Бўстонлиқ туманида қадимий Хондайлиқ қишлоғи бор. Хондайлиқ сўзи ушбу қишлоқдан етишиб чиққан адиб Сирожиддин – Сидқий Хандақлиқийнинг ёзиб қолдиришича, хандақ қазиб, ёвлардан ҳимояланганлар макони, деган маънони билдирар экан. Бинобарин, бошқа кўп жойларга таққослаганда Хондайлиқнинг анча афзал томонлари бор: сел боса олмайди, кўчкилар таҳдид солмайди, шамол-довуллар четлаб ўтади, қуёш кун бўйи сахийлик билан нур сочади. Таъбир жоиз бўлса, айтиш мумкинки, агар бу масканда яшовчилар ободончилик, бунёдкорлик ишларида ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилсалар, ўзаро меҳр-оқибатли, оқил ва ишбилармон бўлсалар, Хондайлиқни ҳақиқий жаннатмонандга айлантириш сираям қийин эмас…
Болалик ва ўсмирлик даврим шу қишлоқда кечди. Уззу-кун кўркам боғу роғларда, қишлоқ теграсини гир айлана ўраган салобатли, сеҳрли ва бағри табиий бойликларга тўлиб-тошган тоғларда кезиб юрар эдик. Кечқурунлари уйга қишлоқнинг қўш кокилидай икки биқинидан оқиб ўтувчи Шўробсой ва Туятошисойдан истаганча балиқ тутиб қайтардик. Балиқлар ҳам атайлаб саралаб олингандай: шоҳбалиқлару хонбалиқлар! Каклик, каптар, бедана, қирғовул сингари турли-туман қушлар, бўрсиқ, тулки, қуён, тўнғиз, силовсин, сувсар каби ёввойи ҳайвонлар сероб. Кейин… тузоқ, қопқон, жела деган офатлар пайдо бўлди, милтиқ кўпайди. Энг даҳшатлиси, одамлар турли заҳарли моддалар, у ҳам етмагандай электр токи воситаси билан овга киришдилар…
Сир эмаски, антиқа таомлар тайёрловчи сирли ошхоналар йил сайин кўпаймоқда. Уларда бўрсиқ шўрвами, айиқ гўштидан димламами, жайра ёки типратикон қайнатмасими… Йилнинг ҳар қайси фаслида кўнглингиз нимани тусаса, марҳамат, муҳайё экан! Хўш, бу жойларга масаллиқ қаёқдан келяпти ва уларни ким етиштириб бермоқда? Қийратилган ғоз ва ўрдак, бедана ва тувалоқ каби мавсумий қушлар сайёрамизнинг қайсидир осойишта жойларида кўпайишиб, сафларини қайта тиклаб олишар. Қирғовул, каклик сингари турғун яшовчи қушлар-чи? Улар шундоққина кўз ўнгимизда камаймоқда.
Буларни кўриб туриб, республикамизнинг бошқа ҳудудларида аҳвол қандай экан, деган ўйга толаман. Бундай ҳолларнинг юз беришига ким айбдор? Албатта, биринчи навбатда, мутасадди ва тегишли ташкилотлар ва, қолаверса, ҳаммамиз, ҳар биримиз. Сабаби, давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан мустақиллик йилларида табиат ҳамда атроф-муҳитни асраб-авайлаш, ундан оқилона фойдаланиш хусусида амалий ғамхўрлик кўрсатилди, ҳуқуқий замин яратилди. “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлар, “Балиқ соҳасида монополиядан чиқариш ва хусусийлаштиришни чуқурлаштириш бўйича чоралар тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 августдаги 350-сонли қарори фикримизнинг ёрқин исботидир. Айримлар мазкур қонунлар ва қарорда белгиланган вазифаларни амалга ошириш ўрнига ўзбошимчалик билан иш тутиб юришибди. Бу борада назорат иши олиб бориши керак бўлган ташкилотларнинг фаолияти анча суст. Уларнинг қуруқ қоғоз қоралашдан амалий фаолиятга ўтишлари табиат ва ҳайвонот дунёси муҳофазасида сезиларли бурилиш ясаши турган гап. Айниқса, фуқаролар йиғинлари, маҳалла сардорлари ва мактаб ўқувчилари билан ҳамкорликда кутилган натижаларга эришиш имкониятлари бор. Белгиланган ҳудудларда мунтазам текширув ва кузатувлар олиб бориш, тоғлардан оқиб келаётган сой ва ариқларимизни озода сақлаш, уларда балиқ турларини кўпайтириш ва сергаклик билан қўриқлаб бориш каби юмушларни соҳага тегишли идора-ташкилотлар ҳамда катта ёшдагиларга қараганда фарзандларимиз яхшироқ уддалайдилар.
Одамзотнинг ҳаёти ва турмуши табиат билан чамбарчас боғлиқдир. Унга етказилган ҳар қандай зарба жамият ва инсонларга таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Шуни унутмайлик!
“Халқ сўзи” газетаси,
2007 йил 14 март сони.