Бертольт Брехт (1898-1956)

Бертольт Брехт (Bertolt Brecht) (1898.10.2, Аугсбург — 1956.14.8, Берлин) — немис шоири ва ёзувчиси, режиссёр. 1933—47 й.ларда муҳожирликда. «Берлинер ансамбль» театрига асос солган (1949). Фалсафий-сатирик пьесалари замонавий, тарихий ва мифологик мавзуларда ёзилган. «Уч пуллик опера» (1928 й.да саҳналаштирилган, 1931 й.да чоп этилган), «Кураж она ва унинг болалари» (1939 й.да ёзилган, 1941 й.да нашр этилган), «Галилей ҳаёти» (1938—39 й.ларда ёзилган, 1955 й.да нашр этилган),«Сезуанлик сахий одам» (1938—40 й.ларда ёзилган, 1943 й.да нашр этилган) ва б. асарларида замонавий долзарб муаммолар инсонпарварлик, антифашистик руҳда ўртага ташланган. Бертольт Брехтнинг театр назариясига оид ишлари («Ҳозирги замон театри йўлида»,«Театрда диалектика» ва б.) 20-а. Европа театршунослигига таъсир этган.

САХОВАТ — САОДАТ

Дуч келса бир муҳтож ё майиб,
Унга эҳсон қилганинг онда,
Сен жуда ҳам кетма талтайиб,
Бўлмасин ҳеч бошинг осмонда.

Кафтин очиб ўша ногирон,
Эҳсонингни қабул қилган чоғ—
Дардли, ҳорғин юзи ногаҳон
Гулдай яшнаб кетишига боқ!

Одам яйрар, бир-бири билан
Саховатда ўйнаб басма-бас.
Топганини ўзи еб ўтган
Хасисга ҳеч қилмайман ҳавас.

БОРЛИҚ ЎЗГАРИШДА

Борлиқ ўзгаришда. Сўнгги нафасинг балки
Қайта туғилишинг дебочасидир.
Бўлганича бўлди. Шаробга ўзинг
Аралаштирганинг сувни ҳеч қачон
Қила олмагайсан шаробдан қатрон.

Бўлганича бўлди. Шаробга ўзинг
Аралаштирганинг сувни ҳеч қачон
Қила олмагайсан шаробдан қатрон.
Борлиқ ўзгаришда. Сўнгги нафасинг балки
Қайта туғилишинг дебочасидир.

ХАННА КАШ ҚИССАСИ

1

Кўзлари қудуқнинг тубидай қора
Ва лекин юбкаси эди минг ямоқ,
Бирор касбу корсиз, пулсиз бечора,
Соч деганинг эса, худди шаршара,
Товонин ўпарди чайқалиб қувноқ.

Худди шундай эди Ханна Каш, бўтам,
Бизга бўлганида дастлаб намоён,
Ел каби келди-ю, чарх уриб бир дам,
Яна учди-кетди бутазор томон.

2

На бир жуфт кийими, на туфлиси бор,
Ҳатто билмас эди дуо ўқишни,
Ахлатга беланган шаҳар чор-ночор
Ўз бағрига олди уй-жойсиз, абгор,
Бир ғариб мушукдай у боёқишни.

Идиш-товоқ ювди сариқ чақа деб,
Бўтам, Ханна Каш ҳеч қилмасдан оҳ-воҳ.
Ювина олмаса ҳамки у ҳадеб,
Эди ўзгалардан юз карра покроқ.

3

Қора кўз қизимиз дов денгизчилар
Қовоқхонасига кирди бир оқшом.
Унга ногоҳ Ж.Кент, яъни Ж.Ханжар
Нигоҳи ботдию қалбига қадар,
Жиловини тутқизди унга батамом.

Бирга қайтарканлар қовоқхонадан,
Ҳатто у безори бош қашлаган чоғ,
Ҳаяжонга тушиб, бўтам, Ханна Каш
Қалтирай бошларди мисоли япроқ.

4

Уларнинг излари туташган чоғда
Гувоҳ бўлди фақат балиқ ва қушлар.
Ётоғим йўқ дея юрмаслар доғда,
Фарзанд ҳам қолмагай номсиз, бу боғда
Ҳар ким ўз кўнглини билганча хушлар.

