Йўлдош Солижонов. Деталлар тилга кирганда (2007)

Сиз Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаевнинг “Сайланма”сини ўқидингизми? Э, ўқинг, биродар, ўқинг! Бу уч жилдлик “Сайланма” нафақат сермаҳсул адибимиз Шукур Холмирзаевнинг, балки ўзбек адабиётининг қимматбаҳо бойлиги бўлиб қолди. Очиғи, бу ҳикояларини яхлит мажмуа шаклида кўриш Шукур Холмирзаевнинг ҳам ягона орзуси эдики, бу орзу адибнинг қизи, филология фанлари номзоди, доцент Сайёра Холмирзаеванинг сайъи-ҳаракати билан амалга ошди.
“Сайланма”га киритилган 86 ҳикоядан 33 таси биринчи марта китоб ҳолида дунё юзини кўриб турибди. Улар шу пайтгача турли газета ва журналларда чоп этилган, аксариятини топиш ҳам мушкул эди. Келинг, ана шу хазинанинг айрим дуру гавҳарлари жилосидан биргаликда баҳраманд бўлайлик.
Олдиндан айтиб қўяй: “Сайланма”даги барча ҳикоялар тўғрисида суҳбатлашиш учун соатлар эмас, балки бир неча кунлар, ҳатто ойлар ҳам етмайди. Бунинг устига менинг вазифамни енгиллатадиган бир омил ҳам бор. “Сайланма”нинг 1-жилдидаги 51та ҳикоянинг ҳаммаси, иккинчи жилддаги 25та ҳикоядан иккитаси аввал ёзувчининг алоҳида китобларида босилган ва пайтида адабий жамоатчиликнинг баҳосини олган. Яхшиси, иккинчи ва учинчи жилдлардан ўрин олган ва ҳанузгача адабиётшунослар томонидан етарли таҳлил қилинмаган, мавзуси, муаммоси, шакли ҳамда мазмуни жиҳатидан бир-бирига яқин бўлган учта ҳикоясини ажратиб олайлик. Ўйлайманки, улар ҳақида суҳбатлашсак ҳам адиб ижоди тўғрисида умумий тасаввурга эга бўламиз, ҳам унинг ижодига тегишли хулосалар чиқара оламиз.
Мен назарда тутган ҳикоялар “Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди” (1992), “Булут тўсган ой” (1996) ва “Кузда баҳор ҳавоси” (2005) асарларидир. Номланишидан оҳангигача лирик йўналишдаги бу ҳикояларни ўқиб, куй тинглаётгандек бўласиз. Бу ҳикоялар ўзаро уйғунлигининг яна бир сабаби — ҳар учовида ҳам воқеа “мен”- ҳикоячи тилидан баён қилинади. Аввалги икки ҳикоянинг “мен”и муаллифнинг ўзи бўлиб, у шоир Қудратжон ва ёзувчи Қувватжон тимсолида намоён бўлади. “Кузда баҳор ҳавоси”да ҳикоячи “мен” милиция полковниги Жондор.
Эслайсизми, устоз адибимиз Одил Ёқубов мақолаларидан бирида Шукур Холмирзаев ўз ҳикояларида деталлаштиришга алоҳида эътибор беради, деб ёзганди. Аслида детал барча жанрларда ҳам ўзига хос ўрин тутади, лекин ҳикояда бошқача аҳамият касб этади-да! Биласиз, ҳикоя қисқа ҳажмли асар. Қисқаликка эса тасвирда сўзларни тежаш орқали эришилади. Ана шунда деталлаштириш маҳорати ёзувчига қўл келади. Ижодкорнинг топқирлиги туфайли қўлланган деталлар тилга кирганда ҳикояни гапиртириб юборади. Китобхон эътибор бермай ўтишиям мумкин бўлган бундай деталлар ё йўл-йўлакай шунчаки эслаб қўйилади (аммо изсиз кетмайди) ёки баён қилинаётган воқеликка сингдириб юборилади. Атоқли санъаткор Жек Лондон: “Ҳикоя бу — тугал асардир. У ҳаётий эпизод, руҳият, вазият ва ҳаракатлар бирлигидир”, деганида бу жанрда бир пайтнинг ўзида эпиклик ҳам, лиризм ҳам, драматик ҳолат ҳам мужассам бўлишига ишора қилганди. Дарвоқе, яхлитлик, тугалланганлик ҳикоя жанрининг энг муҳим белгилари саналадики, уларни таъминлашда деталнинг аҳамияти жуда муҳимдир.
