Каримбой Қурамбоев. Алишер Навоий ва туркман адабиёти

Алишер Навоий туркман адабиётида ҳурмат билан тилга олинадиган улуғ сиймолардан бири. Шоир асарларининг ҳозирги Туркманистонга кириб борганига бир неча аср бўлган.  Навоийнинг эса  Марв шаҳрида бўлгани, у ердаги “Хисравия” мадрасаси бевосита шоир ташаббуси билан қурилгани борасида Хондамир “Макорим ул-ахлоқ” китобида маълумот беради. Шоирнинг “Хазойин ул-маоний” девони ва “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида Марв, туркман шоирлари тўғрисида баъзи маълумотлар учрайди. Шоирнинг туркман қизларини васф этиб, ғазал битгани ҳам илмда исботланган. Навоийнинг Ироқ султони ва шоир, туркман Ёқуббек билан дўстона муносабатларини далиллайдиган илмий манбаларга ҳам эгамиз. Жумладан, “Мажолис ун нафоис”нинг еттинчи мажлисида Султон Ёқуббек ҳақида бундай дейилган: “Яъқуб Мирзо – Туркман салотинида анингдек писандида зотлиғ ва ҳамида сифотлиғ йигит оз бўлғай”. Адиб Ойбек “Навоий” романида бу тарихий фактга мурожаат этиб, Навоий ва Ёқуббек муносабатлари тасвирига махсус саҳифалар ажратганидан мухлислар хабардор деб ўйлаймиз.

Алишер Навоий мероси туркман шоирлари учун ўқиш, ўрганиш, тажриба орттириб, маҳоратини чиниқтириш мактаби вазифасини ўтади. ХVI–ХVII асрлардан бошлаб шоир анъаналарига эргашувчилар, навоийёна услубда ижод қилишга интилувчилар адабиёт майдонига кириб келади. Масалан, ХVI асрнинг ўрталари ва ХVII асрнинг бошларида яшаб ижод этган туркман олими, шоир ва рассом Авшар Содиқий “Мажолис ун-нафоис” тазкираси таъсирида “Мажме ул-ҳавас” деган тазкира яратган. Тазкирада форс, араб ва туркий тилда ижод қилган 332 шоир хақида маълумот келтирилади. Тазкира муқаддима, саккиз бўлим ва хотимадан иборат. У барча хусусиятлари билан “Мажолис ун-нафоис”ни эслатади. Содиқий тазкиранинг муқаддимасида ўзигача тазкира ёзган ижодкорларни тилга олади. Навоийга уч байт ғазал бағишлаб, улуғ шоирга эҳтиромини билдиради. “Мажме ул-ҳавас”ни бевосита “Мажолис ун-нафоис” таъсирида ёзганини ҳам қайд этади.

ХVIII–XIX асрлар туркман адабиётида Алишер Навоий меросига қизиқиш, ижодининг етакчи ғояларини янги тарихий шароитга мослаштириб ривожлантиришга мойиллик ҳар қачонгидан кучаяди. Озодий ва Андалиб, Махтумқули ва Камина, Мулланафас ва Зелилий, Шохбанди ва Сейидий, Зинҳорий ва Ғойибий, яна ўнлаб туркман шоирлари Шарқ адабиётининг буюк мутафаккирлари қаторида Алишер Навоийни ҳам ўзларига устоз санаган. Шоир меросига ижодий ёндашиб, индивидуал услубда қалам тебратишган. Давлатмамад Озодий шундай талант соҳибларидан бири. У Махтумқулининг отаси. Ўғлининг истеъдодли шоир бўлиб етишишида алоҳида роли бор мураббий – устоз.

Озодий  ХVIII аср туркман адабиётида бир неча достонлари, ғазаллари билан танилди. Айниқса, олти минг мисрадан иборат “Ваъзи Озодий” дос­тони шоирга шуҳрат келтирди. У жанри бўйича фалсафий-дидактик достон. Асар Шарқ мумтоз адабиёти, хусусан, Фирдавсий, Низомий, Саъдий, Жомий, Навоий анъаналари руҳида ёзилган. Достонда Алишер Навоийнинг достончиликдаги таржибаси, хусусан, “Ҳайрат ул-аброр”нинг таъсири кўпроқ сезилади. Навоий достонидаги илм ва илм аҳли, адолатли ва адолатсиз подшолар, сахийлик, камтаринлик ва меҳнатсеварлик каби ғояларнинг ҳикоят ва ривоятлар либосида, афсонавий образларда берилгани, Озодийнинг бадиий-эстетик қарашларини ҳаракатга келтирган. Мавзуларни ўз даври муаммоларига мослаштириб ёритишда маънавий таянч вазифасини бажарган.

