Витька Борзенков туман марказидаги шаҳарча бозорига бориб, чўчқа ёғини юз эллик сўмга пуллади (у уйланмоқчи, пул жудаям зарур эди), вино сотиладиган дўкончага кириб, томоғини ҳўллади, бир-икки стакан қизилидан урди. Дўкончадан чиқиб, чека бошлади…
Ёшгина бир қиз келди-да, сўради:
– Ёндириб олишга рухсат бер.
Витька унга чекаётган папиросини узатди, ўзи эса қизиқиш билан қизни томоша қила бошлади – ёшгина, юзи шишинқираган, бармоқлари эса титрарди.
– Бош оғриқми? – тўғридан-тўғри сўради Витька.
– Ҳа, – қиз ҳам тўғри жавоб қайтарди «Беломор» папиросининг тутунини маза қилиб тортаркан.
– Бош оғриғини қолдириш учун эса ҳеч вақонг йўқ, – фикрини давом эттирди Витька ўз билганича, аҳволи чатоқ одамнинг ҳолатини тушунишидан ўзича мамнун бўлиб.
– Нима, сенда борми?
(У, бу қиз унинг чўчқа ёғи сотаётганида атайлаб кузатганини, бу ерда, дўконча ёнида эса пойлаб турганини хаёлига ҳам келтира олмасди).
– Юр кетдик, у ёқ-бу ёғингни тўғрилаб ол. Қиз Витькага ёқиб қолганди, чиройли, қадди-қомати келишган… Унинг кўпчиган юзи ва, айниқса, ўзининг пулсизлигини очиқ тан олганлиги уни ҳаяжонга солиб қўйганди. Очиққина экан. Улар дўкончага киришди… Витька бир шиша вино ва иккита стакан олди… Ўзи бир ярим стакан ичди, қолганини бағрикенглик билан қизга қуйиб берди. Улар ташқарига чиқиб чека бошлашди. Иккаласининг ҳам кайфи чоғ эди.
– Шу ерда яшайсанми?
– Ҳув анави ерда, – ишора қилди қиз. – Раҳмат, анча енгил тортдим.
– Балки яна хоҳларсан?
– Ёмон бўлмасди… Фақат бу ерда эмас.
– Қаерда?
– Балки меникига борармиз, уйда ҳеч ким йўқ.
Витьканинг кўксида ёқимли нимадир бир нарса ғимирлагандай бўлди. Ҳали эрта эди, Витька қишлоғига етиб олиши учун автобусда бир ярим соат юриши керак, ҳаммасига улгуриши мумкин.
– У ерда менинг дугонам ҳам бор, – сўз қотди қиз, Витька қанча олиш кераклигини чамалаётганда. Шундан сўнг у ичкиликнинг битта оқидан, иккита қизилидан олди.
– Газакни бир амаллармиз, – деган қарорга келди у. – Газак топиладими?
– Топамиз.
Бозордан худди эски қадрдонлардай чиқиб кетишди.
– Нимага келгандинг ўзи?
– Чўчқа ёғи сотдим… Уйланмоқчиман, шунга пул керак…
–Ростданми?
– Ҳа, уйланаман. Бас, етар шунча ишлаганим.
Қизиқ, Витька қайлиғига нисбатан яхши иш қилмаётганини, ҳатто хаёлига ҳам келтирмасди, аксинча, қандайдир нотаниш қиз билан қаёққадир кетаётганидан кайфияти чоғ эди, қайлиғига нисбатан бу қиз қизиқар-лироқдай…
– Яхши қизми?
– Сенга нима десам бўлади? Уйим-жойим дейдиган. Яхши хотин бўлади.
– Севги масаласи қандай?
– Нима десам экан?… Олдингидай қандайдир қайноқ бир нима йўқ юракни ўйнатадиган. Шунчаки… Қачондир уйланишим керак-ку, ахир!
– Янглишиб қолма тағин. Кейин юрасан пушаймон бўлиб… Боғланмагансан-ку итга ўхшаб.
Улар шу руҳда гаплашиб, қизнинг уйига етиб келишди (уни Рита деб аташарди).
Витька қаердан, қайси жин кўчалардан юриб қизнинг уйига етиб келганини сезмади ҳам.
Шунчаки уйга ўхшаган уй экан, эскигина, қорайган, аммо яна етмиш йил турса ҳам қилт этмайдиган. Хоналар (улар учта эди) тозагина, пардалар илинган, столга дастурхон тўшалган, шинамгина.
Витьканинг кайфияти янаям кўтарилди. «Ялтир-юлтир ярқироқ фа-ла-ля», дерди у доимо ҳаёт қандайдир хурсандчилик ваъда қилганда.
– Қани, дугонанг қаерда?
– Мен ҳозир уни чақириб келаман. Ўтириб турасанми?
– Ўтираман. Фақат тезроқ, майлими?
– Ҳув ана, радиони қўй, зерикиб қолма. Мен тез қайтаман.
