Норали Очилов. Атомдан қудратли куч (2006)

Хиросима. Газета-журналларда бу шаҳарнинг номи билан боғлиқ бирор сатрга кўзим тушса ёки радио-телевидение ахбороти қулоғимга чалинса, беихтиёр юрагим увишади. Гарчи ўқиб-ешитганларимнинг атомга дахли бўлмаса-да, мактабда тарих фани ўқитувчимизнинг Хиросима ва Нагасакида содир этилган даҳшатлар билан боғлиқ мавзудаги сабоқлари хотирага қўрғошиндек қуйилганиданми, Кунчиқар юртнинг ҳар икки шаҳри каминага масъума ва жафокаш бўлиб туюлаверади.

Мана, орадан роппа-роса олтмиш йил ўтди. Бироқ атом қурбонига айланган шаҳарлар тимсолида курраи замин ўз болаларидан шафқат ўтинаётган муштипар она мисоли мунғайганича инсониятга умид кўзларини тикмоқда. Тирикликка чанг солишга ҳозиру нозир атом хавфи ҳамон Она Ерни вайрон этмоқ учун пайт пойлайди. Дунёга ҳокимлик даъвосигидаги гегемон ҳукуматлар рақиб томонни ўзининг атом тугмачалари билан даҳшатга солишдан завқланади. Ана шундай адоқсиз мулоҳазалар ардоқли шоирнинг қуйма сатрларини ёдга солади:

Заррани ижод этиб,
Даҳшат бало бунёд этиб,
Оқибатни ёд этиб,
Ҳайрон ўзинг, ҳайрон ўзинг…

1945 йил 6 август. Эрталаб соат 8.15 да Хиросима осмони узра (ердан 580 метр баландликда) Америка Қўшма Штатларининг атом бомбаси портлади. Инсоният ҳаётида биринчи маротаба содир этилган «даҳшат бало»си 3000-4000 даража ҳарорат билан бир лаҳзада еру кўкни кунпаякун қилди. Ям-яшил шаҳар кўз очиб юмгунча яйдоқ чўлу биёбонга айланди, унда ҳаётдан асар ҳам қолмади. Оқибатда 140 минг киши ҳаётдан кўз юмди, минглаб турар-жойлар, савдо ва  саноат объектлари ер билан яксон бўлди. Ўлганлар орасида 20 минг корейс миллатига мансуб кишилар, 10 минг АҚШ ҳарбий асирлари ва минглаб юқори синф ўқувчилари, Жанубий Осиёнинг бошқа давлатларидан келган талабалар ҳам бор эди. Булардан ташқари, мудҳиш фалокат юзлаб, минглаб инсонларнинг қалбига умрбод битмас-туганмас жароҳат солиб кетди.

Хиросимадаги Тинчлик музейидамиз. Японлар тарих хатоларидан сабоқ чиқариб яшайдиган, ўз суягини эъзозлаб, аждодларига эҳтиром кўрсатадиган оқибатли халқ. Буни Тинчлик музейи ва унга туташ Тинчлик хиёбони, Тинчлик кўли ва бошқа ўнлаб ёдгорликларни ўзида жамлаган улкан мажмуа — тарихий қадамжо ҳам исботлаб турибди. Атом қурбонлари хотирасига ташкил этилган экспонатларга бой музей бу ерга ташриф буюрган энг дийдаси қаттиқ кишини ҳам кўзини ёшламай қўймайди. Атом ҳайқириғидан роппа-роса 8.15 да қотиб қолган қўл соати, нималар бўлаётганини тушуниб етмай кўзлари қўрқинч-хавотир билан юмулган мактаб ўқувчисининг куйик кийимлари, қутичадаги ҳали еб улгурилмай кўмирга айланган тушлик, ўта юқори ҳароратдан эриб турли шаклларга дўнган шиша идишлари, кучли ларзадан дарз кетган улкан тошлар атомнинг вайронкорлик кучи-шиддатини очиқ-ошкор намоён этади. Дунёнинг талошлари билан бир пуллик иши бўлмай завқ билан велесипедчасини ҳайдай туриб, бир лаҳзада жони узилган норасиданинг ўзи билан қўшиб кўмилган, кейинчалик қазиб олиниб музейга топширилган уч оёқли велосипедини кўриб, бутун вужудингиз муз қотади. Зангга беланган жажжигина уловча эгасини кутиб зериккан тойчоқни эслатади. Кишнаб-кишнаб сакраётган тойчоқни…