Келинг, яхшиси, деталлаштириш санъатини Шукур Холмирзаевнинг юқорида тилга олинган уч ҳикояси мисолида кўриб чиқайлик.
Ҳикояларнинг бошланишидаёқ бутун воқеликка татигулик муҳим деталларга дуч келамиз. Эътибор беринг-а: 1.“…Ўша пастликка эгилиб ўсган гужумча остида ўтиргандим. Курсида. Курсининг оёқлари ерга ботиб кетган. Намгарчилик-да. Айтдим-ку, ё саккизинчи, ё тўққизинчи май эди… Жийдалар гуллаган. Унисининг шохида бир булбул сайраса, бунисининг шохида бир булбул сайрайди. Хўроз-макиён.” (“Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди”). 2. “Ёмғир шундай куч билан қуя бошладики, бекат айвонида туришнинг иложи қолмади. Бунинг устига ғувиллаб шамол эсар, ёмғирни букиб-қайириб айвон остига урар эди…” (“Булут тўсган ой”). 3. “Дўлана шундай турибди. Ё-ёлғиз денг. Атрофда наъматак буталариям йўқ. Ўсмайди-да бу сувсиз тошлоқда. Аммо дўлана! Қойилман: сувни қаердан ичар экан? Ҳа-ҳа, томири чуқур кетган-да, янтоққа ўхшаб. Кунгай томонида оппоқ-оппоқ гуллари очилиб турар эди” (“Кузда баҳор ҳавоси”).
Ҳикоялардаги “гужумча”, “ёмғир”, “шамол”, “дўлана” пейзаж-манзарани тўлдириш, тасвирни кучайтириш ниятида келтирилгани йўқ, балки ҳикоя қаҳрамонларининг характерига, табиатига, тақдирига у ёки бу даражада дахлдор деталлардир.
“Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди” асарининг ҳикоячиси шоир Қудратжон шаҳардаги иқтисодий қийинчилик, алғов-далғов ҳаётдан безиб, ота юртига келган. Бу ерда ҳордиқ чиқармоқчи. Дўсти, хўжалик раҳбари Мисирбой унга барча шароитни яратиб беради. Бироқ… Келинг, деталга қайтайлик.
Эрта баҳор фасли. Барча жониворлар жуфтлашаётган пайт. Гужумча атрофида ҳаёт қайнайди. “Ҳатто гужумнинг чакалак шохлари орасида ҳам жиблажибонлар бир-бирини қувлаб юришади.” Ана, иккита оппоқ капалак. Бирининг кетидан бири учаётган қушлар. Басма-басига сайраётган хўроз-макиён булбуллар… Бу манзара аслида ёлғизликни истаб келган ҳикоячи Қудратга акс таъсир қилади: “Ҳамма жонли-жониворлар жуфт-жуфт! Сен эса — ёлғизсан! Сенинг ҳаётинг — нотабиий ҳаёт…”. Жуфтликка интилиш Қудратнинг қалбинигина эмас, балки бутун ҳикоя ўзанини қамраб олади. Туман марказига келиб, хотини билан телефон орқали гаплашиб кетаётганида уларнинг машинасига чиқиб ўтирган мутлақо нотаниш “қора духоба камзул кийган қизми-жувон” ҳам ана шу ниятда эди. Ана шу хуш кайфият таъсири билан улар тоғдаги камарда ўтириш уюштиришади. Бу ерда қора камзулли қизми-жувон Қудратнинг кўз ўнгида ўша машҳур эртакдаги Зумрадга айланган эди! Бор-йўғи олти ойгина яшаб, эриникидан қочиб келган бу аёл ўзини ниҳоятда эркин тутар, бемалол шампан ичар, оёқларини узатиб, ўзининг бутун қадди-қоматини кўз-кўз қиларди. Ҳозир нимадир бўлади, деб кутамиз.