Майли бутазорни тўфон босса ҳам,
Майлига қутурса бўрон ила қор,
Барибир, то абад Ханна Каш, бўтам,
Фақат ўз эрига бўлгай вафодор.

5

“Мараз” дер, “Исқирт” дер йигитни миршаб,
Сутфуруш: — Охири бахайр бўлмас, — дер.
Бўтам-чи: — Маразми, исқиртми, ажаб,
Минг шукр, у билан турибман яшаб,
Сизга ёқмаса — хўп, менга маъқул эр.

Ўғрими — тўғрими, ёлғончими ё,
Бўлса нима бўпти, дер у беғараз.
Ханна Кашга, бўтам, керакмас дунё,
Эрини аввало ўзи севса бас.

6

Бешик теграсида на том, на девор,
Турмуш турткилари эса беомон.
Лекин, канда қилмай, ҳар йили такрор
Уларга бағрини очар бутазор,
Ғалвирлаб турса-да чарх уриб бўрон.

Маҳрамлар қалбини қила олмас ғаш
На шамол, на тутун, на совуқ туман.
Чалкаш сўқмоқлардан бўтам Ханна Каш
Ўтиб бораверар ўз эри билан.

7

Бирор кун ҳордиғин ёзолмас ҳамон,
Бир гўзал либосни қилар у ҳавас,
Ширин кулчалар-ку ҳозирча армон,
Кошкийди етарли бўлса буғдой нон,
Қанийди сибизға чалиб турса вальс…

Булутлар ортида офтоб тортиб нам,
Ҳар кун тунд манзара карахт этади.
Шундай бўлса ҳамки, Ханна Каш, бўтам,
Гоҳида қуёшдай порлаб кетади.

8

Гоҳ туз “ўмаради” бўлмасдан ўсал,
Балиқ “шилиб” келса эри башарти.
У ловия шўрва пиширган маҳал
Ўғли тиззасига қўнволиб дангал,
Унга “Илоҳнома” ўқиб берарди.

Бирининг тафтига бири исинди,
Эллик йил эрига бўлди у посбон.
Э худо, Ханна Каш бўтамнинг энди
Ўзинг мушкулларин айлагин осон.

БАХТ ҲАҚИДА

Бу дунёда бахт керак омон яшамоқ учун,
Бахтинг кулиб боқмаса,
Қочиб қутулолмассан
На очлик, на яланғочлик, на одамлардан.

Бахт — таянч.

Мен жуда бахтли эдим.
Тирик юришим шундан.
Лекин эртамга боқсам, юрагим шув этади:
Ўҳ-ҳў, ҳали менга жуда кўп бахт керак, наздимда.

Бахт — таянч.

Бахти борда — Қудрат бор.
Ҳа, чайир курашчи-ю, доно устоз атарлар
Фақат бахти борларни.

Бахт — таянч.

МАЙККА АТАЛГАН КЎМИР

1

Менга айтишларича,
Асримизнинг бошида,
Огайо штатининг
Бидуэл шаҳарчасида
Майк Мак-Кой деган темирйўлчининг
Мэри Мак-Кой деган хотини
Ғарибона кун кечираркан.

2

Ҳар тун унинг уйига
“Уилинг Рэйлрод”га қарашли
Юк поездин кондукторлари
Девор оша, гумбурлатиб, кўмир отиб ўтаркан:
— Бу Майкнинг ҳаққи! — деб
Ҳайқирганича.

3

Кампир ҳам ҳар кеча
Ўз Майкига аталган
Кўмир гурсиллаганда,
Аста ўрнидан туриб ва оҳиста кийиниб,
Ўлса ҳамки дўстлари унутмаган Майкига
Аталган кўмирларни
Қилар эди саранжом.

4

Яна туриб эртароқ, саҳарнинг калласида
Кўмирнинг изини ҳам қиларди қатрон
Раҳмдил кондукторлар танбеҳ эшитмасин деб
“Уилинг Рэйлрод” компаниясидан.

5

Ушбу шеърни бахш этдим собиқ кондуктор
(Огайолик кўмиркаш, сил бўлиб ўлган)
Майк Мак-Койнинг ёр-дўстларига
Ҳамда ўша ёр-дўстларнинг
Одамгарчилигига.

