Сўз онингдурким, талабгоридур,
Анингдур гуҳарким, харидоридур.
Алишер НАВОИЙ
Маълумки, Шарқ мумтоз адабиёти ислом заминида дунёга келган тасаввуф таълимоти билан узвий алоқадорликда тараққий топган.
Буюк озар санъаткори Ҳусайн Жовид ХХ аср авлодини “мустабид авлод”, деб атаган эди. Унингча, ушбу асрда ақл кашф этган қонун-қоидалар башариятнинг маънавий-руҳий ҳаётига фараҳ ва севинч олиб кела олмаган. Жамият яратган қонун-қоида, урф-одатлар инсониятни маҳкумият ва тобеликнинг оғир, эзувчан тазйиқидан, қалбни танҳолик азобидан қутқаришга қодир эмасди. Дарҳақиқат, башарият ҳаётда бош кўтарган ёмонлик, разолат ва зиддиятлардан қутулиш учун маълум бир зайлда хаёлга тутқун бўлганди. Охири кўринмас турғунлик олами, совуқ ва аччиқ ҳақиқатларни унутиш, ёддан чиқариш учун тахайюл яккаю ягона тасалли воситасига айланиб қолганди. Шу тарзда воқеликка ёндашув эса ўз-ўзидан фақат алданиш, кўникишга йўл очарди. Аммо аксарият кишилар бу фожианинг туб сабабини мушоҳада этолмасди. Чунки ўшанда ярим илмий, ярим мафкуравий бир хомхаёлга дўнган “келажак” тушунчасидан диний моҳият четлатилганди.
Эътиқод туйғусини бой берган шоир ерни ҳам, самони ҳам, қалб ва виждонни ҳам бўм-бўш кўради. Ва шу бўшлик бағрида ўзини ёлғиз ҳис этади. Ахир, ичида яшаётган оламда инсонга маъни бағишлаб, уни муқаддас маъноларга илҳомлантирадиган, энг аввало, Тангридир. Диний моҳиятдан ажралган коинот Фикрат ҳаққоний таъкидлаганидек, “касофатан иборат бир модда олами” шаклига киради. Натижада, инсон олий ҳақиқатнинг бир заррасини ҳам кўролмайди. Дин ва диёнат йўлига нечоғли тўсиқ қўйилмасин, мумтоз адабиётмиз халқимизни маънавий-ахлоқий бало-қазолардан асраб-авайлашга яқиндан ёрдам берганди. Чунки унда ҳақ ишқи ва ирфон барқарор, демакки, барҳаёт эди. Ҳар қанча нотўғри талқин қилиб, ёлғонлар тўқилмасин, айтайлик, Навоийни улуғ Нақшбанд шахсияти ва нақшбандлик маърифатидан ажратиш мумкин эмасди. Навоий фикр-қарашларининг фавқулодда баланд мақомга юксалишига асосий бир сабаб ҳам ана шу. Навоийда шундай бир байт бор:
Эр эсанг мақсуди асли кўзлагил,
Ҳар неким сўзларсен — ондин сўзлагил.
Дарҳақиқат, бу дунёда нима қийин — асл мақсадни аниқлаш ва англаш қийин. Чиндан ҳам бу учун маърифат ва тафаккур паҳлавони бўлиш керак. Ана шунда одам ўзидан бошқа бир нимани эмас, одамликни талаб қила бошлайди. Худди шу маънода Навоий бобомиз айтган қуйидаги фикр — ҳеч эскирмайдиган дурдона фикр:
Нетарсен тилаб ҳар ажойибқа йўл,
Ажойиб эрур сенда, огоҳ бўл!