Бироқ уларнинг ҳам, менинг ҳам, Сизнинг ҳам кутганимиз рўй бермайди. Бу ёш жувоннинг истак-хоҳиши, интилишидан кўра ҳикоячи шоир Қудратнинг ақл-фаросати, маънавияти, ижодкор сифатида гўзалликдан завқланиш ҳисси, руҳиятидаги оилапарварлик, одамийлик, инсон қалбини англаш истаги устун келади. Тайёр имкониятдан юз ўгирган Қудратнинг қилиғидан ҳайрон бўлманг-да, деталларни эсланг: жуфтлашишга интилаётган капалаклар оп-поқ (!) эди. Фаслнинг ўзи покизалик рамзи эди! Шу сабабдан “мен” — ҳикоячи бу тасодифий учрашувни Оллоҳнинг неъматидек қабул қилиб, уни булғамасликни раво кўрди ва тўғри қилди. Бу “қилиғи” билан Сизу бизга ҳам ёқиб қолди. Аслида биз нималарни ўйлаган эдик!..
Дарвоқе, агар Шукур Холмирзаев истаса бемалол уларнинг интим-маиший муносабатларини тасвирлай оларди. Лекин Шукур асар воқеаларини ўз хоҳишига кўра хоҳлаган ўзанга буриб юборадиган ёзувчилар хилидан эмас. У ўз қаҳрамонларининг табиати, истак-хоҳиши, ирода ва руҳияти билан ҳисоблашадиган адиб. Мабодо муаллиф уларнинг учрашишини истамаганида ҳов почта олдида машинага чиқмоқчи бўлиб турган бу қизми-жувонга рўйхушлик бермаслиги, “Йўқ, биз бошқа томонга борамиз!”, деб унинг раъйини қайтариши мумкин эди-ку! Тўғрими? Сиз айблармидингиз Қудратни? Масалан, мен айбламасдим. Негаки, қора духоба камзулли бу қизми-жувон ичкарида шаккоклик қилган, Қудратга навбатини бермай, шовқин солган эди-да! Боз устига, оиласи билан гаплашиб, кўнгли хийла таскин топган Қудрат хонасига бориб бемалол дам олса, Мисирбой ёки Болтабой билан маишат қилиб ўтирса ҳам бўларди-ку!
Бўларди…
Бироқ бу ҳолда ҳикоя бизга ҳозиргичалик таъсир этмасди. Ҳақиқий бадиий асар ўқувчи кутмаган, тасаввур қилмаган воқеалари, ечими билан эсда қолади. Шукур Холмирзаевда бундай ҳикоялар талайгина. Ҳикоядан чиқадиган хулоса эса оддийгина: инсон яшаш учун дунёга келган, яшаши керак. Яшаганда ҳам ўзидан яхши ном қолдириши керак.
“Булут тўсган ой”даги кучли ёмғир Гулсарага, гувиллаган шамол эса Таваккалга нисбат берилган деталлардир. Гулсара ўксик қалб эгаси, турмушидан ёлчимаган, кўнглидаги одамини тополмаган бахтсиз аёл. Бевақт ёққан кучли ёмғир унинг ҳаётини барбод қилган. “Ёмғирни букиб-қайириб” ўз измига солишга уринаётган шамол эса “новча, норғул йигит” Таваккалдир.
