Устоз Абдулла Қаҳҳор тўғрисида мустақиллик даврида кўб ва хўб ёзилди. Уларда буюк адиб ва драматург мероси атрофлича таҳлил этилган ва баҳоланган, унинг ҳаётидаги кўпдан-кўп шов-шувларга сабаб бўлган воқеалар хусусида фикрлар баён қилинган.
Тақдири илоҳий тақозосига кўра, камина бу улуғ инсон билан ҳаётининг сўнгги 12-13 йили мобайнида баъзан хизмат юзасидан, баъзан ижодий давраларда, аҳён-аҳёнда эса, дўстларнинг оилавий йиғинларида кўп бор учрашишимга тўғри келган.
Севимли газетамиз “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” (дастлабки номи “Ўзбекистон маданияти”) ташкил этилган илк даврда Абдулла ака Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси эдилар. Шу боис газетанинг ижодий жамоасини шакллантиришда бош-қош бўлган Абдулла ака таҳририятга таклиф этилаётган ҳар бир ходимни шахсан ўзи қабул қилиб, у билан суҳбатлашиб, сўнгра оқ фотиҳа берар эдилар. Камина ҳам ўшанда устоз суҳбатидан муваффақиятли ўтиб, газетанинг адабиёт ва санъат бўлимини бошқаришга тавсия этилганим кечагидек ёдимда. Ёзувчилар уюшмаси билан таҳририят биноси у вақтларда “1-май” деб аталадиган кўчада жойлашган бўлиб, орада 3-4 дақиқалик масофа бор эди, холос. Ёзувчилар уюшмаси газета муассиси эканлиги сабабли уюшмада ўтадиган йиғинларнинг деярли барчасида иштирок этиш ва уларни газетада ёритиш каминанинг зиммасида эди. Шу важдан уюшмада отнинг қашқасидек таниқли эдим.
Абдулла Қаҳҳор уюшма раиси сифатида бошқарадиган йиғинларда у кишини деярли ҳар ҳафта учратиб, бошқаларникига сира ўхшамайдиган маъруза, луқмаларини эшитиб, ҳайратга тушардим. Тор доирадаги йиғинлар Абдулла Қаҳҳорнинг хизмат хонасида, кенгроқ доирадагилари эса, уюшманинг мажлислар залида ўтарди. Абдулла ака кенгроқ доирадаги йиғинларга махсус тайёргарлик кўрар ва ҳар сафар, албатта, бирор кутилмаган, оҳорли гап айтар, янги-янги тимсолларни истифодага киритар, шу сабабдан у кишининг нутқ ирод этиши кутилган йиғинларга ёзувчилардан ташқари адабиёт ихлосмандлари ҳам, қаердандир хабар топиб, гурра-гурра келишарди. Мажлислар залига одатда одам сиғмай кетадиган бундай йиғинларда Абдулла аканинг чиқиши байроқ вазифасини бажарар, анча вақтгача Тошкентда, ундан узоқ-узоқларда ҳам дув-дув гапларга боис бўларди. Бундай чиқишларнинг бирини Абдулла Қаҳҳор 1956 йилнинг жазирама ёзида ўтган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг пленумида қилган эди. Бу пленумда шахсга сиғиниш оқибатларини тугатиш масаласи кун тартибига қўйилган, 30 — 50-йиллари ноҳақ айбланган зиёлилар янгигина оқланган паллада бўлиб ўтганди. Пленумда қатағондан жабр кўриб, кечагина юртига қайтган ижодкорлар ҳам қатнашгандилар. Мажлис раёсатида ўша вақтдаги Олий кенгаш раёсатининг раиси, партия марказқўмининг мафкура бўйича котибаси ва бошқа казо-казо амалдорлар ўтиришибди. Бу пленумда Абдулла Қаҳҳор ҳақиқий жангчилардек кўкрагини қалқон қилиб, на ўтдан, на сувдан қўрқмай, тарихий нутқ сўзлагани ўша йиғин иштирокчиси Озод Шарафиддиновнинг ва бошқа бир неча ижодкорларнинг хотираномаларида баён қилинган. А.Қаҳҳор ўз нутқида 50-йиллар бошларидаги қатағонларда энг истеъдодли ижодкорларнинг чексиз бало-офатларга дучор этилишида машъум вазифани бажарган Владимир Милчаковни адабиётимиз жаллоди, деб атаб, ўз фикрларини рад қилиб бўлмас далиллар билан исботлагани кўпчиликка маълум. Мен шу нутқ оқибати билан боғлиқ, аммо бармоқ билан санарли кишиларгина билган бир воқеа ҳақида ёзмоқчиман.