Нега Витька бу қиз билан осонгина яхши чиқишиб кетди? Танишганларига беш дақиқа ҳам бўлгани йўғ-у, аммо… Эҳ, ҳаёт! Қизнинг кўзлари ғамгин, ўйчан, ақлли эди. Витька қизга гоҳ ачинар, гоҳ уни бағрига босиб олгиси келарди.
Рита кетди. Витька хонада у ёқдан-бу ёққа юра бошлади, радиони қўймади, радиосиз ҳам юраги қувончдан дукурлаб ураётганди.
Витька кейин эслади: Ританинг дугонаси келди – ёши каттароқ, хунукроқ, шираси қочиб, эзғилаб ташланган, тулкироқ. Кела солиб валақлай кетди, йўл-йўлакай қачонлардир циркда ишлаганмиш, «резин» бўлиб. Кейин ичишди… Витька шу ернинг ўзидаёқ Ритадан бўса ола бошлади, дугонаси эса буни маъқуллагандай куларди. Рита бўлса номигагина уни итариб қўлига урар, аммо ўзи бўйнидан қучоқлаб суйкаларди.
«Мана буни ҳаёт деса бўлади!» Витьканинг калласи қизигандан-қизирди. «Мана куйдиргучи офатижон. Мен қандай зўрман». Кейин кайфи тарқалгач, Витька ҳеч нарсани эслолмади. Оқшом маҳали қандайдир тахта девор тагида кўзини очди. Ўзининг қаердалигини, қандай ҳодиса юз берганини анча вақтгача англолмади… Калласи ғувиллар, икки чаккаси лўқиллаб, худди ёрилиб кетгудай бўлиб оғрирди. Оғзи қуриб қолган, кўнгли айнирди.
Рита деган қизни аранг эслади. Ва тушунди: унга нимадир ичиришган-у, маст қилишган ва, албатта, пулини ўғирлашган. Пул ҳақидаги ўй хаёлини тиниқлаштирди. Базўр ўрнидан турди-да, барча чўнтакларини ковлаб чиқди: ҳа, пул йўқ эди. Витька тахта деворга суянди, у ёқ-бу ёққа қаради. Яқин ўртада Ританинг уйига ўхшаш бирор уй кўринмасди. Ҳаммаси бошқа, умуман бегона уйлар эди. Витьканинг кўринмайдиганроқ жойда яширин чўнтаги бўлиб, унда ўн сўмлик бўлиши керак эди. Пулни у ҳар эҳтимолга қарши, деб бозордалигидаёқ чўнтакка солиб қўйганди. Ковлаштирди – ўн сўмлик жойида эди. Витька таваккал қилиб биринчи одамни учратгунга қадар юра бошлади. Қандайдир қариядан автобус бекатининг қаердалигини сўради. Унча узоқ эмас экан: тўғрига, кейин чапга, оралиқ кўча бўйлаб ўнг томонга юриш керак экан. «Автобус бекатининг ўзидан чиқасиз», – деди қария. Витька йўлга тушди. Автобус бекатига боргунча Витьканинг шаҳарлик баъзи қаланғиларга нисбатан ғазаби ошиб, уларни шу даражада ёмон кўриб борардики, ҳатто бош оғриғи ҳам пасайиб, юрагида ўч олиш истаги пайдо бўлди.
– Майли, майли, – ғўлдирарди у, – мен сизларга кўрсатиб қўяман…
У ҳали нима қилмоқчи эканлигини аниқ билмасди, билгани шу эдики, бу яхшилик билан тугамасди.
Автобус бекати ёнидаги дўконча қоронғи тушгунча ишлар, у ерда ҳамиша одамлар гавжум бўларди. Витька бир шиша қизилидан олди-да, тўғридан-тўғри бир кўтаришда ичиб тугатди, шишани эса хиёбон томон улоқтирди… Ёнида қандайдир кайфи бор киши турарди.
Биттаси унга деди:
– У ерда, ахир одамлар бўлиши мумкин!
Витька денгизчилар камарини ечди, бир учини қўлига ўради, чўқмордек оғир тўқаси бор томонини бўш қолдирди. Бу учаласи зап дуч келишган эди-да, унга.
– Қани улар? – деди ҳайратланиб Витька. – Наҳотки, одамзод бор бўлса? Ахир, бу битлиқи шаҳардаям одамлар яшайдими?
Учовлон бир-бирига қараб олишди.
– Сенингча, бу ердагилар ким бўлмаса?
– Қанжиқлар! Сенлар ҳам одаммисанлар?
Учаласи унга, Витька эса уларга қараб ташланди. Биттаси бошига тушган оғир тўқанинг зарбидан дарров қулади, қолган иккаласи Витькани тепишга ҳаракат қилишар, қўллари билан урмоқчи бўлишар, бошларини эса эҳтиёт қилишарди. Кейин улар: «Бизникиларни уришаяпти!» – деб бақира бошлашди.
Яна беш-олти киши югуриб келди… Витька ҳам зарбалардан бебаҳра қолмаётганди, кимдир орқадан келиб шиша билан бошига туширди, аммо шиша сирғаниб теккани учун у оёқда тик туриб қолди. Унинг ҳақоратланган қалби таскин топгандай бўлди.
Ҳужум қилаётганлар сўкинишар, тўдаланишиб кўпроқ бир-бирларига халақит беришар, чувиллашишарди. Витька эса бундан фойдаланиб, уларни урарди. Шу пайт милиция ходимлари етиб келишди. Ҳаммалари бир бўлиб Витькани дўконча билан девор орасидаги бурчакка қисиб боришди. Витька ҳамон қулочкашлаб урарди. Милиция ходимларини олдинга ўтказишди, Витька ақлини егандай, милиция ходимларидан бирининг бошига оғир тўқа билан тушириб қолди. Витьканинг тўқаси яна шуниси билан даҳшатли эдики, унинг ички қайрилган ерига қўрғошин қуйилганди. Милиция ходими… Ҳамма оҳ-ҳ… деб юборди ва орқага тисланди. Витька иш расво бўлганини тушунди, энди тўғрилаб бўлмайдиган ҳодиса юз берганди, камарни ташлади… Витькани вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига олиб кетишди.
Витьканинг онаси бу кўнгилсизлик ҳақида эртаси куни эшитди. Ҳудуд инспектори эрталаб уни чақириб, ўғли шаҳарда қандайдир тўполонга аралашиб қолганини айтди.
– Вой, авлиё отахонларим-а! – қўрқиб кетганди она. – Энди уни нима қилишади?
– Қамоқ. Аниқ, қамоқ. Милиция ходими жароҳат олган, шифохонада ётибди. Бунақа иш учун – фақат қамоқ. Беш йилча беришлари мумкин. Нима, у эсини еганми?
– Авлиё отам, сен Худонинг фариштаси, – ялинарди она, – ёрдам бер, бирор йўлини топ.
– Э, сен нима деяпсан! Мен қандай ёрдам бераман?
– У ичган бўлса керак, ичгач ақлдан озади…
– Ахир, мен ҳеч нарса қилолмайман. Тушунгин! У ҳозир ВСХда, унга аллақачон иш очган бўлсалар керак.
– Унда ким ёрдам бериши мумкин?
– Ҳеч ким. Ким эмиш? Хўп, ана бўлимга бор, нималар бўлганини аниқла. Аммо у ерда ҳам… Улар ҳам нима қила оларди?
Витьканинг онаси – озғин, оёғи чаққон, пишиққина аёл қишлоқда тентираб юрарди.
Қишлоқ кенгашининг раисига учрашди, у ҳам қўлларини ёзиб:
– Мен қандай ёрдам қила олардим? Хўш, тавсиянома ёзиб беришим мумкин, барибир, ёзишимга тўғри келади. Хўп, майли, яхшилаб ёзаман.
– Ёз, ёз, яхшилаб ёз, сен бизнинг ақлли бошчимизсан. У мастликда қилган бу ишни, соғ пайти чивинга ҳам озор бермайди деб ёз…
– Ахир, у ерда сўрашмайди-да, маст бўлганми, маст бўлмаганми, деб. Биласанми, сен нима қиласан: ўша милиция ходимининг ёнига бор, балки у унчалик қаттиқ урмагандир. Яна ким билади дейсан…
– Раҳмат сенга, фариштамизсан, вой, раҳматлар бўлсин сенга.
– Э, нима деяпсан, арзимайди бу …
Витьканинг онаси туман маркази томон отилди. У бешта бола туққан, эрта бева қолганди (1942 йилда отасидан қора хат келганида Витька ҳали эмизикли гўдак эди). Унинг катта ўғли ҳам 1945 йилда урушда ҳалок бўлганди. Қизи эса 1946 йилда очликдан ўлган. Кейинги икки ўғли омон қолди, ҳали ёшликларидаёқ ФЗУ чақириғига илинишди, энди улар турли жойларда яшашарди. Витькани онаси охирги кучини сарфлаб катта қилганди. Ҳамма нарсасини сотди, аммо ўғлини улғайтирди.
Ажойиб, киришимли, оқкўнгил, бақувват бўлиб ўсди ўғли.
Ҳаммаси яхши эди-ю, ичса аҳмоқнинг аҳмоғи бўлиб қоларди, худди отасига ўхшаб. Жойинг жаннатда бўлгур, у ҳам қишлоқдаги бирорта тепалашишдан четда қолмасди.
Она бўлимга айнан кеча бекатда рўй берган ҳодисани муҳокама қилишаётганда етиб келди. Витька милиция ходимини боплаб туширганди, у шифохонада экан. Витьканинг тўқасидан зарар кўрган иккита пиёниста ҳам бор эди. Тўқани қизиқиш билан томоша қилишарди.
