Раъно Иброҳимова. Аёлга мактуб. Эпистоляр жанр эскирдими? (2007)

Хат ўқишни ҳаммамиз яхши кўрамиз, баъзида бошқаларга тегишли мактублар бўлса ҳам. Бу ҳолат, айниқса, тадқиқотчилар, тарихчилар, адабиётшунослар учун зарурат. Чунки хатлар, айниқса, машҳур шахслар ўртасидаги ёзишмалар тарих саҳифаларини жонлантиришда, фикр юритилаётган шахсга оид маълумотларни ойдинлаштиришда, тадқиқотчилар эътиборидан четда қолган айрим зарур чизгиларни тўлдиришда илмий қимматга эга. Улар фақат кўнгил ёзиш, инсоннинг ўз фикрини қоғозда ифодалаш усули бўлибгина қолмай, балки дунёнинг турфа рангларини кўра билиш, ҳис этиш имконини ҳам беради. Мактубларнинг тури кўп: ёзишмалар, хизмат юзасидан ёзилган хатлар, севишганлар мактуби, дўстона мактублар ва ҳоказо.
Жаҳондаги барча пешқадам зиёлилар хат ёзиб, хат олишган. Тарих Навоий ва Жомийнинг ўзаро ёзишмалари, Пушкин, Тургенев, Достоевский, Ойбек ва яна кўплаб машҳур шахслар ёзган хатларнинг гувоҳи бўлган. Бундай мактублар умумхалқ мулкига айланиши лозим.
Бугунги кунда техника тараққиёти, телефон, телеграф, электрон почта эпистоляр жанрни ташкил этувчи мактубларга бўлган эҳтиёжни сўндирди, кишилар бир-бирларига хат ёзишдан узоқлашди, деган фикр устунлик қилади. Бизнингча, моҳияти эмас, балки унинг кўриниши ўзгарди, холос.
Одатда, хатлар киши ҳаётлик чоғида чоп этилмайди. Лекин табиат истисноларга тўла бўлганидек, адабиётда ҳам истиснолар бўлиши мумкин. Менга танишиб чиқиш, фойдаланиш учун тақдим этилган хатларни эълон қилишга асосим бор, деб ўйлайман. Чунки бу мактублар гарчи шахсий бўлса-да, уларнинг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилиши фойдадан холи бўлмайди. Чунки хатлар дунёда муҳаббат деган ҳис боқий эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилишга имкон беради. Бу мактублар муаллифларнинг аёлга дил изҳори, оиласига, болаларига муносабатини ифодалабгина қолмай, балки аёлларнинг оилада, жамиятда тутган ўрнини кўрсатади.
Мактублар мазмунидан хат эгасининг ҳаёти, фаолияти, феъл-атворига хос белгиларни топиш мумкин. Хатлар ҳамиша тарихий фактларни акс эттирувчи манба сифатида хизмат этавермайди, балки хат эгасининг кўпроқ мактуб ёзаётган дақиқалардаги ҳолатини, руҳиятини белгилайди. Мактублар кишига ҳаётий тажриба орттиришда, ҳаётда жавоб тополмаган саволларга жавоб топишида кўмаклашади.
Биз хатлар оламига саёҳатимизни атоқли олим Матёқуб Қўшжоновнинг аёли бизга лутфан тақдим этган хатдан бошламоқчимиз. Устознинг аёлига ёзган хатларини бир жилд остига жамласа, Фарҳод ва Ширин қиссасидан қолишмайдиган севги достонининг шоҳиди бўламиз. Имкониятдан фойдаланиб, таниқли олимлар — дўстларим Асқар Мусақулов ва Иброҳим Ҳаққуловнинг аёлларига ёзган мактубларини ҳам эътиборингизга ҳавола этмоқчиман. Бу икки авлод вакилларининг мактублари билан танишиб чиққач, ҳаётнинг нақадар гўзаллигини, кимгадир керакли эканлигингизни яна бир бор ҳис этиб, мамнунлик ҳиссини туясиз, деган умиддаман. Хат муаллифларининг қалбидан кечган туғёнларни ҳис этишингиз учун уларни бирон-бир ўзгартиришсиз келтираяпмиз. Мана, устоз Матёқуб Қўшжоновнинг ўтган аср 50-йиллари бошида аёлига битган мактуби:
“Салом Риммажон!
Бугун выходной куни. Кўча жуда яхши. Сенга ёзаётган хатимни тамом қилиб, кўчага чиқиб кетаман, ундан МГУга, Джуманиёз томонга бориш ниятим бор.