Ҳикояда ёмғир, шамол ва булутлар ортидан чиқишга уринаётган ой тасвири тез-тез такрорланади. Бу тасвирлар персонажларнинг ички дунёси, хатти-ҳаракати, кайфияти билан чамбарчас боғланиб кетган, образ даражасига кўтарилган. Ёмғир, шамол ва ой қаҳрамонларнинг ҳолати, ўзаро муносабати, руҳиятига қараб ўз шиддати ҳамда шакл-шамойилини ўзгартириб боради. Улар ресторандан чиқишиб, дала-ҳовлига бормоқчи бўлганларида ҳам “Ёмғир ҳамон тинай демасди. Шамол шаштидан тушганга ўхшар, бироқ туриб-туриб авж қилиб қолар, шунда беихтиёр тескари қараб оларди, киши”. Гулсаранинг кўнгли ҳамон алағда: бу чўрткесар йигитга ишонса бўладими-йўқми? Шу боисдан унинг ичидаги ёмғир ҳали-ҳамон тинай демасди. Таваккал эса бу аёл энди ўзиники бўлишига ишонч ҳосил қилиб бўлган. Чунки ўзининг сахийлигини, унинг учун ҳеч нарсани аямаслигини кўрсатиб қўйган.
Ҳикояда қўлланилган деталлардан яна бири ирмоқдир. Гарчи ирмоқни ҳикоячи ўртадаги суҳбат маромига нисбат бериб тилга олса-да (“суҳбатимиз равон оқаётган ирмоқ мақомида давом этди”), аслида бу асар қаҳрамонларининг ҳаёт йўлини ифодаловчи деталга айланади. Масалан, Таваккалнинг ҳозирги ҳаёти шўх, равон оқаётган ирмоққа ўхшайди. Болалигида ота-онасидан эрта етим қолиб, оғир қийинчиликларни кўриб улғайган бу йигитнинг ҳаёти ўхтин-ўхтин тошларга урилиб, шарқираб оқаётган, манзилга етиш учун ўзига йўл очаётган ирмоқни эслатади. Аксинча, Гулсаранинг характери, ўзини тутиши сокин жилдираб, ўзига эҳтиёткорлик билан йўл очиб бераётган ирмоқчани эслатади. Ҳикоячи назарида Гулсара “Бояқиш ғамгин кўринади. Айни чоғда ундан қандайдир алам ўтган-у, шу аламдан фориғ бўлмоқчига ҳам ўхшайди”.
Икки ирмоқ бирлашса, ажабтовур анҳор ҳосил бўларди. Бу ҳикоячи — “мен”нинг ҳам, сиз-у бизнинг ҳам истагимиз, айни чоғда Таваккал билан Гулсаранинг ҳам кўнгли хоҳиши эди. Афсуски, бу ирмоқлар манзилга етиб боролмай, қўшилолмай, ярим йўлдаёқ қурийди. Бунга ким айбдор, деб ўйлайсиз? Аёл зотига кўнгил эрмаги деб қараган, ҳар қандай аёлни пул ва совға-салом билан ўзига қарам қилиб олишга ўрганган, бу ниятига етолмагач, “аразлаб” кетган Таваккалми? Эҳтимол, қадрини баланд тутиб, бошига қўнаётган бахт қушини ўз қўли билан учириб юборган, “Керак бўлсам топади!” дея ўзига ортиқча бино қўйган, яшаш жойини ҳам, ишини ҳам ўзгартириб, сир тутган Гулсарадир? На унисини, на бунисини айблай олмаймиз. Иккови ҳам ўзича ҳақ. Фақат ўртада эндигина унаётган муҳаббат ниҳолига ачинамиз. У кўкармай хазон бўлди, ғунча тугмай сўлди. Айтгандек, ҳикоянинг бошланишида Таваккал ресторанга бошлаб кирганида Қувватжоннинг назари тушган гулдондаги бир дона лолани эслайсизми? Қаранг, шу лола ҳам ҳикояга бежиз киритилмаган. Лола эрта сўладиган гул эмасми?!
