Истиқлол даврида ўзбек тили давлат тили вазифасини адо эта олишини амалда исботлади, шу йиллар ичида тилимиз янада ривожланди, янги иборалар, терминлар билан бойиди. Тил доимо тараққий этиб, бойиб бормоғи учун тил сиёсати замонавий ижтимоий-иқтисодий тараққиётни, интеграция жараёнларини ҳисобга олган ҳолда юритилмоғи, миллийлик билан бирга байналмилаллик ва илмийлик принципларига ҳам амал қилинмоғи керак.
Эндиликда тилимиз қайси йўлдан кетаяпти, сўзлар, иборалар ҳамма вақт ҳам ўз ўрнида ишлатилаяптими, она тилимизни, унинг луғат бойлигини қашшоқлаштириб, ибтидоийлаштириб қўймаяпмизми, деган саволлар ҳар биримизни ташвишлантириб туриши лозим.
Илмий адабиётларни, матбуотни, умуман ёзма ва оғзаки нутқ маданиятини кузатганда тилимизнинг тараққиёти билан боғлиқ айрим жиҳатлар ҳақида қуйидаги мулоҳазаларга келдик.
Аввало, сўзларни тўғри ишлатиш борасида фикрлашсак. Масалан, устувор сўзи «бирор жиҳатдан юқори даражада», «юқори» маъносида ишлатилмоқда. Бу сўз асли форсча бўлиб, «мустаҳкам, кучли, қўзғалмас» маъносидадир. Демак, бу сўз ўрнига туркий (ўзбекча) устун (устун турмоқ, устун келмоқ) сўзини ишлатиш мумкин. Шунингдек, боқиманда сўзи «бировнинг қарамоғида, боқимида (бўлмоқ)» маъносида ишлатилмоқда. Асли арабча (боқий) ва форсча (монда) унсурларидан иборат бу сўз «эски қарз, ундирилмаган солиқ» маъносида бўлиб, ўзбекча боқ (моқ) сўзига алоқаси йўқ. Агрономни ҳосилот дейиш сўзни эскича изоҳлаш оқибатидир. Агроном агрономия фанидан, яъни деҳқончилик қонунларидан, қишлоқ хўжалигининг барча тармоқлари ҳақидаги билимлардан хабардор мутахассис; колхоз тузумининг дастлабки йилларида ҳосилдорлик учун масъул киши, деҳқонни ҳосилот дейишган. Номер сўзининг эса олти-етти хил маъноси бор: машина номери, меҳмонхонадаги алоҳида хона, концерт номери, кийим-кечак ва пойабзалнинг катта-кичиклиги ва ҳоказо. Энг кўп тарқалган маъноси — бир хил предметлар орасида муайян нарсанинг тартиб рақами. Кейинги пайтда номер сўзи матбуотда деярли ишлатилмай қўйди. Ҳолбуки, жонли тилда бемалол ишлатилади. Ҳатто «номеринг ўтмайди», деган ибора ҳам бор. Рақам эса сонни ифодаловчи белги. Аслида иккаласи бир маънода бўлган: рақам — арабча, сон — туркий (ўзбекча). Ҳозир ҳам бу иккала сўз бир маънода ишлатилмоқда: 1-сонли қарор, 1-рақамли спортчи.
Пенсия «нафақа» эмас. Нафақа «ёрдам пули» (пособие). Нафақа қадимдан келаяпти, ҳатто никоҳда ҳам «Нафақасиз, яъни егулик-ичкиликсиз, ташлаб кетмайсизми?», деб писанда қилишган. Алимент, стипендия каби нафақанинг ҳам юридик таърифи бор. Пенсия эса аксари кишиларнинг ўз жамғармаси. Нафақахўр дейиш ароқхўр каби қўпол эшитилади, халқ тилидагидек пенсионер деган маъқул.
