Тиббиёт фанлари номзоди, шифокор Жуманазар Бекназаров билан суҳбат
— Жуманазар ака, суҳбатимизни бошлашдан олдин ўтган кунларга бир назар ташлаб олсак, зеро бу суҳбатимиз мавзусига бевосита алоқадор, деб ўйлайман. «Ҳокимият Советларга!» деган дабдабали шиорнинг ёши етмишдан ошиб қолди. Ўтган вақт мобайнида халқимиз бошидан кечирган воқеаларни ўн йилликларга бўлиб рўйхат қилсак, қуйидагича бўларкан. 20‑йиллар: Совет ҳокимиятини ўрнатиш, қулоқларга қарши кураш ва коллективлаштириш азоб-уқубатлари. 30-йиллар: мисли кўрилмаган даҳшатли очарчилик, мустабид Сталин қатли оми, иккинчи жаҳон уруши ва унинг асоратлари. 60-йиллар, жамиятимизда турғунлик иллатларининг илдиз ёя бошлаши… Маьнавий оламимизга етган зарарларни бу жайдари рўйхатимизга киритганимиз йўқ, ҳали… Буларни хаёлдан ўтказатуриб, «бундай тузукроқ кун кўрганми бу саҳройи халқ?!» деган хўрсиниқ бўғзига тиқилади кишининг…
Яқинда олтмишинчи йилларда рўй берган бир воқеани эшитиб кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмай қолдим. Қисқаси, жумҳуриятимизнинг чекка қишлоқларидан бирида бир дехқон иморат солаётган экан. Шунда кимдир келиб: — Нима қиласиз, иморат соламан, деб бошингизга ташвиш орттириб, ахир саксонинчи йилларда мамлакатимизда коммунизм қурилади-ку?! — дебди. Ҳалиги деҳқон содда эмасми, «саксонинчи йилда коммунизм қурилса, янги иморатни нима қиламан?!» деб ўйлаб уй қуришни тўхтатиб қўйган экан. Йўқ, бу соддафеълликдан эмас, ўша йиллари нафақат оддий деққон, балки зиёлилар хам «коммунизм» ақидасига қаттиқ ишонишар эди. Ҳукумат тепасига келган Никита Хрушчев юргизган сиёсат мана шу пуч ақидага асосланган эди-да. Аммо шўринг қурғур бу халқни коммунизм эмас, оч юҳодай қутурган экологик қиёмат кутиб олди саксонинчи йилларда.
— Ҳа, бу экологик қиёмат пойдеворининг илк ғиштлари Россия империяси Туркистон ўлкасидан пахта хом ашёсини кўпроқ ундиришдек вазифани ўз олдига мақсад қилиб қўйган йиллари пишитилган эди. Унинг пойдевори халқимиз олдига пахта мустақиллигини таъминлаш вазифаси қўйилган пайтда яна ҳам мустаҳкамланди. Устқурма «гуллаб-яшнаши» учун, буткул шаклланиши учун яна ўзимиз зўр бердик. Нега шундай қилаяпмиз, деган саволни ҳатто ўйлаб ҳам кўрмадик.
Ҳукуматимизга, давлатимизга қанча кўп пахта берсак, ҳаётимиз ўшанча фаровон бўлади, бу фаровонлик хаёт уфқларида барқ уриб, кўриниб турибди, яна бир зўр берсак бу уфқни эгаллаймиз, деган хайқириқ ва шиорлар бизни хамма томондан чирмовуқдай ўраб олган эди. Бу сўзларнинг баландпарвозлигию пала-партишлигига эътибор беришга, ўйлаб кўришга вақтимиз ҳам, имконимиз ҳам йўқ эди. Бу йил фалончи муносабати билан зарбдор йил дедик, бу йилда пистончи шарафига мажбуриятларни ошириб бажарамиз, дедик. Бу йилларнинг зарбдорлиги, шарафли эканлиги ҳеч тугамасди.
«Коммунизм сари олға!» чақириғидан рухланган ўзбек дехқони фақат шу тўғрисида ўйлашга мажбур бўлди. Бир йилда уч йиллик планни бажарамиз, деган дабдабали шиорлардан еримизнинг бели майишиб, қадди букилди, наслликка сақланган буқалар, отлар, қўчқору қўйлар сўйилди. Халқимиз ҳар хил шиорлар «сеҳридан» шу даражада гангиб қолдики, ён-верига орқа-олдига қараш зарур эканлигини ҳам унутди. Агар ҳар тарафга қарайверсам, мулоҳаза қилаверсам, вақтимни йўқотаман, мен учун ўйлайдиганлар бор-ку, бу уларнинг иши дедию, тор тирқишдан қараб, план ва мажбуриятларни бажариш учун тинмай тер тўкиб, меҳнат қилаверди. Олға юряпмиз, деган тушунча ҳар доим хаёлда хукмрон бўлди. Бироқ бир неча йиллар «қизил карвон» қилиб олға юраверибмиз-у, «фаровонлик» деган қизил бахт коммунизм уфқидай биздан узоқлашаверибди, экология мувозанати бузилаверибди. 86,8 фоизи қишлоқда яшайдиган халқимиз, э, борига шукр, яшаяпмиз-у, дея «даври-даврон» сураверди. Кўпчилик эса экология бузилса бузилибди-да, менга дахли йўқ, деган тушунчани ўзларига қабул қилиб олишди. Биз шунга ўрганган, кўниккан, мутеъ эдик.
Чор Россияси ва унинг гумашталари зулмидан эзилган, хонавайрон бўлган халқ инқилобни хурсандлик билан кутиб олди. Лекин тез кунда хафсаласи пир бўлди. Арман дашноқларнинг ҳаддан ташқари зулми, рус шовинистларининг миллий кадрлар фикрини менсимай, уларни идоравий ишларга яқинлаштирмаслиги ва ниҳоят, халқимизнинг миллий турмуш тарзи, иқтисодий шароити, тили ва маданияти хусусиятлари билан ҳисоблашмаслик халқ ҳаракатининг келиб чиқишига сабаб бўлди. Фан, мулоқот, мустақил дунёқараш, миллий турмуш тарзи минг йилдан кўпроқ ислом таъсири остида бўлган халқни бир неча йил ичида даҳрийлаштириш сиёсати халқ томонидан қабул қилинмаслиги, низоларга сабаб бўлиши эътиборга ҳам олинмай, қурол кучига ишонилди. Социализм қуриш йўлида тўғаноқ бўлган дин пешволарини йўқ қилиш акидаси остида ўзбек халқининг саводли зиёлилари йўқ қилинди. Натижада халқ саводли қатламидан айрилди, жудо бўлди. Бу эса, инқилобдан олдин Туркистонда ялпи саводсизлик ҳукмрон эди, деган уйдирмага асос бўлиб хизмат қилди. Биз ҳам ишондик.
Қатағон йилларида зиёлиларимизнинг иккинчи қатлами яна бир бор қирғин қилинди. Биз энди мутеъликни бўйнига олган холда эдик, қаёққа етакласа, ўша ёққа кетаверадиган оломонга айланиб, ўзлигимизни йўқотдик. Табобат ҳам бу «шараф»дан қуруқ қолмади.
Айниқса, эски давлат машинасини синдириб, тамоман янгисини қуриш керак, эски тузумнинг устқурмаси ўзгардими, тамом, базиси, яъни пойдеворини ҳам бутунлай ўзгартириш зарур, деган қонуният тиббиётимизнинг бутун гавдасини зир титратиб, ўзини зор қақшатди.
