КОСА ТАГИДАГИ “НИМКОСА”
Ҳурматли Нусрат ака!
Сиз бир вақтлар Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасида Сибир дарёлари сувини Марказий Осиёга оқизиш лойиҳаси муҳокама қилинишида иштирок этганингиз каби, камина ҳам ўша кезлари мазкур лойиҳани рўёбга чиқаришга жалб этилган нуфузли сув хўжалиги идораси раҳбари билан газетамиз саҳифаларида суҳбат қилганим эсимда. Ўшанда сизу биз эмас, жуда кўпчилик бу лойиҳа амалга ошса, кечикиброқ бўлса ҳам Орол муаммосини ҳал этади, деб ўйлашган. Бироқ кейинроқ маълум бўлдики, Сибир сувларининг бир қисмини тобора қуриб бораётган денгизни асраб қолиш учун эмас, иложи борича уни тезроқ қуритиб, очилиб қолган ерларга ҳам пахта экиш учун Марказий Осиёга буриш кўзда тутилаётган экан. Бу сир “Орол — 88” илмий экспедицияси чоғи фош бўлган, унинг харитаси Қизилўрда ва Москвада олимлару адиблар иштирокидаги анжуманларда жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинганди.
Демак, ўша лойиҳанинг барбод бўлишига унинг керагидан ортиқ муҳокама этилгани ёхуд Сергей Залигин каби адиб ва экологларнинг қарши турганигина эмас, “коса тагидаги нимкоса”, яъни Оролни ўлимга маҳкум этиб, неча-неча миллион аҳоли истиқомат қилаётган ҳудуд экологик фожиага юз туттирилгани ҳам сабабдир, десак тўғрироқ бўлади. Чунки мазкур лойиҳа бошида ҳам, Оролнинг қуриган жойларига пахта ва шоли экишни режалаштирганлар тепасида ҳам бир ташкилот — собиқ иттифоқ Сув хўжалиги вазирлигининг ҳукуматдан миллиард-миллиард маблағларни ундириш ва бу маблағни турли важ-карсонлар билан талон-торож қилишга устаси фаранг бўлган бир гуруҳ нафси наҳанглари тургани ошкор бўлиб қолган эди. Собиқ иттифоқ шу каби таваккалчилик билан тузилган самараси ноаниқ улкан лойиҳалар, ҳарбий истеҳкомлар қуришга маҳлиё бўлган ўша кезларда Ўзбекистон каби азал-азалдан ер-сув асосида деҳқончилик қилишга ихтисослашган республикалар аҳоли жон бошига гўшт-сут ва мева-чева истеъмол қилиш миқдори бўйича энг охирги ўринлардан бирига тушиб қолгани ҳам мана шу ғирром сиёсат билан боғлиқ эди.
Таваккалчилик, дедик. Фикримиз исботсиз бўлмаслиги учун эътиборингизни бир манзарага жалб этмоқчиман. Камина 1991 йилнинг 14-20 август кунлари Молдовада чиқадиган “Ана сўзу” газетаси юбилейи муносабати билан гагауз журналистлари таклифига кўра Бессарабия ҳудудларида бўлган эдим. Ўшанда “Гагауз ери”нинг кўп жойларида сувсиз ётган бетон каналлар ва «Дунайводстрой» деган ёзувларга кўзимиз тушганди. Маълум бўлишича, Молдованинг, Гагауз ерларининг табиий ҳолда ҳам мўл ҳосил бераётган лалми деҳқончилигидан қаноатланмаган собиқ иттифоқ тўралари бу жойларда суғорма деҳқончиликни йўлга қўйиш учун Дунай дарёсининг беминнат сувидан фойдаланиш лойиҳаларини тузишган экан. Шу мақсадда қанчадан-қанча маблағлар сарф этилиб, юзлаб километрлик улкан каналлар қурилибди. Сув очилгач эса, энг унумдор ерлар шўрлаб кета бошлабди. Чунки дарёларни дуч келган томонга буриб, катта-катта маблағларни кўкка совуриш машқини олган шоввозлар канал битгунга қадар ҳам Дунай суви суғориш мақсадларига нечоғлик тўғри келиш-келмаслигини ўрганиб кўрмаган эканлар. Шу боис хориждан валютага келтирилган ноёб техника ускуналари дуч келган жойда сочилиб ётарди.
