Абу Саъд Абдурраҳмон

Абу Саъд Абдурраҳмон ибн Муҳаммад ибн Дўст – Ўрта осиёлик арабнавис шоир.

1

Хабар бер менга, оҳу, этма муштоқ,
Тиш урди олмага ким ҳамда қандоқ?

Ким у илк бора пок ҳуснингга теккан,
Қасамки, ошкор айла тезроқ.

Яноғингга қизил гул бирла босган
Таоло муҳрини ким бузди бундоқ?

Бу номақбул ҳунар из қолдирибдир
Гўзал ҳам сертабассум юзда, эвоҳ!

Мулойим теринг узра марваридлар
Шошилмай томчилаб турганда гоҳ-гоҳ,

Қизил гул сингари анбар кумушдан
Халос бўлгандайин ранг очди ногоҳ.

2

Кийиклар ёнидан ўтганда бир гал,
Тушиб қолдим ўзим бехос асирга.

Боқиб бир жону танни маҳв этувчи
Аёвсиз ўқларин санчди бағирга.

3

Бир оҳу бирла суҳбат бошласам хушҳол,
Сузиб мастона кўз маст айлади дарҳол.

Яноғи этди рад мен гул сўраб қолсам,
Лаби рад этди мен оҳиста сўрсам бол.

Ҳусниддин Шарипов таржимаси