ДАРБАДАР ШОИРЛАР

Гомернинг ўз уйи бўлмаган.
Данте мажбур бўлган ташлаб кетмоққа бошпанасини.
Ли Бо билан Ду Фу эса ўтди дарбадар
Ўттиз миллион жонни гумдон айлаган
Ўзаро урушнинг гирдобларида.
Еврипид яшади қозидан қўрқиб.
Шекспир оғзини боғлаб турдилар
Жони чиқаётган чоғда ҳам.
Франсуа Вийонни фақат илҳом париси эмас,
Миршаблар ҳам қувлаб юрарди.
Лукреций “Ошиқ” деб аталса ҳамки,
Умри ўтди саргардонликда.
Гейне шу тахлит… Брехт ҳам шундай —
Даниянинг сомон томларидан излади паноҳ.

ҚЎЛТИҚТАЁҚ

Мен жуда кўп йиллар яшадим абгор,
Арз-дод қилиб бордим дўхтирга охир.
— Қўлтиқтаёқ, — дер у, — сенга не даркор?
— Профессор, — дейман, — чўлоқман, ахир!

У дейди: — Тузалмоқ истасанг, рост гап,
Ҳадеб дўхтирларни қилмагин хуноб.
Бекордан бекорга юрибсан оқсаб,
Қани, тур, қани, юр, югур, қани, чоп!..

Шундан сўнг, хахолаб антиқа ҳаким,
Қарс этиб синдирди қўлтиқтаёқни.
Парчаларин эса отди бераҳм,
Мўлжаллаб ловуллай ётган ўчоқни.

Ҳа, ўша кулгидан топдим мен даво,
Мана, эл қатори юрибман дадил.
Қўлтиқтаёқ кўрсам қайдадир, аммо,
Оёғим сал оқсаб қўяр негадир.

АГАР ТОШ ТИЛГА КИРСА….

Ҳаволатиб отган тошинг мабодо:
— Ерга қайтиб тушгим келяпти, — деса,
Унга ишонмоқ даркор.
Тўлқинга оёғинг қўяр чоғингда:
— Ҳўл бўласан, ҳей, — деб огоҳ этса сув,
Бунга ҳам ишон.
Борди-ю, муҳбубанг: — Ёнингга кетяпман, —
Дея хат йўлласа, ишонма унга.
Негаки, табиат қонунларининг
Бу ишга заррача алоқаси йўқ.

ЯХШИЛИКДАН НЕ ФОЙДА?

1

Яхшиликдан не фойда,
Яхшилик қилганларни
Ё улардан яхшилик кўрганларни
Ўлдирсалар пайдарпай?

Эркинликдан не фойда,
Ўзини ҳур деганлар қуллар аро яшаса?

Не фойда бор ақлдан,
Ҳамма-ҳамма муҳтож бўлган озуқа онгсизликдан яралса?

2

Фақатгина ўзингиз меҳрибон бўлмай,
Барпо этинг меҳр-шафқат яшнайдиган бир муҳит,
Токи
Унга ҳеч ким муҳтож бўлмасин!

Фақатгина ўзингиз озод бўлгандан кўра,
Барпо этинг ҳамма озод яшайдиган бир муҳит,
Шунда ҳурлик ишқига ҳам
Ҳеч ким муҳтож бўлмагай!

Фақатгина ўзингиз доно бўлгандан кўра,
Шундайин бир муҳитни барпо этингки,
Ҳамма билсин онгсизликдан
Фойда йўқлигин!

ЎЧОҚ ЁНИДАГИ ГАЗЕТХОНЛИК

Ҳар саҳар, варақлаб газеталарни,
Папа ҳамда қироллар, саррофлар ва нефтфурушларнинг
Оламшумул режаларига югуртаман кўз.
Кўзим қири эса чойгумда:
Сувнинг хира тортиб, қайнаб чиқишин,
Яна тиниқлашиб, чойгумдан тошиб,
Ўтни ўчиришин ҳам кўриб тураман.

МЕНИНГ ОҒАМ БОТИР УЧУВЧИ

(“Болалик қўшиқлари”дан)

Менинг оғам ботир учувчи.
Чақирилди хизматга бир кун.
Йиғиб ашқал-дашқалларини,
Жўнаб кетди жанубга мамнун.

Менинг оғам довюрак зобит.
Афсуски, тор бизларнинг ватан.
Элим яшар ўзга юртларни
Қўшиб олиш орзуси билан.

