Асад Асил. Покизалик – азалий одатимиз (2000)

“Юрган дарё, ўтирган бўйра” дейди халқимиз. Тўғри-да, қанчалик кўп дунё кезсангиз, шунчалик ранго-ранг оламни кўрасиз, турли туман воқеаларнинг гувоҳи бўласиз. Айниқса биз – ижодкорлар учун табиат бағрида, одамлар орасида бўлиш, ҳақиқий ҳаётни жой-жойида кўриб кузатиш ҳаётий зарурат, десак муболаға бўлмас. Халқимизнинг турфа хил урф-одатларию ранг-баранг турмуш тарзи ва ниҳоят Она-Табиатга муносабатини ҳам инсонларнинг қувончу ташвишларига шерик бўлиб, барчага баробар ҳамнафас ҳолда юрган қалам аҳлигина яхши тушунади.

Ҳозирга келиб Она-Табиат ҳаммамиздан мадад кутяпти. Ёши ўтиб қолган авлод ҳал қилувчи улкан ишларга қўл уриши, катта ишларда фаол иштирок этиши анча мушкул. Ёшларимизнинг эса ўйинқароқликларга берилмай, майда-чуйда ва бекорчи юмушларга умрини зое кетказмай катта курашларга бел боғлаши, асосий масалалар ечимига енг шимариб киришишлари учун вақт етди. Ҳозирги мустақил ҳаётимиз ҳам, айниқса ёшларимизга астойдил ғамхўрлик қилаётган Президентимиз ҳам худди шу йўлга даъват этмоқда. Асосий нажоткор эса Она-Табиатнинг ўзи. Соғлом авлод йилида фарзандларимизнинг, қолаверса ўзимизнинг ҳам соғ, тетик ва бардам бўлишимиз атроф-муҳит мувозанатининг бузилмаслигига бевосита боғлиқдир…

Мен ўтган салкам олтмиш йиллик умрим давомида бунга қайта-қайта иқрор бўлганман. Оддий бир мисол: фарзандларимизни ҳар қанча парваришлайлик, мудом энг лаззатли ва тўйимли таом билан сийлайлик, аммо атрофимизда мусаффо ҳаво ва тоза сув бўлмас экан, ҳамма ҳаракатларимиз зое кетаверади. Ўғил-қизларимиз рангпар, нимжон ва касалвандликдан бошлари чиқмайди. Тоғ қишлоқларида тоза ҳаво ва тиниқ сувга эҳтиёж унчалик сезилмаслиги учунми, атроф-муҳит муҳофазасига у жойдагиларнинг кўпчилиги деярли эътибор бермайди. Шаҳарда эса…

Хуллас, юқорида айтганимдек, кўп йиллик иш фаолияти давомида тоғ қишлоқларидан то азим шаҳримиз Тошкентгача бўлган катта-кичик қишлоқлару қўрғонларда меҳнат қилдим, у жойлардаги одамлар ҳаёт тарзининг икир-чикирлари, атроф-муҳитга муносабати хусусида етарлича маълумотларга эга бўлдим ва шу нарсага иқрор бўлдимки, то одат тусига кирмагунча одамлар покизаликка етарли эътибор бермас эканлар. Ёшлик пайтларимда Тошкентдаги Уста Ширин, Шомаҳмудов каби қадимий маҳаллалардаги тўйларда, турли маросимларда иштирок этардим. Шу даврдаги тошкентликларнинг ўта нозиктаъблик билан меҳмон кутишлари, кўча ва ариқларни ғоят покиза тутишларига мен чинакамига қойил қолардим. Улардаги бу каби ибратли фазилатлар албатта узоқ ўтмишдаги аждодларидан мерос бўлиб қолган халқнинг қон-қонига сингиб кетган энг яхши удумлардир. Зилзиладан кейин кўп қаватли уйлар кўпайди, уларнинг орасида баъзан чиқиндиларнинг хирмон-хирмон бўлиб уюлиб ётиши, кераксиз ҳамма нарсаларни ариқларга ағдариш каби хунук одатлар оддий ҳолга айланиб қолганди…