Кайфиятим ниҳоятда яхши, кеча, 27/ экзаменни “хорошога” топширдим. Бу жуда яхши баҳо, чунки эстетикадан шундай баҳога топшириш осон эмас. Агар мен сизга группамиз бўйича бўлган натижани айтсам, бу гапимга жонлиқ билан ишонасиз. Группамиздаги етти киши, булардан мендан бошқаси рус ўртоқлар, болалигидан адабиётни ўқиб келаётган, академиядан олдин катта лавозимларда ишлаган одамлар, кўписининг илмий асарлари ҳам бор. Шуларга қарамасдан биттаси “2”, учтаси “3”, икки киши “хорошо”, ўшандан биттаси мен, биттаси “аъло” баҳо олишди.
Бу мен учун катта муваффақият бўлди. Энди 20 мартда философиядан экзамен бор. Агар ундан ҳам омон-эсон ўтсам, демак менинг позициям жуда мустаҳкам бўлади.
Кеча экзаменни топшириб, уйга келсам столимнинг устида “Қизил Ўзбекистон” газетаси билан сизнинг хатингиз турибди. Хатингизни ўқиб чиқдим, кейин газетани кўриб чиқдим. Хатни шошиб ёзган бўлсангиз керак, кўп жойларини чуқур тушуниб тагига етолмадим. Ёки бўлмасам, менинг ўша хатларим сизни анча қийнаб қўйган бўлса керак, бу тўғрисида ўзингиз ҳам ёзгансиз. Кечирасиз, эҳтимол, мен бу гапларни шошилиброқ ёзгандирман, ҳали вақти келганича йўқдир.
Тушунолмаган жойларим шуки, бу гапларга мен хатда жавоб беролмайман дебсиз-ку, Сиз келгунингизча мен Ташаузга кетиб қолсам керак, дебсиз. Демак, ёзда учрашишимиз жуда қийин экан-да.
Мен ҳам Ташаузга боришим мумкин эди, аммо аввало бу ишга Сиз қандай қарайсиз, мен буни билмайман, орқангиздан Ташаузга боришга менинг тоқатим йўқ. Мен Ташаузни, унинг оддий халқини жуда яхши кўраман, боришга тоқатим йўқ деганимнинг сабаби, у ерда илгари мени ўзларига ўртоқ, деб ўзларини Ташаузнинг гули деб ҳисоблаган баъзи маҳмадона (сплетник) иғвогарларни ниҳоятда ёмон кўраман, уларни кўрсам кўнглим кўтарилади. Гап шундаки, улар мени кўролмайдилар (они завидуют, отсюда и ненавидят меня). Ташаузга бориб, ўша кишилар билан агар мабодо гаплашиб қолсангиз, улар сизга мен тўғримда романга сиғмайдиган гапларни гапириб беришади. Менинг энг яхши ўртоқларим Тошкентда. Шунинг учун мен ўйлаган эдимки, ўқишдан Сиз ҳам чарчагансиз, мен ҳам чарчаганман, шуни назарда тутиб, ёзда 12 кунларча Тошкентдаги тузук кишилар ўртасида дам олсак, кейин хоҳласангиз Қримга кетсак, деган эдим. Бу ҳақда энди, яъни Қримга кетиш тўғрисидаги сизнинг фикрингиз менга маълум.
Аҳмад ака … тўғрисида яна гап қўзғапсиз. Аввало, бу гапни сиқавериб, жуда суви чиқиб кетди. Иккинчидан, Аҳмад ака билан бизнинг муносабатимиз жуда яхши, бир-биримизга умримизда зарар ҳам бермаганмиз, бермаймиз ҳам. У жуда оқкўнгил одам. Сиз тўғрингизда у билан биз гаплашганмиз, бироқ мен уни “сен ўша гапни Риммажонга гапиргин”, деб вакил қилганим йўқ эди. У ўша оқкўнгиллигидан, иккинчидан, мастлигидан ўша гапни гапирган.
Нега ўша кеча у гапни ўзим сизга гапирмадим? Бу гапга нисбатан мен учун орамиздаги суҳбат қимматлироқ эди. Агар мен бу масалани кўндаланг қилиб гапирсам, суҳбатимиз ўша гап билан тамом бўлар эди-да, баъзи беўнғайликлар бўлар эди. Бу суҳбат охирги бўлар эди. Сиз менинг ички ҳиссиётимни ва мен сизнинг ички ҳиссиётингизни яхши сезолмаган бўлар эдик.
Ойман Ташаузга бориб гапирган бўлса, гапиргандир. Бундай гаплар Ташаузнинг ҳар бир аблаҳининг қўлидан келади. Унинг ҳам негизи ўша — кўролмаслик.
“Юрак” тўғрисидаги гапни яхши тушунмабсиз. Гап менда кўнгил борми, йўқми эканлигида эмас, гап менинг кўнглим, юрагим сизга лойиқми, йўқми, шу тўғрида эди. Албатта, уни сиз ўзингиз билиб олишингиз керак. Мен сизни саводли қиз эканлигингиз тўғрисида сиздан сўраб билаётганим йўқ. Мен сизга, сиз тўғрингизда пайдо бўлган фикрни …
Кўнгиллик ўртоқларим йўқ деганингизга ишонмайман. Бу ҳақда яна бошқа ёзаман.
Экзаменларни муваффақиятли топширганингизни билиб, жуда хурсанд бўлдим. Жуда катта муваффақият.
Гапим тамом, иккита расм юборинг.