– Аблаҳнинг калласига келганини қаранг!.. Ўйлаб кўрсанг оддий, камардака камар. Бироқ, тўқаси нақ чўқморнинг ўзи! Яхшиямки, қирраси билан тегмабди…
Худди шу пайт Витьканинг онаси кириб келди… Бўсағадан ўтгани ҳамон тиз чўкди-ю, увиллаб йиғлаб, ёлвора бошлади:
– Вой, менинг азиз фаришталарим, оҳ, сиз менинг ақлли бошлиққиналарим! Вой, сизларнинг хафагарчиликларингиз босилсин илоё, кечиринглар, унга қарғиш текканми! Маст бўлганда у… Ичмаган пайти у қўли очиқ, охирги кўйлагини ҳам ечиб беради, туғилгандан бери соғ пайти у ҳеч кимга озор бермаган.
– Сен, кечиринглар дейсан. Ахир, у уч кишини шифохонага тиқди. Бири хизмат вазифасини бажараётган вақтида. Ўзинг ўйлаб кўр, қандай қилиб мана шунча қилғиликдан кейин уни кечириш мумкин?
Она қалби фарзандига бирор кўргилик, ғам соя солса, зирқираб кетади. Ўғлининг айбини унга мантиқан аниқ қилиб тушунтириш бефойда эди…
– Айланай, болажонларим! – йиғлаб юборди у. – Ичганда ҳар нарса бўлиши мумкин-ку! Маст бўлгандан кейин уришгандир… Раҳмингиз келсин унга!..
Онага қараш оғир эди. Унинг ноласида шунчалик алам, ғам-қайғу зоҳир эдики, киши ўзини йўқотиб қўярди. Бу ердагиларга раҳмдиллик бегона бўлса-да, ҳаммаси ўзини ноқулай сезарди. Кимдир тескари ўгирилиб олди, кимдир чека бошлади.
– Ёлғиз ўғлим. Менга қарайдиган ҳам, боқадиган ҳам шу. Яқинда уйланмоқчи эди. Агар уни қамашса, қизгинанинг ҳоли не кечади? Қиз эса жудаям оқкўнгил. Бинойидек оиланинг фарзанди, эсиз. У кутмайди.
– У нима учун шаҳарга келганди? – сўради бошлиқ.
– Бозорга чўчқа ёғи сотгани келувди. Пул ўлгур керак-да, тўй тараддудида эдик.
– Унда ҳеч қанақа пул йўқ экан.
– Вой, Худойим! – Она қўрқиб кетди. – Бўлмаса қаерда улар?
– Буни ундан сўраш керак.
– Ҳа, ўғирлашган бўлса керак-да! Ўғирлашган! Ҳа, ўғилгинам-а, мана шу сабабли тепалашган бўлса керак-да, унинг пулини ўғирлашган. Ўғрилар олиб қўйишган…
– Ўғрилар олишган бўлса, бунга бизнинг ходимимизнинг нима алоқаси бор, уни нима учун урган?
– Э, қўли қичиганда тўғри келиб қолган-да.
– Агар ҳамиша қўли қичиганларга дуч келаверса, унда бўлимда ишлайдиган одам қоладими, ўғлингиз дастидан. Жудаям қизиққон экан, ҳаддан ташқари. – Бошлиқ қатъийлашди. – Бу ишлар учун гуноҳидан кечиб бўлмайди, қонун бўйича у ўз жазосини олади.
– Вой гиргиттонларим, яхши одамлар, – яна ялина бошлади она, – ҳеч бўлмаса, менга, қари кампирга раҳм қилинглар, мен энди рўшнолик кўра бошлагандим. У меҳнатдан қочмайдиган йигит, уйланса янаям қуйилиб қолади. Менинг ҳам невара боққим келади…
– Гап бунда эмас, онахон, тушунинг. Прокурор ҳам бор! Хўш, биз уни қўйиб юборсак, нимага асосланиб уни қўйиб юбординглар, деб биздан сўрайди-ку. Бизнинг ҳаққимиз йўқ. Бунақа ҳуқуқ йўқ бизда. Унинг ўрнига мен ўтирмайман-ку.
– Балки ўша ходимларингни бирор йўл билан рози қилиш керакдир? Менда гиламча бор, ўзим тўқигандим! Ҳаммасини унга атаб қилаётгандим…
– Эй, у сендан ҳеч нарса олмайди! – Энди бақира бошлади бошлиқ. – Сен одамларни ноқулай аҳволга солиб қўйма, азбаройи… Ахир бу жиян-жиян билан жанжаллашиб қолибди, дегани эмас-ку!
– Энди мен қаерга борайин, ўғилларим? Сизлардан каттароқ кимлардир бордир ё йўқми?
– Прокурорга учрашиб кўрсин, – ўтирганлардан кимдир маслаҳат берди.