ХVIII аср туркман адабиётида Алишер Навоий анъаналарини муваффақиятли давом эттирган шоирлардан яна бири Нурмуҳаммад Андалибдир. Унинг туркман ёзма адабиётида ҳам достоннавис, ҳам ғазалнавис шоир сифатида алоҳида ўрни бор. Шоирнинг “Лайли ва Мажнун”, ”Юсуф ва Зулайҳо”, ”Боборавшан”, ”Зайнилараб” достонлари ХVIII аср туркман адабиётининг ёрқин саҳифаларидир. Достонларни яратишда Андалиб Шарқ адабиётидаги достончилик тажрибаларидан фойдаланган. Масалан, “Лайли ва Мажнун” ёки “Юсуф ва Зулайҳо” достонларининг мавзу, сюжет қурилиши ва образлар талқинида Шарқ достончилигини эслатадиган бадиий компонентлар бор.

Айниқса, “Лайли ва Мажнун” достонидаги воқеалар тизмасида, образ яратиш принципларида, аруз вазнида битилган шеърий шаклларда Навоий лирикаси, “Лайли ва Мажнун” достони таъсирини кўриш мумкин. Андалиб Алишер Навоий ижодига икки хил аспектда ёндашган: достончилик анъаналарини давом эттириш; Навоий шеърияти таъсирида ғазаллар, назиралар, мухаммаслар ёзиш. Икки бадиий шаклда ҳам шоир ижодий индивидуаллигини кўрсата олди. Масалан, “Лайли ва Мажнун”достони ташқи сюжети бўйича Навоий достонига қанчалик ўхшамасин, ички мазмуни, образ яратиш тамойилларида катта фарқ бор. Лайли, Мажнун, Навфал, Ибн Салом, Зайд образлари, гарчи достонда бир хил ном билан юритилса-да, характер хусусиятлари икки достонда икки ғояга хизмат қилади. Айтайлик, Навоий достонида Навфал сардор адолатли, низоли ишларни тинч йўл билан ҳал қилишга уринадиган ҳукмдор. Бошқача айтганда, бу образда Алишер Навоийнинг идеали жамланган. Андалиб достонида эса Нав­фал иккиюзламачи, маккор, ҳийлагар, босқинчи тимсолида гавдаланади. Навоий достонида Мажнун олим, шоирсифат, садоқатли, олижаноб шахс қиёфасида кўринса, Андалиб талқинида у шунчаки ишқ йўлида телба, ҳақиқий мажнундир. Бундай тафовут ҳар бир образда мавжуд.

Андалибнинг шоирлик салоҳияти ҳам ибратли. Бу йўлда унга Шарқ ғазалчилиги поэтикаси руҳи таянч бўлди. Асосан, шоир Алишер Навоийга эргашишга интилди. Шоирнинг ўндан ортиқ ғазалларига назиралар ёзиб, мухаммаслар боғлагани мана шу яқинликнинг инъикоси. Навоийнинг “Келмади”, ”Ўлтургуси”, ”Ўн саккиз ёшиндадур”, ”Эй, кўнгил”, ”Гулоб айлаб”,”Гирифторман, мен яна” ғазалларига Андалиб боғлаган мухаммаслар бадиий-эстетик пафоси, фикр ва туйғуларининг муштарак­лиги, поэтик оҳанги жиҳатидан ўқувчи қалбига завқ бағишлайди. Мана, Андалибнинг мухаммасларидан бир банд:

Андалиб-а нала эйлап, бигам эт көңлуң ойин,
Жамы – сахбадыр деңиз, гөр, байрам эт көңлуң өйин,
Етмесин асиб хергиз махкем эт көңлуң өйин
Эй Новайы, бада бирле хоррам эт көңлун өйин
Не учун ким бада гирен өе гайгу гелмеди.[1]

Андалибнинг “Не бало хўб”, “Рашки паризод”, “Бўлди Андалиб”, “Тоб очди”, “Жононига етса” каби ғазалларидаги ғоя талқини, рамзий образ қўллашдаги Навоийга оҳангдошлик муваффақиятли чиққан.

