Баъзи тунлар Ой атрофида, унинг чегараларини ювиб кетадиган равшан бир ёруғлик пайдо бўлади. Бу ёруғ ҳалқа галодир, ўзбекча айтганда, Ой қўтонлаганини билдиради. Одамлар Ой теварагида нурли ҳалқа, ёй, доғ ва устунлар пайдо бўлишини бўлажак ёмғир аломати деб билади.
Баъзида бундай манзарани Қуёш атрофида ҳам кўриш мумкин. Гало парсимон булутлар, тўғрироғи, улар таркиб топган муз кристалларининг ёруғликни синдириши оқибатида пайдо бўлади. Туманли кечаларда кўча чироқлари ва узоқдаги оловларни ҳам гало қуршаб олади. Бироқ Шимол ёғдуси билан галони ўзаро чалкаштирмаслик керак. Шимол ёғдуси, худди люминисценция трубасида бўлгани каби, ҳавонинг ионлашуви натижасида ҳосил бўлади.