Фонд сўзининг ҳам бир неча маъноси бор: давлатнинг, корхонанинг бирор мақсад учун мўлжалланган пул маблағлари ёки моддий қадриятлари; ижодий арбобларга моддий ёрдам кўрсатадиган ташкилот, муассаса; бирор нарсанинг ресурслари (заҳиралари). Демак, фонд сўзини ҳамма вақт ҳам жамғарма, деб бўлмайди. Жамғарма харажатлардан, чиқимдан орттириб, тежаб-тергаб тўпланган пул (жамғармоқ феълидан). Ер фонди, кутубхона фонди, жамғарма фонди (русча фонд накопления) деган тушунчалар бор.
Кейинги пайтларда раҳбар сўзи ўта фаоллашиб кетди, ҳар қандай бошлиқ — директор бўладими, капитан бўладими, раис ёки бошқарувчи бўладими раҳбар дейилаяпти. Тўғри, буларнинг ҳаммаси бошлиқ, шу билан бирга, лаборатория мудири ҳам, цех бошлиғи ҳам, бригадир ҳам ўз ўрнида раҳбар. Ҳар бир лавозимнинг ўз статуси, раҳбарлик доираси, демак номи бор. Раҳбар аслида форсча роҳ-бар («йўлбошловчи»), деган сўз. Демак, корхоналар, илмий ва бошқа муассасалар, ўқув юртлари, идоралар ва ўзга ишхоналар раҳбарларини ўзига хос ва мос номлари билан аташ керак.
Ноўрин ишлатилаётган сўзлардан яна бири — система сўзининг изоҳли луғатда олти хил маъноси, русча чет сўзлар луғатида ўн хил маъноси келтирилган. Буларнинг кўпи тизим сўзига тўғри келмайди. Масалан, Қуёш системаси деганда Қуёш ҳамда унинг атрофида айланадиган катта-кичик сайёралар, думли юлдузлар, ҳатто космик чанглар ҳам назарда тутилади. Абдулҳамид Чўлпон 30-йиллардаёқ ўзбекча тизим сўзи форсча-тожикча шода сўзи билан маънодош, деган эди. Демак, системани ҳам тилимизда бемалол ишлатавериш керак. Тамойил сўзи эса «принцип» эмас, мойил — «тенденция» маъносидадир.
Номли, номидаги сўзларни фарқлаш керак. Машҳур шахслар шарафига қўйилган муассасалар, корхоналар номи ёнига, албатта, номидаги деб, яъни ўша киши номига қўйилган, деб ёзилса тўғри бўлади. Номли ўрнига деган сўзини ишлатиш жоиз. Бу сўзни ҳатто тушириб қолдириш ҳам мумкин: Эрбаҳоси номли ўт — эрбаҳоси деган ўт — эрбаҳоси ўти; болут номли дарахт — болут деган дарахт — болут дарахти.
Грамматика бобида ҳам баъзи бир ўзгаришлар кўзга чалинади: режани 115 фоизга бажардик; чорва моллари 70 бошга кўпайди (ёки камайди); машинани орқага бер (тисар); менга неча (қанча) ёш берасан (мени неча ёшда деб ўйлайсан) каби «янги» иборалар рус тили таъсирида пайдо бўлган. Сувни (жўмракни) оч ўрнига сувни ёқ, эгатларга сув қўй (қулоқни ёки кранни оч) ўрнига сув қуй каби ноўрин жумлалар қатъилашиб қолмаслиги керак.
