Ўсмирлар билан китобхонлик ҳақида суҳбатлашиб қолсам, улар кўпроқ: “Ўзингиз қандай қилиб ёзувчи бўлгансиз?”, деб сўрашади. Мен жавобни устозим Абдулла Қаҳҳорни таърифлашдан бошлайман. Ахир, мени ёшлик чоғимда қўлимдан етаклаб адабиёт майдонига олиб кирган улуғ оғамиз Абдулла Қаҳҳор эди-да, дейман фахр билан. Устозни тилга олганда икки ноёб хислати кўз олдимизда намоён бўлади: биринчиси, қаламининг ўткирлиги, иккинчиси, синчков, ўткир дидга эгалиги, бағрикенглиги.
Менда кичкинтойлик пайтимдан ёзув-чизувга ҳавас туғилган. Ота-онам ўқимишли кишилар бўлишиб, бизнинг хонадонда китобхонлик жуда авж олган эди. Онам Малика отин уйда мактаб очиб, маҳалла болаларини ўқитардилар. Шулар қаторида мен ҳам ўқиб, хат танийдиган бўлиб қолдим. Кечки соатларда эса қўшни аёллар бизникига йиғилишиб онам бошчилигида китоблар ўқишарди: Навоий, Бобур, Фузулий каби улуғларнинг ғазалларини жону дилдан берилиб тинглашарди. Мен ҳам берилиб қулоқ солардим. Айрим сўзларни, чиройли ибораларни қулоғимда сақлаб юришимни кўрганлар: “Тузуксан!”, деб кулиб қўйишарди…
Хуллас, Абдулла Қаҳҳорнинг ҳикояларини қайта-қайта ўқиган сари ижодкорлик сирини билиб олишга қизиқишим ортди. Қани энди устоз билан бир учрашсам-у, суҳбатларини олсам, деган орзу менга тинчлик бермасди. Бироқ учрашувни ўйласам юрагим орқамга тортиб кетар, бу катта адибнинг салобатидан чўчирдим. Очиғи, илк ҳикояларим болалар матбуотида эълон қилинган бўлса-да, улар ҳали ҳаваскорлик машқлари эди.
1947 йили ҳикояларимга Абдулла аканинг назарига тушибди, “Салим отанинг чинаси” номли ҳикоям газетада эълон қилиниб, танловда мукофотланди. Сўнг мукофотланган ҳикоя ва очеркларим “Тортиқ” номи остида китоб бўлиб чиқди. Китоб Ёзувчилар уюшмасида муҳокама этилиб, Абдулла ака маъруза қилдилар.
Шундан кейин, мени олдиларига чақириб, ўқиган китобларим, ёзган нарсаларимни суриштирдилар. Менинг тортиниб, чала-ярим жавоб беришим у кишини қаноатлантирмади шекилли:
— Очиқ, лўнда қилиб айтавер, тортинма! — деб қўйдилар.
Абулла ака ўзбек болалар адабиётига қизиқиб қарарди. Бирон ёзувчининг болалар ҳаётидан олиб ёзилган қизиқарли асари чиқса, дарров ўқиб, муаллифга фикр-мулоҳазаларини билдирарди. Устознинг Зафар Диёр, Қуддус Муҳаммадий, Шукур Саъдулла, Қудрат Ҳикмат каби болалар ёзувчиларига муттасил ёрдам ва маслаҳатларини берганини кўрганмиз. Жумладан, камина ҳам у кишининг яхши маслаҳатларидан кўп баҳраманд бўлганимни ҳақларига дуо қилиб фахр ва ғурур билан эслаб тураман.
Болалар ёзувчисини иккинчи муаллим, деб ҳисоблаган адиб: “Болалар учун китоб ёзадиган киши ғоят уста санъаткор, катта тажрибали педагог, тилнинг заршуноси бўлмоғи керак!”, деб уқтирар, ҳақиқий талант эгаларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турарди. Бу хусусиятлари биз ёшларга куч-қувват бағишларди.
