Ғарбий Европада 18-асрда фанга кириб келган герменевтика методологияси ҳозирда барча жамиятларнинг бошқарув бўғинларида ҳам қўлланилади. Бу истилоҳ аввалда муқаддас диний китобларнинг матнини ўрганар ва тушунтирар эди.
Айниқса, теолог файласуфлар Вилгелм Дилтей (1833-1911) ва Фридрих Шлеермахер (1768-1834) герменевтикани (юнон асотирларига кўра, йўловчи ва савдогарларнинг ҳомий худоси “Гермес” сўзидан олинган) ўша даврлар Ғарб оламининг конститутсиясига айланган Библия матнларидаги ҳамд-сано ва наътларни кенг шарҳлашда қўлладилар. Кейинчалик эса ўрта ва кенжа авлод герменевтлари томонидан бу метод универсаллашди. Эдмунд Гуссерл ва Мартин Хайдеггер герменевтикани феноменология ҳамда руҳ ҳақидаги фанларга олиб кирди.
Хайдеггернинг шогирди Ханс Георг Гадамер (1900-2001) эса метод имкониятларини кенгайтириб интерпротатсия сфераларини кўрсатиб берди. Матнни тушуниш ҳеч қачон охирига етмайди, — дейди у “Ҳақиқат ва метод” асарида. Замондошимиз Юрген Хабермас эса герменевтикани сотсиологияга олиб кирди. Г. М. Маер, Х. Волф, А. Бек, Ф. Аст ва бошқалар бу тушунтириш амалиётини фалсафага олиб киришга уринганлар. Шулардан, Христиан Волф (1679-17654) (Канд уни ратсионалистик догматизмда айблаган) ва “Аристотел силлогизми”, “Суқрот” каби фалсафий трактатларнинг муаллифи Генрих Маер (1867-1933) теологияда ҳам, ҳатто теософияда ҳам матнларни соф ақлий қувват билан герменевтик талқин қилишни тарғиб қилганлар. Герменевтиканинг ибтидоий шакли ўрта асрлар Ғарбда теология, патристика, схоластика, эгзетика бағрида яшаганини биламиз. Лекин, ҳар қандай таълимотнинг ўзгача шаклида бўлса ҳам ўз ўтмиши бор. Талқин масаласи билан боғлиқ дастлабки асар Гомернинг “Илиада”си бўлган. “Илиада” ва “Одиссея” асарларини талқин этган грамматистлар герменевтиклар ролида намоён бўлишган (Қ. Бласс, 1891,1). Кейинчалик, мусулмон Шарқида ҳам герменевтикадан юксак таълимотлар пайдо бўлди. Бў сўзимизга далил шуки, Қуръони Каримни тафсир қилмоқчи бўлган муфассирга қўйиладиган талаб жуда катта бўлган. У 8, 10, баъзи манбааларга кўра, 13 илмни мукаммал эгаллаган бўлиши лозим. Тафсир ва таъвил вазифаларини герменевтика методига шартли равишда қиёслаш мумкин. Суфийларнинг шарҳи эса таъвилдир.
Бу метод жамиятнинг бошқарув тизимида мусулмон мамлакатларида катта ўрин тутади. Маълумки, шариат фиқҳ қоидалари асосига қурилган. “Фиқҳ” сўзининг этимологияси эса араб луғатларида “англаш”, “англатиш” деган маънони билдиради. Бу эса интерпротатсия ҳодисаси билан боғлиқ “тушуниш”, “тушунтириш” маъноларига уйғундир. Фиқҳда, хусусан, аҳли сунна вал жамоат мазҳабининг асосий шохтомирини ташкил қилувчи Ҳанафия мактаби методлари шундай мукаммал ишланганки, мана асрлар ўтса-да ундан истифода этиб келинмоқда. Бизнинг конститутсиямиз ва бошқарув тизимимиз низомлари ҳам соф миллий, диний манфаатлар устига қурилган бўлиб, уни аҳолига чиройли йўсинда англатиб бориш лозим бўлади. Фиқҳ рукн (асос)лари 4 қисмга (1. Ижмо, 2. Қиҳс, 3. Раъй, 4. Урф) бўлинади. Сунна тармоғдаги бошқа мактабларда масолихи муросала, истехсон рукнларига ҳам амал қилиниб фиқҳий масалалар ҳал қилинади. Қадриятларимиз силсиласига кирувчи ушбу фиқҳ асослари ва мотуридий эътиқод таълими бизда герменевтик сферанинг нечоғли чуқур ва кенглигини билдиради. Дейлик, ўлкамиздаги урф-одат фиқҳий методнинг тўртинчи (Урф) рукнига кўра, диний қадриятдан паст бўлмаса (масалан: кўпчилик билан таом танаввул қилишда суннатга мувофиқ овқатга ҳамма тенг қўл урса, бизда миллий одат бўйича ёши катта киши бошлаб беради) миллий урфимизга қараб ҳаракат қилинади.
Тафсир ва таъвил, буюк мутафаккирларимизнинг асарларига шарҳлар бизнинг энг катта маънавий бойлигимиздир. Ваҳоланки, Ғарбда Гадамерга даврига келиб герменевтика тўла ратсионаллашди.
Гадамерга келсак, ҳақиқий тушуниш маҳсулдор муносабатдир. Бу билан тарихни бевосита тушуниш жараёнини енгиллаштиради. Тарихшунос бир муаллиф асарини ўрганар, тарихий ҳодисани талқин қилар экан, ўрганувчининг тасаввури, мулоҳазалари доимо асар мазмунини, руҳиятини айнан акс эттира олмайди, деган хулосага келади (Истина и метод. М. 1988. Стр.304).
Фалсафий герменевтика Форобийнинг актсидентсияларнинг кўчиш қонунида ҳам бор. “Расоил ул-хукамо” таъкидлашича, тушунишдан аввал англаш келади. Буни замондошларимиз Э. Бетти, Гадамер герменевтика ва унинг сфералари тўғрисидаги таълимотларида эндигина таъкидлашди. Гадамернинг матнларни қисмларга бўлиб ўрганиш тўғрисидаги таълимоти тўғрисида ҳам фикримиз шундай. Бу методнинг ҳам тажрибадан ўтган усули азлида бизда мавжуддир.
Шукур ЖАББОРОВ
“Ҳуррият” газетасидан олинди.