Бир сўзнинг бир неча маънода ишлатилишига ҳам мисоллар келтириш мумкин. Масалан, программа ҳам, устав ҳам, низом ҳам, платформа ҳам дастур дейилади. Тилшуносларнинг маълумотларига қараганда бу сўз 20га яқин тушунча ўрнида ишлатилар экан. Шунингдек, отпуска ҳам, каникул ҳам бир сўз билан таътил дейилмоқда. Запас, ресурс, потенциал битта заҳира сўзи билан ёзилаётир. Ҳолбуки, бу сўзлардан ҳар бирининг маъно товланиши бор. Айни пайтда, президиумни ҳам, коллегияни ҳам, жюрини, ҳатто комиссияни ҳам ҳайъат дейиш замон руҳига мос эмас, чунки юқоридаги сўзларнинг ўз ўрни бор. Бир неча ҳодиса, тушунчалар бир сўз билан ифодаланаверса, муаллиф, таржимон, муҳаррир луғатларни титкиламасдан, ўзи билмаган сўзларни ўчириб ташлайверса ёки ишлатмаса, кишиларнинг билим доираси тораяди, тилнинг луғат бойлиги қашшоқлашади. Яъни термин-тушунчаларни эски сўзлар билан ифодалаб одамларнинг оғзига чайнаб солсак, китобхон, газетхонлар луғатларга, энциклопедияларга, маълумотномаларга мурожаат қилмай қўяди. Уларнинг фикр доираси кенгаймайди, сўз бойлиги ошмайди. Бошқача айтганда, қаламкаш луғат пиллапоясидан омма даражасига тушмаслиги, балки оммани ўзи турган зина сари кўтарилишига ёрдам бериши керак.
Япониялик файласуф Дайсаку Икэда Чингиз Айтматов билан суҳбатида «Одам чексиз «сўз океан»да суза билгандан кейингина чин Инсон бўла олади», дейди. Фан, техника, ишлаб чиқариш, ижтимоий ҳаёт шу қадар ривожланиб кетдики, кун сайин янги-янги сўзлар, терминлар, тушунчалар пайдо бўлмоқда. Одамларнинг уст-бошлари, уй-жиҳозлари бундан 10-15 йил олдингига умуман ўхшамайди. Дўппидан бошқа миллий кийим қолмади ҳисоб. Айримлар шу қадар башанг кийинишадики, кўзингиз қамашади. Уларнинг билим даражаси ҳам, сўз бойлиги ҳам шунчалик ранг-барангмикан?..
Бозор иқтисодиёти шароитида тилимизга кириб келган кўплаб иқтисодий терминлар таржимасиз қабул қилинмоқда. Чунки талай янги сўзларнинг ўзбекча вариантлари йўқ. Аслида соф тилнинг ўзи йўқ. Дунёда энг бой тил ҳисобланган инглиз тилида ҳам лексиканинг ярмидан кўпи бошқа тиллардан кирган. Дарҳақиқат, кийим-кечак ишлаб чиқарганники эмас, кийганники, дейишади. Тилимизга кирган ва алоқа воситаси вазифасини бажариб турган арабча, форсча, русча, байналмилал сўзлар ҳам энди ўзбекча сўзлардир. Бунда, албатта, биринчи галда туркий-ўзбекча сўзларга, халқона ибораларга кенг йўл берилиши лозим.
Бироқ ўзбек тилида ҳозирги илмий терминларни тўла ифодалайдиган сўзлар кўп эмас. Масалан, дунёда 30 мингдан ортиқ минерал борки, буларнинг талай қисми тош ҳолида. Оқ ёки оқиш ранглардаги минераллар ёки тоғ жинслари оқтош дейилгани билан, аслида кварц, оҳактош, дала шпати каби бир қанча турларга бўлиниши мумкин. Бутунлай бошқа-бошқа турларга мансуб сариқ гуллайдиган бир неча ўн хил ўсимлик сари(қ)бош дейилади. Ҳолбуки, улардан ҳар биттасининг ўз илмий номи бор. Энтомологияда (ҳашаротшуносликда) ҳам шундай. Масалан, халқ мита деб атайдиган ҳашарот бир неча турларга бўлинади ва улардан ҳар бирининг номи ва таърифи мавжуд.
Тозалаш ҳамма соҳада, жумладан, тил соҳасида ҳам ижобий натижа беравермайди. Бу жабҳада усмонли туркларнинг оғзи куйган экан. Арабизмларга қарши «жанг» эълон қилиниши оқибатида турк тили анча қашшоқлашиб қолган, дейишади. Шунинг учун бўлса керак, фавқулодда ва мухтор элчи тушунчасини турклар (иккала сўз ҳам арабча) беюк (буюк) элчи, дейишади.