Ўзга юртнинг бир парчасини
Забт айлади охир ботирим:
Узунлиги — сал кам икки метр,
Чуқурлиги эса — бир ярим.

СУДРАЛГАН ЙЎЛДОШ

Жанг битди. Ғолиблар, ана — дастурхон!
Ҳар зол замоннинг ҳам ниҳояси бор.
Қани, қошиқ олинг, омон қолганлар!
Фақат бақувватлар қолгандир омон,
Заифларни эса ит талар.
Сен тур, ҳорғин ўқчи: зўр деб аталар
Фақат йўлдошини йўқотмаганлар.
Қайтиб бор. Қайтиб бор такрор ва такрор,
Ўрмала, ёриб ўт, бўшашма… Фақат
Топиб қайт судралган қуролдошингни.

НИМА ОЛДИ АСКАР ХОТИНИ…

(“Швейк Иккинчи жаҳон урушида” пъесасидан)

Нима совға олди аскар хотини
Кўҳна Прагадек шаҳри азимдан?
Бошмоқ юборибди аскар боламиз:
Ёрнинг ҳам вақти чоғ
Олиб гўзал бошмоқ
Кўҳна Прагадек шаҳри азимдан.

Нима совға олди аскар хотини
Польшанинг пойтахти гул Варшавадан?
Бир ўрам газлама йўллабди йигит:
Бир ўрам матони
Олибди жонони
Польшанинг пойтахти гул Варшавадан.

Нима совға олди аскар хотини
Зунд соҳилидаги Осло шаҳридан?
Ослодан телпакбоп мўйна келибди:
Ҳаммага ҳам бундоқ
Мўйна келмас, оҳ-оҳ,
Зунд соҳилидаги Осло шаҳридан!

Нима совға олди аскар хотини
Бадавлат Роттердам — мағлуб шаҳардан?
Ғолибдан ёрига қалпоқча келди:
“Маде ин Роттердам”
Олганлар жуда кам
Бадавлат Роттердам шаҳридан.

Нима совға олди аскар хотини
Брюссель — Бельгия пойтахтидан?
Брюсселдан келди жимжимадор тўр:
Ҳайитда тўр келди,
Жудаям зўр келди
Брюссель — Бельгия пойтахтидан.

Нима совға олди аскар хотини
Афсонавий, гўзал Париждан?
Сунъий атлас келди Париждан ёрга:
Атласни кийди-ю,
Парпираб кетди у
Нурлангандай гўзал Париждан.

Нима совға олди аскар хотини
Триполи бандаргоҳидан?
Ёрга тилла тумор йўллабди жангчи:
Салом келди кулиб
Тилла тумор бўлиб
Триполи бандаргоҳидан.

Нима совға олди аскар хотини
Олис ва сераёз Рус диёридан?
Русиядан келди бева либоси:
Бева либосини
Йўллабди лочини
Ўз таъзиясига, — Рус диёридан.

ОЛЧА ЎҒИРЛАГАН БОЛА

Ҳали тонг бўзармасдан, хўроз қичқирмай туриб,
Ҳуштакдан уйғондим-у, ташқарига қарадим.
Ғира-шира боғ аро, менинг олчам шохида
Менинг олчаларимни узар эди шод-хуррам
Ямоқ шимли бир бола. Менга кўзи тушди-ю,
Иккала қўли билан олчаларимни узиб,
Қўйнини тўлдираркан, бошини ирғаб қўйди.
Мен қайтдим ўз кўрпамга, лекин яна анча вақт
Давом этди боланинг шўху шавқли ҳуштаги.

ОҒИР ЗАМОНЛАРДА

“Ёнғоқзор шамолда мавж урган маҳал”, дейилмас,
Дегайлар: “Бўёқчи меҳнат аҳлини топтаган пайтда”.

“Анҳорнинг юзида бола отган тош сакраб учган лаҳза”, дейишмас,
Дегайлар: “Зўр урушларга ҳозирлик бошланган чоғ”.

“Хонага бир гўзал аёл кирган он”, демаслар,
Дегайлар: “Буюк давлатларнинг раҳнамолари раиятга қарши бирлашганида”.

“Кўп оғир замонлар бўлди”, дейишмас,
Дегайлар: “Не учун уларнинг шоирлари индамай турди?”.

