Сизни капалаклар ва куяларнинг кўра олиши, сезиши ва ҳидни билиши ҳайрон қолдириши мумкин. Капалак оғзида жойлашган аъзолари билан таъмни билади, бу мутлақо табиий. Ҳидни эса капалаклар мўйловлари орқали сезади. Капалакларнинг панжалари учида ўрнашган «бурни» билан ҳидлайдиган турлари ҳам бор.
Кўпгина капалакларнинг ўзи ҳид тарқатади. Бу уларга икки мақсад учун муҳим. Бири ҳиди билан ўзга жинсдаги капалакларни ўзига жалб этса, иккинчиси билан душманларини чўчитади.
Нар капалаклар орқа қанотларининг кармончасидаги жажжи қипиқсимон пардасидан ҳид чиқаради. Ошиқ-маъшуқлик даврида нари ҳидни модаси томон таратади. Кўпгина нар капалакларнинг ҳиди гулларникига ўхшайди ва шу боис одамларга ёқимли.
Мода капалаклар ҳидни танасидаги махсус безлардан ажратади. Улар чиқарадиган ҳид ёқимсиздир.
Капалакларнинг таъм билиш аъзолари одамларникига нисбатан сезгирроқ эканини биласизми? Улар ширинликни бизнинг тилимиздан кўра яхши сезади. Улар суйган таом таркибида қанд бўлган гул нектаридир, шу туфайли гулни осонгина топиб оладилар. Капалак гулда нектар борлигини билган заҳоти узун хартумчасини суқиб, суюқликни сўриб олади.
Капалаклар рангларни яхши ажрата олишга қобилдир. Улар ҳатто инсон кўзи кўрмайдиган муайян ультрабинафша нурларни идрок эта олади.