Буларни айтишдан мақсад шуки, икки ярим минг километрлик масофа — чўлу саҳро, турли конлар атрофидан ўтадиган Об канали суви таркиби ва тозалик даражасига кўра бизга қай ҳолда етиб келиши номаълум. Бу сув билан деҳқончилик қилиш мумкинлиги ўз исботини топганми? Ишончим комилки, сиз мақолангизда лойиҳанинг камчилиги сифатида тилга олган — саҳродан ўтган канал сувининг қумларга сингиб, ҳамма ёқни кўлу ботқоқликка айлантириб юбориши лойиҳачилар томонидан ҳисобга олинмагани каби минглаб километрдан оқиб келадиган бу сув деҳқончиликка нечоғли яроқли бўлиш-бўлмаслиги ҳам ўрганилмаган. Бинобарин, унинг ичимлик сув сифатидаги тозалик даражаси ҳақида ҳам олдиндан бир нарса дейиш қийин.
Ўзанлари бетонланмаган канал саҳроларда ботқоқликлар ҳосил қилиши мумкинлиги юзасидан сиз айтган фикрларга яна шуни ҳам қўшимча қилмоқчиманки, бу манзарани биз ҳозирнинг ўзида Қорақум канали мисолида рўй-рост кўриб турибмиз. Амударёнинг катта миқдордаги сувини ютиб юбораётган бу канал бошланишидан то асосий ўзанига тушгунча бир неча квадрат километр кенгликни — Айдаркўл билан тенглашадиган катта ҳудудларни сувга бостириб, қанчадан-қанча қимматбаҳо сувнинг қумга сизиб, беҳуда исроф бўлишига олиб келмоқда. Образли қилиб айтадиган бўлсак, дарёдан олинаётган минг челак сувнинг ярми ҳам асосий ўзанга тушаётгани йўқ… Сиз эътироф этаётган Об канали трассасида ҳам тоғдай-тоғдай келадиган қум барханлари орасида шундай кратерсимон чуқурликлар мавжудки, янги канал сувининг ҳаммасини очиб қўйсангиз ҳам улар асло тўлмайди… Токи шундай экан, яна бир Қорақум каналига ҳожат бормикан?
Ер юзида ичимлик суви тўлиб-тошиб ётгани йўқ. Шу боис бутун жаҳонда ва хусусан Ўзбекистонда ҳам уни тежаб сарфлаш юзасидан муҳим дастурлар амалга оширилмоқда. Бугунги тараққиёт шуни кўрсатмоқдаки, бугун, эртага, келажакда ичимлик сув муаммоси билан жиддий шуғулланишимизга тўғри келади. Шунинг учун биз ҳозирданоқ уйимиздаги қувурларга беминнат келиб турган қимматбаҳо обиҳаётнинг ҳар қатрасини тежаб ишлатиш машқини олмоғимиз ва фарзанду набираларимизни ҳам оқар сувни кўз қорачиғидек сақлашга ўргатмоғимиз зарур.
СУВ ҲАМ АЛЛОҲНИНГ НЕЪМАТИ-КУ!
Ҳурматли Нусрат ака! Сиз, эндиликда мазкур лойиҳага янгича нигоҳ билан қараб, Сибир сувларидан жаннатмакон юртимизнинг чўлу саҳроларини янада обод қилиш мақсадида фойдаланиш мақсадга мувофиқ, деган нуқтаи назарни илгари сурмоқдасиз. Фикрингизга қўшилувчилар кўп. Бироқ лойиҳага шу мақсадда ёндошганда ҳам қатор муаммолар келиб чиқаётгани қизиқ. Биринчидан, жаноб Лужков Сибир дарёлари сувининг бир қисмини Марказий Осиё томон оқизиб, фақат ер ўзлаштириш, одамларни ишли ва уйли-жойли қилиш, Осиёнинг беминнат қуёши тафтида пишадиган мўл-кўл неъматлар етиштиришга биз ҳам ҳисса қўшайлик, деяётгани йўқ. У Сибирнинг сувини ҳам худди газ ва нефт сингари сотиб, ундан катта даромад олайлик, демоқда. Тўғри, нефт ва газни сотиб даромад олишни бир қадар тушуниш мумкин: чунки, конларни қидириб топиш, ёнилғини ер остидан юзага чиқариш ва улкан корхоналар қуриб уни тозалаш ҳамда магистрал қувурлар қуриб, истеъмолчига етказиб бериш ишлари учун ҳам катта-катта харажатлар талаб қилинади. Эҳтимол, сувни ҳам шу каби бир ҳудуддан иккинчи бир ҳудудга етказиб бериш учун канал ва улкан насос станциялари қуриш ва уларнинг эксплуатация харажатларини ниманингдир ҳисобига қоплашга тўғри келар. Бироқ жаноб Лужковнинг бу гапидан илҳомланган баъзи сиёсатдонлар ҳозирданоқ табиатнинг буюк инъоми бўлган обиҳаётни товарга айлантириб сотишни таклиф этмоқдалар. Шу мақсадда қандайдир корпорациялар тузилмоқда. Инсоният пайдо бўлмасидан ҳам бурун дарёлардан ўз ҳолича оқиб ётган Аллоҳнинг бу беминнат неъматини пуллашни ўйлаш гуноҳи азим эмасми? Бунга нима дейсиз?!