Музейнинг бир қанча номлар билан аталган бўлимларида ядро қуроли ва унинг инсоният бошига солган, соладиган бешафқат савдолари бирма-бир тушунтириб берилган. Қай услубда – аудио-тушунтириш бўладими, мутахассиснинг ҳикоя қилиб бериши бўладими ёки музей залларидаги видео-телевизион усул ёрдамида воқеалар ривожини кузатиш бўладими – бари томошабинларга машъум фалокат оқибатларини таҳлил этиш имконини беради, юракларга ҳаяжон солади.

Боягина қизиқсиниб танишганим – америкалик уч-тўрт чоғли сайёҳлар бир экспонат қаршисида юм-юм йиғлаб туришганини кўриб, таъсирланиб кетдим. Ота-боболар хатоси фарзандлар виждонини қийнаётгандир эҳтимол, деган ўй кечди кўнглимдан…

Тинчлик хиёбонидаги атом қурбонлари хотирасига ўрнатилган ёдгорлик — Кенотафда “Тинч ором олинглар, ўтмиш такрорланмайди” деган ёзув бор. Умуман олганда, хиёбон оралаб юрилса, атом қурбонлари хотирасига эҳтиром тариқасида бунёд этилган кўплаб ёдгорликлар, жумладан фавворалар кўзга ташланади. Ана шундай обидалардан бири — Тинчлик болалар ёдгорлиги бегуноҳ қизалоқнинг аянчли қисмати билан боғлиқ.

…Атом бомбаси портлаганида Садако Сасаки исмли қизалоқ икки ёшда эди. Ядро қуролининг шафқатсиз оқибати эндигина атак-чечак бўлган мана шу беғубор гўдакни ҳам ўз домига олди. Лейкемия — оқ қон касаллиги ташхиси билан уни касалхонага ётқизишди. Секин-аста улғайган қизалоқ қанча кўп турна ясасам, шунча тез тузалиб кетаман, деган умидда ҳар куни турли қоғоз бўлакларидан,  дори-дармондан бўшаган қоғоз-қутилардан турна ясади-ясайверди. Бироқ, юзлаб қоғоз турналари унинг соғайиб кетишига ёрдам беролмади… Қизалоқнинг умри бор-йўғи яна ўн йил давом этди, холос. 1955 йилнинг 25 октябрида Садаконинг умид тўла кўзлари мангу юмилди.

Қизалоқнинг бевақт ўлими синфдошларини ва минглаб тенгдошларини чуқур қайғуга солди. Мамлакатнинг тули пучмоғларидан болалар томондан йиғилган хайрия пуллари эвазига хотира ҳайкали юзага келди. Боши узра улкан турна қанотларини тутиб турган қизалоқ сиймосида болаларнинг осуда келажак хусусидаги соф умидлари акс этди. Бу ерга ташриф буюрган болалар ўз қўллари билан ясаган минглаб қоғоз турналарни яқин-атрофдаги бута ва дарахт шохларига илиб кетиши анъана тусини олган. Жажжи болакайлар тенгдошларини шу тариқа йўқлашади, унинг руҳини шу тариқа шод этишга ошиқишади.

Чехиялик мутахассис Ян Летсел лойиҳаси асосида 1915 йилда бунёд этилган кўпқаватли йирик бино бир пайтлар Хиросима префектураси саноат товарлари кўргазмасига, умуман савдо-саноатнинг ривожланишига хизмат қилган. Суяги бақувват эканми, портлаш эпимарказидан бор-йўғи 160 метр масофа оралиқда бўлишига қарамай, бинонинг тиркамалари омон қолган. Атом уйи деб аталадиган бу машҳур бино Тинчлик хиёбонининг тўрида мудҳиш фожеа шоҳиди сифатида мунғайиб турибди.