28 февраль, 1953 йил.

Айтган нарсаларингизни, албатта, олиб юбораман, яъни экзамендан кейин”.
Устоз Матёқуб Қўшжоновнинг Римма опага йўллаган бу хатини ўқиб, унинг фикрлаш тарзидан ҳаётда тутган позицияси мустаҳкамлигига иқрор бўламиз.
Олимнинг севги бобида ҳам позициялари мустаҳкамлиги мактуб сатрларидан аниқ сезилиб турибди. Иш ва ўқишни юқори ўринга қўядиган Матёқуб Қўшжонов учун оила, муҳаббат муаммолари ҳам ғоят муҳим бўлганини ушбу хатдан илғаш қийин эмас. Бир деталга эътибор беринг: кўчадан кирган устоз стол устида “Қизил Ўзбекистон” газетаси ва Римма опадан келган мактубни кўради. Иккаласи ҳам юртидан мужда. Домла аввал мактубни ўқиб, сўнг газетани қўлга олади. Бу уларнинг муҳаббати, соғинчидан далолатдир.
Хатдан устоз характерига хос чизгилар: ўзини босиб олган йигит эканлиги, ҳиссиётга берилмасдан, ақл билан иш тутишини ҳам пайқаш мумкин. Устоз вақтни жуда қадрларди. Бизга ҳамиша: кунига бир бетдан ёзсанглар бир йилда 360 бет бўлади, бу битта китоб дегани, дер эди. Мактубда Римма опага: “бизнинг ўртамиздаги суҳбат қимматлироқ эди”, деб ёзганидан ҳам устознинг суҳбатда иккинчи даражали, керакмас мавзулар ўрин олишини истамагани, бекорчи гапларга вақтни кетказмасликка урингани билиниб турибди.
Устознинг қалбидаги севги тафтини биргина Римма опа исмига “жон” сўзини қўшиб айтишидан ҳам билса бўлади. Бу сўзда хат муаллифининг қалб ҳарорати яққол сезилиб турибди.
Навбатдаги хат муаллифи фолклоршунос олим Асқар Мусақулов.
“Саломнома!
Ассалом Сожидахон! Соғликларингиз, ишларингиз қандай? Акам, опам, катта отам, энамлар ва чечамлар, чурвақа-ю қурвақалар соғ-саломат юришибдими? Муқри томонда нима гаплар? Номма-ном айтишга зерикканим учун ҳаммангизга общий салом.
Жонгинам, мана ўз сўзимга вафо айлаб, сизга мактуб иншо этмакдаман. Бобир Мирзо айтган экан!

Кимки вафо қилса, вафо топқусидир,
Кимки жафо қилса, жафо топқусидир.

Яхши киши кўрмагай ёмонлик ҳаргиз,
Кимки ёмон бўлса жазо топқусидир.

Шу каби мен ҳам жафо чекишдан безордирманким, янгилик бўлмаса-да, олди-қочди, ўпди-тишлади гаплардан иборат хат ёзадурман. Жонгинам, мендан аҳвол сўрасангиз жуда яхшидурман. Ўтган сафарги хатингизни олиб кўнглим жичча ғаш. Негаки, сизни биламан-да. Бўлар-бўлмасга куйинаверасиз. Хатларим етиб борган бўлса, хат ёзмаяпсиз, деган гапингизни қайтариб олинг ва беҳудага кўнглингизни ғаш қилаверманг.
Жонгинам, сизга атаб бу сафар Бобир Мирзонинг шу ғазалини ёзиб юборяпманки, у менинг қанчалик сизни соғинганимни ифодаласин.

