Асар ёзиш бу сўздан иморат қуришга ўхшайди. Ҳар бир ижодкор ўзининг қалбидаги ва миясидаги ғояларни,фикрларни ва дардларини яхлит сюжетга бирлаштириб, композиция асосида “бадиий иморат” барпо этади. Ҳар бир сўз устида эринмасдан ишласа, асар янада сифатли чиқишини буюклар амалда исботлашган. Аммо, ёзувчилик одамдан энг аввало сабр-тоқат ва матонат,метин ирода талаб қилади. Ўзининг асарига вақти ва кучини аямаган ижодкор иродали ижодкордир. Бундай адиблар адабиёт тарихида кўп учрайди. Масалан:
Николай Васильевич Гоголь (1809-1853)
Буюк рус сатирик адибининг ёзган асарлари сон жиҳатдан эмас, балки сифат даражасига қараб аҳамиятлидир. Ҳар бир қўлёзмаси устида ойлаб тер тўккан. Баъзи қиссаларини йиллар давомида ишлаганини эшитганмиз. Айниқса пьесаларини ёзиб тугатгандан сўнг, ўзининг 3-4 та дўстини тўплаб ҳар бирига қўлёзманинг дастлабки вариантини ўқитган ва қизғин муҳокамага қўйган экан. Баҳс ва мунозаралар тугагандан кейин эса ўтириб, қўлига қалам олган ва пьесанинг иккинчи вариантини ёзишга киришган…
Лев Николаевич Толстой (1828-1910)
Граф Толстой эса ўз номига мос келадиган йирик жилдли асарлар ёзгани барчага маълум. “Уруш ва тинчлик” 4 жилддан иборат бўлиб, 2000 дан ортиқ саҳифага эга. “Анна Каренина” ҳам таҳминан 1050 варақни ташкил қилади. Улардан ташқари Толстойнинг барча асарлари умумий 90 жилдни қамраб олиши адибнинг кучли иродасидан далолат бериб турибди. Лев Николаевич ҳар биттаси 500 саҳифали “Уруш ва тинчлик”ни бир неча бор қайтадан кўчириб чиққани ҳам фикримизга далил бўла олади.
Оноре де Бальзак (1799-1850)
Франциялик бу адиб ҳақида эса ҳар қанча гапирсак ҳам оз. “Инсоният комедияси” режа бўйича 100 жилдли романдан иборат бўлиши ва у Франциянинг ХIХ асрдаги умумий манзараси бўлиши лозим эди. Адиб ўз чидам ва иродаси билан кунига 18 соатлаб, кунига бир маҳал овқатланиб, қоронғи хонада,шам ёруғида ижод этгани барчага маълум. Бальзак уйқуни енгиш учун тинимсиз қаҳва ичаверган. Гарчи, Бальзак режасини тўлиқ тугалламаган бўлса ҳам, ўз қалам кучи билан 88 та романни, қисқа 20 йил ичида (1830-1850) ёзиб битирди.
Жюль Верн (1828-1905)
Бу улуғ француз қаламкаши ҳам матонат борасида барча ижодкорларга намуна бўла олади. Верн 77 йил яшади. Умрининг сўнгги йилларида қандли диабет билан ҳасталаниб қолди. Ҳатто, унинг кўзи ҳам ожизлашиб қолган эди. Лекин, ҳеч қандай касаллик Жюль Вернга ижод қилиш учун тўсқинлик қила олмади. Адиб ўшанда ўз ўғлига айтиб туриб, асар ёздирган ва сўнгги китобларини тугаллагашга муваффақ бўлганди.
Герберт Уэллс (1866-1946)
Инглиз фантасти – болалик пайтида ҳам,балоғатга етганда ҳам оёғини синдириб олган ва натижада Герберт Уэллс бир умрга ногирон бўлиб қолган. Лекин, ёзувчиларга шунақа темир ирода ато этилган-ки, буюк асарлар ҳар қандай шароитда ҳам яратилаверади.
Эрнест Хемингуей (1899-1961)
XX асрнинг энг машҳур адибларидан бири бўлган Хемингуэй ҳам ёзмасдан туролмасди. Ўтириб ёзаверганидан оёқлари увушиб қолган. Аммо, шундаям у тик оёқда туриб қоғоз қоралайверган…Бундай ташқари ёзувчи урушда яраланиб, бир неча бор турли ҳасталиклар туфайли азият чеккан шахс эди. Хемингуэй вафот этганидагина ёзишдан тўхтаган.
Матонатли адиб ва шоирлар фақат Ғарбда учрамайди. Бизнинг юртда ҳам ижодкорлар адабиётнинг оғир синовларига бардош бериб,қийин даврларда ҳам ажойиб асарлар яратишганини таъкидлаш лозим.
Жадидларнинг мураккаб ижодий фаолияти, Чўлпон ва Усмон Носирнинг шимолий ўлкалардаги шеърлар битганлари, Абдулла Қаҳҳорнинг мисқоллаб сўз тергани ва мустаҳкам асарлар яратгани, Ойбекнинг тилдан қолиб, ўнг қўли ишламай қолганида, чап қўлда ҳам асарлар ёзавергани, Одил Ёқубовнинг Совет-Япон урушидаги жанг майдонларида ҳам қоғоз қоралагани, Озод Шарафиддиновнинг машаққатли меҳнатларини айтиш жоиз… Умуман,қайси давр бўлишидан қатъий назар адабиётга виждонан ва қалбан ёндашган ижодкорлар Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам кўп учрайди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор: “Агар ёзувчининг аҳлоқ кодекси тузиладиган бўлса, ҳалоллик ва шижоатни биринчи моддага қўярдим, чунки, ёзувчининг бошқа ҳамма хислатлари унинг қай даражада ҳалол, нақадар шижоатли зеҳнига боғлиқдир ” деганида ҳам айнан шижоат ва матонатни назарда тутган эди . Зеро, адабиёт ижодкорларнинг шундай юксак ҳислатлари билан тирикдир.
Темур Тангриберганов