– Мельников, уни прокурорнинг олдига кузатиб қўй, – деди бошлиқ. Ва яна онага қараб ўгирилди-да, унга худди карга ёки умуман бир зеҳни паст одамга тушунтиргандай гапира бошлади: «Прокурорга бор, у биздан юқорироқ! Иш ҳам энди унга ўтган. У сенга тушунтирсин: бизлар бирор нима қила оламизми, йўқми? Сени ҳеч ким алдаётгани йўқ, тушунгин». Онахон Мельников билан бирга прокурорга учрашгани кетди. Йўл бўйи улар гурунглашиб боришди.
– Ўғлим, нима, уни ёмон урганми?
Мельников ўйлаганча жим борарди.
– Агар суд қилишса, унга неча йил беришади?
Сержант жимгина қадамини тезлаштирди.
Онахон бу найновнинг ёнида ҳамон пилдираб борар ва уни суҳбатга тортишга уриниб, юзига тикиларди.
– Ўғлим, менга тушунтириб берсанг-чи, жим юрмай. Сенинг ҳам онанг бордир, менимча, бор. Сизларга ачинамиз-да, ахир, шундаям ачинамиз, мана, ҳозир гапираяпман-у, ҳар бир сўзга юрагимни қўшиб бераяпман. Унга кўп беришадими?
Мельников дуд пуркагандай мужмал жавоб қайтарди.
– Мана, масалан, қабрларни безашади: четини тўсиқлар билан ўрашади, гулчамбарлар қўйишади. Бу нима, ўлганлар учун керакми? Бу тириклар учун керак. Ўлганларга энди барибир.
Онахон шундай даҳшатга тушдики, тўхтаган жойида эси оғаёзди.
– Нега бундай дейсан?
– Кетдик, юр. Мен буни шунинг учун айтаяпманки, албатта, суд қилишади. Кечиришлари ҳам мумкин эди. Ичган, пул ўғирлашган: инсонни хафа қилишган. Аммо, барибир, бошқаларга ибрат бўлсин деб суд қилишади. Ахир ўзинг айтаяпсан-ку, маст бўлган деб. Бу энди ҳисобга кирмайди. Ҳеч ким уни зўрлаб ичиргани йўқ, ўзи ичган. Бу бошқаларга дарс бўлади. У энди барибир қамалади, бошқалар эса ўйлаб қолишади. Бўлмаса, сизларни ҳеч қачон қайта тарбиялаб бўлмайди.
Она тушунди, манави найнов ҳам унинг ўғлига қарши фикрда, шу сабабли гапирмай қўйди.
Прокурор бир қарашда онахонга маъқул бўлди – эътиборли, мулойим. Онани диққат билан тинглади, у ўғли Витькани қандай яхши, оқкўнгил эканлиги, соғ пайти чивинга ҳам озор бермаслиги, ўзи энди ёлғиз қандай қилиб кун кечириши ҳақида узундан-узоқ ва чалкаштириб гапирди. Унинг қайлиғи Витькани кутмаслигини, бунақа қизларни кўз очиб юмгунча бошқалар илиб кетишини, боёқишнинг оқкўнгил қизлигини ҳам эслатиб қўйди.
Прокурор эса ҳамон уни диққат билан тинглар, бармоқлари билан столни чертиб турарди… У гапни узоқдан, салмоқлаб бошлади:
– Мана сен, деҳқонсан, оилада кўплашиб вояга етгандирсизлар-а?
– Ўн олтита, отагинам. Ўн тўрттаси тирик қолган, иккитаси ҳали мурғаклигидаёқ ўлиб кетган. Павел ўлди, ундан кейин яна бир ўғил, уни ҳам Павел дейишарди. Мана қара, ўн олтита.
– Бутун бошли кичик бир жамият. Бошлиқ – ота. Тўғрими?
– Ҳа, отагинам, шундай. Отамизга қулоқ солардик.
– Мана кўрдингми? – Прокурор онани ўз гапидан тутди. – Қулоқ солишарди! Хўш, нима учун! Биттаси тўполон қилса, ота тўполончини камар билан… Ота тўполончини қандай жазолаётганини ака ёки сингил кўради-да, ўйлаб қолади: у ҳам тўполон қилсинми ёки йўқ? Шундай қилиб, катта оилада тартиб ушлаб турилган. Фақат шу йўл билан. Агар ота биттасини кечирса, иккинчисини кечирса – оилада нима бўлади? Бузилиш. Мен сени тушунаман, сенга раҳмим келаяпти…
Агар билсанг мен ҳам ачинаман, у ер курорт эмас, ҳодисани ҳисобга олсак, у ёққа ўғлинг бир йилга кетмайди. Одамгарчилик юзасидан ҳаммаси тушунарли, аммо юқори даражадаги тартиблар бор, бу ерда бизнинг кучимиз етмайди. Суд қилганда қанча беришади, билмайман, буни суд ҳал қилади.
Она тушундики, бу ҳам унинг ўғлини ёқтирмай қолган. «Ўз одамлари учун куюнаяпти».
– Отагинам, сендан юқорироқда ҳам биров борми?
– Қанақасига? – дарров тушунмади прокурор.
– Энг каттаси сенми ёки каттароқ кимдир яна борми?
