Ҳеч кимга сир эмаски, минг йилдан ортиқ давр мобайнида араб тилини билмаслиги, ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги салбий муносабатлар туфайли халқимизнинг асосий қисми Қуръони карим ҳақида юзаки, бирёқлама тушунчага эга бўлган. Унинг она тилимизга таржима қилиниши барча кишиларга қўл келди. Эндиликда тарихчилар, адабиётчилар, муаллимлар, файласуфлар ва фаннинг бошқа вакиллари муқаддас китоб ҳақида асосли фикр юритишлари мумкин.
Куръони каримда маржон тизмаларидай шарҳланган суралар шу даражада ҳаётийки, улар миллати, диний эътиқодидан қатъи назар кишиларда меҳнатсеварлик ва ҳалоллик, сахийлик ва камтарлик, мурувватлилик, биродарлик каби олий фазилатларнинг шаклланишига замин ҳозирлайди. Унда ҳаёт ҳамда одоб-ахлоқнинг барча тармоқларига оид оятлар мавжуд. Таниқли шарқшунос олим В. В. Бартольд: «Ислом дини жаҳон миқёсида асрлар давомида ўзининг ҳаётийлигини исботлади ва насроний динига нисбатан ўзида тенглик ва биродарлиқни кўпроқ акс эттирди. Исломни ҳеч қандай дин жаҳон даврасидан сиқиб чиқара олмайди», — деб таъкидлайди. Ҳозирги кунда бу динга эътиқод қилувчилар соии дунё бўйича бир миллиарддан ошиб кетган.
Қуръони карим қадимдан насроний динидаги халқлар диққатини ҳам ўзига жалб этиб келган. Чунончи, у 1698 йили лотин тилига, 1770—1828 йиллар орасида саккиз маротаба француз тилига, 1734—1826 йилларда ўн маротаба инглиз тилига, 1946 йили немис тилига, рус тилига эса 1716, 1790, 1792, 1864, 1907 ва 1963 йилларда таржима қилинган. Шуниси диққатга сазоворки, Қуръони карим буюк рус шоири А. С. Пушкин эътиборини ҳам ўзига тортади. Шоир «Қуръондан иқтибос» деган шеърий асар яратган. Бунда у сура ва оятларни мутолаа қилиб, унинг мазмунини шеърий йўлда ифода этишни ўзига асосий мақсад қилиб қўйган.
Кўриниб турибдики, Қуръон асрлар мобайнида турли тилларга ўгирилган ва кўп мамлакатларда қизиқиш уйғонган. Афсуски, у қадимий Турон заминида яшаётган халқлар тилларига таржима қилинмаган эди. Бу хайрли тадбирни амалга оширишга демократия ва ошкоралик давридагина йўл очилди. Шу ўринда «Шарқ юлдузи» ойномасининг катта хизматини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Қуръони карим ислом динининг асосини ташкил этади. У барча мусулмонларнинг мўътабар ва бебаҳо китобидир. Мазкур китобнинг асл нусхаларидан бири ўлкамизда сақланаётганини кўпчилик билади.
Хўш, ушбу нусха қай тарзда Ўзбекистонга келиб қолган? Бунга тўлақонли жавоб бериш қийин, Чунки унинг қаердан ва қандай олиб келингани тўғрисида маҳаллий манбаларда маълумотлар ҳозирча топилган эмас. Аммо бизнинг муддаомиз русча манбаларга асосланган ҳолда ўқувчиларни мавжуд маълумотлар билан таништиришдир.