Лекин инсонни зоҳирий гўзаллик барибир кўпроқ қизиқтириб, ботиндаги ажойиботларни кашф қилишга нисбатан ташқи дунё гўзалликлари уни ортиқроқ сеҳрлаган. Инсониятнинг фикр ҳаётидаги адашиш, хато ва нуқсонларнинг узликсиз такрорланишига бир сабаб ҳам эҳтимол мана шудир. Башарият оламни билишда нақадар илгарилаган бўлмасин, ўзини англашда, айтайлик, асрдан асрга илдамлаб кетгани йўқ. Мағораларда топилган расмларни кўрган буюк мусаввир Пикассо “олис замонларга қараганда бугун биз жуда илгарилаганмиз деб айтолмаймиз”, деган. Чунки инсон санъат усуллари ёки техникаси билан эмас, руҳи билан чинакам санъат яратади. Санъаткорлик инсоннинг ўзидаги бир имкониятдир. Одамийлик “санъати” ҳам шундай. Асосий муаммо ичкарида ҳал этилмаса, зоҳирий ва зоҳирдан ўтказилган энг ижобий, энг кучли таъсирлар ҳам инсонни ғафлат домидан қутқазолмайди. Шу учун Навоий ғафлат ичида хуш кўринганни яхши деб, огоҳлик мақомига юксалгач, сўнгра пушаймон ема дейди:
Ғафлат аро хуш кўрубон хуш дема,
Воқиф ўлуб сўнгра пушаймон ема.
Зеро, нафс ва руҳ йўли бир бўлмагани сингари, ҳақ ва халқ йўли ҳам тўла монанд эмас:
Сен агарчи бир улусқа шоҳсен,
Тенгри йўлунда вале гумроҳсен.
“Шоир ким? Шеър нима?”, деган савол Шарқ адабиёти тарихида жуда кўп маротаба ўртага қўйилган. Айниқса, “маъно” атрофидаги баҳсу мунозаралар охир-оқибатда “шеър” ва “назм” бир-биридан айри нарсалар, деган хулосага олиб келган. Ва бошқалар томонидан идрок қилинмаган маъно теранликларини ҳис айлаб, шуларни янгича шаклларда ифодалай билган кашфи очиқ киши шоир, акс ҳолда, вазн ва қофияли сўз сўзласа ҳам, у “нозим”дир, дейилган. Шеър калимасининг луғавий маъноси шуур айлаш, фаҳмлаш, ҳис этиш, сезги ила билиш мазмунларини англатгани учун ҳам шеър билан шуур орасида бевосита алоқа мавжудлигини таъкидлаган. Алишер Навоий шу боисдан маънига асосланган завқни, шуурни янгиловчи моҳиятни шеърда биринчи ўринга қўяди:
Назмда ҳам асл анга маъни дурур,
Бўлсун анинг сурати ҳарне дурур.
Назмки маъни анга марғуб эмас,
Аҳли маоний қошида хуб эмас.
Маъни дейилганда биз, асосан, сўзнинг мазмуни, фикр, тушунча ёки ғояни англаймиз. Ҳолбуки, мумтоз шоирлар ижодида маъни руҳ, илоҳий ва ирфоний ҳақиқат, дунёнинг яралишига тегишли бош моҳият каби мазмунларни ҳам ифодалаган.
Алишер Навоий дунёнинг асосий ҳақиқат ва ҳодисотларини битта тебранмас ўлчов билан баҳолайди. Бу — ростлик ва тўғрилик. Унингча, инсоний қиёфа дегани ҳам ростликнинг шахсдаги тазаҳҳуридир. Ёлғон эса кишининг юзинимас, юзсизлигини намоён айлайди:
Агар сўзи чиндир — кўринур юзи,
Кўринмас юзи — бўлса ёлғон сўзи.
Тўғриликдан ажралиб ёки тўғриликнинг кўзига чўп суқиб яшашдан кўра, одамман деб бош кўтариб юрмасликни Навоий афзал билади:
Бировким эрур ростлиқдин йироқ,
Анингдек киши бўлмаган яхшироқ.
Ҳеч бир буюк шоирнинг фикрий-ахлоқий истаклари билан давр ва жамият ўз вақтида ҳисоблашмаган. Энг ёлғизлик ҳолатларида ҳам шоир буни билмоғи, ўзгаларга нечоғли ноҳақ кўринмасин, изтиробдан асло чекинмаслиги лозим. Навоий бир байтида ўтиб кетган ва ҳали етиб келмаган кундан гапириб ўтирма, униси ҳам йўқлик, буниси ҳам бир йўқлик дейди:
Бурунғи куну тонгладин урма дам
Ки, ул бир адамдур, бу доғи адам.