Ҳозирги биз ўрганаётган дарсликларда Туркистон ҳудудида ар-Розий ва Ибн Сино давридан кейин гўё бошқа ҳаким бўлмагандек. Ақалли бир-иккитасининг номи ҳам тилга олинмайди, ҳатто шунга ишора ҳам йўқ. Гўё бу ерларда дуохону фолбин, куф-суф қилувчи мулла ва эшондан бошқа табобат билан шуғулланувчи инсон бўлмагандек. Демак, инкилобдан кейин табобатни ҳам бутунлай ва тамоман қайта қурдик. Бунда кўп асрлар давомида халқимиз томонидан кўз қорачиғидай асраб келинган, орттирилган амал-услублардан воз кечилди. Ва шу кундан бошлабоқ Оврўпо табобатига сиғиниш бошланди. Халқ орасидаги беморларни даволашга уринган табиблар тазйиқ остига олинди, қувғин қилинди, қадимий ўзбек ёзувида битилган табобат китоблари ёқилди, мозорларга кўмилди. Бир ама лаб бу китобларни яширган ҳакимлар сони ҳам аста-секинлик билан, аммо мунтазам равишда камайиб бораверди. Қолганлари ҳам замоннинг тинч бўлишини кутавериб, бу сеҳрли китобларда ёзилганларини бошқаларга айта олмасдан, ўргата олмасдан армон билан бу дунёдан кўз юмдилар.
Синган, чиққан суякларни жойига қўювчи, шифоловчи табибларга сал-пал эркинлик берилди, холос. Негаки, бу сохада шу табибларнинг олдига тушадиган шифокорларнинг, улардан қойилроқ қилиб бу муолажани бажарадиган врачнинг ўзи йўқ эди.
Шундай қилиб, Туркистон ҳудудида «эски ярамас, илмий асосланмаган» табобат буткул инкор қилиниб, тамоман янгича, халқимиз учун умуман тушунарсиз медицина юзага келди. Бу медицинани халқ табобати билан яқинлаштириш, халқ тиббиётининг амалда синалган ва тасдиқланган ютуқларини жорий қилиш, бир-бирига қиёслаб, яхши томонларини олиш, омухта қилиш тўғрисидаги фикрнинг зарраси ҳам йўқ эди. 1924 йилнинг ноябрь ойида Туркистон врачларининг биринчи съезди иш бошлади. Шуниси қизиқки, съезд ишида маъруза қилувчилар лисонида «сарты», «туземцы» деган сўзлар ошиб-тошиб ётган бўлса хам маҳаллий миллат вакилларидан ақалли бирон-бир киши бўлмади. Съезднинг қарорларидан бири келгуси съездда маҳаллий тилда маъруза ўқиган шифокорни тақдирлаш учун иккита мукофот таъсис этилди, холос. Халқ табобати билан ҳамкорлик қилиш, маҳаллий халқ тилида дарсликлар яратиш ва ерли халққа ўз тилида дарс бериш, умуман, тил эркинлигида табобатни ўрганиш каби масалалар бировнинг хаёлига ҳам келмаганлиги табиий эди.
Ўз ёзувини йўқотиб, икки бор саводсизлик аламини тортган халқ ўз табибу ҳакимларини тамоман унутди. Шаҳобиддин ибн Абдулкарим, Юсуф ибн Муҳаммад, Ҳаким Давоий, Сайид Муҳаммад Ҳасрат, Турди Шаҳобий, Абдулхай Туний, Ҳожи Абдулло каби ўнлаб, юзлаб тадбиркор, донишманд, зукко та библарнинг номлари кўп йиллар давомида биз учун тамоман бегона бўлиб қолди. Халқ табобатини менсимаслик, унинг услуб ва муолажа хилларини илмий асосланмаган деб йўққа чиқариш, илғор амалий усулларини ҳам динга қарши кураш ниқоби остида таъқиқлаш оддий ҳодиса сифатида қабул қилингани ҳеч кимни ҳайрон қолдирмас эди.
Мана шу сиёсий, иқтисодий, маьнавий йўқотишлар оқибатида увол, савоб, имон, эътиқод каби сўз ва тушунчаларнинг муқаддаслигини, унга амал қилишни унутдик. Табиат эҳсонларини, бойликларини асраб-авайлаб сақлаш ҳақидаги доноларимизнинг сўзларини ёддан чиқариб ёки менсимай, табиатга нисбатан кўр ва соқов бўлиб қолдик. Экология мувозанатини кўз қорачиғидай сақлаш тўғрисидаги халқ ўгитларини тамоман эсдан чиқардик. Натижада экологик қиёмат ёпирилиб, ўз ҳужумини бошлади. Мана шу ҳужум натижасида оналарнинг 80 фоизга яқинида камқонлик, болаларнинг 70 фоиздан ортиғида камқонлик, рахит, гипотрофия. Ёз ойларида юқумли ичак касалликлари ҳужумидан кўз очолмай қолдик. Бу касалликлар, айниқса, болалар учун ҳақиқий офат бўляпти. Тасаввур қилинг-а, бу касалликлар май ойида 6 баравар, июнь ойида 16, июлда 24, августда эса 18 баравар кўпаймоқда. Ана кўрдингизми, экологик мувозанатнинг бузилишидан энг биринчи навбатда болалар жабр тортишмоқда. Тўғри-да ахир, юқумли ўткир‑ичак касалликларининг 80 фоизини болалар ташкил қилаётган бўлса, шундай дейишимизга асос борми ё йўқми?..
Мана шу касалларни даволаш учун томирдан суюқ эритма дорилар юбориш зарур. Бироқ шу суюқ дориларни тайёрлаш учун зарур яроқли сув анқонинг уруғи бўлаётгани ҳар қандай одамнинг қалбини зир титратади. Чунки баъзи бир ноҳиялардаги (масалан, Термиз, Нукус шаҳарлари, Ульянов ноҳияси ва бошқалар) мавжуд сувларни икки марта махсус асбобда ҳайдаб, яъни буғлатиб, дистилланса хам дориларни, шифобахш тузларни эритишга ярамаётганини нима деб аташ мумкин? Бунга сабаб сув таркибининг, тупроқ таркибининг ҳаддан ташқари бузилгани. Яна бир мисол. Бухоро вилояти, Ғиждувон ноҳияси аҳолисига ҳовузларда сув сақлаш таъқиқланган. Қудуқлардан сув ичиш ман этилган. Ажабо, илгари энг тоза сув қудуқ суви бўларди-ку, дейишингиз, ажабланишингиз табиий. Энди бу гаплар 30 -40 йиллар олдинги ҳолга тегишли. Ҳозир эса бу ноҳиянинг ери, ер ости сувлари шу ҳудудда қазилма бойликларни олиш учун ишлатилаётган махсус эритмадан тўйинган ва заҳарланган. Бу ҳол, айниқса, Кўкча совхози, Пахтаобод, Халқобод колхозларида ачинарли. Сариосиё ноҳиясининг Свердлов, Калинин колхозларида картошка ва карамдан ҳосил ололмаяптилар, чунки алюминий заводининг заҳарли тутуни ҳақиқий офат бўлмоқда. Жумҳуриятимиз ҳудуди, унинг замини ва заминида яшаётган инсонларда ҳар хил пестицид, гербицид, фунтгеицид, яна аллақандай «цид»лар, нитратлар, хлор-органик бирикмаларни синаб кўриш ва уни узоқ йилларга мўлжалланган таьсирини ўрганиш учун тажриба лабораториясига айланган, деб бемалол айтиш мумкин. Мисол учун, Қашқадарё вилояти Ғузор ноҳиясида 17850 гектар пахта экил ган ерга 20 турга яқин 180 тонна (тонна-я!) заҳарли химикатлар ишлатилган. Бу дегани аҳоли жон бошига 1,9 кг. дан тўғри келади, деган сўз. Қорақалпоғистон мухтор жумҳуриятининг далаларига сепилган кимёвий заҳарларнинг тури 40 дан ортик бўлиб, ҳар гектар ерга сепилиш жиҳатидан Япониядагидан 100 марта кўп. Бир неча ўн йиллар давомида кўпгина олимларимиз учун худди шу тажриба лабораторияси натижалари диссертациялар ёзиш ва уни ҳимоя қилиш ҳамда унвон олиш манбаи бўлиб қолганини яширишдан ким ҳам ютарди, дейсиз. Чунки бу нақа ноёб материални заминнинг бошқа бурчагидан топиш амримаҳол. Тўғри-да ахир, ҳар йили атмосферасига қарийб 1.5 млн. тонна заҳарли тутун пуркалаётган, хар хил кимёвий заҳарлар еявериб, «гиёҳванд» бўлган еримизга, устига устак, гектарига яна 20 кг.дан ортик заҳриқотиллар сепилаётган, мева-чевалари, сут-қатиқлари муолажа малҳами бўлиш ўрнига ялпи заҳарланишларга сабаб бўлаётган, она сутидан, сигир сутидан ҳар хил пестицидларнинг зарар келтирувчи миқдори аниқланаётган бўлса-ю, бу фактлар тажриба лабораторияси деб аташга наҳотки ҳуқуқ бермаса?! Мана шу улкан лабораторияда ҳар хил касалликлар авж олди. Масалан, Тошкент Давлат табобати Олийгоҳи ходимлари томонидан Жиззах вилояти Октябрь ноҳиясида яшовчи 820 киши текширилганида улардан 205 нафари буйрак касалликларидан азоб чекаётганлиги аниқланди. Қорақалпоғистон мухтор жумхуриятидаги 1—2 ойлик болаларнинг 90 фоизида сийдигида тузлар миқдори ҳаддан ташқари кескин ошганлиги қайд этилди. Бу эса уларнинг кўпчилигида келажакда буйрагида тошлар ҳосил бўлади, деган гап. Умуман, Оролбўйида умумиттифоқ кўрсаткичларига нисбатан қорин тифи билан оғриш 30 марта, сариқ касали билан касалланиш 7 марта, сил ва ўсма касалликларига дучор бўлиш 1,5 марта кўп. Сариосиё районидаги болаларнинг ҳар хил касалликларга чалиниши 2,8 баравар кўпайган бўлса, Турсунзода ноҳиясига яқин жойлашган овулларда эса бу кўрсаткич 12 га тенгдир.