Прокурор, кейин ўзига ноқулай бўлди-ю, беихтиёр кулиб юборди.
– Бор, онахон, бор. Улар кўп!
– Қаерда экан улар?
– Қаерда?.. Хўш, ўлка ташкилотлари бор… Сен, нима, у ерга бормоқчимисан? Маслаҳат бермайман.
– Менга яхши одамлар айтишди; энг яхшиси ҳозир чиқариш керак эмиш, ҳали суд бўлмасдан туриб, кейин қийин бўларкан.
– Ўша яхши одамларга айтгинки, улар… яхши эмас экан. Улар четдан туриб қарагандагина яхши одамлар… Яхшигина одамлар. Ким бундай маслаҳат берди?
– Ҳа-а, айтишди-да…
– Хўп майли, борақол. Бекорга пулингни сарфлаганинг қолади. Натижа барибир ўша-ўша бўлади. Мен сенга тамоман расмий тарзда айтаяпман: суд қилишади. Суд қилмаслик мумкин эмас, ҳаққимиз йўқ. Ва ҳеч ким бу судни бекор қилолмайди. Онанинг қалби озорланди. У прокурордан хафа бўлганди, шу сабабли, оёғида аранг турган бўлса ҳам унинг олдида гурсиллаб йиқилмаслик ва овозини чиқариб йиғлаб юбормаслик учун сир бой бермади.
Унинг оёқлари чалкашиб кетаётганди.
– Ҳеч бўлмаса, ўғлим билан учрашувга рухсат берарсан…
– Буни иложи бор, – дарров рози бўлди прокурор. – Айтишларича, унинг анчагина пули бўлган экан, шундайми?
– Ҳа…
Прокурор қоғозга нималарнидир ёзиб онага узатди.
– Бўлимга бор.
Милицияга йўлни онанинг ўзи топиб борди… Одамлардан суриштирди. Улар йўл кўрсатишди. Онанинг кўз олдини туман қоплаб олгандек эди. У жимгина йиғлар, кўз ёшларини рўмолининг учи билан артар, аммо одатига кўра тез юрар, баъзида йўлакчада чиқиб қолган тахталарга қоқилиб кетарди. Билардики шошилиши, ўғлини суд қилмасларидан олдин улгуриши керак. Бўлмаса, кейин чиқариб олиш қийин бўлади. У бунга ишонарди. У бутун умри давомида ҳамиша йўл юриб, кўз ёшларини рўмолининг учи билан артиб, ғам билан мана шундай курашган эди. Унинг юрагида яхши, оқкўнгил одамларга нисбатан енгиб бўлмас ишонч яшарди: улар ёрдам қилишади! Манавилар эса – майли, ўз одами учун хафа бўлишибди, қолганлар эса – нарироқдагилар, улар ёрдам беришади.
Наҳот ёрдам беришмаса?
У ҳаммасини уларга гапириб беради – ёрдамларини аяшмайди. Қизиғи, она бирор марта ҳам ўғлининг жиноят содир этгани тўғрисида ўйламасди. У бир нарсани билардики: ўғлининг бошига катта кулфат тушган. Онадан бошқа ким ҳам уни бу кулфатдан қутқара оларди? Ким? Вой Худойим-эй, ўша ўлка ташкилотларига пиёда юриб бўлса ҳам боради, кечаю-кундуз юрса ҳам. Ўша яхши одамларни у, албатта, топади.
– Хўш? – сўради ундан бўлим бошлиғи.
– Ўлка ташкилотларига боришимни айтди, – ёлғонлади она. – Мана бу учрашув учун. – У ёзилган қоғозни узатди.
Бошлиқ буни сездирмасликка ҳаракат қилса ҳам, бирмунча ҳайрон бўлди. Қоғоздагини ўқиди. Она унинг ҳайрон бўлганини сезди ва ўйлади: «Ҳа», у озроқ енгил тортганди.
– Мельников, кузатиб қўй.
Она улар анча узоқ йўл юришади, олдида темир эшиклар очилади, ўғлини у панжара ортида кўради ва ўғли билан пастдан туриб, оёғининг учига кўтарилиб олиб гаплашади… деб ўйлаганди. Унинг ўғли эса шу ерда, пастда, ертўлада ўтирарди. У ердаги йўлакда боши қирилган эркаклар ниманидир ўйнаб ўтиришарди. Улар онага ва сержантга қараб қолишди. Уларнинг орасида Витька йўқ эди.
– Ҳа, онахон, – сўради ўйнаб ўтирганлардан ёши улуғроғи, – сенгаям ўн беш кун беришдими?
Кулишдилар.
Сержант онани йўлак бўйлаб жойлашган бўлмалардан бирининг ёнига олиб келди ва эшикни очди… Бўлма катта, тахта катлар эса энли эди. Витька тахта катда ётарди… Мельников кирганида ўрнидан турмаган Витька, унинг ортидан онасини кўриб, сакраб ўрнидан туриб кетди.
