Римликларнинг илк тарихини тушуниб олиш учун дастлаб этрусклар билан танишиш зарур. Этрусклар — Римдан шимолда, унумдор қир-адир ерларда жойлашган Этрурия вилоятида яшаган халқ. Эрамиздан аввалги 7 асрга келиб этрусклар 12 мустақил давлат барпо этишганди. Бу давлатларнинг ҳар бирининг ўз пойтахти мавжуд эди. Бироқ, уларнинг аҳолиси ўзини ягона этруск халқи деб ҳисобларди. Улар ҳаммаси бир бўлиб Этруриядан ташқаридаги ерларни босиб ола бошладилар. Эрамиздан аввалги 6 асрга келиб жанубда Салернодан шимолда Мантуигача янги этруск шаҳарлари вужудга келди.
Этрусклар қудратли халқ бўлса-да, Италиянинг бу қисмида ёлғиз уларгина истиқомат қилишмасди. Улар самнитлар, умбрлар, сабинлар ва афтидан, Алп тоғлари ортидан эрамиздан аввалги 7 асргача бу ҳудудга кўчиб келган кўпдан-кўп лотин қабилалари билан ёнма-ён яшаганлар. Уларнинг тили лотин тили бўлганлиги қабиланинг номидан ҳам кўриниб турибди.