— Шу экологик офат туфайли чуқур ижтимоий илдиз отган болалар ўлими тўғрисида бугун очиқ-ойдин гапирилмоқда. Аммо бу бугун пайдо бўлиб қолган нарса эмас. Ўша олтмишинчи йилларда — пахта ва маккажўхоризорлар устида темир қанотли «Кукуруз»лар заҳри-қотил пуркай бошлаганда, мамлакат бўйлаб «қишлоқ хўжалигини химиялаштириш» даъвати янграган кезларда илдиз ота бошлаган эди. Ўтган давр мобайнида неча минглаб норасидалар тутдек тўкилиб, хазон бўлди. Аза очмаган хонадон кам қолди юртимизда… Энг даҳшатлиси, ситамкор бу фожеа мустабидлар томонидан хаспўшланиб, сир тутилиб келинди. Қанча гўдакнинг хазон бўлиб кетгани биздан кўра сиз мутахассисларга яхши маълум бўлса керак.
— Болалар ўлими тўғрисида очиқ-ойдин гапириляпти, деб айтиб бўлмайди. Ҳали бу соҳада аниқ ва равшан, болалар соғлиғини муҳофаза қилишдек муқаддас ишда содир бўлаётган камчиликлар бор ҳақиқати билан очиляпти, деб айтишга эрта. Аввало шуни таъкидлаш жоизки, туғилган боланинг бир ёшгача бўлган даври жуда ҳам муҳимдир. Чунки бир ёшга киргунича унинг келажакда ким бўлиши аниқ бўлиб қолади. Бир йил гавомида унинг организмида шундай «сакраш» бўладики, бундай хусусият унинг ҳаётида бошқа қайтарилмайди. Мана шунинг учун ҳам бир ёшгача содир бўлган ўлим «Болалар ўлими» деган махсус тушунча сифатида қабул қилинган. Сир эмас, узоқ йиллар табобатимиз тўғрисида карнай-сурнай чалиб, қизил рангларда ютуқларимизни мақтадик. Мана шу шовқинга маҳлиё бўлиб, болалар ўлими кўрсаткичи бўйича Иттифоқимиз дунёда 50, жумҳуриятимиз эса 75 ўринга тушиб қолганини билмай ҳам қолибмиз. Қизил пардани кўтарсак, Иордания, Куба мамлакатларида ҳам юрак кўчириб ўтқазиш, болалар юрагига тавақа ўтқазиш операциялари оддий бир ҳол бўлиб қолибди. Биз эса бу пайтда бор фактни рўй-рост айтиш ўрнига «болалар ўлими» доирасига кирмай, сон камроқ бўлиши учун бир ёшигача бўлган даврда ўлим бўлса ҳам, ёшини каттартирдик ёки вактига етмай ўлик туғилган деб, қоғозларни кора қилдик. Бор ҳақиқатни очиқ-ойдин айтиб, маъмурият диққатини ўзига қаратиб, туб ижтимоий илдизларини очиб, режали равишда, илмий асосда профилактика ва муолажа ишларини ташкил қилиш ўрнига рақамларни безаш билан шуғулланиш ҳали ҳам барҳам топган эмас.
Бунинг ҳам ўзига хос туб илдизлари бор. Узоқ вақтгача қонунда ёзилмаган бир қоида бор эди. Обрўли мажлисда кимда ким танқид остига олиниб, номи айтилса, у албатта эгаллаб турган мансабидан маҳрум бўларди. Буни яхши билган соғлиқни сақлаш мутасадди раҳбарлари иложи борича рақамларни бўяб, Иттифоқ кўрсаткичидан фарқ қилмайдиган даражада сақлашга ҳаракат қилишардилар. Оқибатда қишлоқ, шахар кенгаши ва соғлиқни сақлаш идораси маълумотлари орасидаги фарқ жуда катта бўларди.
«Болалар келажагимиз», «Хамма яхши нарсалар болаларга» шиорлари ўртага ташланган турғунлик йилларида болалар ўлими тўғрисида бор фактни гапириш ва уни ривожланган капиталистик мамлакат кўрсаткичлари билан таққослаб, ўз башарамизни намоён қилиш обрўйимизга тўғри келмасди-да, ахир. Нью-Йоркда яшовчи негрлар орасида болалар ўлими 19,1 бўлса-да, «жаннатмакон» жумҳуриятимизда бу кўрсаткичдан кам бўлиш ўрнига 2,5 баравар кўп бўлса ким ҳам бахтиёр бўлиб, жилмайишга ҳаракат қиларди?
Мана шу фактларнинг ҳаммаси шифокорлар ташқи муҳит шароитлари ёмонлашуви, унинг мувозанати бузилиши олдида ўзларини ожиз сезиб, касалликларнинг олдини олиш каби илоҳий ишдан ўзлари билмаган ҳолда четлаштирилган эдилар, десак ҳеч ҳам хато бўлмайди. Энди шифокорларнинг асосий вазифаси пайдо бўлган, ривожланган касалликларни даволашдан иборат бўлиб колган эди. Натижада пайдо бўлган касалликларни муолажа қилишнинг уддасидан чиқа олмай қолдик. Қанча касални даволасак, яна ўшанчаси шифохонага тушавердилар. Мана сизга занжирли реакция!