ГОЛЛИВУД

Ҳар тонг тирикчилик ташвишин ўйлаб,
Чиқаман йўлга
Ёлғонфурушларнинг бозори томон.
Сотувчилар аро эгаллайман жой,
Омадим кутиб.

БОҚҚА СУВ ТАРАБ…

Боғни суғор, кўкатлар енгилроқ нафас олсин!
Суғор ташна дарахтларни ҳам!
Сувингни аямагин ҳаттоки буталардан,
Ҳатто қисир, эзилган, очкўзни ҳам унутма.
Унутма гуллар аро ўсган чақиртиканни,
Унинг ҳам сув ичгиси келар.
Ям-яшил майсаларнинг чанқоғини қондириб,
Жизғанак бўлиб ётган ўт-ўланга тараб сув,
Яланғоч ва қақшаган заминни ҳам суғор.

ТУТУН

Кўл бўйида, дарахтзор аро бир уй бор.
Мўрисидан тутун ҳаволар аста.
Агар ўша тутун бўлмаса,
На уй, на дарахтзор, на кўлда
Бўлармиди заррача виқор?..

ДЎСТИ СОТГАН ЁЗУВЧИ ЎЗИН ҚАНДАЙ ҲИС ЭТАР

Онаси ўзга билан кетган фарзанд сингари.
Томда боши айланиб, қариганини ногоҳ сезган дурадгор каби.
Тимсолчи кечикканда, асари битмай турган ҳайкалтарош мисоли.
Шунча илмий ишлари бошдан нотўғрилигин сезган физикка ўхшаб.
Самолёти тоғ узра бехосдан нишаб кетган ожиз учувчи янглиғ.
Бирор ғирт маст учувчи ҳайдаган самолётдек:
самолёт ҳис этмоққа қобил бўлса мабодо…

ҚАЙТИШ

Мен қайтган кунларда сочим ҳали ҳам
Оқармаган эди,
Шод эдим ғоят.

Тоғларнинг заҳмати орқада қолди.
Кутмоқда текис йўл азоби энди.

ҚУВҒИНДАГИ П. Л. ДЕГАН АКТЁРГА

Менга қара, қайт энди орқангга!
Қайтмоқ вақти етди, қувғинди дўстим.
Анҳорида сут ва асал оққан
Юртдан сени бир вақт қувган эдилар,
Бугун биз чорлаймиз вайрон диёрга.
Сенга ваъда қилмас ҳеч ким ҳеч нарса.
Сен унга кераксан — шуни бил фақат.
Бой бўлсанг ҳам, ночор бўлсанг ҳам,
Соғ бўлсанг ҳам, бемор бўлсанг ҳам,
Унут энди ҳамма нарсани
Ва қайт.

ҒИЛДИРАК АЛМАШТИРУВ

Ўлтирибман йўлнинг четида.
Ғилдиракни янгилар шофер.
Борган жойим ёқмади менга.
Борадиган жойим ҳам ёқмас.
Унда нечун ғижинмоқдаман
Имиллаган шоферга қараб?

ҚАБР ТОШИ КЕРАКМАС МЕНГА

Қабр тоши керакмас менга,
Лекин шуни кўрсангиз раво,
Майли, унга ёзиб ҳам қўйинг:
“Бизга фикр айтар эди у.
Биз ҳам маъқул кўрар эдик” деб.
Бундай ёзув ҳаммамиз учун
Эҳтиромнинг белгиси бўлгай.

БОҒ

Яккам-дуккам терак, арчалар аро,
Кўл бўйида боғ бор баланд деворли.
Шундай экишганки гулларин танлаб,
Мартдан яшнаб ётар октябргача.

Дам олгани кирсам бу ерга гоҳ-гоҳ,
Орзу туғилади дилимда ҳар гал:
Яхши-ёмон кунда кошкийди мен ҳам
Қувонч бахш этолсам барчага шундай.

Ҳусниддин Шарипов таржимаси.

ҚАЙТИШ

Она шаҳрим,
Мени кутмоқдасан қайси аҳволда?
Уйимга қайтяпман —
Қаерда уйим?
У — тоғ каби оомонга юксалаётган
Қора тутун томонда,
Олов денгизи кўпираётган
Томондадир шаҳрим менинг.
Она шаҳрим,
Мени қай аҳволда кутиб оласан?
Уфқда унади бомбардимонлар,
Ўлим эскадрильяси хабар қилар сенга
Менинг қайтиб келаётганимни.
Хабар қилар оловнинг тили.