– Суҳбатлашиш учун ўн минут, – огоҳлантирди найнов. Ва чиқиб кетди. Она тахта кат чеккасига ўтирди-да, рўмолининг учи билан шоша-пиша кўзларини артди.
– Қара-я, ерни ости бўлса ҳам, қуруқ, илиққина экан, – деди она.
Витька жим эди, қўллари билан тиззасини қучоқлаб ўтирарди. Эшикка қарарди. Бир кечада соқоли ўсиб, кўзлари киртайиб қолганди, худди атайлабдай. Унга қараш оғир эди. У хиёл титрар ва бор кучи билан ҳеч бўлмаганда шуни онасига сездирмасликка уринарди.
– Кўриниб турибди, пулингни ўғирлашган, шундайми? – сўради онаси.
– Ҳа.
– Хўп, ўғирлашган бўлса, садқаи сар эди ўша пуллар, нима учун шуни деб тепалашдинг? Пул бизни эмас, биз уни топамиз-ку, болам.
Витька ҳеч қачон, ҳеч кимга қандай вазиятда пулини олиб қўйишганини айтмасди, уяларди. Иккита ифлос… оғир шармандалик! Яна онасига ҳам ачинарди. У онасининг ҳар қандай қонунларни босиб, янчиб бўлса ҳам келишини биларди, у буни кутар ва қўрқарди.
Онанинг қалби эса шу дақиқаларда бутунлай бошқа бир ҳолатда эди. У оламда суд, прокурор, милиция, қамоқ деганлари борлигини бутунлай унутганди. Унинг ёнида боласи, ёрдамга муҳтож, айбдоргина боласи ўтирарди… Боласини ким тортиб ололарди ундан – ўғлига фақат у, бошқа ҳеч ким керак эмас, фақат у керак?
– Билмайсанми уни… ёмон урмабманми?
– Унчаликмас, тўқанинг текис томони тегибди… Аммо ётибди, тургани йўқ.
– Экспертиза қилишгандир, албатта. Бюллетень олади… – Витька онасига қаради, – етти йилгача тўғрилайдилар.
– Ё муқаддас Авлиёлар! – Онанинг юраги орқага тортиб кетди. – Нега бунча кўп беришади?
– Етти йил!.. – Витька тахта катдан сакраб турди, бўлмада у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. – Ҳаммаси ҳавога учиб кетди! Тамом, бутун ҳаёт ағдар-тўнтар бўлади энди! Боласи қалбини қайғу тоқатсиз эзаётганини онанинг доно қалби сезди.
– Нима, сени суд қилиб кесишдими? – деди она ўғлига ўқрайиб. – Дарров ҳаётим ағдар-тўнтар дейсан.
– Бу ерда бошқа нимани ҳам кўрардинг? Ҳаммаси маълум…
– Буни қаранглар, ҳаммаси маълум эмиш! Сен аввал ҳеч бўлмаса сўрасанг бўларди, мен қаерларда бўлдим, нималарга эришдим?..
– Қаерда бўлдинг, – Витька тўхтаб қолди.
– Прокурорнинг олдига бордим…
– Хўш! У нима деди?
– Хаҳ, сен олдин нима деди, деб сўра. У бўлса дарров ҳаёт тугади эмиш… Нимага бунча кучсизсизлар… Ҳали ҳеч вақо бўлгани йўқ-ку, унинг бўлса… калласида нима бор, Худо билади.
– Хўп, прокурор нима деди?
– Шуни… Ҳозирча у ич-этини емай турсин, калласидаги ҳар хил бўлмағур хаёлларни чиқариб ташласин, деди…
Биз ўзимиз бу ерда ҳеч нарса қила олмаймиз, чунки ҳаққимиз йўқ. Сен эса вақтни йўқотмай, ўлка ташкилотларига бор. Агар бизларга у ёқдан буюришса, биз хоҳласак-хоҳламасак уни қўйворамиз. Шунда одамларимиз олдида виждонимиз пок бўлади: суд қилмоқчи эдик-ку, аммо бўлмади, деймиз. Улар бу ерда ҳаммасини ўйлаб қўйишган. Мен ўзим ҳам унга ачинаман. Аммо биз кичкина одамлармиз. Ўлка ташкилотларига бор, у ердагиларга бўлган ҳамма воқеани тўлиқ тушунтир… деди Сенда қанча пул бор эди ўзи?
– Юз эллик.
– Вой, фаришта отахонлар! Қўллари исибди…
Эшикдан найнов милиционер мўралади.
– Тугатинглар.
– Ҳозир, ҳозир, – деди шошилиб она, – биз ҳаммасини гаплашиб бўлдик… Мен ҳозир уйга бораман, Мишка Бичков сенга тавсиянома ёзади… яхшилаб ёзаман деган.
– У ерда… ҳалиги… жомадонимда ҳар хил фахрий ёрлиқлар ётибди, хизматдан, ҳар эҳтимолга қарши уларни ҳам ол.
– Қанақа фахрий ёрлиқлар?
