Ўтган асрнинг 50-йилларида адабиёт майдонига кириб келган Ўзбекистон халқ шоири Жуманиёз Жабборов ижоди умуминсоний, ижтимоий, ахлоқий-маънавий муаммоларни дадил кўтариб чиққани боис ўша даврдаёқ кенг эътибор қозонди. Айни шу фазилатлари туфайли ҳам ижодкорнинг кейинги йилларда чоп эттирган ўнлаб шеърий тўпламлари, мазмундор ва ҳаётий достонлари, турли мавзудаги драмалари адабиётимиз ривожига қўшилган муносиб ҳисса бўлди.
Ижодий камолот йўлидаги тинимсиз изланишлар жараёнида унинг шеърларида фикрлар уфқи кенгайди, Ватанга муҳаббат, дўстга садоқат, ўз халқига меҳр туйғулари мустаҳкам ўрин ола бошлади. Таниқли адабиётшунос Иброҳим Ғафуров шоир маҳоратининг тадрижидаги ўзига хос жиҳатларни таърифлаб: “Унинг шеърига чўлларнинг тиниқлиги, саринлиги, ўзига хос бўёқлари билан бирга кенглик ва очиқлик кириб келди”, деб ёзади. Дарҳақиқат, бу таъриф шоир шеъриятининг етакчи хусусиятларидан бирини – унда Она-юрт кенгликларининг табиий образи намоён бўлишини изоҳлайди:
Она-юрт кенг ёзиб кўркам бағрини,Дилларга тўлдирар ҳаяжон, ғурур.
Қараган одамнинг очар баҳрини,
Бу кенглик, бу қуёш, бу ҳаёт, бу нур.
Шоир шеъриятидаги ўзига хосликлар ўтган асрнинг 60-йилларидаёқ адабий танқидчилигимиз томонидан мамнуният билан эътироф этилган эди. Хусусан, устоз Озод Шарафиддинов “Замон – қалб — поэзия” номли тадқиқотида Жуманиёз Жабборов ижодидаги романтик услубга ва бу услуб асосида яратилган ҳаётий образларга алоҳида урғу берган. Ижодининг дастлабки босқичида бўй кўрсатган бу услуб унинг кейинги шеърларида янада қуюқлашди, образлар янада ҳаётийлашди. Хусусан, сўнгги йилларда нашр этилган “Қуёш юрти”, “Хаёлимда ўзинг”, “Кўнглим гўзали”, “Ажаб дунё – севги дунёси” каби тўпламларида ана шундай романтик руҳ реалистик тасвирларда жилоланади, образлардаги ҳаётга ташналик, дилбарлик ва ўйноқи оҳанг ўқувчи қалбини ром этади.
Жуманиёз Жабборов шеъриятининг етакчи хусусиятларидан бири инсон ва унинг ҳаётдаги ўрнини китобхонга англатишдир. Шу мақсадда у қатор шеърларида инсон қалбининг ниҳоятда мураккаб ва муқаддас туйғулар макони эканлигини замондошларига “чизиб беришни” ўзининг шоирлик бурчи, деб билади:
Инсон қалби билан асло ўйнашманг,Инсон қалби билан сен қилма ҳазил.
Инсон қалби – офтоб акс этган чашма,
Гоҳ булутдай енгил, гоҳ тоғлардай зил.
“Она ер қўшиғи”, “Субҳидам хаёллари” тўпламларидаги лирик қаҳрамон давр дардини биладиган, уни теран ҳис қиладиган, она табиатни келгуси насллар учун беғубор сақлашга чора ахтараётган фаол инсон сифатида китобхонни фидойиликка ундайди.
Аксар шеърларида шоир фалсафий мушоҳадалар орқали ҳаёт мазмуни ва инсон умри ҳақидаги улуғвор ғояларни кўтаринки руҳда куйлайди. Бу шеърлар инсон ҳаётидаги зиддиятлар, замондошимиз характеридаги эътиқод ва диёнат ҳақида баҳс очади. Жумладан, “Бу дунёда”, “Дунёнинг ишлари”, “Умрини ғафлатда ўтказди биров”, “Соат ва юрак”, “Ирмоқ ва дарё” каби шеърлар мазмунан теранлиги ва фалсафий умумлашмалари билан ажралиб туради. Уларда лирик қаҳрамон “олам кутубхонасини” варақлаб, бу дунёда “увол кўпу, савоб кам”лигидан, ҳеч бир ишнинг “таъзим ила тавоф”сиз амалга ошмаслигидан изтиробга тушади. Лекин ҳаётнинг бундай ўткинчи ҳоллари лирик қаҳрамоннинг йўлига тўсиқ бўла олмайди. У “ўтли ҳақиқат сўзи” кураш йўлларида суянчиқ бўлишига ва ақл-идрокига ишонади:
Синовлар ичида боргувчи инсон,Тарк этмасин сени эътиқод, имон.
Ақлингга таянгин, ўзингга ишон,
Ҳар ким ўз дардини куйга соладир.
Шоир шеърияти ҳақида гапирганда унинг ўлмас мавзу – муҳаббат мавзуидаги шеърларини четлаб ўтиб бўлмайди. Унинг бу мавзудагишеърлариҳозирги ўзбек муҳаббат лирикасининг яхши намуналари қаторидан ўрин олди ва айримлари халқимизнинг севимли қўшиқларигаайланди. Чунончи, “Кўзлар”, “Сен қалбимни сўрадинг”, “Бул кеча”, “Севги”, “Тол тагида”, “Ёр агар кирса чаманга” каби шеърларда соҳир туйғулар жўшқин тарзда, севгининг сезилмас сирлари, изтироб севинчлари гўзал ташбеҳлар ва сермаъно тимсолларда тасвирланади. Айниқса, муҳаббат мавзуидаги ғазалларини ўқиб, шоирнинг мумтоз адабиёт анъаналарини пухта ўзлаштирганига гувоҳ бўламиз. Хусусан, унинг Алишер Навоий, Фузулий, Фурқат ва Атоий ғазалларига боғлаган мухаммаслари диққатга сазовордир.
Жуманиёз Жабборов айни пайтда ҳам ҳозирги ўзбек шеъриятининг ғазал жанри ривожига катта ҳисса қўшиб келаётган шоирларимиз сирасидан. Унинг ғазалларида севги ва вафо, ҳижрон ва висол ҳамда ахлоқий-тарбиявий мавзулар лирик қаҳрамон кечинмаларининг табиийлиги ва ҳозирги адабийтил бойликлари воситасида ифодаланади. Жумладан, шоирнинг “Сарвлар”, “Ўзингдан кўр”, “Эй қалам”, “Ажаб дунё экан бу…”, “Гулоб ичра”, “Ўландан сўр”, “Дўстлар” каби ғазалларида жанрнинг ўзига хос мазмун-моҳиятини белгиловчи хусусиятлар замондошимиз қиёфаси ва давр руҳини кўрсатувчи ҳиссий оҳанг ва фикрлар силсиласида очиб берилади. Шунинг учун ҳам бу шеърларни атоқли шарқшунос ва таржимон Ш.Шомуҳаммедов мақолаларининг бирида “Эл орасида руҳафзо ва дил ёритар лирика”, деб атаган эди.
Шоирнинг бир қатор поэмалари адабиётимиздаги мазкур жанр тараққиётига сезиларли ҳисса бўлиб қўшилди. Уларда Ойбек поэмачилиги анъаналарининг муваффақиятли давом эттирилгани адабиётшунослар томонидан ҳақли равишда эътироф этилди. Жумладан, “Она-ер қўшиғи”, “Йўлдаги ўйлар” достонлари муаллифга катта шуҳрат келтирди. “Она-ер қўшиғи”даги лирик қаҳрамон ички дунёсининг тасвирида асарнинг асосий пафоси — она-Ватан билан ғурурланиш ва унга фарзандлик бурчини ҳис қилиш қайноқ кечинмалар орқали баён қилинади:
О, она-ер, сезаман аниқ,Меҳринг танда қуёш ёқмоқда.