Махтумқули туркман адабиётига беқиёс ҳисса қўшган, тараққиётнинг янги давонига олиб чиққан, жаҳон адабиётида ҳам нуфузи юқори донишманд шоирлардан бири. Унинг шундай юксак обрў-эътиборга эга бўлишида ўз миллий адабиёти чашмалари билан бирга, дунё адабиёти, энг аввало, Шарқ мумтоз адабиётининг ҳиссаси ҳам салмоқли. Шоирнинг “Бўлсам”радифли шеърида Умар Ҳайём, Фирдавсий, Низомий, Ҳофиз, Румий, Саъдий, Навоий каби шоирларнинг номини тилга олгани салафлари ижодига мафтунлик ифодасидир. Жумладан, Махтумқули шеър бандларидан бирида Навоий ҳақида:

Дамганында йөген уссат Новайы,
“Чар диван” ы, “Перхат – Ширин” зыбайы.
Гашларына барып мен межнун болсам[2], – 

деб ёзади. Ва ўзини “Устоз Навоий этагидан тутган” шогирд ўрнида кўради. Шоирнинг “Чор девон”, “Фарҳод ва Ширин” асарларини юксак ижод намунаси тарзида эътироф этади. Навоий ижодига худди “Мажнун Лайлига ошиқ бўлгандек, ошиқ бўлишни” хоҳлайди. Махтумқулининг бошқа шеърларида ҳам Навоий номи, асарлари, яратган образлари учрайди. Зеро, Махтумқули ўз шеърларида Навоий номи ёки бирор асарини тилга олиш билан кифояланмаган. Шогирдлик меҳрини ижоди орқали ҳам намойиш этган. Масалан, шоирнинг “Кўнгил”, ”Қоши ёй”, ”Тўғриси”, “Эй, дўст”, “Керакмас”, “Айлади” ғазаллари поэтикаси, ифода усули Навоийга жуда яқин. Айниқса, унинг арузда  битилган “Айт”, “Тут”, “Яхшидир”, “Ўлмасдан бурун” радифли ғазаллари, мухаммаслари ҳам борки, улар бевосита Навоийнинг шу радифдаги ғазаллари таъсири самарасидир. Шоирнинг бешликлари орасида “Айт” радифли мухаммас бор. Биринчи банди бундай бошланади:

Бады – саба, бу арзымны ол ёвуз солтанга айт,
Элмыдам зар әйлеген, ол гөзлери хун – ганга айт,
Шум пелекиң голундан гитген жаны – жананга айт,
Айра душубан, гам чекан, гарабагыт доганга айт,
Дунйәдан арманлы болган ол пахыр перванга айт.[3]

Бу мисраларни ўқиган ҳар бир китобхон беихтиёр Алишер Навоийнинг:

Эй сабо, ҳолим бориб сарви хиромонимға айт,
Йиғларимнинг шиддатин гулбарги хандонимға айт, –

байти билан бошланадиган, кўпчиликка ёд бўлиб кетган “Айт” радифли ғазални эслайди. Икки шеърнинг ифода усулида ўхшашлик кўп. Вазни, қофияси радиф, бўғин ўлчови бир хил. Бироқ жанри бошқа-бошқа. Махтумқули шеъри мухаммас намунаси бўлса, Навоий ғояни ғазал шак­лида очган.

Маълумки, Махтумқули лирикасида дидактик мотивлар етакчи. Афоризмларга айланиб кетган шеърлари бисёр. Шоир Шарқ фалсафаси, шарқона одоб-ахлоққа хос таълим-тарбия йўналишида ижод қилишда ҳам Шарқ адабиёти илғор тажрибаларидан сабоқ олди. Чунончи, Навоийнинг таълимий мазмундаги ҳикматли сўзлари Махтумқули учун насиҳат шеърлар битишда бадиий шакл вазифасини ўтаганини мисоллар тасдиқлайди. Навоийнинг:

Одами эрсанг, демагил одами,
Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами, –

деган машҳур байтини билмайдиган ёки ёд олмаган адабиёт муҳиби йўқ ҳисоби. Улуғ шоирнинг инсонпарварлик ғоялари куйланган бу шоҳ байт Махтумқулини ҳам илҳомлантирган. Байтдаги буюк ғоя, маъно қудрати ва талқини, оддий ифода усули туркман шоири қалбида ижод завқини уйғотган. Ва қуйидаги туркум шеърий қаторларни ижод этган:

Адам бардыр, аны шалар чагырдар,
Адам бар, зулм эдип, гарып агырдар,
Адам бар, пер душек янын агырдар,
Адам бардыр, ак киз дызына дегмез[4].           