Дарвоқе, ўтган олтмиш йил бинода ўз ишини қилиб улгурди. Ёпинчиқсиз қолган хароба бино йилдан йилга ёғин-сочин ва бошқа табиий ҳодисалар туфайли яна ҳам путурдан кетмоқда. Иншоот ичидан қўшимча тиркамалар берилган. Аммо бунинг ўзигина уни сақлаб қолиш имконини бермайди. Айтишларича, Атом уйининг устига махсус ёпинчиқ — айвон қуриш хусусида ҳам лойиҳа тайёрланган.

Ўша маҳалда шаҳарда 85 дона трамвай йўловчилар узоғини яқин қилар эди. Орадан қанча сувлар оқиб ўтди. Кучли нурланишдан заҳарланган замин қайта жонланиб, ундан яна гулу райҳонлар уна бошлади. Атомдан омон қолган трамвайлардан тўрттаси ҳамон  пўлат  изларда.

Хиросимада мавжуд кўплаб газета ва журналларда, телерадиостудияларида бўлиб ишонч ҳосил қилдикки, шаҳардаги мавжуд ОАВда атом мавзуси ҳамон долзарб аҳамият касб этади. Биргина НҲК телерадио корпоратсиясининг Хиросима бўлимида юқоридаги мавзу доирасида учта янги дастур яратиш мўлжалланмоқда. Дастурлар «Атом қурбонлари», «Тинчлик ва атом муаммоси» ҳамда атомни яширинча тайёрлаш билан боғлиқ маълумотлар асосидаги кўрсатувлардан иборат.

Айни мавзу «Хиросима тереби» телевидениясининг ҳам доимий йўналишларидан саналади. Мазкур телевидение бўлим бошлиғи Уно Томио Хиросимадаги воқеаларни кўпчилик замонавий япон ёшлари билмаслигидан хавотирда эканини биз билан бўлган суҳбатда яширмади. «Хиросима атомдан жабр кўрганлар билан алоқа қилади. Оқибатлари кўзга кўринмайдиган бу машъум қуролни заминдан йўқ қилиш бутун олам аҳлининг муштарак мақсади бўлиши керак» деб ҳисоблайди Уно Томио.

Хиросима мерияси 1982 йилдан буён ҳар йил 6 августда дунё шаҳарлари мерларининг йиғинини ташкил этиб келади. Айни  пайтда бу шаҳарда истиқомат қилаётган 85 минг киши атом қурбонлари мақомига эга. Уларнинг ўртача ёши 72 ёшни ташкил этади. Атомдан жабр кўрганларга турли тиббий-молиявий кўмак кўрсатилади.

Ҳозир Хиросимада бир миллион 140 минг киши истиқомат қилади. Шаҳар аҳолиси жиҳатидан мамлакатда ўнинчи ўринни эгаллайди. Машҳур «Мазда» автомобили ҳам айнан шу ерда ишлаб чиқарилади. Шаҳар бюджети  бир неча миллиард АҚШ долларини ташкил этади.

Хиросиманинг бугунги қиёфаси тамомила бошқача. Бир лаҳзада чўлга айланган шаҳарда йил сайин японларга хос меҳнатсеварлик, бунёдкорлик ва изланувчанлик ҳосиласи ўлароқ ақл бовар қилмайдиган улкан иншоотлар қад ростламоқда. Шаҳар анвои гулларга бурканган гўзал чаманзорни эслатади. Кечагина ядро қуролига нишон бўлган, унинг беҳисоб ғам-андуҳларидан қадди дол бўлган шаҳар бугун яна ўнгланган, Япония тараққиётига сезиларли улуш қўшмоқда.

Энг муҳими, хиросималиклар ЭЗГУЛИК ҳар қандай ядро қуролидан-да қудратли эканини ҳис этиб яшамоқда. Атом балосидан зада минглаб қалблар тинчлик, барқарорлик, тараққиётга интилиш инсониятнинг аъмолига айланиши тарафдори. Бу эзгу мақсадларга эришиш учун ҳали кўп курашишга тўғри келади.

Норали Очилов,

журналист

Тошкент-Токио-Хиросима-Тошкент

“Ҳуррият” газетасидан олинди.