Туркий тиллар орасида ўзбек тили энг шевага бой тил ҳисобланади. Ҳар бир шеванинг лексикаси ўзи бир хазина. Лекин совет даврида шева сўзлари иккинчи даражали ҳисобланган, яхши ўрганилмаган ва норматив луғатларга киритилмаган. Ваҳоланки, немисларда уч киши билган сўз изоҳли луғатларга киритилар экан. 1981 йили чоп этилган икки тилдаги «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да 60 минг сўз ва сўз бирикмаси бор. Сўз бирикмалари истисно қилинганда 40 минг мустақил сўз қолади. Нега шундай? Бу қўлига қизил қалам олиб, тилимизни «тозалаш» шиори остида ўзи билмайдиган сўзлар, хусусан, халқаро терминлар устига чизиқ тортишнинг оқибати эмасмикан? Эҳтимол, ҳозирги бадиий асарларда — роман, қисса, драма ва поэмаларда сўз бойлигининг чегаралангани самарасидир? Луғатшуносларимизнинг илмий, айниқса, тарихий асарларга, жумладан, ўзбек тилига таржима қилинган жангномалар, бадиий асарлар лексикасига кам мурожаат қилиши, газета, журналлар тилини мунтазам ўрганиш, янги сўз-ибораларни йиғиб боришни яхши йўлга қўйишмагани натижаси ҳам бунга бир сабабдир. Шева материалларига ҳамон паст назар билан қараш давом этаётгани ҳам шундай натижанинг омили бўлаётгани тайин.
Нима бўлганда ҳам луғатни бойитиш устида жиддий ўйлаш, бу соҳада амалий ишлар қилиш, бир тилли, икки тилли ва кўп тилли луғатлар яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилиши лозим. Бу борада хорижий мамлакатлар тажрибаларидан ҳам ўргансак зиён қилмайди.
Машҳур маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ўтган асрнинг 20-йилларида айтган сўзларни унутмайлик: «Туркистонликлар беш тилни — туркийни, форсийни, арабийни, фарангийни (европа тилларидан бирини), дунёвий ишлар учун эса русийни билмоғи керак». Дарҳақиқат, кўп тилли бу курраи заминда ўз тилини аъло даражада билган ва кўп тилни пухта ўзлаштирган халқ ютади. Агар тилга ҳозргидек муносабат давом этаверса, бир неча йилдан кейин сўз бойлигимиз ёнга солиб юрадиган луғатга жо бўлади-қолади.
Янги сўзлар яратиляпти-ку, дейишлари мумкин. Лекин олийгоҳ, сиҳатгоҳ, ўйингоҳ каби шаклсиз, қиёфасиз «ижодларнинг» боридан йўғи яхши. Хўш, дейлик, сиҳатгоҳ — клиниками, поликлиниками, санаторийми, амбулаториями?! Ўйингоҳ — казино, цирк, билярдхона, ўйин ўйналадиган кампютерлар хонаси бўлса бордир, бироқ стадион ўйингоҳ эмас…
Ҳар ҳолда, тили бой халқнинг луғати бой, аксинча, луғати бой миллатнинг тили бой бўлади. Луғатимизни, тилимизни янада бойитиш тўғрисида қайғурайлик.
Суюн Қораев,
филология фанлари номзоди
ТАҲРИРИЯТДАН:
Таниқли олим, география фанлари доктори, жонкуяр тилшунос Суюн Қораев кўплаб илмий рисолалари, долзарб муаммоларга бағишланган мақолалари ва таржималари билан ҳам илмга, ҳам адабиётга беминнат хизмат қилиб келаётган фидойи зиёлиларимиздан. Олимнинг айниқса, она тилимизнинг равнақи йўлидаги илмий кузатувлари, куюнчаклик билан ёзган мақолалари диққатга сазовордир. Узоқ йиллардан буён С.Қораев таҳририятимиз билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келади. Биз тиниб-тинчимас олимимизни муборак ёши билан қутлаб, илмий-ижодий изланишларида янада чўнг ютуқлар ёр бўлишини тилаймиз.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2006 йил 3-сонидан олинди.