Ўша вақтлари республика марказқўмининг маъмурий органлар бўлими мудири бўлиб ишлаган Босит Алиевич Охунжонов деган қайноғам бўларди. У киши ўз лавозими тақозосига кўра оғзига жуда мустаҳкам бўлиб, расмий гап ёки маълумотларни ҳеч қачон ташқарига чиқармасди. Абдулла аканинг бу нутқи билан боғлиқ масала марказқўм бюросида кўрилган пайтда у киши ҳам бюро мажлисида қатнашувига тўғри келибди. Бюро мажлисида Абдулла аканинг ўзини тутишидан Босит ака шундай ҳаяжонга тушибдики, ўша бюронинг эртаси куни бўлган учрашувимизда: “Шарифжон, Абдулла Қаҳҳорингиз бу дунёнинг одами эмас-ку! Наҳотки, қайси замонда яшаётганини, эртага нималар бўлишини ўйлаб кўрмаса!” дегач, бюро мажлиси ҳақида ташвиш билан сўзлаб берди.
У кишининг айтишича, бюро мажлиси вақтида марказқўмнинг биринчи котиби узун столнинг бош томонида, бюро аъзолари иккала томонда, Абдулла ака столнинг охирида, унинг ўнг тарафида ўша вақтдаги Давлат хавфсизлик қўмитаси раиси Бизов ўтирар экан. Ёзувчилар уюшмасининг раҳбарлари ҳам таклиф этилган экан.
А.Қаҳҳор Ёзувчилар уюшмаси пленумидаги нутқида В.Милчаковни адабиётимиз жаллоди деб ҳақорат қилгани айтилиб, “Шўро даврида жаллод қаёқда бўлади? Шу нолойиқ иборани ишлатганингиз учун бюро аъзолари ва Ёзувчилар уюшмаси раҳбарлари олдида Владимир Андреевичдан узр сўранг”, дебди биринчи котиб.
Абдулла ака ўрнидан туриб, қўлини кўксига қўйиб: “Владимир Андреевич! Мени кечир. Рус тилини яхши билмаганим учун баъзан керакли иборани тополмай, фикримга мос келмайдиган бошқасини ишлатиб юбораман”, деган экан. Милчаков: “Бу бошқа гап”, дебди ғолибона бир тиржайиш билан. Абдулла ака эса: ”Ҳали гапимни тугатганим йўқ. Мен сени жаллод демоқчимасдим, одамхўр демоқчийдим, холос!” деб жойига ўтириши биланоқ унинг ён томонидаги бюро аъзоси Бизов бошқалардан оғзини қўли билан пана қилиб: “Нималар деяпсан, ҳу, онангни…” деб ҳаёсизларча ҳақорат қилибди.
Кейинчалик маълум бўлдики, В. Милчаков бюро мажлисидан чиқибоқ, уйига келиб, кечаси билан кўч-кўлонини йиғиштириб, эртасига эрталаб ўз ҳамтовоқлари билан хайр-манзурни ҳам насия қилиб, юртига жуфтакни ростлабди. Шу кетганича қайтиб Ўзбекистон юзини кўрмади. Абдулла аканинг ўша жасорати билан ўзбек адабиёти одамхўр душманидан абадул абад қутулди.
Бу гапдан анча кейин таҳририят топшириғи билан Абдулла аканинг Дўрмондаги боғига боргандим. У ёқдан-бу ёқдан анча гаплашиб ўтирдик. Гап асносида мен кимдан эшитганимни айтмай, ўша бюро мажлиси воқеасини айтиб берувдим, у киши: “Бюро аъзоларининг ҳам хотини бор-да. Лекин мени қаттиқ сўкди, занғар…”, дея бу воқеа ҳақиқатан ҳам бўлиб ўтганини эътироф этди.
