Фридрих Ницше (1844-1900)

Фридрих Ницше (Friedrich Wilhelm Nietzsche, 1844.15.10, Реккен, Лютцен яқинида, Саксония — 1900.25.8, Веймар) — немис файласуфи, ҳаёт фалсафаси намояндаси. 10 ёшидан шеърлар ёза бошлаган. Бонн ва Лейпциг шаҳарларида таълим олган (1864—68). Базель университетининг профессори (1869—78).
Асосий асарлари: «Тарихнинг қаёт учун фойдаси ва зарари тўғрисида» (1874), «Шопенгауэр мураббий сифатида» (1874), «Рихард Вагнер Байретда» (1875—76), «Эркин тафаккур соҳиблари учун қўлланма» (1876—78), «Тонг яллиғи» (1881), «Қувноқ билим» (1882), «Ёвуз донишмандлик: ҳикматлар ва доно сўзлар» (1882—85), «Ахлоқнинг моҳияти» (1887).

ДИАЛОГ

А. — Ҳаста бўлганмидим? Соғаяманми?
Ким бу бошимдан минг ўргилаётган?
Ахир барчасини қандай унутдим?

Б. — Энди ишонаман соғайганингга —
Инсон унутдими, демак, соғаяр…

* * *

Бармоқлар учида югурмоқ гўзал
Ахир тўрт оёқлаб судралмоқликдан.
Қулф тешигидан ўтмоқ маъқулдир
Очиқ эшикларда бош эгмоқликдан.

* * *

Қизғонмасдан қарар у,
ҳурмат қиласан сен ҳам,
Иззат-икромдан эмас,
розисан ҳар нега чоғи.
Узоқни яқин қилган
басир кўзлари бордир,
Бироқ сени кўрмас у,
олисларда нигоҳи…

* * *

Танловнинг ҳуқуқи бўлса ҳур, эркин,
Мен қайта танлайин,
барин олиб тан.
Истагим шулдирки: менг бир жой бер,
бир жой –
беҳишт даврозаси олдидан…

* * *

Менга хуш келмаган
ҳеч руҳи торлар,
тор руҳларнинг
нураган ҳужрасига
на яхшилик сиғади ахир,
нада ёмонлик…

* * *

Шамоллар талади умринг ярмини,
Вақт ўтар.
Таассуф исканжасида,
бошқа илож йўқдир, чайнайсан ўтни,
ва қолгани рўё,
не қиласан, айт?
Шамоллар талади умрнинг ярмини,
ичингда гуноҳлар урчиди минг-минг.
Ҳар ерга қарайсан ўзингдан бошқа –
ахир шусиз ҳам
сабаби аёндир ҳар айрилиқнинг.

Рус тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси