Қани, бирон холис киши бўлса айтсин, бугун Ўзбекистонни қидирганда, ёзма саводхонлиги мукаммал бўлган бирорта одам топилармикан?! Ўзим тилшунос олим бўла туриб, шу мақоланинг матнида ҳам бир қанча услубий ёки имло хатоларига йўл қўйган бўлсам, эҳтимол. Мендаги хатоларни бошқалар топади, бошқалардагини — мен. Нега шундай? Бугун мазкур ҳаққоний саволга (жумбоққа) жавоб берувчи «калит»ни, энг аввало, ҳозирги ўзбек алифбоси ҳолатидан қидиришга мажбур бўламиз…
Ўзбек алифбоси СССРдаги туркий халқлар алифболари ичида энг ғариби ва ёзувда имлонинг тўғрилигини тан олмайдиган «қайсари»дир.
Биз саводсизликда бир-биримизни айблайверамиз. Лекин мактабда бир неча йиллар она тили ўқитиб, саводхонликда тузукроқ самарага эриша олмаётганимизнинг, китоб, матбуот тили ва бошқа хил матнлардаги кўп сонли имло нуқсонларининг, ҳатто оғзаки нутқдаги кўплаб талаффуз бузилишларининг бош «айбдори» — ҳозирги алифбомиз эканлигига эътиборсиз қараймиз.
Миллатнинг саводхонлиги алифбога кўп жиҳатдан боғлиқ. Ҳар бир тил алифбосида шу тилнинг товушлар қурилмаси ҳисобга олиниши, яъни нутқ товушлари тўлароқ ва тўғрироқ акс этиши керак. Алифбонинг онгли ва тўғри тузилиши (қабул қилиниши) орфографиядаги муваффақиятни таъминлайди.
Ўзбек алифбосидаги энг катта нуқсон ўзбек тили нутқ товушлари билан уларни ёзишга мўлжалланган ҳарфлар ўртасида мутаносиблик йўқлигида кўринади. Ҳозирги алифбомизда ўзбек тилидаги баъзи нутқ товушларини акс эттирувчи ҳарфлар йўқ. Бошқача айтганда, ўзбекча бурун товуши нг, портловчи Ж ва соф ўзбекча (бошқа туркий тилларда йўқ бўлган) О товушларига ҳарф олинмаган. Баъзи ҳарфларга ёзувда иккитадан товушни ифодалаш вазифаси юклатилган, яъни о, ў, у, и, ж ҳарфларининг ҳар бири иккитадан товушни ифодалаш учун ёзилади. Бундан ташқари, бир нутқ товушини ёзишда икки ҳарфнинг қўшилмасидан ҳам фойдаланамиз: ўзбекча бурун товушининг нг, русча щ ни шч бирикмалари билан ифодалаймиз. Мана шулар ўзбек имлосидаги жуда кўп чалкашликлар, нуқсонларнинг бош сабабчиларидир.
Ўзбек алифбосида нг товушини ифодаловчи алоҳида ҳарф бўлмаганидан, тонг, кенг, сўнг, кўнгил, танглай каби сўзларда бир бурун товуши учун иккита (н ва г) ҳарфни бириктириб ёзамиз. Бунинг натижасида, имло хатолари ўз-ўзидан келиб чиқади. Охири нг билан тугайдиган тонг, кенг, сўнг каби сўзларга г билан бошланувчи қўшимчаларни қўшиб ёзганда, иккита г нинг бири тушириб қолдирилади: тонги шабада, сўнги иш, кенгина хона каби. Аслида тонг, сўнг ўзакларига сифат ясовчи – ги қўшилмоқда: тонг-ги — тонгги (шабада), сўнг-ги — сўнгги (иш), кенг сўзига форма ясовчи – гина қўшилмоқда: кенг-гина — кенггина (хона). Бундан ташқари, сўз ўртасида келган бир нутқ товушини (уни икки ҳарф билан ёзаётганимиз сабабли), ўзимиз сезмаган ҳолда иккига ажратиб, нотўғри бўғин кўчиряпмиз: кўн-гил, кен-гаш, син-гил каби. Имло қоидасида кў-нгил, ке-нгаш, си-нгил тарзда бўғин кўчириш кераклиги кўрсатилган.
Ўзбек тилига ўзлашган русча сўзларидаги қаттиқ щ товушини икки ҳарф билан (шч) ёзаётганимиз оқибатида, у икки товушга ш ва ч га айлангандай бўлиб қолди. Натижада бўғинларга ажратиш ва бўғин кўчиришда меш-чан, помеш-чик каби сунъийлик юзага келди: бир нутқ товуши иккига ажралди. Бундай сунъий ҳолат талаффузда ҳам кўринади: Шчорс, Шчердин, Шчербаков кабиларда сўз бошидаги бир нутқ товуши щ икки товуш сифатида айтилади.
Туркий тиллар оиласи ичида фақат ўзбек тилидагина мавжуд бўлган о (бош, бобо) унлиси алоҳида ҳарфга эга эмас. Ўзбекча ёзувда бу товуш учун ҳам русча опера, завод каби сўзлардаги о ҳарфидан фойдаланамиз. Бошқача айтганда, рус ва ўзбек талаффузларида ў га яқин товушни ифодалайдиган бу ҳарф ўзбек тилининг ўзига хос о (бош, бобо каби сўзлардаги) товуши учун ҳам ёзилади. Бу ҳолат, биринчидан, тил ва нутқ учун зарарли бўлган омографларни (бир хил ёзилиб, икки хил талаффуз қилинадиган сўзларни) юзага келтиради. Натижада ёзилиши, бир хил бўлган сўзларни ўқишда (талаффуз қилишда) ортиқча диққат ва эътибор талаб қилинади: том (уйнинг томи) — том («жилд»), ток («узум») — ток («энергия»), торт (тортмоқ) — торт («емиш») каби; иккинчидан, бир ҳарфнинг тубдан фарқланувчи икки хил нутқ товушини ифодалаши ўзбек мактаби ўқувчиларига опера, завод каби сўзларни, рус ўқувчиларига бош, бобо каби ўзбекча сўзларини тўғри талаффуз қилдиришда катта қийинчиликларни келтириб чиқаради. Ўзбек ўқувчилари узоқ вақт опера, завод ларни ўзбекча о билан, рус ўқувчилари эса бош, бобо сўзларини Ў билан (бўш, бўбў) талаффуз қиладилар.
Ўзбек тилидаги жарангли портловчи ж товуши учун ҳарф олинмаганлиги сабабли, журнал, жавоб каби сўзларда бир хил ҳарф ёзамиз. Бу ҳол талаффузда, айниқса, бошланғич синф ўқувчилари талаффузида салбий из қолдирмоқда: ўзбек ўқувчилар журнални портловчи ж билан – журнал тарзида, рус ўқувчилар жавоб сўзини сирғалувчи ж билан талаффуз қиладилар. Имло ва талаффузимизда бу каби мураккабликлар, чалкашликлар анчагина бўлиб, улар ўзбек алифбосини қайта қуриш кераклигини ва янги имло қоидалари тузилишини талаб этади. Зеро, мукаммал алифбо ёруғ келажакни таъминлаши шубҳасиз.
“Ёшлик” журнали, 1990 йил 9–сон