Қодир Мирзалиев (1935-2011)

Қодир Мирзалиев (Қадыр Ғинаятұлы Мырзалиев) Ўрол вилоятининг Жимпити шаҳарчасида туғилган. Қозоғистон Давлат университетининг филология факультетини тамомлаган. Унинг илк асарлари 1954 йилда эълон қилинган.
1966 йили унга “Хаёл армони” тўплами учун Қозоғистон Ёшлар мукофоти берилди. 1980 йили “Жеруйиқ” шеърлар китоби учун Давлат мукофоти совриндори бўлди. “Қозоғистон халқ шоири” унвонига сазовор бўлган.
Унинг “Кўклам”( 1959), “Жангалаклар”(1960), “Кичкина афандилар”(1963), “Дала дийдори”(1966), “Кумуш қўнғироқ”(1970), “Жеруйиқ”(1976), “Сўз сеҳри”(1982), “Эҳ, кунлар…” (1984) сингари бир қатор шеърий мажмуалари чоп этилган, шунингдек, ўнга яқин китоблари рус тилида эълон қилинган.

ЕР, ВАТАН, ХАЛҚ…

Мени
она ердан ажратиш мушкул.
Бу ердан кўкламда кўтарилар буғ,
Уни қоплаб ётар
қишда муз ва қор…
Мен-чи,
шу ватанга, қуёшдан ёруғ
Кутган бир гиёҳдек,
доим дахлдор.

Меники
бу ерда ҳар қандай бўрон,
Менман — уни кутган,
Мен — берган бардош.
Мен — тарихда гоҳо донгдор қаҳрамон,
Мен — йўлларда гоҳо кўзларимда ёш.

Мен — банди асирман,
мен — деҳқон, аскар,
Ярамга туз ботган —
кўрганим шўр хок.
Гулгун воҳа қайда?
Қум ютиб аксар
Гиёҳдек
ўзимни сақлаганман пок.

Ғаним,
Бу заминга олайтирма кўз,
Халқнинг ғазабига бўлмагин дучор:
Мен
минг бир офатга туриб юзма-юз,
Юртимни
кўксимдек асрашга тайёр.

Мени, юрагимда юртимнинг акси, —
Яратган қатра нам,
офтоб шарбати.
Қонимда — ўтган кўп қуюнлар рақси,
Жисмимдаги жоним —
ҳар қум зарраси.

Сайроқи қушларга бердим шеъримни,
Менинг қўшиғимдир — қўшиқ ўлкаси.
Мен
туядек кулранг қозоқ ерининг—
Эгаси,жангчиси,
Нор бир бўтаси…

Омон Мухторов таржимаси.

БУХОРО БОЗОРИ

Хаёлларим сузиб юксак-юксакда,
Достон сеҳри мавжланади юракда.
Ихтиёринг — сайр эт қадим қалъани,
Бозорининг гашти лекин бўлакча.

Санчмиш кўкка кўҳна кент минорасин,
Кезар сувлар чаману гул орасин.
Бухоронинг бозорига кирганингда.
Бу асрни ёдингдан чиқарасан.

Тумонатни кўриб ҳеч бўлма ҳайрон,
Савдогари бир ёнда, мижоз бир ён.
Дунё асли шунақа — разм солсанг,
Биров молин мақтару биров гирён.

Халқ бозорни севди не-не аср,
Борми бунда бир ҳикмат, борми ё сир?
Қаҳ-қаҳ урган тўдадан сенга боқиб,
Гўё пешвоз чиқади Хўжа Носир*.

Дуч келиб ҳар кун мозий асрорига,
Кўз солиб Сомонийлар мозорига.
Эрта бўлсин, кеч бўлсин — бухоролик
Бир бош суқмай ўтмайди бозорига.

Япроқларга сачрар ёз шуълалари,
Шаҳар гавжум бўлар тонг отган сари.
Кўланкада ўтириб — бу шаҳарнинг
“Бозор-бозор” ўйнайди болалари.

Жой йўқдир бунда мени алқамаган,
Қайтмоқцаман — нарсам кўп орқалаган.
Мозийнинг кўп қизиғи тарқаб кетган,
Бухоро бозори ҳеч тарқамаган.
__________
* Насриддин Афанди.

ҲУСАЙН БОЙҚАРОНИНГ ВАЗИРЛАРИГА ДЕГАНИ

Юзлашгандай ҳақиқатнинг ўзи-ла
Кўнглим англар эдим унинг кўзи-ла.
Ғурбатларга тўла юрак
Ҳар маҳал
Поклар эдим улуғ шоир сўзи-ла.