Ёки:

Адам болуп, адам гадрын билмеен,
Ондан ене отлап йөрен мал ягшы,
Сөзлегенде, сөз манысын билмеен,
Ондан ене сөзлемеен лал ягшы.

Махтумқулининг ахлоқий-таълимий шеърларида ҳам мазмун-мо­ҳияти, ифода шакли билан Навоий байтини эслатадиган мисраларга кўп дуч келдик.

Махтумқули ижодидан Навоий ғазаллари поэтикасига ҳамоҳанг, дос­тонларининг бадиий-эстетик хусусиятларини ёдга соладиган, ҳаёт ва вокеликни буюк сўз заргарига хос услуб ва усулларда ёритган асарлар анча-мунча бор. Биз уларнинг айримларигагина тўхталдик. Ваҳоланки, мавзу кенгроқ, махсус тадқиқотни тақозо этади.

XIX аср туркман адабиётида яна бир машҳур шоир бор. “Ишқ мулкининг султони” деб эътироф этилган бу шоир – Мулланафасдир. Мулланафас туркман адабиётида лирик шоир сифатида маълум ва машҳур. Бу даврда яшаб ижод этган бошқа бирор туркман шоири шу мақомга эришгани маълум эмас. Мулланафас лириканинг энг гўзал намуналарини яратди. Салафлари қаторида у ҳам Шарқ адабиётидан ижодни ўрганди, устозларига эргашиб, анъаналарини ривожлантирди. Фирдавсий, Низомий, Навоий, Фузулийдек буюк шоирларнинг ўлмас асарлари Мулланафас учун ижод мактаби бўлди. Туркман адабиётининг ёрқин сиймолааридан бири даражасига кўтарилишида устозлар маънавий хазинасининг аҳамияти катта бўлди. Бу ҳақда шоир “Кўнглим” шеърида миннатдорчилик билан ёзади:

Нызамый, Новайы, ене Фирдавси,
Яланчы дунйәден өтермен асы,
Сизе көп хызматлар гояндыр коңлум…[5]

Мулланафас мумтоз лириканинг бир неча жанрларида қалам тебратди. Аруз вазнида ғазал, мухаммас, мусаддас, назира жанрининг бетакрор намуналарини ижод қилди. Шарқ адабиётида фаол қўлланилган поэтик шакллар, лирик қаҳрамон кечинмаларини рамзли тафаккур асосида ёритиш тажрибаси, бадиий сўз қўллаш санъати, фикрни тимсолларда жилолантириб бериш унсурлари Мулланафас учун бадиият сирларини эгаллашида асқотгани Шарқона услубда ёзилган шеърларида кўриниб туради. У мумтоз шеърият йўлида ижод қилишда Навоийнинг поэтик тажрибасига эргашди. Шоирнинг “Кўрмадим”, “Беқарор этди мени”,  “Кўзларинг”, “Дилбар”, “Қолдим бир чоҳ ичинда”, “Ёр сенга”, “Ўртанур”, “Райҳон эрур”, ”Бир гўзал” радифли ғазал ва мухаммасларининг ифода шаклидан тортиб, мазмун талқинию бадиий тасвир воситаларигача Навоий ғазалларига яқинлиги бизни шу хулосага олиб келади. Ҳар бир байт ёки бандда, ҳатто ҳар бир мисрада  Навоий  ғазалларига уйғунлик, шаклий ўхшашлик бор. Бу ҳолат, айниқса, “Зуҳра – Тоҳир” достонида турли қирралари билан ўзига хос бадиий талқин этилгани шоирнинг жиддий ютуғидир.

“Зуҳра – Тоҳир” достони нафақат туркман адабиёти ёки Мулланафас ижоди, умуман, Шарқ адабиётида нуфузли ўринга эга гўзал ишқий-романтик достонлар сирасига киради. Достонга сайёр сюжет асос қилиб олинган бўлса-да, асар воқеалари шоир яшаган даврга анча яқинлаштирилган. Мулланафас ва унинг турмуш ўртоғи Бўстонтож достон қаҳрамонлари сифатида иштирок этиши, бошқа образларга ