Жуда кўп турлари бўлган каккулар қушларнинг яхлит бир оиласидир. Улар кўпгина мамлакатларда, айниқса иссиқ мамлакатларда яшайди. Совуқ мамлакатларда яшайдиганлари ҳам, қишда иссиқ мамлакатларга учиб кетади. Масалан, Европа каккулари Африкага йўл олади.
Европа каккуси катта қуш, баландлиги тахминан 30 сантиметр келади. Унинг патлари кулранг бўлиб, паст томонига йўл-йўл тарамлар ўтган. Ёз ичида каккулар ҳашаротларнинг катта бир қўшинини яксон этади. Какку ўз номини сайроғи туфайли олган. Каккуларнинг ўрмонларда ку-кулашини кўплар эшитган бўлса ажаб эмас. Ва шу заҳоти неча марта ку-кулаганини санашга тушганмиз, каккулар қанча сайраса, одам шунча йил яшайди, деган гап юради.
Европа каккулари уя қурмайди. Улар ўз тухумини бошқа қушлар, масалан, сайроқи қушлар ва чумчуқлар уясига қўяди.
Макиёнлари тухум қўйгач, уни диққат билан кузатади. Қушлар овқат излаб чиқиб кетганда, какку тухумлардан бирини олиб, ўрнига ўз тухумини қўяди ва кўздан ғойиб бўлади.
Бўлғуси ўгай ота-оналар қайтиб келгач, тухумлар ўрни алмашганини билишмайди. Ахир тухумлар катталиги ҳам, ранги ҳам бир хил-да! Шунинг учун ҳам каккуларнинг мазкур тури тухумини маълум бир қушлар уясига қўяди.
Каккучалар тахминан икки ҳафта ўтиб, тухумни ёриб чиқади. Бир қанча вақтдан сўнг бирин-сирин уядан бошқа тухумларни ёки ундан олдин кўз очган полапонларни ҳам чиқариб ташлайди. У мана шу тариқа ўзига овқат топади, у ниҳоятда очкўз қуш, устига устак ўгай ота-оналаридан икки-уч марта катта келади.
Қушларнинг оналик ҳисси шу қадар кучлики, ўгай ота-оналар каккучалар ҳақида қаттиқ ғамхўрлик қилади ва уни то учишни ўрганиб, уяни тарк этмагунча овқатлантиради.