Яна шуни айтиш керакки, пахтазор четларига ёки ўртасига қурилган мавсумий омонат боғчалар, қишлоқлар устидан учиб ўтаётган «Кукурузлар»дан пуркалаётган дориларнинг пахта зараркунандаларига, нахта япроғига таъсири жуда зўр ўрганилган эди-ю, лекин бу кимёвий заҳарларнинг одамлар, айниқса, болалар организмига сурункали таъсири яхши татбиқ қилинмасдан, амалиётга жорий этилаверди. Ёки уларнинг ўта заҳарли эканлиги маълум бўлса ҳам план ва мажбуриятларни бажаришга интилиш уларнинг заҳарлилик хусусиятларини нейтраллайверди. Бундйн эса биринчи навбатда уй ҳайвонлари, одамлар, айниқса, болалар зарар кўрди. Ўша йиллари бу заҳриқотилларнинг заҳарли эканлиги шу соҳада хизмат қилувчи ходимларга айтилди-ю, лекин кенг халқ оммаси «кимёвий кўр»лигича қолаверди. Ҳатто кимёвий заҳарлар омборларида ҳимоя воситаларисиз ишлаётган одамларни кўриш одатдаги ҳол эди. Чунки «қишлоқ хўжалигини кимёлаштириш» даъватини максимал равишда бажаришни масъул ходимлар ўзларининг олижаноб вазифалари деб билдилар. Ўша «Кукурузлар» сепаётган дори тагида қолиб уй ҳайвонлари, заҳарланиб шифохоналарга тушган пахтакор ва унинг болалари тўғрисида ўйловчи одамнинг ўзи кам эди. Балки ким кўп кимёвий дорини ишлатиш борасида ўзига хос мусобақа авж олди. Заҳриқотилни кўпроқ ундириш учун ҳатто таниш-билиш, қариндош-оғайничилик, хуллас, хамма воситалардан фойдаланилди.
Ер, сув, ҳаво, овқат маҳсулотларида кимёвий нокерак моддаларнинг пайдо бўлиши ва уларнинг сурункали равишда организмга қабул қилиниши инсоннинг хар хил таъсирларга ва касалликларга қарши курашувчанлигини кескин пасайтирганини тан олишдан бошқа иложимиз йўқ. Бу хислатнинг болаларда яққол ифодаланганлиги айниқса равшан эди. Масалан, 1974-1980 йилларда Тошкент шаҳар 14-болалар шифохонаси реанимация бўлимида июнь, июль, август ойларида болалар ўлими энг кўп кузатилганди. Кейинги йилларнинг худди шу ойлари хам бундан мустасно эмас. Нобуд бўлган болаларнинг 70 фоизидан ортиғи пахтакор районлардан оғир аҳволда келтирилган болалар бўлиб, ўша пайтда биз уларнинг касалликлари одатдан ташқари ҳолда кечаётганини тушуна олмаганмиз. Кўпчилик болаларни тўғридан-тўғри иссиқ қон қуйиш билан қутқариб қолишга эришилган.
Кўпгина болаларнинг касалликларига одатдаги дориларнинг миқдори рисоладагидай таъсир қилмаётгани, иммун кучларни оширувчи препаратларсиз иложи бўлмаётгани тўғрисида илмий адабиётларда ҳам ёритилди. Лекин унинг ҳақиқий сабаби айтилмасди. Яхшиямки қайта қуришнинг инсоний шабадаси эсиб, мустабидлар томонидан темир сандиқларда хор бўлиб, қамалган сирлар моғорламай, офтоб юзини кўрди. Лекин бор бўйи билан ўз қаддини ростлай олгани йўқ.
— Жуманазар ака, юртимизда пахтага ишлатиладиган заҳриқотиллар ва химкомбинатлар катталар қатори болалар ҳаётига қанчалик таҳдид солаётганини қўйиб турайлик-да, биргина Орол денгизи қуриши оқибатида вабодай тарқалаётган касалликлар тўғрисида гапирайлик. Расмий маълумотларга қараганда Оролбўйи худудида хар ҳафтада 40 нафар гўдак ҳаётдан кўз юмар экан…
— Орол денгизининг тобора ўз қирғоғидан чекиниб, талвасага тушиб, қуриб бораётгани ҳақиқий фожеа. Орол бўйидаги экологик фалокатнинг вужудга келишида табиат айбдор эмас. афсуски, инсон томонидан сунъий равишда яратилди. Ана энди унинг жабрини тортмоқдамиз. Бир вақтлар Хвайразам номи билан аталган, «Боғи эрам» дея достонларда куйланган Хоразмга Балх, Наса, Хуросон, Шом ва бошқа шаҳарлардан келишиб, шу ерда илм-фан билан шуғулланишган. Машҳур араб сайёҳи Ёқут ал-Ҳамавий (1179—1229) Хоразмнинг аксар қишлоқларини шаҳарга ўхшатиб, дўконлари кўплигидан, мева-чевалари сархиллигидан ҳайрон қолганини ёзган. Араб сайёҳи Ибн Боттута (1303—1378) Хоразм элининг ахлоқи яхшилиги олдида лол колади. Қани энди виждонимизга савол берайлик-чи: қайси мухитда ва иқтисодий шароитда яшовчи жамоанинг ахлоқи яхши бўлади?
Агар Орол денгизининг куриши Оролбўйида яшовчи халқлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатмаганида эди, балки ҳаёт ўз окими билан ўтавериши мумкин эди. Аммо мана шу саломатликнинг ёмонлашганлиги фожеа бўлиб, бу фожеа бир неча минг кишига эмас, балки бир неча ўн миллион инсонга тегишлидир.
Ҳар қандай давлатнинг обрўйи шу давлат халқининг фаровон турмуш кечириш даражаси билан ўлчанади. Халқ қанчалик фаровон яшаса, уларнинг умри ҳам шунчалик узун бўлиши аниқ. Ҳа, умрнинг узоқлиги шу инсоннинг озиқ-овқатлар билан кандай таъминланганлиги, қайси муҳитда нафас олаётгани, бахтиёрлик, шодлик даражаси қай ҳолда эканлиги билан чамбарчас боғланган. Жумҳуриятимиз турмуш шароитлари фаровонлиги бўйича Иттифоқ кўрсаткичидан икки баравар орқада. Бошқа давлатларга нисбатан солиштирсак, 90‑ўринда. Мана шундай шароитда бу чамбарчаслик бузилмаган дея оламизми? Йўқ! Шундай экан, «Халқ соғлиги — Ватан бойлиги» деган шиор бизда дабдабадан бошқа нарса эмас. Бўлмаса туғилажак ва туғилган болаларнинг соғлигини сақлаш учун барча нарсаларни қилган, атроф-муҳитни яхшилаган, бу болаларнинг бир куни халқ бўлиб етишишини ўйлаган бўлардик.
Ташқи муҳит шароити ёмонлашгани устига ичимлик суви давлат стандарти талабларга жавоб бермаса, бироқ уни истеъмол килмасликнинг бошқа иложи бўлмаса, Оролнинг қуриган тубидан осмони фалакка кўтарилаётган 75 млн. тоннадан ортиқ туз нафас йўлларини қитиқлаётган бўлса-ю, бизнинг соғлом инсон тўғрисида фикр юритишимиз табобат қонуниятининг хеч бир доирасига сиғармикан? Унинг ерларида 40 хилдан ортиқ захриқотил ишлатилса, ҳар хил пестицидлар, селитралар билан тўйинган окова сувлар яна тупроқни қайтадан заҳарлаётган бўлса, бу муҳитда инсон соғлом бўлиши мумкинми? Америка Миллий Фанлар академияси рак касаллигидан ўлишнинг асосий гуноҳкори пестицидлар эканлигини инкор қилиб бўлмайдиган далиллар воситасида исботлади. Биз бунинг ҳақиқий эканлигини жумҳуриятимиз мисолида, айниқса, Қорақалпоғистон мухтор жумҳурияти тақдирида аниқ кўриб турибмиз. Онкология касалликларининг бунчалик кўпайишида нитратларнинг ролини инкор қилишнинг ўзи кулгили. Чунки радиациянинг зарари нитратлар таъсири остида 2-4 баравар ошади, радиациянинг жинсий аъзоларга салбий таъсирини бир неча марта кўпайтиради.
