Замонавий ўзбек адабиётига, матбуотимизга хизмати сингган устоз адабиётшунослар, заҳматкаш муҳаррирлар талайгина. Уларнинг меҳнати — маънавиятимизга қўшилган бебаҳо ҳисса.
Ана шу фидойи ижодкорлар орасида таниқли мунаққид, моҳир муҳаррир, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Маҳмуд Саъдийнинг ўз ўрни бор.
Қўлингиздаги ушбу рисола устоз муҳаррирнинг ижодий тажрибалари, узоқ йиллар адабиётимиз, матбуотимиз ривожига қўшган ҳиссасининг эътирофи, ёш авлод қаламкашларини тарбиялаш борасида изчил давом эттириб келаётган мураббийлик фаолияти ҳақида ҳикоя қилади. Бугина эмас. Мазкур рисола таҳрир санъатидан ўзига хос қўлланма ҳамдир.