Абдулаҳад Азизов 1900 йилнинг қиш чилласида Андижон вилоятининг Пахтаобод туманидаги Хайробод қишлоғида дунёга келган. 1908 — 1912 йиллари эски мактабда хат-савод чиқаргандан сўнг дастлаб Андижон мадрасасида, сўнгра Хўжанд, Қўқон ва Бухоро мадрасаларида таҳсил кўрган. Абдулаҳад форс ва араб тилларини мукаммал ўрганиб, ўзбек ва форс адабиёти намояндалари асарларидаги нафосатни теран ҳис этиш даражасига эришган. У мадрасани тугатганидан кейин адабиётга бўлган ана шу ишқи ўт олиб, қўқонқишлоқлик шоирлар даврасига қўшилди. Унинг бахтига ўша йиллари Қўқонқишлоқда Қори Зокир, Зокиржон Ҳабибий, Муҳаммаджон Маҳжурий, Абдуваҳоб Сайфий сингари шоирлар адабий гуруҳ ташкил этиб, аруз сирларини, мумтоз шоирларнинг сўздан ва шеърий санъатлардан фойдаланиш маҳоратини берилиб ўрганмоқда эдилар. Абдулаҳад Азизов ана шу даврага қўшилиб, мумтоз шоирлар, айниқса, Навоий ижодини қунт билан ўрганди ва 20-йилларнинг ўрталарига келиб Навоий ижодининг билимдонларидан бири сифатида танилди. Ўзи ҳам устод шоирга эргашиб, «ҳабиб», «улфат», «дўст» маъносини англатувчи Анисий тахаллуси билан шеърлар ёза бошлади.
Шеърият билан шуғулланиш Шарқда ҳунар эмас, фазилат ҳисобланган. Бинобарин, шоирлар тирикчилик учун ўз дидларига яқин ёки отамерос ҳунарларни эгаллаб, бола-чақаларини парвариш этиб келганлар. Абдулаҳад гарчанд деҳқон оиласида туғилган бўлса ҳам, кетмондан кўра болға билан меҳнат қилишга иштиёқманд эди. Шунинг учун ҳам у чок машина, велосипед сингари техника асбоб-анжомларини тузатиб юрган.
Чилангарлик билан рўзғор тебратаётган кишининг 1938 йили Тошкентга, Навоий комитетига ишга таклиф этилиши унинг кейинги тақдирини кескин ўзгартириб юборди. Энди унинг фазилати айни пайтда ҳунари ҳам бўлиб қолди. Анисий домла Навоий асарларининг матни устида ишлаб, бу асарлар бўйича изоҳли луғат ва картотека тузишга киришди. Навоий лирик меросининг дастлабки нашри — 1940 йили чоп этилган «Чор девон»ни нашрга тайёрлашда яқиндан қатнашди. Афсуски, Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, Навоий юбилейига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш ишлари дориломон замонларга кўчирилди.
Шундан кейин Анисий домла Андижонга кўчиб кетиб, 1958 йилга қадар Уйғур театрида адабий эмакдош ва чилангарлик ҳунарини тарк этмаган ҳолда, мактабларда меҳнат дарси бўйича машғулотлар олиб борди. Унинг бахтига шу даврда Андижонда Улфат, Хуррам, Боқир сингари шоирлардан иборат адабий муҳит давом этар, Тошкентдан Ғафур Ғулом, Ҳабибий, Собир Абдулла ўқтин-ўқтин бориб, бу муҳитга янги нафас бағишлаб келардилар. Анисийдаги мумтоз адабиётга бўлган оташин меҳрнинг сўнмаганини кўрган ва унинг билимидан фойдаланиб қолиш зарурлигини сезган Ғафур Ғулом 1958 йили унинг Тошкентга кўчиб келиши ҳамда янги ташкил этилган Бадиий адабиёт нашриётига ишга жойлашишига сабабчи бўлди.
Анисий нашриётнинг ўзбек мумтоз адабиёти бўлимига муҳаррир этиб тайинланди. У шу лавозимда хизмат қилар экан, Муҳаммад Қурбон Хиромийнинг ўзбек халқи ўртасида айниқса машҳур бўлган асари — «Чор дарвеш»ни нашрга тайёрлади. (Бу китоб 1961 йили нашр этилади.) 1959 йили эса, Анисий ЎзФА Тил ва адабиёт институтига ишга таклиф қилинади.