Бу ҳақда ўйлаганда, жаноб Лужковнинг Сибир сувларини Марказий Осиёга оқизиш тўғрисидаги эски лойиҳага доир “янги” гаплари аслида “сувни товарга айлантириш” ғоясини олға суриш учунгина айтилмадимикин, деган ўй ҳам келади хаёлга.
Сибир дарёлари суви сотиладиган бўлса, уни харид қилишга кетадиган маблағларни, сиз мақолангизни бир ўрнида жуда топиб айтганинигиздай, сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш имконини берувчи технологияларни қўллашга сарф этсак, ҳар жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлмайдими? Ахир халқимиз: “икки ўн беш — бир ўттиз” деб бежиз айтмайди-ку!
Сувдан тежамли фойдаланиш усуллари ҳозир бутун дунёда урф бўлмоқда. Бу борада Исроил технологияси ҳаммага қўл келаётир. Исроилликлар томчилатиб суғориш усулини қўллаш орқали қуриб битаёзган бир неча ўлик дарёларига қайтадан ҳаёт бағишладилар. Уларнинг соҳилларида бир неча минг гектарлик курортбоп истироҳат боғлари вужудга келган. Бу тажриба ҳозир ҳамма жойга кенг ёйилмоқда. Муаммо шундаки, бу технологияни бизда қўллаш маълум харажатларни тақозо этади. Биз бугун бўлмагани билан, барибир, эртага, сиз ўз мақолангизда келтирган миссисипилик фермер Фред Балларднинг пахтазори ёхуд Исроил экинзорларида бўлгани каби сувдан тежаб фойдаланиш имконини берувчи замонавий усулларни қўллашга ўтамиз. Бу ишда фермер деҳқонларимиз оғирини енгил қилиши мумкин бўлган жиҳат шундаки, томчилатиб ёки ер остидан суғориш усулларини қўллаш учун зарур бўлган қимматбаҳо пластмасса қувурларни эндиликда хориждан сотиб олишга зарурат қолмади. ”Шўртангаз” кимё мажмуи буюртмага қараб бундай қувурлардан исталган миқдорда тайёрлаб бериши мумкин. Боз устига шундай замонавий газ-кимё комплексларидан яна бирини Қорақалпоғистон ҳудудида ҳам барпо этиш кўзда тутилмоқда.
Аслида сувни экинларга томчилатиб беришга доир Исроил технологияси ҳам ўз ота-боболаримизнинг минг йиллик ҳаётий тажрибаларидан олинган. Сувсиз жойдаги дарахт тагига сув тўлдирилган сопол кўзачани салгина тешиб кўмиб қўйиш бизда азал-азалдан бор. Бугунги кунда эса баъзи деҳқонлар ҳатто помидор-бодрингдай сувталаб экинларни ҳам пластмаса идишларга шу усулда сув тўлдириб қўйиб, ёз жазирамасидан сақлаб қолишмоқда. Халқимизнинг азалий анъаналари бошқа жойларда мана шундай қадр топаётган экан, бунга фақат тасанно деймиз, холос.
ТАХТИҚОРАЧАДАГИ СУНЪИЙ ЎРМОН
Самарқанддан Тахтиқорача довонига кўтарилишда Омонқўтон чашмаси юқорисида бир гўзал манзара бор. Ургут тоғларининг ўша ёнбағрини қишин-ёзин кўм-кўк ўрмон қоплаб ётади. Ёши юз-юз ўттиз йиллик чинору қайрағоч, тоғ арчаларидан тортиб, олис шимол қайину буталарига қадар ўсади. Тоғ ёнбағрининг фақат шу жойидагина ҳудуди минг гектардан кўпроқ қуюқ ўрмон бору бошқа жойлар яйдоқ. Шунинг учун ҳам Омонқўтон чашмаси ўрмонзор бағридан сизиб чиққан ойна кўзли булоқлардан баҳраманд. Бир гал таниқли ўрмоншунос олим Абдухалил Қаюмов билан шу жойдан ўтаётганимизда бунинг сирини сўраб қолдим: “Нега тоғнинг фақат бир жойида ўрмон сақланиб қолган-у, бошқа ёнбағирлар тап-тақир бўлиб ётибди?”
— Бу табиий эмас, инсон қўли билан барпо қилинган ўрмон…
— Наҳотки, шундай асрий ўрмонни сунъий равишда бунёд этиб бўлса?!
— Ҳа, ишонаверинг. Бу ўрмон XX асрнинг сўнгги чорагида таниқли рус ўрмоншуноси Николай Королков томонидан барпо этилган. Ўшанда чор истилочилари босиб олган ҳудудлари қиёфасини ўзгартириш, шимол дарахтларини экиб кўпайтириш учун илмий тадқиқотларга катта маблағ ажратган, машҳур ботаник олимларни жалб этган. Бу ўрмон ўша олимдан ёдгорлик…
Демак, Марказий Осиё тоғликларининг бошқа ҳудудларини ҳам шундай сунъий ўрмонзорларга буркаш мумкин экан-да. Шу ҳақда ўйлаганда, ўрмон ва яшил бойликлари кўплиги жиҳатидан дунёда энг юқори ўринда турувчи Япония кўз олдимизга келади. Бу мамлакат ҳудудининг етмиш фоизи асрий ўрмон, бутазор, инсон қўли билан барпо этилган ва асраб-авайланадиган яшил бойликлардан иборат. Японлар дов-дарахтга худди инсонга қарагандек ғамхўрлик қилишади. Уларнинг жаҳонда энг умрзоқ одамлар экани ҳам бежиз эмас, шекилли.
Корея мамлакати эса ҳудудига нисбатан ўрмонлари кўплиги жиҳатидан иккинчи ўринда туради. Японлару корейслар ўз эҳтиёжи учун ташқи дунёдан ёғоч маҳсулотлари олса оладики, асло энг катта миллий бойлигини шимол ўрмонлари каби қийратиб, кулини кўкка совурмайдилар. Кореяда одамлар дов-дарахтларни асрашга шахсий ишидек қарашар экан. Болалар ёшлигидан шу руҳда тарбияланади. Дарахтни ўзбошимчалик билан кесиш фақат бир марта — 1997 йилда содир бўлган… Дов-дарахт ва гербарий уруғлари банки ҳам ақлни лол қилади. Жаҳоннинг турли минтақаларида ўсувчи бир миллион турдан ортиқ дарахт, гул, ноёб гиёҳлар уруғи улар ўсадиган жойнинг иқлим шароитлари яратилган ҳолда асралади. Миллионлаб гектар игна баргли ва бошқа дарахтлар, юзлаб навдаги бутали ўсимликлар ўсадиган ўрмонзорларга қараб туриш учун саноқли одамларгина ажратилган, холос. Улар ҳамма ишга улгуришади. Чунки техника билан таъминланиш даражаси юқори, ўрмончиларга яратилган шароитларга ҳавас қиласиз. Уларнинг тоғлар юқорисидаги хонадонларига обод йўллар, иссиқ-совуқ сув, электр узатиш тармоқларигача олиб борилган. Қўлида доривор ва шприц кўтарган дарахт даволовчи оқ халатли биолог-шифокорларгача бор. Қишлоқ ҳудудларидаги Ўрмончилик институтида эса қирқ минг турдан ортиқ дов-дарахт экиб кўпайтирилади ва мутахассис тайёрланади…
Яшил бойликларга бундай муносабат бежиз эмас, албатта. Одил Ёқубовнинг “Диёнат” романи қаҳрамони Нормурод Шомуродов айтганидек, “Арча… минг йил умр кўради. Тоғу тошларни емирилишдан асрайди! Ҳавони мусаффо қилади. Қишда қор йиғиб, булоқларни сувга тўлдиради… Агар ҳамма тоғ ва адирлар қадим-қадимлардагидек яна арча билан қопланса… дарёлар бурунгидай тўлиб оқажак, сув яна сероб бўлажак”.
Ҳурматли Нусрат ака, тарихдан яхши маълумки, ўтмишда барча тоғларимиз Тахтиқорача довонидаги каби қалин ўрмонларга бой бўлган. Улар табиатни яшнатган, булоқлару ирмоқларни обиҳаёт билан таъминлаб, дарёларни серсув қилган. Чунки, дов-дарахтли, ўрмони кўп жойларга ёғин-сочин одатдагидан кўп ёғади ва буни физиклар ҳам тасдиқлашади. Бугун эса юртимиз ҳудудининг атиги тўрт фоизидагина ўрмонлар сақланиб қолган. Шундай экан, деҳқончилик равнақи учун узоқдан сув келтиришга ва уни сотиб олишга кетадиган маблағ ҳамда ишчи кучларини Тахтиқорача ва Оқтошдаги каби сунъий ўрмонзорлар яратишга сарф этиш тўғрироқ бўлмайдими? Ўрмон эса қўшимча сув демакдир. Бу — олимларнинг кўп йиллик тажрибаларида ўз исботини топган.
Бинобарин, ҳозирча “олисдаги қуйруқ” бўлиб кўринаётган Сибир сувларига кўз тикиб ўтирмай, ўз сувимиздан тежаб фойдаланиш ва юртимиз тоғларини ўрмонларга буркаб, беминнат обиҳаётимизни кўпайтириш йўлидан борганимиз, назаримда, анчайин мақсадга мувофиқ кўринади.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 9-сонидан олинди.