64 катакка жо бўлган ҳаёт

http://n.ziyouz.com/images/chess.jpg

Ақллар жанги, туйғулар ва истаклар маҳорабаси бўлган шахмат барча илм аҳли ва тафаккурга ошно кишиларни ўзига ошуфта этмай қолмаган. Шахмат хотирани заифлашишдан сақлайди, ишчанлик қобилиятини кучайтиради, бир сўз билан айтганда ёшларнинг комил инсонлар бўлиб вояга етишида унинг ўрни бениҳоя юқори.

Бугунги кунда мамлакатимизда бошқа спорт турлари каби шахматга ҳам юксак эътибор қаратилаётгани боиси ҳам ана шу мезонлар билан боғлиқ, десак янглишмаймиз. Бу эътибор ва ғамхўрлик натижаси ўлароқ, юртимизда қитъа ва жаҳон чемпионлари етишиб чиқаяпти. Биргина Рустам Қосимжоновнинг жаҳон шахмат тожига муяссар бўлгани ҳам мамлакатимиз номини шахмат тарихига олтин ҳарфлар билан муҳрлади.

Одатда, шахмат ҳақида гап кетганда, унга спортдан кўра санъатга — шеъриятга яқинроқ деб баҳо беришади. Муқояса этадиган бўлсак, шахматни 64 та катак ичига жо бўлган ҳаётга, тафаккур ўйинига, гўзаллик ва нафосат курашига қиёс этиш мумкин. Не ажабки, бу дунёнинг ҳам ўзига хос синоатлари, қонун-қоидалари мавжуд. Инчунун, бу оламда қизиқарли воқеалар, турли ажойиботлар рўй бериб туради. Қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган кечмишлар ҳам шахматга ташна кўнглингизга равшанлик улашади, деган ниятдамиз. Севимли шоиримиз лутф этганидек, «Ўйин эрмак эмас, шеър ҳам шахмат ҳам — Ақллар кураши, туйғулар жанги. Бу жангда қўйилган ҳар битта қадам, Фақат тўғри бўлсин, гўзал ва янги».

***

Шахмат бўйича бир неча карра жаҳон чемпиони Макс Эйве поездда кетаётганида нотаниш ҳамроҳи унга вақтни мазмунли ўтказиш учун йўл-йўлакай шахмат ўйнаб кетишни таклиф қилади. То манзилга етгунича 5 партия ўйнашган бўлса-да, нуқул ютқазаверганидан жиғибийрон бўлган шериги, охири шахмат тахтасини бир четга улоқтириб ўзига-ўзи дейди:

— Жин урсин, ишхонада мени ташкилотимизнинг Эйвеси деб мақташарди. Нақ беш марта чемпион бўлганман. Келиб-келиб битта кўчадаги аллақандай одамга ютқизиб турсам-а?! Танишлар эшитиб қолса, роса устимдан кулишса керак.

* * *

Англияда ўтган мусобақа тугагач, гроссмейстер Флор меҳмонхонадаги лифтга чиқади. Маълумки «флор» сўзи инглизчада «қават» деган маънони англатади. Лифтга бирга чиқиб қолган ҳамроҳи ундан одатга кўра «Нечанчи қаватга? (флор)» деб сўрайди. Ҳалиям ғолиблик нашидасидан сармаст гроссмейстер гап мусобақа ҳақида кетаяпти, деб ўйлаб, мақтанганнамо: «Албатта, биринчи» деб жавоб беради.

Буни «биринчи қаватга» деб тушунган ҳамроҳи лифт тугмачасини босолмай анграйиб қолади.

* * *

Халқимиз орасида ҳам шахмат ҳақида кўплаб ривоятнамо гаплар юради. Масалан, қадимда икки дўст бўлиб, иккаласи ҳам шахмат ўйнашга муккасидан кетган экан. Ҳатто улардан бири изғирин қиш кунларида 30 чақирим наридан от билан шеригиникига келиб шахмат ўйнаб кетишни канда қилмаскан.

Бир куни улар ярим тунгача шахмат ўйнаб ҳам бир-бирини енга олмабди. Ўйинни эртаси куни давом эттиришга келишиб олишгач, шериги ярим тунда отига миниб, уйга қайтибди. Хаёлидан тугалланмай қолган ўйин ҳеч кетмасмиш. Энди уйига етай деб қолганда, отини қурбон қилиб, дўстини мот қилиши мумкинлиги хаёлига келиб қолибди. ўолиблик лаззатидан сармаст бўлиб, уйга ҳам кириб ўтирмай, яна дўстиникига қайтиб борибди. Тонг қоронғусида хижолатомуз эшикни тақиллатса, дўстиям ухламаган эканми, «Қайтиб кетавер, барибир отингни олмайман», деган экан.

***

Муаррихларнинг ёзишича, ҳарб илмида тенгсиз саркарда Соҳибқирон Амир Темур шатранж ўйнашни яхши кўрган. Ҳатто унга қаноат қилмай бу ўйиннинг мураккаб турини ўйлаб топади ва унга «Шатранжи комил» ёки «Шатранж ал-кабир» деб ном беради.

Бир куни Амир Темур ана шу 112 катакли тахтада мулозимлари билан дона суриб ўтирганида чопарлар унга иккита қувончли хабарни келтиришади. Биринчиси, ўғил фарзанд кўргани, иккинчиси эса Сайхун бўйида қурдираётган шаҳари битгани ҳақида эди. Ҳукмдор бу икки хушхабарни рақибига эндигина рух билан шоҳ берган пайти эшитгани боис ўғлига Шоҳрух, шаҳарга эса Шоҳрухия деб ном беради.

* * *

Алёхин исмли буюк шах­­матчи ҳақида эшитмаган одам бўлмаса керак. Полшалик ёш гроссмейстер Мигуел Найдорф 1939 йили Буенос-Айресда ўтган мусобақада у билан учрашиб, дўстлашиб қолади. Гап орасида у Алёхинга «сизни аввал ютганман» деб мақтанади. Алёхин 1932 йилда ўтказилган мусобақада икки партияда ҳам дуранг қайд этилганини айтиб, уни ёлғончиликда айблайди. Шунда Найдорф мийиғида кулиб, «1929 йил Варшавага келганингизда бирваракайига 32 тахтада сеанс олиб борганингизни эслай оласизми?», — деб сўрайди.

Алёхиннинг қошлари чимирилади. «Ҳа, ўша 32 ўйиннинг 2 тасини шахмат тахтасига қарамай ўйнагандим, улардан бирида мағлубиятга учраганим ҳам рост. Наҳотки, 10 йил олдин Н7 хонасида рухни қурбон бериб, мени чув туширган болакай сиз бўласиз?» дейди у ҳайрат билан.

* * *

Турли тадбирлар ва шоу учрашувларни ёқтирадиган машҳур шахматчилардан бирини бошқа мамлакатга сеанс ўтказиш учун таклиф қилишибди. У биратўла 15-20 киши билан шахмат ўйнагач, тадбир сўнггида шахмат мухлислари билан суратга ҳам тушади. Кейин яна ўз мамлакатига қайтиб кетади.

Eртаси куни мусобақа ташкилотчилари сураткаш кўтариб келган суратга қарасалар, ҳамма бору, негадир жаҳон чемпиони кўринмасмиш.

— Суратда яна бир киши бўлиши керак, эди. Қани у? — десалар, сураткаш ҳам бўш келмай: «Ўша олдинда ўтирган семиз ва бесўнақай одамни айтаяпсизларми, расм сифатли ва чиройли чиқиши учун уни олиб ташладим», — деб жавоб берибди.

Иномжон Абдиев тайёрлади

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2011).