига эришиш учун Бобурдек сабр ва сабот кўрсатган тарихий шахс камдан-кам топилади. Шунга қарамасдан…

У ўзининг қарори билан боғлиқ бошқа сабаблар борлигини ҳам баён қилади. Чунончи:

Яна бир I буким, ушIбу фитрат I чоғи

Ки, бу жам Iъи бадбах IтбўлдиI ёғи(й). (28)

 

Дедим, бу I йиғилғон Iға: «ТопсамI зафар,

Бу жамъи I паришон Iға топсам I зафар, (29)

 

Қилай барIтараф салIтанатнинг I ишин,

Ўзумдин I ка*м_айлай I улус қарIғишин, (30)

 

Яна салIтанат зикIрини қилIмайин,

Бу беҳуIда иш фикIрини қилIмайин…» (31)

(Фитрат – воқеа, оқнинг оққа, қоранинг қорага ажралиши;жамъи паришон – гарангсиганлар) каби мисраларда ифода этилган кечинмаларни олайлик. Бобур бошига мағлубият синови тушганда атрофидагиларнинг таънаю дашномига қолган, очликдан қийналган раиятнинг қарғишини ҳам эшитган; шунда, маснавийда ёзилишича,у ўзига ўзи сўз берганки, агар бир кун келиб менга ҳам ғалаба ёр бўлса, буларга зафар қанақа бўлишини бир кўрсатиб қўйишга эришсам, салтанатдан воз кечайин-да:

Худо йўIли сори I хиро*м_айIлайин,

Бу йўл қатIъида эҳIтимо*м_айIлайин, (32)

— деган қарорга келганини эслатади (қатъайлаш — босиб ўтиш; эҳтимомайламоқ— ҳиммат кўрсатмоқ).

Бобур дунёнинг аччиғу чучугини хўп тотиб бўлганини учинчи сабаб сифатида келтиради:

Не давлат I қолибтурIки, мен кўрIмадим,

Не ишрат I қолибтур Iки, мен сурIмадим. (37)

 

Аларнинг I барин кўр Iмишам, билIмишам,

Буларнинг I барин топ Iмишам, қил Iмишам. (39)

Бундан Бобур иккита якуний хулоса чиқаради: биринчидан, “дунёнинг орзу-ҳавасларидан тўйдим”, дейди:

Не боғу I не гулнинг I ҳавоси I ме*нга,

Не гулрўIйIлар мудIдаоси I ме*нга, (34)

 

Не ёзу I не куздин I кў*нгул оIчилур, (35)

Ненуқлу I немайдинI ме*нганаш Iъадур… (36)

(Ҳавос – ҳаваслар; нуқл – газак учун луқма.)

Иккинчидан, у ўзининг тариқат йўлига киришга маънан тайёр бўлганини изҳор этади:

Ме*нга эмIди кўп оIр*зу йўқIтурур,

Ёмон нафIсима кўп I ғулу йўқIтурур, (40)

 

ТааллуқI алойиқI била қолIмади,

Ишим бу I халойиқI била қолIмади. (41)

Маснавийни якунлар экан, муаллиф яна Яратганга мурожаат этиб, ундан қабул қилган қарорида собит бўлишда мадад тилайди:

Шариат I ишида I мени қоIди*р_эт,

Тариқат I йўлида I мени соIби*р_эт. (42)

Биз Мирзо Бобур самимиятига заррача бўлсин шубҳа қилишга на асосимиз бор, на ҳақ-ҳуқуқимиз. Шундай экан, аниқ хулоса шуки, буюк темурийзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобур ҳазратлари дейиш тўғрироқ — умрининг охирида тариқат йўлини тутган ва бу фоний дунёни шу йўл сайрида тарк этган.

“Ҳумоюннома” асарида Бобурнинг қизи Гулбаданбегим шундай гувоҳликберади: “Эртаси куни ҳамма амирларни чақириб айтдиларки, кўп йиллардан бери Ҳумоюн мирзога подшоҳликни топшириб, ўзим Зарафшон боғининг бир бурчагида турсам, деган фикрим бор эди. Худонинг карами билан ҳамма нарса муяссар бўлди. Лекин мана шу мақсадимни соғ пайтимда қилсам деган эдим, бўлмади. Касал мени эзиб қўйди. … Худодан умидим борки, Ҳумоюн ҳам одамларга яхшилик билан маъқул бўлади. Яна, Ҳумоюн, ака-укаларингни, ҳамма қариндош-уруғ ва ўз одамларимизни сенга, сени эса худога топшираман, дедилар. … Уч кундан сўнг Ҳазрат подшоҳўткинчи дунёдан абадий дунёга ўтдилар”.