Аввало шуни таъкидлаш лозимки, Чор ҳукумати аскарлари ўзбек хонликларига қарши «зафарли» босқинчилик юришлари чоғида туб аҳолининг тарихи, тил ва адабиётига, археология ва этнографиясига оид ёзма китоблар ва буюм-ашёларни ҳам қўлга кирита борганлар. Масалан, чор қўшинлари Хива шаҳрига бостириб кириб, хон саройидан анчагина қўлёзма асарларни ўлжа сифатида олганлар. Бу ҳақда ўша воқеалар иштирокчиси ва кейинчалик Ўрта Осиё тарихини ўрганган А. Л. Кун: «Хон саройидаги мол-мулклар мусодара қилинаётганда мен 300 га яқин шарқ қўлёзма асарларини олдим. Уларнинг аксарияти тарихга оид асарлардир. Улар орасида манғитлар сулоласи ҳукмронлиги вақтида форсийдан ўзбек тилига таржима қилинганлари ҳам бор. Қўлёзмалар орасида форс тилида битилган нодир асарларнинг мавжудлиги улар қийматини янада оширади. Масалан, Мирхонднинг «Эрон тарихи» ва Муҳаммад пайғамбар ҳаётига оид рисолалар шулар жумласидандир. Таржима асарлардан бўлак ўзбек тилида битилган Юнус Миробнинг «Хива хонлари тарихи» номли асари ҳам бор. Мазкур асарнинг катта аҳамиятга моликлиги шундаки, унда манғит сулоласи ҳукмронликни қўлга киритгандан бошлаб то руслар келгунга қадар давр воқеалари баён этилган», — деб ёзган эди.
Шунингдек, хон саройидан темурийлар ва Хива хонлари томонидан зарб этилган тангалар, давлат ҳаётига оид ҳужжатлар ҳамда бошқа қимматли буюмлар олиб кетилган эди. Хива хонининг архиви Петербургга жўнатилади. Бундай ҳаракат Чор ҳукумати босиб олган ҳар учала хонликда ҳам содир бўлган эди. 1869 йилда Зарафшон округи бошлиғи генерал-майор Абрамов Хўжа Аҳрор масжидида Қуръоннинг ноёб нусхаси сақланаётганини эшитиб, полковник Серовга «илмий аҳамиятга молик Қуръоннинг қўлдан чиқиб кетмаслиги чорасини кўришни буюради. Маълум бўлишича, мазкур ноёб нусха истило вақтида беркитилиб, сўнгра яна Хўжа Аҳрор масжидига қўйилган экан. Чор ҳарбий маъмуриятининг унга бўлган қизиқишидан хабар топган бир гуруҳ руҳонийлар Қуръонни Бухорога олиб боришни мўлжаллайдилар. Бироқ бу муборак китоб генерал Абрамов томонидан Хўжа Аҳрор масжиди имомларидан 125 сўмга сотиб олинади. Имомларнинг берган маълумотига кўра, Қуръон Бухоро амирларига Самарқандга келган чоғларидагина кўрсатилган, холос. Абдулжамол ва мулла Мўмин Муфтийнинг сўзича, ушбу Қуръон нусхасининг Самарқандга келтирилиши Хўжа Аҳрор номи билан боғлиқ экан. Бу ҳақда «Голос» газетасида (1870, 243-сон) шундай ёзилган: Салкам 400 йил илгари Баҳовуддин Нақшбандий диний жамоасининг пири Хўжа Аҳрорнинг муридларидан бири ҳаждан қайтаётиб Румда, яъни Константинополда тўхтайди. Бу вақтда Рум ҳукмдори жуда оғир дардга чалинган экан. Хўжа Аҳрорнинг муриди уни дарддан фориғ этади. Ҳукмдор, агар шифо топсам, у нимани талаб қилса, шуни сўзсиз бажараман, деб онт ичган экан. Мурид эса Қуръони каримни беришни сўрабди. Ноилож қолган ҳукмдор вазири ва бошқа яқин аъёнлари билан маслаҳатлашиб, Қуръонни муридга беришга мажбур бўлибди. Мурид бу ноёб асарни дарҳол Туркистонда истиқомат қилаётган пирига юборибди.»
Қуръони карим шу тариқа Хўжа Аҳрор масжидидан жой олган экан. Бироқ бу маълумот афсонага ўхшайди. Чунки Қуръоннинг асл нусхасининг қандайдир муридга берилишига ишониш қийин. Уни фақат зўравонлик билангина қўлга киритиш мумкин эди. Шу нуқтаи назардан қараганда, Амир Темур мазкур Қуръон нусхасини Туркия султони саройидан келтиргани ҳақидаги мулоҳазалар ишончлироқдир. Бунга кўра, Амир Темур Туркия султони Боязидни мағлубиятга учратгандан кейин унинг кутубхонасида сақланаётган Қуръони каримни Самарқандга олиб келган. Бу нусха темурийлар давлати ағдарилгандан кейингина Хўжа Аҳрор масжидига олинган бўлиши мумкин. «Туркестанские ведомости» газетасида (1870 йил) берилган маълумотда қуйидагиларни ўқиймиз: «Самарқанд мусулмонлари Усмон Қуръонини «Каломи Шариф» дейишади. Бу ҳамма Қуръон учун умумий номдир. Бироқ Самарқанддаги мусулмонлардан бирортаси Қуръондаги куфий хати билан ёзилган бир сатрни ҳам ўқий олмадилар».