– Ўша ерда кўрарсан. Балки, ёрдами тегар.
– Оламан. Кейин идорага кираман, у ердан ҳам тавсиянома оламан… Қуруқ қўл билан бормайман. Балки гиламчаларимни сотарман, Сергеевна оламан деганди?
– Нега?
– Ахир ўзим билан пул олсам яхши-да, балки кимнингдир оғзини мойлаш керакдир.
– Керакмас. Қайтанга ишнинг пачавасини чиқарасан.
– Хўп, майли, қарайман.
Милиционер яна эшикдан мўралади.
– Вақт бўлди.
– Кетаяпман, кетаяпман, – деди она яна шошилиб. Эшик ёпилгандан кейин, қўйнидан пишган тухум ва жигар олди:
– Ма, еб ол. Сен жудаям кўп ўйлайверма, ҳали ҳаммаси яхши бўлади. Яхши одамлар ёрдам беришади. Энг катта бошлиқлар яхши одамлар бўлишади, улар қўрқишмайди. Булар эса қўрқишади, ҳеч кимдан қўрқмайдиганлар эса ўзларига-ўзлари хўжайин. Мен уларнинг олдига киришга-ку, кираман. Сен ўзингни қўлга ол-да, яхши нарсалар ҳақида ўйла. Хоҳла, Верка ҳақида… Верка ҳам жуда эзилиб куймоқда. Эшитган заҳоти югуриб келди.
– Хўш?
– Қийналяпти.
Витьканинг кўнгли қайлиғи куйганини эшитиб ҳам негадир илимасди.
– Биласанми яна нима… – онаси шивирлаб деди. – Сен хаёлан Худога сиғингин. Ҳечқиси йўқ, сен чўқинтирилгансан. Ҳар томондан ўраб, ҳаракат қиламиз. Мен уйдан эртароқ чиқаман-да, поезд келгунча югуриб бориб Ҳазрат Николайга атаб шам ёқиб келаман, ундан ҳам сиғиниб сўрайман. Ҳечқиси йўқ, у меҳр кўрсатади. Отангнинг қора хатини ҳам оламан…
– Сен акаларимга… бу… ҳозирча хабар бермай тур.
– Хўп, хабар бермайман. Нимага керак уларнинг кўнглини ортиқча безовта қилиб. Энг муҳими, сен ҳаммаси тугади, деган ўйни каллангдан чиқар. Агар беришсаям, бир йил-ярим йил кўздан холи қилиш учун беришар. Лекин етти йил эмас. Агар кимга бир йил беришса, қарабсанки, у ярим йилдан кейин чиқиб келаяпти, ким яхши ишласа, уни эртароқ чиқариб юборишади. Балки, ҳали бир йил ҳам беришмас.
Милиционер хонага кириб келди-ю, энди қайтиб чиқиб кетмади.
– Вақт, вақт…
– Кетдим. – Она тахта катдан турди, милиционерга елка томонини ўгириб бурилди-да, ўғлини тезгина чўқинтириб, фақат лаблари билан шивирлади: Исонинг ўзи сақласин сени.
Она бўлмадан чиқди. Йўлак бўйлаб кетиб борар экан, йиғидан кўзлари кўрмасди. Ўғли Витькага ачинарди, жудаям ачинарди. Боланг бетоб бўлиб қолса ачинасан, бу ерда эса ачиниш бошқачароқ, бу ерда одамлардан ёрдам сўраб ялинсанг, тескари қараб олишади, кўзингга қарашолмайди. Баъзан даҳшатга тушасан. Аммо, она ҳаракат қилаётганди.
Хаёлан у аллақачон қишлоғида эди, биринчи навбатда қилиниши керак бўлган ишларни мўлжалларди, жўнаб кетишдан олдин энг аввал кимнинг олдига бориши ва қандай қоғозларни олиши кераклигини ўйларди. Тағин ўша «Оқкўнгил одамлар, яхши одамлар»нинг ёрдам беришига бўлган ишонч уни яна ва яна олға чорлар, ҳеч қаерда тараддудга тушмас, ҳатто тўйиб йиғлаб олиш ҳам, бу ҳалокат бўлиши мумкинлигини биларди. У ҳаракат қиларди.
Кун оққандан кейин, соат учларда, у яна қишлоғидан чиқиб, ўлка ташкилотлари томон йўлга тушди.
«Худойим, ёрдам бер! Отахонларим! – деган сўзлар тилидан тушмасди. – Шундай қилгинки, ўғлимнинг хаёлига ёмон фикрлар келмасин, унга ақл берсин. У озроқ ҳовлиқмароқ, ўзига бирон-бир нарса қилиб қўймасин», деган сўзлар хаёлида тинимсиз айланарди.
Тун оққанда, у поездга ўтириб жўнаб кетди.
«Ҳечқиси йўқ, меҳрибон одамлар ёрдам беришади».
Ёрдам беришларига она ишонарди.
Рус тилидан Ўроз Ҳайдар таржимаси