Жаҳон халқлари ўртасида иқтисодий ва маданий алоқалар XVIII асрнинг иккинчи ярмидан кенг миқёсда ривожлана бошлади. Бу жараён бир-биридан узоқ минтақалардаги халқлар бадиий адабиётларининг ўзаро алоқалари, таъсири кучайишига омил бўлди ҳамда жаҳон маданиятининг сифат ва мазмун жиҳатдан янги босқичга кўтарилишини таъминлади. Ушбу янгиланиш, ўзгариш ўша давр адабий жараёнида тўла англаб олинган эди. Бунга машҳур немис шоири Гёте ўзининг ижобий муносабатини билдириб, илк маротаба “жаҳон адабиёти” атамасини истеъмолга киритганди.
“Жаҳон адабиёти” тушунчаси кейинчалик барча миллий ва минтақавий адабиётларни бир-бирига боғлайдиган атамага айланди.XX аср сўнгида ушбу атама янги хусусият касб этиб, “жаҳон адабиёти” тушунчасидан “умуминсоний адабиёт” тушунчаси сари ўзгариб борди. Бироқ бу янги жараённинг юзага келаётгани назарий жиҳатдан ўз вақтида илғаб олинмади. Зеро, бир-биридан узоқ, турли минтақаларда жойлашган мамлакат ва халқларнинг ўзаро иқтисодий ва маданий алоқалари фаоллашуви жаҳон адабиётидан умуминсоний адабиётга ўтишни рағбатлантирувчи омил сифатида хизмат қилди ҳамда миллий адабиётларнинг ўзаро алоқада бойиб боришида, ўзаро таъсир жараёнларида акс этмасдан қолмади. Ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб савияси юқори таржималарнинг кўпайиши, хорижий тилларни кенг кўламда ўрганиш, янги методологияларга бой адабиётшунослик илмининг юзага келиши умуминсоний адабиётнинг шаклланишида рағбатлантирувчи воситага айланди. Дарҳақиқат, ўтган асрнинг 60—70-йилларида ғарб мамлакатларида юзага келган “янги адабиётшунослик”(Р.Барт, Ц.Тодоров, Ю.Кристева ва бошқалар) тилларни бадиий матн таҳлили ва талқини орқали чуқурроқ тушуниш ҳамда ўзлаштиришда етакчи тамойил сифатида бўй кўрсатди. Ушбу жараёнда жуғрофийжиҳатдан бир-биридан йироқ минтақалар адабиётларининг ўзаро таъсири, шунингдек замонавий адабиётнинг қадим адабиёт билан узвий боғлиқлиги муҳим аҳамият касб этди.
XX асрнинг сўнгги чорагида адабиётларнинг ўзаро алоқа ва таъсири юксалгани умуминсоний адабиётнинг юзага келиш жараёнида асосий туртки бўлди. Мазкур жараён XX аср адабиёти тарихда қолиб кетмади, балки XXI аср бўсағасида бошланган “адабий глобаллашув”га ҳам кенг йўл очиб берди. Янги йигирма биринчи юз йиллик ўзининг илк қадамини электрон алоқа воситалари билан қуролланган, исталган тилда ёзилган матн билан танишишга имкон берувчи дастурларга эга интернет воситасида ташлади. Эндиликда бу жараён эстетик интеграциялашув ва адабий глобаллашув жараёнларини жадаллаштирмоқда. Маданиятда, худди иқтисодда бўлгани каби, глобаллашувнинг икки, ўзаро тубдан фарққилувчи шакли кузатилмоқда, деб ёзади таниқли рус адабиётшуноси Ю.Борев. Биринчи шакли – бу америкача глобаллашув. Барқарор молиявий-иқтисодий кудратига таянган АҚШ ўзининг “оммавий маданият”ини жаҳон маданий маконига сингдиришга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳол америка адабиётини дурдона асарлар (У.Фолкнер, Э.Хемингуэй, Ж.Стейнбек, В.Вулф ва бошқалар) ёки филмлари (масалан, “Вестсайд тарихи”, “Титаник” каби) билан жаҳонга танитса, айни пайтда, зўравонлик саҳналари билан китобхон ва томошабин қалбини оғритувчи,дунёқарашини заҳарловчи, дидини заифлаштирувчи юзлаб бетайин асарларни ҳам тарғиб этмоқда. Иккинчи шакли – бу умумбашарий, якдил, турли халқларнинг маънавий ва маърифий ютуқлари, миллий маданиятлар ва қадриятлари билан жаҳон адабиётини бойитишда намоён бўлаётган глобаллашувдир. Бу шаклдаги адабиёт миллий маданиятлар мустақиллигини, ўзига хослигини ва бетакрорлигини сақлаган ҳолда, ўз ичига бошқа миллат ва халқлар адабиёти ютуқларини сингдириб олгани билан муҳим аҳамият касб этади.