КУЙДИРИЛГАН КИТОБЛАР

Ҳокимият
Мазмунан зарарли китобларни
Ёқиб ташлаш ҳақда фармон чиқарди.
Китоб тўла аравани
Зўрға тортаётган
Мўмин ҳўкизларнинг оч биқинига
Мушт уриб, ҳайдашди катта гулханга.
Шунда қувғинликда, хўрликда юрган
Ажойиб ёзувчиси ўша ўлканинг
Ёқилган асарлар рўйхатида
Тополмай ўз китобини,
Ғазабидан кўкариб кетди
Ёзди ҳокимларга: «Ёқинглар мени,
Ёқинглар, деяпман! Унутманг, ахир,
Ҳақиқатни ёзган эдим-ку мен ҳам!
Сиз бўлса, ёлғончига қарагандай,
Қараяпсизлар менга,
Буюраман: «Ёқинг мени ҳам!»

ЭСКИ ҲАММОМ, ЭСКИ ТОС

Товоқларни гурсиллатиб қўяр столга,
Сачратиб юборар шўрвани,
Қулоқни тешгудай
Янграйди буйруқ: «Тушликка сафлан!»
Прусса бургути
Полапонлар тумшуғини йириб,
Тиқар зўрлик билан луқмани.

САРГАРДОН ШОИРЛАР

Гомер уйида йўқ эди,
Данте ҳам уйини кетганди ташлаб.
Ўттиз миллион жонни ютган
Гоҳо урушда Ли Бо ва Ду Фу дайдиб юрдилар.
Еврипидни судга берамиз, деб қўрқитишди.
Ўлаётган Шекспирнинг оғзини очирмадилар.
Франсуа Вийонни фақат муза эмас,
Полидия ҳам ўзига жалб этган.
«Севимли» саналган Лукреций
Сургун қилинди,
Шунингдек, Гейне ҳам,
Шунпнгдек, Брехт
Дониёга кетдилар бошпана излаб.

«НЕМИСЧА ҚАЙДЛАР» ТУРКУМИДАН

I

Ҳарбий марш пайтида ҳеч ким билмайди
Душман — колоннанинг бошидалигин.
Буйруқ бераётган жарангдор овоз
Душманники, десанг, ҳеч ким ишонмас.
Душман —
Нутқ ирод этмоқда душманга қарши.
Лекин жанг бошланса, душман
Олдинда бўлмайди ҳеч қачон —
Ортда.

II

Лойиҳа устида ўлтирар тажанг
Авиаконструкторлар бошин чангаллаб:
Хато кетса борми бирорта рақам —
Вайрон бўлмай колар шаҳарлар!

III

Тун.
Кўрпага киради эру хотинлар…
Энди бир йил ўтмай, бир йил ҳам ўтмай
Дунёга келажак етим гўдаклар!
Уруш тамом бўлди. Тарқалди тутун,
Аниқланди ғолиб ва мағлуб:
Оддий халқ оч эди мағлуб томонда,
Оч эди оддий халқ ғолибларда ҳам.

* * *

Ҳар йил сентябрда,
Мактаблар очилиш олдидан
Шаҳар четидаги китоб дўконлар
Тўлади серташвиш хотин-халажта.
Улар сотиб олар болаларига
Дафтар, китоб ва қарғанишар,
Эски сумкасидан энг сўнгги
Чақасини олар эканлар:
— Қимматлашиб кетди илм дегани ҳам…
Бироқ фаҳмламас улар мутлақо
Фарзандларга ўргатилаётган
Илмнинг нақадар бемаънилигин.

АКАМ ЖАСУР УЧУВЧИ ЭДИ

Акам жасур учувчи эди,
Чақиришди уни илк марта.
Чамадонга лаш-лушин жойлаб,
Жўнаб кетди жанубга шартта.

Менинг акам — босқинчи эмас,
Биласиз-ку, Ватанимиз тор.
Шунинг учун ўзга ерлардан
Жиндай олсак, деган орзу бор.

Мана, акам олибди ўша
Орзу килган бир парча ерин:
Узунлиги нақ икки қулоч,
Чуқурлиги бир ё бир ярим…

М.Солиҳ таржималари