Қуръони карим нусхасининг яратилиш тарихи эса қуйидагича кечган: Муҳаммад пайғамбар ҳаётлиги чоғида саводли кишилар озчиликни ташкил этганлиги туфайли оятлар ёдланган. Фақат пайғамбар атрофидаги саводли кишиларгина оятларни ёзиб берганлар. Халифа Абубакир Сиддиқ (632—634) даврида пайғамбар тарғибларини тўплашга киришилган. Халифа Усмон (644—656) ҳукмронлик қилган йилларда мавжуд барча оятлар тўпламлари таққосланиб ва жамланиб ягона бир Қуръон яратилган. Олти нусхада кўчирилган Қуръон нусхалари турли жойларга тарқатилади. Халифа Усмон душманлари томонидан ўлдирилган вақтда у қўлида худди шу нусхани ушлаб турган экан. Натижада унинг қони Қуръон варақларига тўкилган. Қуръоннинг ана шу нусхаси Туркиядан ўлкамизга олиб келинган эди. Ундаги қон доғлари ҳанузгача сақланган.
Тарихий манбаларга қараганда, Қуръони карим Самарқанддан Тошкентга келтирилади. Бир гал генерал-губернатор Кауфман ўша китобни Бухородан келган Яҳё исмли элчига кўрсатганда, у шундай деди: «Қуръоннинг бу асл нусхаси халифа Усмоннинг ўз қўли билан ёзилган ва унинг қони билан доғланган. Бу Қуръон даставвал ёзилган Қуръон бўлиб, ундан олинган нусхалар бутун мусулмон оламига тарқатилган. У Амир Темур кутубхонасида сақланган сўнгги қадимий қўлёзма асардир. У соҳибқирон томонидан олиб келинган ва кутубхонанинг энг қимматбаҳо зийнати ҳисобланган».
1869 йили Қуръони карим Тошкентдан Петербургга олиб кетилиб, аввал халқ маорифи министрлигига, сўнгра ҳозирги Салтиков-Шчедрин номидаги кутубхонага берилади. 1873 йилда Қошғардан Петербургга элчи сифатида келган Таргахўжа уни кўриб шундай дейди: «Мен бу Қуръонни Самарқандда кўрганман. У халифа Усмон томонидан битилган асл нусхадир. У ниҳоятда қимматбаҳо нусхадир. Унинг саҳифасидаги доғлар Усмоннинг қонидир».
Гувоҳларнинг кўрсатишича, Қошғар элчиси катта мамнуният ва эътиқод билан Қуръонни кўзига ва лабига суртади («Московские ведомости», 1873, 195-сон).
1910 йили «Туркистон курьери» газетасида босилган хабарга кўра, Петербургдаги мусулмонлар «машҳур Усмон Қуръонининг шу ерда қурилаётган масжид ихтиёрига берилишини ҳукуматдан илтимос қилишган. Бироқ бу илтимос инобатга олинмаган.
Октябрь инқилобидан бир неча йил ўтгач, Қуръони карим Тошкентга олиб келинади.
Фурсатдан фойдаланиб шуни айтиб ўтиш лозимки, Қуръони каримнинг ушбу нусхасини тўла равишда суратга олиб, уни бирон бир музей ёки зиёратгоҳга қўйиш мақсадга мувофиқдир. Шундай қилинса, хорижий ва маҳаллий мусулмонлар Тошкентга келганида, Қуръони каримни кўриб, ўзларига руҳий мадад олишлари турган гап.
Маълумки, Қуръон ҳақида турли мамлакат олимлари, шу жумладан, овруполиклар томонидан кўп шарҳловчи асарлар яратилган. Бундай иш жумҳуриятимиздаги олимлар томонидан ҳам амалга оширилиши зарур. Чунки у қадимий маданият ёдгорликларидан бири сифатида ҳам диққатга сазовордир.
Ҳамид Зиёев,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор
“Шарқ юлдузи” журналининг 1991 йил, 1-сонидан олинди.