Гербицидларнинг ҳаддан ташқари ортиқ қўлланиши оқибатида Мўйноқ атрофидаги балиқлар ёппасига қирилмоқда. Бу қирон заҳарнинг яна бир бошқа хусусияти борки, уни айтмасликнинг ўзи жиноят: у ҳайвонларнинг касалланишига сабаб бўлади, ўсмирларнинг меҳнат қобилиятига таъсир кўрсатиб, ақлий қобилиятини пасайтиради.
Биз минг тошга бошимизни уриб, ташқи муҳитнинг инсон соғлиғига таъсирини рад этишга уринсак ҳам ҳаёт бунинг тескарисини кўрсатаётган бўлса, фактларни хаспўшлашга ҳожат бормикан? Хар хил оромгоҳ, санаторийларга, дам олиш уйларига бориб, соғлиғини тиклаб ёки яхшилаб қайтган одамлар яна уйларига келиб, қайтадан касалланаётганликлари бунинг исботи эмасми?
Қорақалпоғистон ва Хоразм вилояти ахолисининг 80 фоизида у ёки бу касаллик бор. Ҳали бу оддий қараб кўриш, юрагини, ўпкасини эшитиш, лабораторияда оддий қон анализини таҳлил қилиш билан аниқлангани. Агар фаннинг энг сўнгги ютуқлари асосида қуролланган лабораторияда текширилса, уларнинг сони яна кўпроқ бўлган бўларди. Майли, касалланиш 80 фоиз ҳам бўла қолсин, лекин шу аҳвол яна 8—10 йил давом этса нима бўлади? Насл-насаб-чи?
Инсоннинг ҳар томонлама, яъни ақлий, жисмоний ва маънавий гўзал бўлиши йиллар давомида, авлоддан авлодга шаклланиб, такомиллашиб бориши ирсият фанида аллақачон тасдиқланган. Аёллар ва эркакларнинг ёшига номувофиқ пайдо бўлган ҳар бир кичик ўзгариш унинг иккинчи ё учинчи авлодига, албатта таъсир кўрсатади. Агар унинг шу авлодларида ҳам ёшлигида қарилик белгилари бошланса (масалан, эрта соч оқариши, юзга ажинлар тушиши ва ҳ. к.). келгуси авлодларда у энди доимий бўлиб қолади. Шуни ҳисобга олиш керакки, йиллар давомида орттирилган яхши сифатни йўқотиш учун эса кўп вақт керак эмас.
Наслчилик билан шуғулланувчи мутахассисларнинг айтишича, нўхат ёки қалам гулли аъло нав қоракўл тери етиштириш учун энг камида 30—40 йиллар она қўй ва қўчқорни танлашга тўғри келаркан. Лекин мана шу тери сифатини бузиш, яъни аввалги ясси тери ҳолига келтириш учун икки йил кифоя экан. Албатта, инсон ирсиятида бу бироз бошкача бўлса ҳам лекин унинг қонунияти бир. Бундан ҳар кандай табиат мўъжизаларининг яхши сифатлари (гўзаллиги, кўркамлиги, мутаносиблиги, аъзоларининг бир-бирига монандлиги, ақли, умри узунлиги) йиллар давомида шаклланган, уни янада яхширок томонга кескин равишда ўзгартириш мумкин эмас. Бироқ ёмон томонга буриб юбориш жуда ҳам осон деган хулоса келиб чиқади. Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом 63 га кирган эканлар. Ва у киши айтган эканларким: Мен умматларимга ҳам шунча ёшни раво кўраман. Демак, VII асрнинг бошларида инсоннинг ўртача умри шу ёш атрофида экан. Бундан бир неча асрлар олдин яшаб ўтган алломаларимизнинг умри ҳам ҳозирги пайтда ривожланган капиталистик мамлакатлар аҳолисининг ўртача умридан кам бўлмаган. Масалан, Абу Бакр Ал-Хоразмий 58 йил, Абул Қосим аз-Замахшарий 69 йил, Рашидуддин ал-Вотвот 94 ёшга кирганлар. Улуғ бобомиз ал-Чағминий 80, қомусий олим Беруний 78 йил умр кечирганлар. Лекин халқимиз фаровонлиги учун тинмай кураш кетаётган шу кунларда Қорақалпоғистон мухтор жумҳуриятида ўртача ёшнинг 52 га тушиши, ҳатто баъзи бир ноҳияларда 40 га тенг келишини таъриф этишга лисонимизда сўз топилармикан? Шу инсонлардан дунёга келган болаларнинг ёшини Япониядагидек 82 ёшга чиқаришнинг иложи бўлармикан? Шундай қилса бўлади, деб ирсият соҳасида ишловчи олим жавоб бера олармикан? Лекин далилсиз қуруқ сўз бўлса-чи? Исмлари Олтмишвой, Етмишвой, Саксонвой қўйилганини тунов кунги тарихдан ўқиб, бунга ҳавас қилган халқимиз қуруқ сўзлардан тўйди.
Ана энди, келинг, ортиқча ҳис-ҳаяжонларга, эҳтирослар чўққисини забт этишга берилмасдан мулоҳаза билан фикр юритайлик-чи, экология ҳалокати рўй берган шароитда болалар ҳоли не кечди экан? Япония ёки АҚШдагидай болалар ўлими 5—10 га тенгми ёки сал бошқачароқмикан? Расмий маълумотларга қараганда, бу кўрсаткич 1989 йилда жумҳуриятимизда 38,8 га, Хоразм вилоятида 49,9 га, Қорақалпоғистонда эса 72 га тенг, 1989 йилнинг 18 августида СССР Медицина Фанлар академиясининг 59-сессиясида қишлоқ хўжалигида химикатларни қўллаш харитаси намойиш қилинди. Бу харита Иттифоқимизнинг барча жанубий районлари, Молдавия, Одесса, Херсон областларида энг кўп кимёвий заҳарли дорилар қўлланилаётганини кўрсатди. Шуниси даҳшатлики, қаерда дориларни қўллаш кўпроқ бўлса, худди шу ерда болалар ўлимининг кўплиги ҳам маълум бўлди. Мана шу далилнинг ўзи ҳам қишлоқ хўжалигини кимёлаштиришни камайтирмасдан (балки, умуман тугатмасдан) туриб, болалар ўлимини камайтириб бўлмаслигини исботловчи далилдир.
Режали ва шафқатсиз равишда дефолиантлар, минерал ўғитлар, кимёвий заҳарлар билан бели майиштирилган ерда туғилган, ўсган биринчи авлод эмас, балки иккинчи авлод ҳам бола кўриш ёшига етиб қолди. Хўш, энди шулардан мутлақо соғлом бола туғилади, деб ким кафиллик бера ола ди? Улар кимё Чернобилининг қурбонлари эмас, деб айтишга етарли далилларимиз борми? Қоракалпоғистон мухтор жумҳуриятининг Қораўзак ноҳиясида болалар ўлими 140, Учсой ҳудудида 187 га тенг эканлигини қиёматнинг қайси хилига қўшиш мумкин? Жавоб борми?
— Бу ҳол эҳтимол ҳали кўпчиликка сир бўлиши мумкин. Хатто баъзи раҳбар ходимлар «Туҳмат!» деб аюҳаннос солишлари ҳам тайин. Аммо шуни очиқ эътироф этиш керакки, бизда ҳам қўшни Туркманистонда рўй бераётгани сингари болалар очликдан ўлишмоқда. Бу мудҳиш жараён ботиний ҳолда, яъни гўдак она қорнидалигида ривожланиш учун керакли модда етишмаслигидан содир бўлади. Шу тўғрисидаги фикрларингизни ўртоқлашсангиз.
