«Мобилник»нинг зарари тан олинди

Саратон хасталигини ўрганиш бўйича халқаро агентлик ва Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мобил телефонлари одамларда хавфли ўсмаларни келтириб чиқаришини биринчи марта эътироф этди. Шу чоққача бу ҳақда фақат тахминлар айтиб келинган бўлса, эндиликда нуфузли халқаро ташкилотлар ҳам қўл телефонларининг зарари ҳақида узил-кесил фикр билдиришди.

Электромагнит тўлқинлари ҳамиша саломатлик учун зарарли, деб ҳисоблаб келинган. Агар у тўғридан-тўғри ҳар куни қулоққа йўналтириб турилса, унинг ичкарисидаги эшитиш ҳамда кўриш аъзолари (кўз тўрпардаси) фаолиятини таъмин этадиган мураккаб асаб тўқималарига таъсир кўрсатиб боради. Баъзи одамлар гоҳо кунига соатлаб мобил телефонини қулоқларидан олишмайди. Бу организм учун ниҳоятда оғирлик қиладиган “зарарли юк”дир.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти илгари мобил телефонлари зарари ҳақида расмий хулосадан тийилиб келган эди. Бироқ ўн учта мамлакат иштирокида ўтказилган тадқиқотларнинг натижалари эълон қилинганидан сўнг, мобил телефонларининг саломатлик учун хатарли эканини тан олишга мажбур бўлди.

Мобил телефон тарқатадиган кучли электромагнит тўлқинлари бош мия тўқималарида ўзгаришлар содир этади. Бош мия тўқималарининг зарарланиши, айрим тадқиқотчилар фикрига кўра, бирданига эмас, балки орадан 15-20 йил ўтгачгина аниқ намоён бўлади. Шу сабабли улар 2020 йилга бориб бош мия ўсмаси билан хасталанган одамлар сони кескин ошиб кетади, деб ҳисоблашмоқда. Негаки, ҳар куни атиги 15 дақиқа мобил телефонда гаплашишнинг ўзи мияда саратон ўсмаси ҳосил бўлиши учун етарлидир. Бундай телефонларнинг, айниқса, болалар учун хатари кучли. “Россияда ҳозир 5 ёшдан 19 ёшгача бўлган 15 миллиондан ортиқ бола ва ўсмир шундай телефонлардан фойдаланади”, дейди федерал тиббиёт биофизика маркази радиобиология лабораторияси бошлиғи О.Григорьев. — Шу нарса аниқки, боланинг бош мияси электромагнит энергияларини катталарга қараганда кўпроқ ютади. Шу боис, уларнинг ақлий ривожланиши учун масъул ҳисобланган бош мия бўлмачалари ҳам электромагнит тўлқинлари таъсиридан жиддий зарар кўради. Шу боиc, мобил телефонидан фойдаланувчи болалар, инсоният тарихида биринчи марта, радиотўлқинли диапазондаги электромагнит майдонининг зарарли таъсиридаги “хатарли гуруҳ”га киритилди.

Демак:

Болаларга имкон қадар “мобилник”ни берманг. Энг зарур ҳоллардагина мобилникдан фойдаланишга ҳаракат қилинг. SMSлар юбориш орқали мулоқот ўрнатиш зарарсиз. Шундан фойдаланинг.

“Мобилник”дан эмас, шаҳар телефони орқали қўнғироқлашинг.

Телефонни чўнтагингизда олиб юрманг, сумкада ёки танангиздан узоқроқ ҳолда сақланг.

Гудоклар эшитилиб, абонент билан боғланиш жараёнида “мобилник”ни қулоққа тутманг. Негаки, айни шу пайтда кучли нурланиш тарқалади.

Ухлаётганингизда телефон ёнингизда бўлмасин. “Мобилник”ни ками деганда ўзингиздан 1,5 метр нарига қўйинг.

Гаплашаётганда телефон бошингизга яқин турмаслиги учун қулоққа тақиладиган эшитгич ёки симсиз жиҳозлардан фойдаланинг.

“АиФ”нинг 46-сонидан ЎзАС таржимаси