Гоҳ руҳимда келса виждон жунбушга,
Қурбим етмас эди собит туришга.
Ёлғонларни сўйлай-сўйлай,
Ахийри
Қулоғимни тўлдирдилар миш-мишга.

Ўкинчдаман, сизлар боис янглишдим,
Кўрсатдингиз уни менга сиз, ғаним.
Астробод тунларида
Мунғайиб,
Ўлтиргандир қайғу-алам чекиб жим.

Аён эди менга ёвлар дастури,
Юрагимда қай кудурат сурури?!
Кўланкамни туширибман
Мен унга,
Тушарди-ку менга унинг дил нури!

Номус заҳри қўйди мени қизартиб,
Бормоқдадир юраккинам зил тортиб.
Шакар, новвот —
Лутфингизда сизларнинг,
Навоий нордон сўзи менга ортиқ!

Бу не ёвуз, тахтга минган чоғингда
Куяр шоҳлар надоматлар доғинда.
Нодонларни менсимаймиз
Нодон деб,
Хуш кўрмаймиз доноларни тағин-да!

Курашса гар диёнатни ким суюб,
Гувранамиз дилда унга кин туюб.
Кечирмаймиз,
Кечирмаймиз биз нечун
Бўлса агар ўзимиздан сал буюк?!

Бирортамиз Навоийнинг тенгимас!
Сизлар тугул ўзим унга тенг эмас!
О, Яратган,
Шундайинмиз нега биз?
О, Яратган, шундайинмиз нега биз?

Адолатга пеш эдим бир замонлар,
Бугун эса дилда аччиқ армонлар.
Қани энди
Улуғ қалбга садоқат,
Қани энди қилинган аҳд-паймонлар?

Бўлсам мен гар шу тахтнинг чин эгаси,
Қолмагайсиз сизлар асло жазосиз.
Мен сизларни
Маҳв этмасман. эҳтимол,
Лекин йиқар сизни имон қасоси!

Салтанатни мудом риё емиргай,
Улуғликнинг нури керак Амирга.
Бу умрда
Навоийга қийиндир.
Қийин кўпроқ Навоийсиз умрга!

ТАНТИ ЮРАК

Шоаҳмад ота Шомуҳамедовга бағишлайман

Юртлар ғамнок. Жанглар борар беомон.
Оташ ичра қолурми гул бехазон?!
Ўн тўрт гўдак — ўн тўрт сағир изиллар.
Ўн тўрт гўдак — ўн тўрт юрак нотавон.

Қалб боғини босган эди қиров-қор.
Қайларгадир чекинганди гулбаҳор.
Ўн тўрт гўдак — ўн тўрт нола бетаскин,
Ўн тўрт гўдак — ўн тўрт мурғак нонга зор.

Теваракда қаҳатчилик қутқуси,
Уфқларда кулфат иси, ғам иси.
Ўн гўрт гўдак — ўн тўрт шўрлик етимни
Ўз бағрига олар ўзбек ҳовлиси.

Қирғин тугаб юрт гирдидан кетди зоғ,
Қетармикин лекин қалбдан алам-доғ?!
Ўн тўрт гўдак — ўн тўрт ниҳол бўй чўзиб,
Қутли уйни этди гулшан, этди боғ.

Даврон кулди, йиллар кечиб пайдар-пай.
Танти қалбни толе кутар экан шай.
Ўн тўрт гўдак, ҳа, Шоаҳмад отадан —
Мерос қолди худди ўн тўрт машъалдай.

ҚУСАМ ИБН АББОС ҲАҚИДА РИВОЯТ

Минг ўтиниб Жабборга, минг ўтиниб Оллога,
Қўлга олиб бошини, айланибди рўёга.

У ўлмабди – шунчаки ғорга кириб кетибди…
Ушбу ажиб афсона бизгачайин етибди.

Бир куни у муқаррар яна элга қайтармиш,
Юрагида неки бор, дадил боқиб айтармиш…

Ибн Аббос ҳақида яшар шундоқ ривоят,
Маънисини англасанг, тўлқинлангай дил ғоят.

Халқда эзгу умид бу — бўлмас дема ҳеч содир,
Керак бўлса авлиёни яратмоққа у қодир.

Мирпўлат Мирзо таржималари