Нақди нима? Нақди — инсон нафас олиб турган ҳар бир дам, ҳар бир лаҳза, умрни сарҳисоб этгувчи соатлар, одамни ғафлат панжасидан қутқазолмай чинқираётган кун. Шуни англаган киши ҳақиқатда вақт “кескир қилич”дан ўзга бир нима эмаслигини чуқур фаҳмлайди. Энг асосийси, умр мазмунини ҳар турли тўқнашув ва адашувлар тўлқин уриб ётган ҳаётдан, воқелик билан чамбарчас боғлиқ туйғу ва тушунчалар оламидан ахтаради, илм, иқтидор, маърифат ва ҳақиқатга таянади.
Ёшлар тарбияси — бу, мактаб, илм-фан ва комилликка ғамхўрлик демак. Мактаб таълим-тарбия ва илм ўчоғига айлантирилмас экан, навқирон авлодга қараганда ёши улуғлар бундан кўпроқ зарар тортади. Яъни:
Чу ёшларға боғланса мактаб йўли,
Бўлур гум қариларға мазҳаб йўли.
Ёки Навоийнинг мана бу сўзларини олайлик: “Ёрлиқ қайда кетди ёронлар?! Йўқ мусулмонлиқ, эй мусулмонлар!”
Дўстлик, меҳр-муҳаббат, шафқат ва мурувват ўртадан кўтарилса, мусулмонликнинг нима қиймати ё аҳамияти қолади? Қуруқ гап, нафсоний найрангларга ким инонади? Навоий ҳамма жойда, ҳамма кори ҳолда сўз ва фикрнинг исботи ўлароқ фаолиятга урғу беради. Ҳар қандай ёмонликка қайсидир гўзал фазилат, хислат ёхуд амални қарши қўяди:
Сен агар зоҳир эттинг итликни,
Мен сенга кўргузай йигитликни.
Бундай сўзлардан кўнгил яйраб кетади, ўзини ҳурмат қилган одам “итлик”, ҳасад ҳужумларини қандоқ бартараф айлаш зарурлигини бехато англайди.
Биз Алишер Навоийнинг “Хамса”си ва “Лисонут-тайр” достонидан олинган баъзи байтлар атрофида фикр юритдик. Уларда бундай шоҳбайтлар жуда кўп ва маъно-моҳияти бир-биридан гўзал. Биргина байт гоҳо бир олам таассурот уйғотиб, кишини ҳеч ўйланмаган мулоҳаза ва мушоҳадаларга чорлайди. Зулм ва золимлик офатлари ҳақида кўп ўқиб, кўп эшитганмиз. Лекин “Садди Искандарий” достонидаги мана бу байт зулмнинг энг мудҳиш ва ҳалокатли таъсиридан хабар беради:
Анинг ҳукми бошимғау жонима,
Вале зулмидин кирмасин қонима.
Жоҳил, гумроҳ бандалар қилган иш, албатта, яхши бўлмайди. Аммо оқил ва доно киши шулардан ҳам зиён эмас, фойда кўради. Яъни улар юрган йўлдан юрмайди, улар қилган ишларга ҳеч қўл урмайди. Шунда ёмонлик яхшиликка хизмат қилади:
Неки қилди жоҳилки, эрди ёмон,
Тутуб акси, топдим ёмондин омон —
дейди мутафаккир шоир.
Хуллас, Навоийни ўқиш фикр ва туйғуга қанот бағишлайди, билмаганни чуқур билиш, англатмаганни теран мушоҳада қилишга кенг йўл очади. Инсон тақдирига мутафаккир шоир нигоҳи билан қаралса, ҳақиқат ўз-ўзидан ҳар турли майда-чуйда нарсалардан тозаланиб, ярқираб, нур таратиб кўрина бошлайди. Бу эса, энг асосийсидир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 6-сонидан олинди.