Хазон япроқ янглиғ гул юзинг
ҳажрида сарғардим,
Кўриб раҳм айлагил, эй лоларух
бу чеҳраи зардим.

Сен эй гул, қўймадинг саркашлигингни
сарвдек ҳаргиз,
Аёғингга тушиб барги хазондек
мунча ёлбордим.

Жонгинам, яна нималарни ҳам ёзардим. Шу кунларда, ростини айтсам, жуда чарчаб юрибман. Суткасига атиги 3-4 соат ухласа ким ҳам чарчамайди, дерсиз. Биз бир ҳафта постда турамиз. Бир аҳмоқ командир шу ҳафта бизга бошлиқ. Ҳеч кимга уйқу бермайди. Ёшлар ҳатто йиғлаш даражасига бориб етди. Камина эса сабот, матонат кўрсатмоқда. Жонгинам, бу гапларни нолиш, деб билманг. Асло, мен хафа бўламан. Янгилик бўлмаганидан борига барака, деб ёзаяпман.
Сожидахон, келгуси сафар сизга “Шоир, унинг кампири ва тилла қурвақа” деган поэмани тугатиб юборсам керак. Бу поэма каллаварам, кўп девона чол, ўқишни орзу қилган унинг кампири ва тилла қурвақа ҳақида ҳикоя қилади.
Жонгинам, хатим узунроқ бўлиши учун шундай қилсак: Сиз савол берсангиз, мен жавоб айласам. Масалан, бу янглиғ:
Деди: Недир сизга оламда пеша?
Дедим: Сени ишқинг ҳамиша.
Бу, албатта, ҳазил. Аммо, кўпроқ саволли хат ёзсангиз, мен тўтидай жавоб хатларимда бир гапни такрорлайвермас эдим. Шу билан ҳозирча хайр. Жонгинам, кампиргинам. Сизни ўпиб қолувчи Асқарингиз.”
Асқар Мусақулов бу хатни ёзганида 25 ёшда эди. Хат матнидан унинг характерига хос ҳазил-мутойибага мойиллигини, оиласидан узоқда, кунлари бир хил ва зерикарли ўтаётганини англаш осон. Қалбидаги гапларини севикли аёлига етказишда, фикрини ёрқинроқ ифодалашда Алишер Навоий, Бобир Мирзога мурожаат этгани унинг ўзбек халқ оғзаки ижоди билан бир қаторда классик адабиётимизни ҳам яхши билишидан, гапларини тасдиқлаш учун улуғ адибларимиздан мисоллар келтиришни одат қилганидан далолат беради.
Таниқли олим Иброҳим Ҳаққуловнинг турмуш ўртоғига ёзган мактубларидан унинг фақат аёлига муносабати эмас, балки адабиётга муносабати, баҳоси, ишлаш тарзи, ижод лабораториясидан воқиф бўламиз. Унинг мактублари ўзига хослиги билан ажралиб туради, биронта мактубида хотинига нисбатан айтилган мурожаат қайтарилмайди. Хатлари қуйидаги сўзлар билан бошланади: “Салом, менинг жоним”, “Менинг соғинчим”, “Жону жаҳоним”, “Салом ўртоқ”, “Хотинга хат” ва ҳоказо. Иброҳимнинг мактубларидаги яна бир ўзига хос хусусият шуки, у ҳар бир хатига сарлавҳа қўяди ва бу мактубнинг мазмунини билдиради. Масалан, “Хабарнома”, “Мактуб-мулоқот”, “Арзнома”, “Истакнома”, “Қайднома”, “Ҳолнома”, “Асрорнома”, “Табрикнома”, “Арзи ҳол”, “Дилу нохуш, номаю хуш”, “Соғинч сўз”, “Фироқнома” каби. Мактублардаги эпиграфлар ҳам ўзига хос: “Дарёлар ирмоққа дўнар, сен бўлмасанг ёнимда”, “Ҳам сабру қарору тоқатим йўқ, Доғи киши ила улфатим йўқ”, “Жаҳонда гарчи юз минг фитналар бор, Фироқингдек, вале, айни бир бало йўқ”. Қизиғи, мактубда келтирилган эпиграфларни ўргансангиз, (келтирилган эпиграфларнинг аксариятида муаллифлари қайд этилмаган), уларда Иброҳимнинг қалбини ўртаган дард ўзидан белги бериб турганига ишонасиз. Унинг қуйида биз келтирган хатидан ҳаётдаги концепциясини билиб олса бўлади.
“Хабарнома
Менинг ҳолим кундан кун ёмон.