Абдулла Қаҳҳор билан ўртамизда бўлиб ўтган воқеалардан яна бири унинг “Соринка в глаз” сарлавҳали мақоласи “Литературная газета”да, сўнгра “Ҳуснбузар” номи билан “Ўзбекистон маданияти”да чоп этилишига алоқадор.
Шўролар даврида иттифоқнинг барча республикалари, беистисно, ҳамма масалаларда Москвага қарам эди. Ўзбекистон борасида марказий матбуотда нимаики чоп этилса, республиканинг ўша масалалар билан шуғулланувчи матбуот органлари уни таржима қилиб, ўз саҳифаларида босиб чиқаришлари бузиб бўлмас бир қоидага айланган эди. Бироқ Абдулла аканинг мақоласида Ўзбекистоннинг ўша вақтлардаги раҳбарларига тегиб кетадиган тагдор гаплар борлиги сабабли бу қоида бузилиши турган гап эди. Вазият шундайлигини била туриб, мен газета бош муҳаррири ўринбосари Санжар Тиллага “Литературная газета”даги мақолани кўрсатиб, зудлик билан Абдулла Қаҳҳордан материалнинг ўзбекча асл нусхасини олиш ва уни босмага тайёрлаб, газетанинг кейинги сонида эълон қилиш зарурлигини уқтирдим. Ўша вақтдаги бош муҳаррир Воҳид Зоҳидов асосан бошқа идорада ишлар, бизда ўриндош бўлгани учун таҳририятда кўп вақт бўлмасди. Шу сабабли Санжар ака ҳеч ким билан маслаҳатлашиб ўтирмай, шошилинч равишда машина чақириб, мени Абдулла аканинг Дўрмондаги дала ҳовлисига жўнатди. Абдулла ака уйда экан, ниятимизни билиб, хурсандлик билан мақоланинг ўзбекча қўлёзма нусхасини берди. Қўлёзмани “Литературная газета”да чоп этилган нусха билан солиштирганимизда баъзи тафовутлар ҳам борлиги аниқланди. Бироқ биз асл нусхани чоп этилган нусхага мослайдиган бўлсак, ишни бузиб қўйишимиз маълум бўлди. Шундай қилиб, асл нусхага ҳеч иложи бўлмаган ҳоллардагина енгил таҳрир киритиб, газетанинг кейинги сонига тайёрлаб қўйдик. Ўз ўринбосари томонидан масаладан воқиф этилган бош муҳаррир, таҳририят амалга ошираётган бу иш гўё ўзига алоқаси йўқдек, мақола асл нусхаси билан ҳам, у ҳақда теварак-атрофда пайдо бўлган кўпдан-кўп фикрлар билан ҳам қизиқмади, “Ўзбекистон маданияти”да чоп этишга мўлжалланган бу материалга ақалли бир кўз югуртириб ҳам чиқмади. Газетанинг ўша сони корректураси ўқиладиган куни таҳририятга умуман келмай, барча ишлар ниҳоясига етганида аллақаёқдан қўнғироқ қилиб, ўзи “юқори”нинг муҳим топшириғи билан шаҳардан ташқарида эканини айтди ва навбатдаги сонга бош муҳаррир сифатида Санжар Тилла имзо чекиб юборавериши лозимлигини тушунтирди. Шу тарзда, “Ўзбекистон маданияти”нинг “Ҳуснбузар” эълон қилинган сони бош муҳаррирнинг бутунлай иштирокисиз ўқувчилар қўлига бориб етди. Орадан икки-уч кун вақт ўтгач, Маданият вазирлиги коллегияси йиғилишига Санжар Тилла ва мени шошилинч равишда чақиришди. Коллегия йиғилиши “Ҳуснбузар” газета саҳифаларида чоп этилганини катта хато деб ҳисоблади ва биз берган изоҳлар умуман инобатга олинмай, Санжар Тиллага маъмурий “ҳайфсан” эълон қилинди, мен огоҳлантириш билан қутулиб қолдим. Бу ишдан ўзини олиб қочган бош муҳаррирга: “Сиз қаерда эдингиз? Нега бу ишларга аралашмадингиз?” дейдиган одам топилмади.