Юқорида айтганимдай, мен устозга узоқ вақт яқинлашолмай юргандим. Бир куни у радиокомитетга мен ишлайдиган бўлимга кириб қолдилар. Адиб ёзган асарларини дастлаб радиога узатар, бу сафар ҳам янги ҳикояларини олиб келган экан. Бу ҳикояларни кимга ўқитишимни сўраганида, мен Қодир Махсумов номини тилга олувдим, уни чақиртириб, ўқитиб кўрдилар. Ўқиши, умуман, маъқул бўлса-да, айрим сўзларини ифодалашидан камчилик топиб, тузатиб турдилар. Шунда Абдулла аканинг ўта синчков, нозиктабиатлигини яна бир марта яққол кўрдим. У киши мени гапга солиб, ижодий ишга қандай киришаётганимни синчиклаб сўрадилар. “Салим ота” номли ҳикоямни дуруст топиб, фақат унда ишлатилган “зараркунанда”, деган бир сўзни ўринсиз ҳисобладилар. Абдулла аканинг ортиқча мақтов айтишдан тийилишини билардик. Ижодга ғоят масъулият билан қарашларини, у кишидан “дуруст”, деган баҳо эшитишни биз ўзимизга мукофотдай қабул қилардик.
Устоз менинг нашриётга, уюшмадаги йиғинларга бормай тортиниб юрганимни танқид қилдилар. Сўнг папкамдаги бошқа ҳикояларимга назар солдилар-да, баъзи бир сўз, ибораларнинг тагига чизиб, бу ишларни тузатгач, нашриётга топширишим мумкинлигини айтдилар. Гапларидан қанчалик қувонган бўлмай, барибир нашриётнинг бу ишимга қандай қарашини ўйлаб, иккиланиб юрдим. Кейин таваккал қилиб қўлёзмани топширдим-да, натижасини сабрсизлик билан кутдим. Хайрият, ҳикояларим нашриёт томонидан маъқулланди, бу ишда устозимнинг қўли борлигини сездим.
Абдулла Қаҳҳорнинг ижодимга ишонч билдириб Ёзувчилар уюшмаси пленумидаги маърузаларида, йиғинларда қўллаб-қувватлаганини пайқаб юрувдим. Кўп жилдли асарларининг V жилдида менинг ижодимга тўхталиб: “Ҳаким Назир ҳикоячиликда жуда тез суръат билан илгарилаяпти”, деб умидли фикр билдирганларки, булар мени қувонтирмаслиги, кучимга куч қўшмаслиги мумкин эмасди. Йиғинлардан бирида эса, мени мақтаб айтган қуйидаги қизиқ гапларини дўстлар кулиб эслашади: “Ҳакимжоннинг ижоди ҳақида шуни айтишим керакки, унинг асарлари тараша ёки пайраханинг ўтига ўхшаб ловиллаб ёниб, бир зумда ўчмайди, балки саксовулнинг чўғига ўхшаб тутаб-тутаб ёнади-ку, лекин ҳарорати зўр бўлади, анча фурсат ўчмай туради”.
Биринчи ҳикоялар тўпламим “Қишлоқдаги жиянларим” номи билан чоп этилди. Мен китобимнинг бир нусхасини олиб, устознинг уйига югурдим. У киши, одатдагича, вазминлик билан “дуруст”, деб китобимни олдилар-да, кейинги ишларимни суриштира кетдилар. Мен янги ҳикоялар ёзаётганимни айтгандим, елкамга қоқиб қўйдилар ва шу ернинг ўзидаёқ менга бир хат ёзиб бердилар. Бу мени Ёзувчилар уюшмасига қабул қилиш учун тавсиянома эди.
Мана меҳрибон устозимнинг шу чоққача асли қўлимда сақланиб қолган унутилмас қўлёзмалари:
ТАВСИЯНОМА
Ўртоқ Ҳаким Назир ҳозирги ёш ёзувчи-ҳикоянавислар орасида энг кўзга кўринган талант, ўз билим ва тажрибасини оширишга ҳаракат қилаётган ёзувчидир.
У адабиёт соҳасига яқиндагина (биринчи ҳикояси 1946 йилда чиққан) кирганига қарамасдан тез кўзга кўринди, кичик, мароқ билан ўқиладиган ҳикоялари билан адабиёт аҳлларининг диққатини ўзига тортди. Унинг газета, журналларда, турли тўпламларда чиққан, 1948 йилда алоҳида тўплам ҳолида босилган ҳикояларининг кўпчилиги ҳозирги ҳикоячилигимизда маълум ўрин тутади.
Ўртоқ Ҳаким Назирни Ёзувчилар союзига ҳақиқий аъзо қилиб олинишини тавсия қиламан.
9.02.48 й. /А.Қаҳҳор/
Тавсияномада айтилган бу сўзлар устознинг бағрикенглиги, ёшларга меҳр-муруввати, ҳиммати ғоят баландлигидан дарак бериб туради. Шундай улуғ зотга шогирд бўлганимдан ҳамон фахрланиб юраман.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 5-сонидан олинди.