Ўша йиллари институт илмий жамоаси мумтоз ўзбек адабиёти намояндалари ижодини ўрганиш ва улар асарларини чоп этишга жиддий равишда киришган, шу соҳада тажриба орттирган Анисийнинг шу даргоҳга ишга келиши эса айни муддао эди. Анисий кичик илмий ходим лавозимида ишлаш жараёнида 30дан зиёд китоб ва рисолаларни таҳрир этиш, таржима қилиш ва нашрга тайёрлашда фаол қатнашди. Унинг, айниқса, Фузулий, Мунис, Муҳаййир, Нодира сингари мумтоз шоирларнинг асарларини нашрга тайёрлашдаги хизматлари мутахассислар томонидан юқори баҳоланди.
Анисий домла институт илмий ҳаётида фақат матншунос ва таржимон сифатида фаолият олиб бормай, мумтоз адабий меросни ўрганишга астойдил бел боғлаган ёшларга яқиндан ёрдам ҳам берди. Маҳбуба Қодирова ва Содир Эркинов сингари фан докторларининг Нодира ва Лутфий ижодига, Ёқубжон Исҳоқов, Рўзи Қодирий, Валижон Мирзаев, Муҳаммаджон Маҳмудов, Тўлқин Расулев, Дилбар Раҳматова, Манзура Қодирова сингари ўнлаб фан номзодларининг Навоий, Огаҳий, Мирий, Мужрим Обид, Ғурбатий, Роқим, Аваз Ўтар, Сўфизода ижодларига бағишланган тадқиқотларининг майдонга келишида камтар олимнинг ҳам хизматлари йўқ эмас.
Анисий сингари зотлар учун ўзбек адабиётининг қадимий илдизларини пайпаслаб, номлари турли сабабларга кўра ўчиб кета бошлаган ижодкорларни тарих қаъридан чиқариб олиш энг хайрли ва савобли иш ҳисобланган. У шундай эзгу ният билан ХIV асрда яшаган Бадри Чочий ижодини ўрганишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.
Бадри Чочий Тошкентда туғилган бўлиб, 1332 йили Ҳиндистонга бориб қолган, Султон Муҳаммад Туғлиқ саройида хизмат қилган ва 1344 йили шу ерда бандаликни бажо келтирган. У турли шеърий жанрларда асарлар яратган бўлса ҳам, номи Шарқ адабиёти тарихига аввало қасидалари туфайли олтин ҳарфлар билан ёзилган. Анисий Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти хазинасида мавжуд бўлган, аммо ҳали бирор адабиётшунос олимнинг назарига тушмаган бу улкан шоирнинг қасидалар тўплами билан танишгач, унинг бошқа асарларини ҳам излашга тушди. Омади чопиб, Тожикистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг китоб фондидан Бадри Чочийнинг номаълум бир асарини топди-да, шоир асарларининг мағзини чақа бошлади.
Гап шундаки, Бадри Чочий ижодида қасиданавислик асосий йўналишни ташкил этган бўлса-да, бу қасидаларда подшо ва сарой амалдорларига ҳамду сано ўқиш эмас, балки уларнинг кирдикорларини фош қилиш устувор эди. Подшо саройида хизмат қилган шоирнинг салтанат устунларини ошкора танқид этиши маҳол эди. Шунинг учун у эл-юрт манфаати тақозоси билан ёзилган бу асарларида муаммо, мажоз, чистон, киноя сингари «махфий» тасвирий восита ва усуллардан самарали фойдаланган. Бинобарин, унинг асл ниятини тушуниш Нострадамуснинг башоратномасини тушунишдек мураккаб ва машаққатли иш эди. Мумтоз шоирларнинг асарларидаги сўз ва поэтик санъатларнинг мағзини чақишдан мислсиз завқ олган олим учун бу айни муддао эди. Хуллас, Анисий Бадри Чочийнинг ҳаддан зиёд мураккаб тилда ёзилган 2800 байтининг маъносини чақиб, уларни ўзбек тилига насрий таржима қилди ҳамда «Шарқ адабиётида қасида жанри ва Бадри Чочий» деган мавзуда диссертация ёза бошлади.
Камина 1970 йили Анисий вафот этган кунлари мазкур диссертациянинг дастлабки саҳифаларини «Ўзбек тили ва адабиёти» журналига тайёрлаганимда олимнинг Шарқ адабиёти тарихини пухта билганини кўриб, лол қолган эдим.
Олим қасида жанрининг ХIII — XIV асрлардаги тараққиёт йўлини кузатиб, шу даврда мазкур жанрнинг, мазмунига кўра, қуйидагича гуруҳланиши мумкинлигини аниқлаган: 1) соф фалсафий мазмундаги қасидалар; 2) кенг ижтимоий мазмундаги қасидалар; 3) ишқий мазмундаги қасидалар; 4) мадҳия мазмунидаги қасидалар; 5) табиат ҳодисалари ҳақидаги қасидалар.