— Жуда тўғри гап! Агар оналарда оқсил тақчиллиги бўлмаса туғма гипотрофиянинг бўлиши мумкин эмас. Демак, она қорнидаёқ ҳомила етарли равишда ўзига керакли овқат моддаларни олиш имконидан маҳрум, яъни очлик балосига гирифтор. Натижада ҳомиланинг қонига қон, этига эт қўшилмайди. Жумҳуриятимиздаги оналарнинг 70—80 фоизида гемоглобин миқдори 60—80 атрофида бўлса (нормада 112—120), витаминлар билан энг камида 5—10 марта кам таъминланган бўлса, демак, улар ўзларини овқат билан таьминлай олмаётган бир пайтда, ҳомиласининг ҳоли не кечиши маълум-ку, ахир. Хоразм воҳасида туғилган болаларнинг ярмидан кўпроғида гипотрофия; камқонлик аниқланаётгани оналарнинг соғлиғини қониқарли деб аташдан анча йироқ эканлигини кўрсатмайдими?
Жумҳуриятимиздаги бир ёшгача бўлган болаларнинг 60 фоизидан ортикроғида гипотрофия ва рахит касаллиги бор. Қишлоқ жойларда эса бир ешгача бўлган болаларнинг ҳаммасида шу рамақижонлик. Маълумки, қайси болада ушбу касаллик бўлса, уларнинг иммун, яъни бошқа касалликларга карши курашувчи кучи кескин даражада камаяди. Улар касалликларнинг ривожи учун тап-тайёр манба. Исботи учун Қашқадарё вилояти Болалар марказий касалхонаси даволаш ишлари бўйича муовини М. У. Хусановнинг маълумотларини келтирсам: 1989 йилда шифохонада даволанган 12860 бошнинг 82 фоизида гипотрофия бўлган. Улардан 1/3 бирида эса унинг оғир формаси. Тасаввур қилинг-а, 4 яшар боланинг оғирлиги 4 кг, 100 гр бўлса, 8 ойлик чақалоқнинг оғирлиги 3 кглик тошни боса олмаса… Бу дахшат-ку! Бу болаларга караб раҳмингиз келади: уларнинг кўриниши худди 80—90 яшар қарияларнинг кичиклаштирилган нусхаси.
Гипотрофия бўлишининг устига устак гиповитаминоз хам бўлса борми, улар очлик азобини бошидан кечирмаяпти деб айтишга ҳаққимиз йўқ. Ҳолбуки, гиповитаминоз (дармон дориларнинг камлиги) жумҳуриятимиздаги гипотрофик болаларнинг доимнй йўлдошидир. Агар очлик бўлмаса эди камқонлик ҳам, юқори кўрсаткичдаги касалликлар ҳам бўлмасди, болалар ўлими ҳам кескин равишда камайиши турган гап эди. Шуни алоҳида қайд килиш керакки, тўлиқ сифатли, хилма хил калорияли ва тўйимли овқатланишни йўлга қўйиш, ташкил қилиш касалланиш ва ўлимни камайтириш учун олиб борилган соғломлаштириш ишларининг асосий пойдеворидир. Ҳозир эса бизда ана шу пойдеворнинг ўзи йўқ. Ахир умумиттифоққа караганда гўшт истеъмол қилиш 75 фоиз, тухум, картошка, сут 70 фоиз кам бўлса, бу ҳали шу пойдеворнинг Оролнинг куриган яйдоқ туз чўлидай деган гап эмасми? 1989 йилда жумҳуриятимиз РСФСРга 1 млн 870 минг тонна мева-чевалар етказиб берди. Илгари Оролнинг шовуллаб тўлқинланиб турган қирғоқларида яшаган аҳоли орасида йил бўйи мева-чева тотмаган ҳам учраб турган пайтда бунака серсахийликнинг бўлаётгани наҳотки ажабланарли туюлмаса? Ахир турмуш шароити, иктисодий аҳволи ночор оилаларда болалар ўлими яхши таъминланган, ўзига тўқ оилаларга нисбатан 6 марта кўп бўлаётганини ҳисобга олайлик-да!
Мана кўрдингизми, қишлоқ аёллари табобат тавсия қилган овкат хилларини истеъмол қилиш имконияти йўқлиги устига организмга зарар келтирувчи хар хил моддаларни қабул қилишга мажбур. Бошка илож йўқ-да, ахир. Оқибатда она сути сувдан деярли фарқ қилмайди. Бунинг устига таркиби ўзгарган. Бунака таркибли сутга эса бола организми ўрганмаган. Мана шу шароитда соғлом она ва соғлом бола тўғри сида гап юритишнинг ўзи кулгили. Она нимжон; бола нимжон, она юзининг ранги қочган. Бундай оналар ўз болаларини ўз сути билан боқиш қудратига эга эмас. Боласининг юзи сарғимтир, жигари шишган. Бунақа болаларда гимотрофия ривожланмасдан иложи йўқ. Ана энди вужудга келган аҳволни ўзингиз тасаввур қилиб кўринг: она боласини нима билан боқиши керак? Сут берай деса, сути йўқ. Дўконларда сотилаётган «Малиш», «Малютка» аралашмаларини берай деса, сув чатоқ. Бор сувдан фойдаланилса, «Малиш» ва «Малютка» сув билан суюлтирилган заҳоти ирий бошлайди. Сигир сутини берай деса кўнгли бўлмайди. Чунки ташқи муҳитнинг ёмонлашуви сигирларга хам таъсир қилиб, масалан, Тўрткўл нохиясидаги соғин сутларнинг 75 фоизи сил билан касалланган.
Кишини қаттиқ ўйлантириб, изтиробга солиб кўядиган тарафи шундаки, бу ўзгаришлар кейинги наслга берилади. Демак, “Коммунизм бу мамлакатни плюс электрлаштириш ва кимёлаштириш”, деган шиор ўртага ташланган пайтгача авлоддан авлодга кучлироқ бўлиш (мен бу ерда иммунобиологик омилларни назарда тутаяпман) насиб этган бўлса, мана энди бунинг тескариси бўлмоқда.
— Руҳий носоғлом, майиб-мажруҳ болаларнинг сони йилда-йил кўпайиб бораётгани хақида матбуотда кўплаб ёзишмоқда. Албатта бу ҳам экология оқибатида келиб чиқаётган бўлса керак.
— Чақалоғини оппоқ либосга ўраб, туғруқхонани тарк этган она ўз бахтининг уммондай кенглигини, чексизлигини, ўзининг бекиёс бахтиёрлигини ҳис этади. Бироқ майиб‑мажруҳ ёки бирон-бир норасолик билан туғилган болани туғрукхонадан олиб чиқаётган она худди шу бахтни, бахтиёрликни хис қилармикан? Бир қулоқсуфасиз, ёки бир оёқсиз, ёки қўлсиз, ғилай бўлиб туғилган болани кўлида ушлаб, яшайдиган уйи остонасига қадам қўяётган онанинг кўнглидаги хижиллигини, аламини, юрагидаги дардини ҳеч ким йўқотиш қудратига эга эмас. Мана шу юрагидаги дард, кўнглидаги изтироб она қалбида дарз, юзида ажин, сочида оқ пайдо қилади, умрини кисқартиради.
СССР Фанлар академияси маълумотларига қараганда экология муҳити бузилган хоналарда махсус, чуқур текшириш лар янги туғилган чақалоқларнинг 50 фоизида туғма касаллик борлигини аниқлади. Бир-бирининг ҳаётини боғлаётган ёшларнинг 40—45 фоизида қайсидир бир сурункали касаллик борлиги қайд этилмоқда. Мана шу сабаблар оқибатида туғма мажруҳли ва норасоликлар жуда ҳам кўпайди. Мактабни тугатаётганлар орасида 45 фоизи сурункали касал, 36 фоизи қандайдир бир нормадан ташқари ўзгаришлардан жабр тортган. Факат 20—25 фоизи соғлом, холос. Хўш, шу 70—80 фоизидан ҳаммаси мутлақо соғлом болалар туғилиши мумкинми?
Нафас олаётган ҳаво тоза бўлмаса, соғлом боланинг туғилиши ўзи бир мўъжиза. Турсунзода ва Сариосиё ҳудудида болаларнинг мажруҳ бўлиб туғилиши 9 баравар ортди. Бу далилни экологиянинг таъсирисиз, яна кандай омиллар билан изоҳлаш, тушунтириш мумкин?