Аслида, хайриятки бундай эмас экан. Юртимиз мустақил бўлгач, аҳвол тезлик билан ижобий томонга ўзгара бошлади. Ҳовли-жойларми, баланд қаватли биноларми, барида қадимдагидек шинам маҳаллалар ташкил этилиб, эсдан чиқаёзган ибратли удумларимизни тошкентликлар қайта тиклашга киришдилар. Қондан-қонга ўтиб келган бундай удумлар ҳеч қачон унутилмаслигини ҳаёт ҳақиқати исботлаяпти. Қалбларию бутун борлиғини покизалик ҳисси қамраб олган, бу йўлда барчага ибрат бўлаётган кўпчилик оқсоқоллар бошқараётган бир қатор маҳаллаларда ҳақиқий орасталик тўла маънода намоён этилмоқда. Энг муҳими, бообрў кексалар ёшларни тўғри йўлга солиш ва уларни қадимий яхши удумларимизни рўёбга чиқаришдек олижаноб ишларга жалб этишга астойдил киришганлар. Шундай самарали фаолият натижаси ўлароқ, орадан беш-ўн йил ўтмай, шаҳарнинг ҳамма томонида қадим-қадимдаги меҳр-оқибат, кўркамлик, файз-барака ва покизаликлар қад ростлай бошлади. Сўлим хиёбонлар, кошиндор чойхонаю оромгоҳлар кўпайди. Бироқ шоли курмаксиз бўлмаганидек, бетартиб маҳаллалар, покизаликка эътибор бермайдиган жойлар ҳам йўқ эмас. Уларни ҳатто “Ойнаи жаҳон” орқали ҳам кўриб турибмиз. Аммо пойтахтимизнинг ана шундай жойлари ҳам эртами-кечми обод гўшалардан бири бўлишига ишонамиз.

Ҳадемай ёзги мавсум бошланади. Ҳар йилги мавсумда шаҳри азимдан неча ўн минглаб дам олувчилар Чирчиқ дарёсининг токи бош қисмига қадар боришиб, сув бўйларида ҳордиқ чиқарадилар. Айниқса, Чорвоқ сув омбори атрофларида дам олувчилар кўпайиб кетади. Ўзлари билиб-билмайми, ҳаммаёқни чиқиндиларга тўлдириб юборадилар. Улар томонидан қолдирилган уюм-уюм ифлос нарсалар тўппа-тўғри Чирчиқ дарёсига оқиб тушаверади. Қарабсизки, бу чиқиндилар дарё орқали тўғри пойтахтга оқиб тушади. Хўш, бунга йўл қўймаслик учун нима қилишимиз керак? Аввало, тоғларда, дарё ва ариқларнинг бўйларида, Чорвоқ сув омбори теварагида салқинлаётган ҳар бир инсон “осмонга тупурсанг, тупугинг қайтиб юзингга тушади”, деган иборани ёдида тутмоғи ва ўзидан бирон ҳам чиқинди қолдирмаслиги лозим. Қолаверса, асосан Чирчиқ дарёсининг тоза оқишини таъминлаш мақсадида деярли ўн беш йил муқаддам бошланиб, 1968 йилдан буён чала ҳолда ташлаб кетилган Чимён – Бақачўл канализация коллектори қурилишини албатта охирига етказиш керак. Авлодларимизнинг, шу жумладан ўзимизнинг ҳам соғ-саломат умр кечиришимиз учун бу қурилишни поёнига етказиш шунчалар муҳимки, керак бўлса ўзига тўқ, маблағи етарли жамоалар, ташкилотлар бевосита ҳашар уюштирсалар савоб бўларди. Бундан ташқари Тошкент шаҳри ичкарисига тарқалиб кетган каналлар, анҳорлар, ариқлар тозалигига ҳам эришмоқ даркор. Биргина Салор каналчасидаги ачинарли аҳволни кўриб, лол қоласан киши. Шаҳарда нима кўп – ташкилот кўп, ким кўп – яшовчи кўп. Маҳалла қўмиталари жон койитиб бир киришсалар, ҳамма ариқ ва анҳорларни қисқа вақтда тоза ҳолга келтиришлари мумкин-ку! Тозалаш ишларини ўтказиб бўлгач ҳам назоратни ҳеч қачон бўшаштирмаслик, сувни булғаганларни эса қаттиқ жазолаш керак. Токи покизалик доимий одатимизга айланиб қолгунча курашни бўшаштирмаслик лозим.

Хуллас, атроф-муҳит мувозанатини, айниқса ягона ичимлик суви манбаи бўлмиш Чирчиқ дарёсининг бошдан охиригача топ-тоза бўлишини таъминлаш, тоғлардан оқиб келаётган об-ҳаётни салгина бўлса ҳам булғамаслик ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз бўлмоғи даркор. Ахир биз яшаётган юртлар қадим-қадимдан покизаликнинг энг асосий маконлари бўлган-ку! Айниқса сувни тоза тутиш, унга тупуриш ёки бирон нарса оқизиш гуноҳи азим эканлигини ота-боболаримиз қайта-қайта таъкидлаганлар. Бу ибратли анъаналар ҳаммамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз.

“Тошкент оқшоми” газетаси,

2000 йил 19 май сони.