Мен — ер ўғли Антей янглиғ,
Сендан дилга қудрат оқмоқда.
“Йўлдаги ўйлар” асари ҳам ўзининг фалсафий-лирик хусусияти билан поэма жанрда янгилик бўлди. Унда маънавият масаласи — замон ва адабиёт ҳақида — шоир, олим, рассом ва деҳқоннинг баҳси орқали нафосатнинг инсон ҳаётидаги ўрни кўрсатиб берилади.
Жуманиёз Жабборовнинг драматургия соҳасидаги ижоди ҳам салмоқлидир. “Ўжарлар”, “Тўйдан олдин томоша”, “Йиллар ўтиб”, “Чўл чақмоғи”, “Муҳаббат наққоши”, “Менинг оқ кабутарларим” пиесалари республикамиз ва бир қатор қўшни мамлакатлар театрларида узоқ вақт намойиш этилди. Муаллифнинг драмалари орасида “Ўжарлар” сара асарлардан бири. Ёш қурувчиларнинг ички дунёсида юзага келаётган ўзгаришлар ва жамиятга масъул инсоний қиёфанинг шаклланишини кўрсатиш “Ўжарлар” комедиясининг ғоявий йўналишини ташкил этади. Қурилишда ишлаётган “ўжар” йигитларга раҳбар бўлиб ишлаган Озода типидаги хотин-қизлар образи ўзбек драматургиясида биринчи марта “Ўжарлар” комедиясида яратилди.
Адабий жамоатчилик Жуманиёз Жабборовнинг “20 кун дафтари”, “Соҳиллар ҳикояси” каби насрий асарларини ҳам яхши билади. Ёзувчи сўнгги йилларда кенг эпик қамровдаги “Ҳайрат олами” номли насрий асарини эълон қилди. Муаллиф уни камтарлик билан хотиралар, деб атаса-да бу асар адибнинг ҳаёт ва ижод ҳақидаги қарашларини тиниқ акс эттирган бадиалар мажмуасидир. Китобхон мазкур бадиалар орқали муаллиф умр йўлининг унутилмас лаҳзалари, устозлар сабоқлари билан танишади. Асарда ўқувчи диққатини жалб қиладиган фазилатлардан бири инсон ва табиат ўртасидаги мувозанатни сақлаш ҳамда сайёрамизни ва унинг гўзаллигини авайлаб асраш ҳақидаги теран фикрлардир. “Табиатнинг уч фарзанди бор: инсон, ҳайвонот, наботот. Албатта, инсон табиатнинг гултожи”, дейди ёзувчи ва она-заминни келажак авлодларга беозор етказишга даъват этади. Хуллас, ҳаёт ва ижод йўллари ҳақида ҳикоя қилган шоир мазкур бадиалари орқали ёш авлодни мустақил Ўзбекистоннинг бугунги камоли билан таништириш асносида уни севиш ва ҳимоя қилиш муқаддас инсоний бурч эканлигини уқтиради.
Шоир шеърларининг бирида:
Чироғим ўчмайди. Шеър ёзаман мен,Фикр тоғларидан дур қазаман мен.
Оппоқ саҳифани ҳарф билан эмас,
Ватан, меҳринг билан тўлғазаман мен —дея лутф қилади.
Жуманиёз Жабборов ҳаёт деб аталмиш ҳайрат оламининг кўрку маъносини ўз шеърлари, бадиалари, поэма ва драмалари билан китобхон қалбига олиб кирди. Ўша ҳайрат оламидаги фикр тоғларидан дур қазиб, уни Ватан меҳри билан улуғлади.
Дамин Тўраев,
филология фанлари доктори, профессор
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 43-сонидан олинди.