Зор бағримни заҳарлар илон…
Миразизий
Салом, менинг жоним!
Аҳволинг, соғлиғинг қандоқ? Хат ёзмаганинг менга ёқди. Қулни хаёл ўлдирар тарзда иш кўрмаган бўлсанг бўлди. Мен китоб ўқиш, фақат китоб варақлаш билан бандман. Варақлаш бор, валақлаш йўқ. Қандай яхши. Қани энди, доимий мана шундоқ, хотиржамликда яшаб, ишлаб ўтсанг.
Менга луғат беришди (ўз-ўзимга), чет тилини ўрганаётирман. Насиб этса, ўрганишни давом эттираман.
Яхши-яхши тушлар кўраяпман. Баъзилари фавқулодда ғаройиб. Умуман туш — яхши дунё. Эркин дунё.
Сен қимматли вақтингни сарфлаб хат ёзиб ўтирма. Мен кетгунимча, барибир, етиб келмайди.
Кўришгунча хайр. Сенинг бечора Иброҳиминг.
4.04.81.”
Мактуб мазмунидан Иброҳимнинг ҳаётдаги концепцияси валақлаш эмас, китоб варақлаш экани англашилади. Мактубдаги туш кўриш билан боғлиқ сатрларга эътибор берсангиз, Иброҳимнинг орзу оламидан: балиқ бўлиб сузиш, қуш бўлиб учиш, акс-садо бериб ҳайқириш, бутун оламни, табиатни қучоғига сиғдириб севиш истагидан воқиф бўласиз.
Биз икки авлод вакили — устоз Матёқуб Қўшжонов, Асқар Мусақулов ва Иброҳим Ҳаққулнинг мактубларини шарҳлашга уриндик. Уларнинг қарашларида, позицияларида хилма-хиллик бўлиши мумкин. Лекин уларнинг қарашлари бир нарсада — севги, аёлларга меҳр-муҳаббат, муносабатда муштарак.
Ҳозир кўпчилик хат ёзишда алоқа воситаси — почтадан деярли фойдаланмайди, бармоғини букиб хат етиб келадиган кунни санамайди, йўл пойлаб ҳаловатини йўқотмайди. Е-mail — электрон почтадан фойдаланади. Хатни ёзиб, компютер тугмачасини босса бўлгани, хат шу ондаёқ эгасига етиб боради. Бу мўъжиза кишиларга қанчалик қулайлик туғдиргани сир эмас. У инсонни кутиш азобидан халос этди. Лекин наҳот электрон почта ҳаётимизга кириб келиши билан кишилар ўртасидаги ёзишмалар барҳам топса, наҳот эпистоляр жанрнинг вақти ўтган бўлса, деган савол туғилади. Бунга аниқлик киритиш мақсадида бир танишимга мурожаат қилдим. Унинг ўғли Ҳарвард университетида ўқийди. Ўғли онасига ҳар ҳафтанинг шанба куни хат ёзиб юборади. Хат икки ҳафтада онанинг қўлига етиб келади. Она кун санайди, хат ташувчидан хат келдими, деб суриштиради, хат келадиган куни уйдан кўчага чиқмайди, кутади.
Танишимнинг электрон почтадан фойдаланиш имконияти бор, лекин фойдаланмайди. Сабабини сўрадим. Электрон почта орқали юборилган хатдан ўғлимнинг ҳиди келмайди, дейди она. “Қўлда ёзиб юборган хатини олганимда мен сиёҳ рангидан, қайси ручкадан фойдаланганидан, ҳатто хатни конвертга қандай, икки ё тўрт буклаб солганидан унинг ҳолатини ҳис қиламан. Ёзувига қараб — хотиржам ё шошиб ёзганми, соғми, бетобми — буни ҳам билиб оламан”, деди яна она.
Бу суҳбатдан сўнг мен эпистоляр жанрнинг вақти ўтмаганига ишонч ҳосил қилдим. Хат ёзишнинг қулай томонлари кўп. Киши қалбининг тўрида яширинган энг нозик туйғуларни қоғозга тўкиб солиш оғзаки айтишдан кўра баъзан осонроқ кечади ва қалбга тезроқ йўл топади. Нима бўлганда ҳам хат ёзинг. Қўлингиз билан ёзган мактубнинг қадри, ҳарорати бошқача бўлади.

Раъно Иброҳимова,
филология фанлари доктори
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 10-сонидан олинди.