— Дард устига чипқон деганларидай, биздаги тиббиёт хизмати хам болаларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ожизлик қилаётир. Биринчидан, касалликлар ўта хавфли бўлса, иккинчи томондан, тиббиёт хизматининг ибтидоий даражадалиги сабаб бўлмоқда. Масалан, оддийгина фақат бир марта укол қилинадиган шприцлар ҳам бизда муаммо саналади.
— Касаллик жазиридан азоб чекиб, инқиллаб, ёрдам сўраб, кўзлари жовдираётган бола бечорага етарли даражада муолажа кўрсатиш воситаларининг шифохоналарда етишмаётгани, андуҳ оғушида беморлар чекаётган азоб шифокор юрагини баттар исканжага солади. Бир марта ишлатиладиган шприц ва игналарнинг танқислигини қўя турайлик-да, касал болалар учун ниҳоятда зарур меъда зондлари, капалаксимон найчалар, махсус каравотчалар, сунъий нафас берувчи аппарат уларга жиҳозларнинг етишмаслигини кўз олдингга келтирасану қачон тиббиётимиз чорасиз тиланчидай зориқманлик ҳолидан кутулар экан, дея беихтиёр ўйлашга мажбур бўласан. Болаларнинг бир томчи қонидан унинг организмида қайси моддалар кўпайгани ё камайганини билиш, қондаги нордонлик ёки ишқорий муҳитни аниқлаб шунга яраша ёрдам кўрсатишни орзу қилиш қачон тугар экан-а деб ўйламаган шифокорни жумҳуриятимизда топиш амри маҳол. Тўғрида ахир, Соғликни сақлаш вазирлигининг қўлида, ихтиёрида валюта пули йўқ. Ўзимизнинг саноатимиз бу аппаратларни ишлаб чиқармаса, валютамиз бўлмаса, ёлвориб, келишувчанлик йўли билан валютаси бор корхоналарга бош эгиб боришга мажбурсан. Хўш, бунинг тиланчиликдан нима фарқи бор? Ҳозирча соғлиқни сақлаш ишларига ажратилган пулдан хориждан олинаётган аппаратуралар, реактивлар, асбоб-анжомлар Марказнинг ўзидан ортмаяпти. Эндигина амалиётга жорий қилинган ноёб аппарат, дорию реактивлар, умуман, илмгир ашёлар қуйи муассасаларда анқонинг уруғи. Натижа-чи? Тафаккурнинг қалампирсимон ачиштирган аччиқ алами бутун танангни ловуллатиб ёндиради. Негаки, бу илмгир ашёлардан фан номзоди ёки фан доктори унвонлиги учун зарурий ва қимматли маълумотлар олинганидан кейингина уни кўриш бахтига муяссар бўламиз. Ана энди ундан фойдаланиб, бирон-бир илмий иш қилмоқчи бўлсанг фойдаси йўқ. Чунки улар равон ва текис йўлдан шитоб билан олға кетаётганида, ҳали сен ҳосил беришлиги номаълум шудгорланган даланинг қоқ ўртасида турган бўласан. Бир амаллаб равон йўлга чиққанингда эса, э, бу илмий мезонлар билан касалликни баҳолаш эскирди, улар энди ўтмайди, дейишади. Натижа эса аниқ, илмдан кўнглинг совийди. Ҳа, энди бўлгани шу экан-да, деб бошқа олий манзилларда яратилган, таклиф этилган усул ва услублар билан ишлайверасан. Бунинг бир томони яхши, бош оғритмасдан тайёридан кўчирма ва андоза олиб кунингни ўтказаверасан. Фан оламида биров сенинг борлигингни ҳам, йўқлигингни ҳам билмайди.
Яна бошқа масала ҳам кишини ўйлантиради. Ҳозир биздаги соғлиқни сақлаш ишларида гуманизм етишмайди. Эътибор қилинг-а, шифокор иш вақти, ўрин-жой, категория, илмий унвони, неча йил ишлагани учун мояна ва қўшимча ҳақ олади. Лекин у беморни қай даража ва сифатда даволаяпти, унинг бунга илмий ва амалий билими етарлими ё йўқми бунга асло эътибор қилинмайди. Бизнинг онгимизга сингдирилган бир қоида бор: шифокорнинг иш стажи қанча кўп бўлса, у шунчалик тажрибали бўлармиш. Ва шунга яраша ҳақ олиши керак эмиш. Ажабо! Наҳотки, дейсан. Шифокор олийгоҳни битирганидан сўнг ўз соҳасига, тиббиётга оид биронта ҳам мақола ўқимаган бўлса, биронта ҳам китобнинг мағзини чақмаган бўлса, қандай қилиб у тажрибали бўлсин! Касал учун қайғурувчан кечаю кундуз ўз илмий ва амалий савиясини ошириш учун интилувчан ёш шифокор устидан бу мазах қилиш эмасми? Қанча ҳаракат қилсанг қилавер, чиранма, чунки сенинг иш стажинг кам, деб айтилган гапнинг айнан ўзи-ку!
Энди табобат олийгоҳини битирган ёшларнинг яхши ишлаши уларнинг эътиқодига, жонкуярлигига, жавобгарлик ҳиссини қанчалик сеза билишига боғлиқ. Аммо бу сифатларнинг сабр‑тоқати неча йилга етар экан? У бошқа дангасалар, ишёқмаслар, дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган баъзи бир шифокорлар билан ишлайвергач, ўз ишининг сифатига зарур эътиборини сезмагач, нега? деган савол унда пайдо бўлиши аниқ-ку, ахир! У минг баробар коммунистик ахлоқ руҳида тарбияланган билан ҳам унинг фидойилиги қотиб қолган механизм олдида муқим дош бера олармикан? Қани, иш стажингиз етмаса «Олий даражали жарроҳ, ёки терапевт, ёхуд реаниматолог…» деган унвонни олиб кўринг-чи?.. Нуфузли комиссия ҳам сизнинг билимингиз, маҳоратингиз, уқувингиз юқори эканлигига ишонч ҳосил қилса ҳам, сиз жуда мураккаб ва нозик операцияларни муваффақиятли бажараётган ёки ўта мураккаб касалларни ўз вақтида тафриз килиб, даволаётган бўлсангиз ҳам иш стажингиз етмаса, қўлларини икки ёнга ёзиб, «Иложимиз йўқ, кўрсатмада рухсат берилмайди…» дейишади. Мана шулардан маълум бўлдики, ҳеч қанақа рағбат йўқ, ишхонангизда хам вақтингизни ўтказсангиз бўлди, сизга ой охирида белгиланган ойлик келаверади, чунки сиз вақт учун ишлаяпсиз. Фойдали иш коэффициентингиз қандай бўлаяпти — бу кўрсаткич асосий эмас. Мана энди андишани йиғиштириб қўяйлик-да, айтайлик: рағбатлантириш бўлмаса, рақобат бўлмаса, хўш, унда ортикча ташвишнинг нима кераги бор?
Муолажанинг усул ва услубларини тобора такомиллаштира бориш, талантли ёшларни хорижларга юбориб, уларнинг тажрибаларидан фойдаланиш ўрнига шифокорларни ўтоқ ишларига, ягана қилишга, пахта теришга чиқардик. Пахтага зўр бериб, лойиҳа бўйича шифохоналар қуришни унутиб қўйдик. Бўлмаса ҳар 10000 болага 114 ўрин бўлиш ўрнига атиги 76 та бўлаётганига сукут сақлаб турармидик? Жумҳуриятимизда ҳомиладор аёллар учун 7700 ўрин етишмайди. Нега шундай деб ким сўрадию ким жавоб берди? «СССРни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг 1986-1990 йиллар ва 2000 йилгача бўлган асосий йўналишлари»да «Оналик ва болаликнинг соғлиғини сақлаш тадбирлари кучайтирилсин» дейилган. Аммо шу соҳада нима ишлар қилинди? Соғлиқни сақлаш IV бошқармаси ўрнига ташкил қилинган «Даволаш‑соғломлаштириш комплекси» ўз ходимлари учун 1750 сўм сарфлаётган бир пайтда умумий соғлиқни сақлаш соҳасида бу рақам 60-70 сўмни ташкил қилади. Халқ, нега шундай, дея сўраяпти-ку! Охирги пайтларда ҳар бир инсон соғлиғи совет, партия, давлат ва хўжалик органларининг диққат-марказида туриши керак, деган гаплар бўлаяпти. Аммо шундайми?