“Ҳумоюннома”да яна ўқиймизки, “…бир кишига қизил кийгизиб, фил устига миндирилсин, у фил устидан ҳаммага жар солиб, “Бобур подшоҳҳазратлари дарвеш бўлдилар, давлатни Ҳумоюнга топширдилар” деб хабар қилсин (деган таклиф билдирилди). Ҳумоюн подшоҳҳазратларишундай қилинглар, деб буюрдилар”. Фикримизча, Бобур тахтни топширар экан, бунда ҳозир бўлганларга қолган умримни дарвешона ўтказаман, дея таъкидлаган бўлса керакки, юқоридагича хабар тарқатилган, акс ҳолда у тўқилган, яъни ёлғондан иборат бўлиб, энди тахтга ўтирган Ҳумоюннинг бунга йўл қўйган бўлиши ақлга сиғмайди.

Яна бир муҳим нуқта. “Ҳумоюннома”да Бобурнинг вафотидан сўнг уч кун ўтгач, Ҳумоюн расман тахтга ўтиргани тасвирланган-у аммо на Гулбаданбегим, на “Бобурнома”ни якунлаган хаттот ана шу воқеадан то вафотигача ўтган уч кун давомида Бобурдай зот қандай яшагани тўғрисида ҳам, қандай дафн этилгани хусусида ҳам бирон-бир тафсилот келтирмайди. Ҳолбуки, уларнинг ҳар иккиси ҳам бу маросимнинг гувоҳи бўлган. Бу фақат бир нарса биланизоҳланиши мумкин: Бобур тахтни топширгач, чиндан ҳам маснавийда ифодаланган тарзда, яъни “Ки, қилғаймен албатта дарвешлик, / Тариқат йўлида вафокешлик” билан кун ўтказган ҳамда вафот этганида уни“кетар вақтда беасар кетгамен” деган сўзларига мувофиқ тарзда дафн этишларини васият қилган бўлса керак.

Ҳа, гарчи соғ пайтида муяссар бўлолмаган эса-да, шоҳ Бобур Яратганнинг марҳамати билан умрининг охирида олий мақсадига эришган: уч кун бўлса ҳам тариқат йўлидаги сайру сулукини бошлашга муваффақ бўлган. Агар Бобур яна уч кун эмас, уч йил, балки ўттиз йил яшаганида биз унинг дарвешликдаги ҳаёти тўғрисида кўпроқ билган бўлар эдик. Афсуски…

Нима бўлганда ҳам, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратлари вафотидан анча олдин – маснавий битилган вақтда

Айирғил I мени жумIла ҳамроIҳ*дин,
Юзумни I эвурма I сўй_ОллоIҳ*дин, (43)

(Сўй Оллоҳ — Оллоҳ томон, қиблага юз тутиш, ибодат) деган муножоти ижобат бўлган (валлоҳу аълам).

* * *

Яна мумтоз адабиётимиз намуналарини хорижий тилларга таржима қилиш масаласига қайтайлик. Навоий таваллудининг 525 йиллиги муносабати билан рус тилида шоирнинг 10 жилдлик асарлари тўплами нашр этилган эди. Унда, жумладан, “Хазойин ул-маъоний”даги 2600 ғазалдан … тасининг таржимаси киритилган. Бунда имкон қадар соддароқ мазмунли шеърлар танлаб олинган. Шунда ҳам кўплаб ғазаллардан таржимонга қийинлик қилган байтлар ташлаб кетилган. Гап бунда ҳам эмас. Муҳими, таржимадаги ғазаллар умуман Навоийникига ўхшамайди: на жозиба бор, на латофат, мазмун эса, умуман, ғариблашган. Уларни ўқиганда киши беихтиёр даҳшатга тушади: наҳотки, рус тили орқали Навоий ижоди билан танишадиган ўқувчи буюк шоир тўғрисида ана шу таржималар асосида хулоса чиқарса?Бундан фарқли ўлароқ, Навоий достонларининг рус тилига таржимаси буюк шоирнинг салоҳияти тўғрисида мутаносиброқ тасаввур беради. Ҳатто насрий таржимада ҳам достонларнинг бир қатор жиҳатлари аслига яқин акс этиши мумкин. Япон олимлари Сока университетида Навоийга ҳайкал ўрнатишга қарор қилишганида, унинг буюк шоир эканлиги тўғрисида айнан “Хамса” достонларини ўқиб, хулоса чиқарган бўлишлари керак, ғазалларининг таржимасини эмас.

Бобурдан достон мерос қолмаган. Лекин маснавийлари, агар муваффақият билан таржима қилинса, уни “Бобурнома” муаллифи эканлигидан ташқари, адабиёт даргоҳида жуда юксак мавқега муносибшоир бўлганини ҳам тарғиб этишда муҳим омил бўла олади. Бу, айниқса, юқорида қаралган маснавий мисолида яққол кўринади.

Мирзо Бобурнинг иқрорномаси, ҳеч шубҳасиз, буюк иқтидор эгаси бўлган шоир қаламига мансуб юксак назм намунасидир. Нафсиламирини айтганда, жаҳон адабиёти бисотида бу маснавийда ифода этилган иқрорномадай ҳасби ҳол назм намунаси яна борми?

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 37-сонидан олинди.