Кунларнинг бирида кеч соат ўнлардан кейин Қувватжоннинг хонасига Гулсара кириб келади. “Унинг эгнида илон пўстидек ялтираб турган матодан тикилган узун кўйлак, ғоз бўйнида бир тизим дур, оёғида қора туфлиси” бор эди. Ботинан кайфияти тушкун бўлса-да, зоҳиран ўзини ғоятда хушчақчақ кўрсатишга уринади. Аммо аёлнинг бу шод-хуррамлиги, кулгуси замирида аллақандай “йиғининг саслари бор эди”.
Ичи тўла дард билан келган Гулсара хонадан чиқиб кетар экан, ўзи етолмаган ниятини қалдирғочларга тилайди: “Хайр, қалдирғочлар! Азизларим! Бир-бирингга садоқатли бўлинглар!”
“Кузда баҳор ҳавоси”ни ўқиб, бу ҳикоя қаҳрамонлари Собиржон билан Зумрад ёшлари ўтиб қолган бўлса-да, илк муҳаббат қасрига қайтадилар — бир-бирига етишдилар. Ҳикоя бошидаги баланд тепалик устида, қариб қолганига қарамай, ҳануз гуллаб, мева бераётган дўлана ҳикоя охирида ҳам иш беради: севишганлар шу ерда учрашадилар ва бир умр бирга бўлишга аҳд қиладилар. Уларнинг илк севгисига гувоҳ бўлган бу дўлана гўё оп-поқ гулларини силкитиб, ошиқ-маъшуқларга омад ва бахт тилаётгандек туйилади.
Кўринадики, Шукур Холмирзаевнинг асарларида энг кўп қўлланиладиган деталлар бу — табиат унсурлари: турли дарахтлар, ўт-ўланлар, гуллар, қушлар, ҳашоратлар ва ҳайвонлардир. Уларни инсон образига нисбат бериш билан адиб табиат ва одамнинг яқинлигини, бири иккинчисисиз яшай олмаслигини уқдирмоқчи бўлади. Айни чоғда табиат ҳодисаларидаги ўзгаришларга, уларнинг ўзига хослиги (масалан, ярми қуриган дўлананинг ҳамон гуллаб, мева тугиши, гап томирнинг чуқур кетганлиги, яъни моҳиятда экани)га урғу бериш орқали одамни ўз ҳаётига эътиборлироқ бўлишга ундайди. Ҳа, Шукурнинг асарларида табиат гапиради, ҳаракат қилади, кўркини намойиш этиш учун қутуриб гуллаб, бизни мафтун этади. Руҳиятимизга осойишталик бағишлаб, умримизни узайтиради. Бундай лаззатдан бебаҳра қолмай десангиз, албатта, уларни ўқинг!
Мана, биродар, Сиз билан истеъдодли ёзувчимиз Шукур Холмирзаевнинг “Сайланма”сига кирган ҳикоялар тўғрисида оз-моз гаплашиб олдик. Тўлароқ тасаввурга эга бўлай десангиз, албатта, уларни ўқинг. Адибнинг “Ўзбек бобо”, “Ўзбек характери”, “Ҳайкал”, “Қадимда бўлган экан” сингари ўнлаб ҳикоялари жаҳон адабиётидаги асарлар билан бемалол беллаша оладиган нодир намуналардир. Сиз улардан бебаҳра қолманг. Биз бу ҳикояларнинг гўзаллигини очиб, минглаб ўқувчиларнинг қалбида озгина қизиқиш уйғота олган бўлсак, ўзимизни ниятимизга етдик, деб ҳисоблаймиз.

Йўлдош Солижонов,
филология фанлари доктори
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 5-сонидан олинди.