— Қайси йўлдан бораётганимиз аллақачон маълум бўлиб қолди. Орол денгизининг қуриши, ҳаво, ер ва сувнинг заҳарланаётгани туфайли болалар ҳаётдан кўз юмаётгани тўғрисида шунчалар кўп гапириляптики, ҳатто тайгадаги ўрмонзорда юрган киши ҳам буни эшитиб улгурди. Аммо ҳали Оролга бир томчи ортиқча сув қуйилгани, Навоийдаги химкомбинатлар «эҳ аттанг, бунинг зарари катта экан-ку!» дея тўхтатилгани йўқ. Аҳвол шу тарзда давом этаверса, ҳадемай халқнинг наслига қирон битиши ҳеч гап бўлмай қолди. Сизнингча, бу кўргиликлардан халос бўлиш учун қандай чора-тадбирларни кечиктирмай амалга ошириш зарур?
— Бутун имкониятни пайдо бўлган касалликларни даволашга эмас, балки шу касалликларни пайдо қилувчи сабабларни бартараф қилишга қаратишимиз зарур.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мана бу маълумотларига яна бир бор эътиборни қаратсак: инсон соғлиги 50 фоиз ҳолларда турмуш кечириш тарзига, 20 фоиз ташқи муҳит шароитига, 20 фоиз наслий омилларга, фақат 10 фоиз соғлиқни сақлаш ишларига боғлиқ. Бу фактлар катта-катта китобларда ҳам, рўзномаю ойномаларда ҳам келтирилди. Бироқ унга эътибор бўляпти, деган ишонч йўқ. Чунки натижанинг нишонаси ҳам кўринмаяпти. Аммо халқ соғлигини сақлаш ва мустахкамлаш яна медицина таъминотини яхшилаш ҳисобига уддалашни вазифа қилиб қўйилмоқда. Бизнинг диққат-эътиборимиздан «Соғлом турмуш тарзи асосий мезон» деган қонуний тушунча четда қоляпти.
«Халқнинг соғлиги ёмон! Тезда медицина хизматини яхшилаш керак!», дея ҳайқирганимиз билан иш битмайди. Чунки «Соғлиғингиз ўз қўлингизда» деган сўзлар ҳозирги экологик қиёмат муҳитида ўз аҳамиятини йўқотган. Тўғри, бутунлай эмас. Лекин инсон организми атроф-муҳит билан шу қадар чамбарчас боғланганки, уларни айрим-айрим олиб, бир-биридан ажралган ҳолда иш юритиш мутлақо мумкин эмас. Чунки организмнинг ўзи табиат бағрида вужудга келади ва шаклланади. Ҳозирги даврдаги ташқи муҳит шароитларини бундан юз йил аввалгиси билан умуман такқослаб бўлмайди. Атроф-муҳит шу қадар жароҳатланганки, жарроҳлар тили билан айтганда, тезликда операция қилмасдан туриб, кескин даражадаги ижобий ўзгаришларга эришиш мумкин эмас. Биз сув ичамиз, озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қиламиз, аммо улар таркибидаги ҳар хил заҳар ва заққумлар қонга тушиб, жигарни, буйракни, қон ишлаб берувчи органларни ишдан чиқараётганлигини ҳам ўйлаб кўрайлик-да!
Мана экологик вазият ёмонлашганлиги, натижада касалликларнинг кўпаяётганлиги тўғрисида матбуотимиз анча вақтлардан бери бонг урмоқда. Аммо шунга жавоб қанақа бўлаяпти? Санитария-эпидемия станциялари ўз ҳуқукларини бюрократик аппаратга аллақачон бериб кўйганликлари ҳам сир эмас. Ахир шу пайтгача бирон бир эпидемиология ходимининг ёки санитария мутахассисининг жўяли ва салмокли гап билан чиқиб, ҳавони ифлослантираётган, сувимизни булғаётган, ернинг қовурғасини синдираётган мутасадди ташкилотнинг ишини аёвсиз фош қилганини ким эслай олади? Айни ҳақиқатнинг аксиомасини рўй-рост айтиш пайти келганида бу жимликни нима билан тушунтириш мумкин? Ахир бир нарсани тушуниб олайлик: касалликни йўқотиш учун шу касаллик вужудга келишига сабаб бўлган факторларни, омилларни йўқотишдан бошлаш кераклиги аён.
Хўш, экологияни яхшилаш учун нима қилиш керак? Бу қийин муаммо. Лекин бир нарсани таъкидламоқ керак: ўзига ишониб топширилган ерга ортиқча ўғит солаётган деҳқон, ҳавони ифлослантираётган завод хўжайини бунинг ҳаммаси инсон соғлиғига зарар етказишини чин дилидан ўйлаб кўрмас экан, улар устида жамоат назорати ўрнатилмас экан, аҳволнинг ўнгланиши жуда ҳам қийин гап. Чунки ҳали ҳам кўп тўралар фақат ўз мансаби ва планни ўйлашади. Ортиқча ишлатилаётган ҳар бир грамм ўғит ёки пестицид, ҳавога пуркалаётган ҳар бир грамм заҳарли тутун инсон организми учун ҳалокатли таъсирини ўйламас эканмиз, аҳвол ўзгармасдан қолаверади. Умуман, одамлар орасида экологик маданиятни кўтаришимиз керак.
«Мендан кетгунча, эгасига етгунча» қабилидаги хўжалик юритиш усулларидан буткул воз кечиб, энг аввало соғлиқ ва фаровонлик тўғрисида қайғуриш биринчи навбатга чиқиши шарт.
Яна бир гап. Ибн Сино, Беруний яшаган даврда ҳам палов жуда лаззатли бўлган. Чағминий бобомиз Хоразмнинг ширин-шакар қовунларидан баҳраманд бўлган, Паҳлавон Маҳмуд ширин таомлардан куч олган, Ибн Ботутта Амударё сувининг ширинлигини таъриф этишга гўзал сўз топа олмаган. Демак, ўша пайтларда ўғитсиз, пестицидларсиз яхши ҳосил етиштирилган экан-ку! Ҳозирги пайтда ҳам бунинг иложи бор. Бунга мисол Дания. Нега жумҳуриятимизда мумкин эмас экан? Шунинг учун «гиёҳванд» ерларимизнинг соғлигини ўзига қайтариш учун бор имкониятлар билан муолажа қилиш зарур. Бунинг асосий йўли «гиёванд»ликка сабаб бўладиган кимёвий заҳарларнинг бирон-бир турини ҳам мутлақо ишлатмаслик. Бобо деҳконларимиз минг йиллар давомида яратган деҳқончилик маданиятини ўрганиш, татбиқ қилиш в амалиётда қўллаш ниҳоятда зарур.
Талвасада тўлғанаётган Оролни қутқариш халқ саломатлигини сақлаш йўлидаги энг улуғ, энг улкан, энг баракали ва савоб иш эканлигини унутмаслигимизни ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда. Оролнинг фожеаси соғлиқни сақлаш фақат тиббиёт ўзига тегишли эмаслигини очиқ-ойдин кўрсатди.
— Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.
Суҳбатдош: Шодиқул Ҳамроев
“Ёшлик” журнали, 1990 йил 10–сон