Тез вақт ичида Алишер Навоий номидаги Опера ва балет театри биносида республика ижодкор ходимларининг катта йиғилиши бўлиб, унда ҳам махсус тайёрлаб қўйилган бошқа касб эгалари қўлларида қанча тош бўлса ҳаммасини Абдулла Қаҳҳорга отиб, тинчидилар. Абдулла акани ҳимоя қиладиган бирор азамат ёзувчи топилмади…
Абдулла Қаҳҳор ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам ниҳоятда талабчан эди, бирор асар ёзадими, бошқа бировнинг ишини таҳрир қиладими, бир меҳнат ўрнига ўн меҳнат қиларди. Ўша даврнинг таниқли адабиётшуноси Матёқуб Қўшжонов таҳририятга 16 саҳифадан иборат машинка ёзувида материал олиб келгани ёдимда. Мақола долзарб мавзуга бағишланган бўлиб, пухта ёзилган, аммо унда баъзи мунозарали ўринлар ҳам бор эди. Таҳририят раҳбарлари билан маслаҳатлашдик, мақола насрий асар хусусида бўлгани учун уни Абдулла акага ўқитиб олишни лозим кўрдик. Мен одатдагидек, Дўрмон дала ҳовлисига бориб, уни кўриб беришни устоздан илтимос қилдим. У киши уч кундан сўнг хабар олишим кераклигини айтдилар. Уч кундан сўнг дала ҳовлига бориб, не кўз билан кўрайки, мақолани ўқиб чиқиш етмаганидек, уни ўз қаламлари билан янгидан ёзиб, 16 саҳифадан уч ярим саҳифа материал ясаб, мақоладаги барча асосий фикрларни тўлалигича сақлаган эдилар. “Аттанг!” деган янги сарлавҳа остида эълон қилинган бу мақола йиллар давомида тилдан-тилга ўтиб юрди.
Абдулла Қаҳҳор атрофидаги ёзувчи, шоир, журналист, олимларнинг барчаси халқ эъзозига сазовор бўлган, ҳар қандай шароитда ҳам эътиқодига хиёнат қилмайдиган кишилар эди. Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов, Умарали Норматов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, Шуҳрат, Саид Аҳмад, Ҳибзиддин Муҳаммадхонов, Яҳё Ғуломов, Муҳаммаджон Ўрозбоев.., эҳ-ҳе бу рўйхатни яна давом эттиравериш мумкин. Шуниси ҳам борки, уларнинг аксар қисми худди Абдулла ака билан дўст-қадрдон бўлганликлари учун не-не таъқиб ва тазйиқларга дучор этилмаганди.
Абдулла аканинг расмий йиғинлардаги чиқишларини ҳам, ўз ҳамкасб дўстлари даврасида айтган гапларини ҳам кўп бора эшитишимга тўғри келган. Бу чиқишларида устоз адиб ҳамиша ўзини ўзбек адабиётидаги умумий аҳвол учун жавобгар ҳис қилиб, куйиб-ёниб, қаттиқ тегадиган қилиб гапирар, ҳамиша мустаҳкам мантиққа асосланарди. 1952 йили Тошкентда Ёзувчилар уюшмаси мажлислар залида, республика ёш ижодкорлари семинар-кенгашида сўзлаган ажойиб нутқи хотирамда михланиб қолган. Ўшанда Абдулла ака ўз нутқини: “Ҳозирги ёшларга ҳавасим келади, улар бизнинг авлод ёшлик чоғида қилолмаган катта ишларни қилмоқдалар” деб бошлаган ва ўша кунлари шеърият майдонига эндигина кириб келаётган Ҳусниддин Шариповнинг “Саҳрога ҳужум” номли шеърини ибрат намунаси сифатида келтириб, атрофлича таҳлил этганидан сўнг, “Ҳозирда Ҳусниддиндан кўра беш-ўнта кўйлакни кўпроқ йиртган қаламкашлар ундан дарс олишларини истардим”, деганди. Сўнгра ўзбек насри ва шеъриятидаги умумий аҳволга тўхтаб, баъзи адиб ва шоирларнинг ижод соҳасидаги, шахсий ҳаётидаги нуқсонларини ўйиб-ўйиб оладиган, кесатиқ сўзлар билан бутун зал тасаввурида яққол гавдалантириб берганди. Ўшанда Абдулла ака суюққина ҳикоя ва очерклардан иборат кичкина бир китоби нашр этилиши биланоқ кенг кўламли повестга қўл уриб шарманда бўлган бир ёзувчи ҳақида: “Повест ёзсам, ёзиб ташлай қолай, дебди-да бола фақир” тарзида кесатган, Абдулла Набиев ҳақида катта достон эълон қилдирган анча таниқли шоир ҳақида тўхталиб: “Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, достонни ўқиб қусгим келди. Шундай достондан яна икки-учта яратилиб, чоп этилса, ўзбек шеърияти адойи тамом бўлади”, дегани шундайгина қулоғимда жаранглаб турибди.