Адабиётшунослар таърифича, умуминсоний адабиётнинг ўзига хос хусусиятлари асосан қуйидаги парадигмалар1 замирида ёритилади:
– миллий ўзига хосликни сақлаган ҳолда, барқарор умумий хусусиятларга эга бўлиш;
– ўз миллий анъаналарига, шунингдек, ўзга макон ва замон муносабатларида бир-бирига боғланмаган адабиётларга таяниш;
– жамият онгида ҳамда бадиий анъаналар замирида умуминсоний қадриятларни қарор топтириш;
– адабиётни миллий руҳ негизида тушуниладиган умуминсоний қадриятларга қаратиш ва йўналтириш. Бу ерда умуминсоний қадриятларни миллий ўзига хослик замирида тушуниш, айни пайтда, умумий сифат ва хусусиятларга эга бўлиш асосий мезон ҳисобланади.
Булар натижасида китобхонда турмуш тарзи, урф-одатлари, анъаналари, маданияти жиҳатидан бири биридан фарққилувчи халқлар адабиёти билан танишиш ва тушуниш имкони шаклланади ҳамда муайян миллий адабиётга ўзга адабиётларнинг бадиий маҳорат ва услубий қирралари интеграциялаша боради.
Масалан, асли келиб чиқиши ливанлик бўлган француз ёзувчиси Амин Маалуф қаламига мансуб “Левант дарвозаси” (Les Echelles du Levant, 1996) романида умуминсоний адабиётнинг муайян жиҳатлари мужассамлашганини кузатамиз. Байрутга яқин тоғ ёнбағридаги қишлоқда туғилиб улғайиш, “Кун” номли газетадаги фаолият, олтмишга яқин давлатларга қилинган зиёрат, Ливанда рўй берган хунрезлик уруши, Францияга ноилож эмиграция ва ниҳоят, 1993 йилда нуфузли Гонкур мукофотига сазовор бўлиш — булар Амин Маалуф таржимаи ҳолининг асосий нуқталарини ташкил этади. Америкалик мунаққид Эдвард Вади Саид таърифича, А.Маалуф асарларида умуминсонийлик тамойили турли реалликларнинг ўзаро таъсири, ҳаракати ва алмашинуви — “чатиштирилиш”и натижасида юзага келган ягона матнда акс этади, яъни мафтункор ва афсонавий “шарқона бозор” ўзига хос “жаҳон миқёсидаги умумийлик”ка айлана боради.
Дарҳақиқат, бирдамлик ва умуминсоний биродарлик ғояси жаҳон адабиётидаги ўзига хос янги универсал ғоя. Бутун диққат-эътиборни “учинчи дунё” маданиятларига қаратиш, “маргинал маданият”, “катта адабиёт” ва “кичик адабиёт” тушунчаларидан воз кечиш машҳур француз ёзувчиси Ле Клезионинг асарларида ҳам ўз аксини топган. 2008 йили Нобел мукофотига сазовор бўлган бу ёзувчининг “Сарсон юлдуз” (“Etoile errante”, 1992) романида ана шу умуминсоний бирдамлик асарнинг бадиий тўқимасига ажойиб тарзда сингдирилган. Қадим мифологиянинг анъанавий рамзлари асар сюжетига чамбарчас боғланган бўлиб, уларга турли халқлар миллий фолклоридан айрича қараб бўлмайди; француз, яҳудий, итальян, араб миллатларига мансуб қаҳрамонлар ягона макон — Курраи заминда ҳаракатланадилар.
