Маҳкамбой Умаров 1949 йилнинг 9 февралида Тошкент вилояти, Қибрай туманидаги Тузел қишлоғида таваллуд топган. Ўрта мактабни тамомлаб, Низомий номли Тошкент давлат педагогика институтининг қозоқ тили ва адабиёти факултетида таҳсил олган.
Маҳкамбойнинг отаси — Умар Шоди ўғли Тошкент вилоятидаги машҳур халқ бахшиларидан бири эди.
М. Умаровнинг “Еттисой оҳанглари”, “Дунё”, “Муҳаббат” номли шеърий китоблари чоп этилган.
У Республика Таълим марказининг қозоқ тили ва адабиёти кенгаши аъзоси, Ўзбекистондаги қозоқ мактабларининг 1, 2, 3, 4- синфлари учун “Алифбо”, “Ўқиш”, “Она тили”, “Қозоқ тили”, “Ўқиш китоби” каби қатор дарсликларнинг муаллифи ҳамдир. Шоир Турсунбой Адашбоев билан ҳаммуаллифликда 1-синф учун “Китобим — офтобим” номли синфдан ташқари ўқиш дарслигини ҳам яратган.
Маҳкамбой Умаров 2021 йил 6 август куни вафот этган.
ТУРНАЛАР
Қувнатар турналар парвози,
Бир хилда сафларин узмасдан.
Жанубга йўл олар шу зайл,
Сира ҳам қаторни бузмасдан.
Наздимда тумалар кўк тоқин,
Ғубордан тозалаб, артибди.
Бу қушга ярашган фазилат,
Жуда ҳам одобли, тартибли.
Жаҳонда қуш зотин тури кўп,
Барчаси қаторин тўлдирмас.
Турна-чи, ҳамжиҳат, шу боис,
Қатордан ҳеч бирин қолдирмас…
КАПАЛАКЛАР
Оқ капалак, сап-сариқ, кўк капалак,
Ранглари турли-туман, кўп капалак.
Атиргулнинг ҳидидан роҳатланиб,
Учиб, қўниб ўйнайди тўп капалак.
Чечакларга бағишлар ҳаётини,
Гулга айтар қўшиғи, баётини.
Айтгандай, қайси рассом бўяр экан,
Турфа хил капалаклар қанотини?..
БИЗНИНГ ЭЛДА
Айтайин бир шукурчилик,
Кун ҳам бугун роса қизиқ.
Кўзларимдан ёш оқизди,
Пиёз кессам сути чиқиб.
Сўзимни ким тинглар экан:
Тошкент деган — қут-баракам,
Бизнинг элда сигир тугул
Пиёзда ҳам сут бор экан.
КИМ БЎЛАСАН?
— Кучук, сен ким бўласан
ўсиб-унсанг?
— Ит бўламан ҳаддидан
ошмайдиган.
— Қуллуқ, сен-чи?
— От бўламан қинғир йўлни
босмайдиган.
— Жўжа, сен-чи?
— Хўроз бўлгум бемаҳал
қичқирмайдиган,
— Хўтик, сен-чи?
— Эшак бўлгум ўринсиз
ҳайқирмайдиган.
— Улоқ, сен-чи?
— Серка бўлгум ҳеч кимни
сузмайдиган.
— Қўзи, сен-чи?
— Менми, ахир қўй бўламан
Ўзидан улуғларни сизлайдиган…