Абдулла ака ижодкорни фақат у яратган асарининг салмоғига қараб баҳолар, ҳар қандай катта лавозим эгаси бўлса ҳам ёзганлари умумий савиядан пастроқ бўлса, уни ҳеч қачон аяб ўтирмасди. Бир куни Абдулла ака савияси пастроқ деб ҳисоблаган йирик амалдор ёзувчи билан катта бир йиғин раёсатида ёнма-ён ўтиришига тўғри келиб қолибди. Йиғин тугагач, Абдулла ака ташқари томон йўл оларкан, бояги амалдор ёзувчи орқадан келиб, устозни қўлтиқлаб, ўзининг деярли оқариб бўлган сочларини силаганча: “Мана, Абдулла ака, биз ҳам Сизга етиб қолдик”, дебди. Абдулла ака эса, оппоқ қордек сочларини силаганча унга: “Сочингиз оқараверадию, аммо менга етишингизга анча қовун пишиғи бор”, дебди.
Бир куни ҳозирги Ўзбекистон Миллий театрида драматурглар билан ижодий ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган катта йиғин бўлди. Йиғинда истеъдоди кам драматурглардан бири ўз асарини театр бадиий кенгаши қабул қилмаганини айтиб, репертуар йўқлигига гўё театр жамоаси айбдор деб даъво қилганида, Абдулла ака: “Ҳой, барака топгур, театр — санъат эҳроми. У асло ахлат ташлайдиган жой эмас”, дея оғзига урган эди.
Абдулла Қаҳҳор адабиётда на уёқлик, на буёқлик бўлмаган, ўз ёзганлари билан ўқувчилар вақтини бекорга оладиган қаламкашларни қанчалик сихга тортса ҳақиқий истеъдод эгаларига, “адабиёт эшигини пойафзали пошнаси билан эмас, балки қалам учи билан очиб кирган” ижод соҳибларига ҳамиша ва ҳамма ерда эҳтиром кўрсатар, уларни ҳар жиҳатдан руҳлантирарди. Чунончи, уюшмадаги катта йиғинлардан бирида заҳматкаш ва истеъдодли, феъл-атвори ўта ёқимли адиб Ҳаким Назир хусусида: “У Ёзувчилар уюшмаси ҳавосини тозалаб турувчи туйнукнинг ўзи” деганди.
Ҳақиқий шоир Мамарасул Бобоевнинг 50 йиллик юбилейида: “Мамарасул жуссаси кичик, унча кўримли бўлмаса ҳам, унинг ижоди аллақанча узоқ-узоқлардан ҳам мана-ман, деб кўриниб туради. Афсуски, уюшмамизда ҳар елкасига биттадан паҳлавон йигит ўтирса бўладиган алпсиёқли шоирларнинг ижоди уюшманинг ўзидан қарасанг ҳам кўринмайди”, деган сўзларини айтиб, не-не шоирларни зил-замбил қилгани ҳам ёдимда.