Глобаллашувнинг замонавий тенденцияларини ўзида мужжасам этган ва “умуминсоний адабиёт”нинг пайдо бўлиши, муқобил вариантлар асосидаги янгича синтез “тотал (оммавий) роман”нинг бир неча турларида ёрқин намоён бўлаяпти. “Тотал (оммавий) роман” – бу XX асрнинг ўзига хос универсал синтези, бошқача айтганда, бир бадиий яхлитликда жанрлар, миллий анъаналар, динлар, билимлар, психологик тажрибалар ранг-баранглиги мажмуидир.
Камалакдек ранг-баранг, қуроқ кўрпадек чиройли қурама модули умуминсоний адабиётнинг шаклланиши, қарор топиши йўлларинибелгилаб берувчи кўплаб ўзаро чатишиб кетган маданийўхшашликларнинг намунасидек кўринаётир. Бу ҳолат Максанс Фермин қаламига мансуб “Қор” (“Neige”, 1999) номли романда ўз аксини топган. Бу романда классик япон ва замонавий европа адабиётларига хос жиҳатлар ажойиб тарзда уйғунлашган. Асарнинг структураси ва поэтикасидаги ушбу яхлитлик анъанавий япон шеърияти (хокку) ва символизм руҳининг уйғун бирикмаси ҳосиласидир.
Инглиз адиби Кадзуо Исигуро қаламига мансуб “Биз етим бўлганимизда” (2002) романида бир қарашда классик роман жанрига хос барча анъанавий аломатлар, яъни тарих, персонаж, сюжет, конфликт ва ҳоказолар бордек. Лекин алоҳида парчалардан иборат узуқ-юлуқ воқеалар, сабаб ва оқибатнинг алоқасизлиги, реаллик ва хаёлот чегараларининг ноаниқлигиклассик роман услубининг анъанавий унсурларини тубдан ўзгартириб юборган. Асарда асосий урғу маданий онг муаммосига қаратилади. Ушбу замонавий жанрлараро прозада дедектив жанри, қолаверса,ижтимоий-тарихий ва “тарбиявий роман” синтез орқали бирлаштирилган. Хитой, япон, инглиз анъаналарини таққослаш, уларни ўзаро ва алоқада кўрсатиш, уларнинг муносабати, бир-бирини инкор этиши ва бир-бирига сингиб кетиши ҳамда бири бирини тўлдириши, бойитиши, шунингдек, бу жараёнларда кечаётган таълим-тарбия, тафаккур, дунёқараш, борлиқни ҳис қилиш, қолаверса, психологик тамойилларнинг уйғунлиги, яъни шарқона мушоҳада ва европача рационализм рамзий маъно касб этган.
Ўзида муайян бадиий яхлитликдаги глобаллашув тенденциясини мужассам этган “умумбашарий адабиёт”нинг намунаси бўлмиш замонавий романларнинг ўзига хос хусусиятларини умумлаштириб қуйидаги хулосага келиш мумкин: бу каби асарлар келажакдаги умуминсоний жамиятнинг хусусиятларини, шаклларини, қолаверса, қиёфасини кашф этади, турли-туман, ранг-баранг шакллар ичидан энг муносиб модулини танлаб, бизга тақдим этади. Бироқ бундай асарларда интеграциялашув жараёнининг бирхиллаштирилишини қабул қилиб бўлмайди. Бундай асарларда ҳар хил маданиятлар, миллий анъана ва қадриятлар ўртасидаги ўзаро келишув, инсониятнинг ягона маънавий-маънавий қадриятлари ҳамда кўп қиррали, полифоник дунёқараши мужассам акс этиши лозим.
Табиийки, адабиётда биз ҳали тасаввур этмаган, англаб улгурмаган турли адабий шакллар етилиб, ривожланиб боради, ноёб маданият, маърифат, маънавият турлари куртак отади; миллий адабиётларнинг универсал бирлиги замирида турфа хил шакл ва мазмундаги бадиий асарлар пайдо бўлади. Бундан қарийб икки юз йил муқаддам “жаҳон адабиёти” атамасини илмга татбиқ этган буюк немис шоири ва мутафаккири Гёте башоратини эътиборда тутсак, ҳақиқатга бирмунча яқинлигимиз равшанлашади.
Муҳаммаджон Холбеков,
филология фанлари доктори, профессор
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 44-сонидан олинди.