Кўрамизки, дастлаб соф фалсафий йўналишга эга бўлган қасида жанрига секин-аста тарихий даврнинг ижтимоий муаммолари, ишқ-муҳаббат мавзуи, мадҳиячилик ва бошқа масалалар ҳам кириб келган. Кейинчалик бундай ўзгаришлар бошқа жанрларнинг табиатида ҳам рўй берган.
Олимнинг таъкидлашича, Бадри Чочий Деҳлида яшаган даврида улуғ ўзбек шоири Хисрав Деҳлавийнинг таъсири катта эди. Деҳлавий эса қасиданависликда Хоқоний анъаналарини давом эттириш йўлидан борган. Деҳлавийга муайян даражада эргашган Бадри Чочий ҳам Хоқоний изидан бориб, ўз фикрларини киноя ва қочиримлар билан баён қилган. «Бадрининг қасидалари, — деб ёзади олим, — аслида мақтов эмас, шоҳлар, амалдорларнинг фисқи фужурларини фош этиш, умуман, ўзи яшаган давр ҳаётига нисбатан Чочий муносабатининг ажойиб ифодасидир».
Афсуски, таниқли матншунос ва тадқиқотчи олимнинг ўзбек адабиётидаги қасиданавислик тарихига бағишланган тадқиқоти якунланмай қолган, унинг тайёр қисми эса шу вақтга қадар ўз тадқиқотчиси ва ноширини топмай келмоқда.
Абдулаҳад Анисий ўта камтар, хоксор ва калтақўл кишилардан бири эди. У 1953 йилнинг қиш ойларида Андижонда мушкул бир аҳволда яшаган пайтида Солижон исмли ҳамшаҳарининг 2 тонна кўмир тушириб берганидан «қишимиз баҳор», Ғафур Ғуломнинг унинг уйига электр чироғини ўтказиб берганидан эса «кечларимиз наҳор» бўлди, деб болалардек севинган ва шу ҳақда Ҳабибийга хат ёзиб, ўзининг чексиз қувончини билдирган эди. Олим шундай қийинчиликда яшаганига қарамай, Тошкентда истиқомат қилган дўстига маҳси сотиб олиб, юборган ва Ҳабибий бу совғадан боши кўкка етиб, унга самимий сатрлар билан миннатдорлигини изҳор қилган эди.
1964 йилнинг ёз ойларида Тил ва адабиёт институтининг бир неча ходимлари Ленинградга илмий сафар билан бормоқчи бўлганлар. Уларнинг қистови билан Анисий ҳам Нева дарёси бўйларига бориб, Салтиков-Шчедрин номидаги жаҳонга машҳур кутубхонанинг нодир китоблар бўлимида ишлаган. Шундай кунларнинг бирида у, одатига кўра, Ҳабибий домлага бундай хат ёзган:
«Қори ака! Мен Ленинградга келишни у қадар кўнгилдан хоҳлаганим йўқ эди, лекин насиб бўлса, хоҳлар-хоҳламас бўлаверар экан. Бу ерларга насибам қўшилганидан ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Аммо жуда хурсандман, чунки бу шаҳарни кўрмасак, армонда қолар эканмиз…
Биз ишлаётган кутубхонада 4 миллион нусха китоб бор экан, ҳар кун 1000 киши кириб, ўн минг китоб олиб, ўқилиб, яна жойига қўйилар экан. Бу иш баҳонаси билан ажойиб нодир асарларни кўздан кечирмоқдаманки, уларни бу ерда ёзиб тугатиб бўлмайди. Машҳур Қиблат ул-куттоб Султон Али Машҳадий, Мир Али, Мир Амир ва бошқа хаттотларнинг ёзган асарлари, Навоий ўзи кўздан ўтказган девон ва хамсалар, уларга берилган нақш-нигорлар, ғоят ингичка, мавҳум чизиқлар билан ишланган лавҳалар шундай сақланганки, бу кунгача ўзининг назокат ва латофатини йўқотган эмас».
Бундай самимий ва ҳайратомуз сўзларни фақатгина улуғ аждодларининг маданий меросига фавқулодда улуғ ҳурмат ва ифтихор туйғуси билан қараган, уларни ўрганишга бутун умрини бағишлаган кишиларгина ёзишлари мумкин.
Наим Каримов,
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2006 йил 1-сонидан олинди.