Абдулла акада юмор ҳам ниҳоятда ривожланган бўлиб, тўсатдан вужудга келадиган, кутилмаган ҳар қандай ҳолатга қуйиб қўйгандек мос келадиган бир гап айтар эди. Абдулла аканинг сочларида битта ҳам қора, ёзувчи Йўлдош Шамшаровнинг бошида эса битта ҳам тук қолмаган эди. Бир куни Навоий номидаги театр ёнбошидаги газеталар комплекси биноси коридорида Абдулла ака қандайдир таҳририятни излаб бораётганди. У кишининг рўбарўсидан Йўлдош Шамшаров чиқиб қолди: “Ия, Абдулла ака сочни жуда оқартириб юборибсиз-ку” — деди. Абдулла ака эса, қордай оппоқ сочларини силаб: “Оқ бўлса ҳам бори яхши”, дея Йўлдош акани лол қолдирди.
Абдулла аканинг Дўрмондаги дала ҳовлисига бир сафар иш юзасидан борганимда, у киши билан ҳовлидаги сўрида узоқ суҳбатлашиб қолдик. Шу аснода тушлик вақти бўлиб, Кибриё опа мошхўрда қилган экан, косаларда олиб келиб, бир кичик косада қатиқ ҳам келтирди, мошхўрданинг пиёзи куйиб кетган экан, шекилли, Абдулла ака ўз косасига икки-уч, ҳатто тўртинчи қошиқ қатиқ аралаштирса ҳам мошхўрда унчалик оқармади. Шунда Абдулла ака хотинига: “Ия, Кибриё бугун қора қатиқ олганмидингиз, мошхўрда қурғур ҳеч оқармаяпти”, дея лутф қилган эди. Кибриё опа ҳам: “Уйимизда нима кўп, оқ нарса кўп. Битта қатиқ қора бўлса, нима ташвиш”, — дея лутф билан жавоб берди.
Камина Абдулла ака билан кўп йиллар яқин муносабатда бўлсам ҳам у кишининг ижод маҳсулимга катта йиғинда бир мартагина баҳо берганидан ниҳоят теримга сиғмай кетганман.
Бу воқеа ёзувчи Шуҳратнинг “Олтин зангламас” романи билан боғлиқ эди. Бу романни чоп эттириш йўлида кўпдан-кўп қаршиликлар бўлиб, давлат матбуот қўмитасининг бош муҳаррири Исоқжон Муллажонов ҳамда китобни таҳрир этган Ҳибзиддин Муҳаммадхоновнинг катта жасорати туфайлигина у дунё юзини кўрганди. Юқорида зикр этилган икки дўстимнинг тавсияси билан камина романга тақриз ёзишга киришдим ва ҳали китобнинг сигнал нусхаси чиқиб улгурмасданоқ назорат табақлари бўйича тақризни тайёрлаб қўйдим. Китобнинг сиёҳи қуримасданоқ, 1966 йилнинг 6 февралида “Ўзбекистон маданияти”да “Ўтда тобланганлар қиссаси” сарлавҳали катта тақризим эълон қилинди. Худди ўша кунга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида 1965 йил насри муҳокамасини ўтказиш режалаштирилганди. Муҳокама, адашмасам, эрталаб соат 11да бошланди. Буни қарангки, Абдулла ака ўша куни тонгдаёқ, газетадаги тақризни ўқиб чиқиб, у ҳақда тайёр фикр билан муҳокамага келибдилар. Абдулла ака ўз нутқида тақризга анча кенг тўхталиб, жумладан: “Мен танқидчи ёзувчининг дўсти” деган гапга жилла ҳам ишонмасдим. Лекин газетанинг бугунги сонида “Олтин зангламас” ҳақидаги тақризни ўқигач, аввалги фикримдан қайтдим. Негаки, романнинг қўлёзмасини мен ҳам ўқигандим. Лекин унда шунча гап борлигини тўла тасаввур қилмаган эканман. Тақризчи менинг ҳам, китобхонларнинг ҳам бу соҳадаги тасаввурларини бойитишга кўмаклашди”, дедилар.
Турган гапки, ҳамиша, ҳамма масалада талабчан бўлган Абдулла Қаҳҳорнинг бундай илтифоти мен учун бир умр ёдда қоладиган мукофот эди. Орадан 40 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса ҳам ҳануз шу илтифот завқи билан яшайман.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 11-сонидан олинди.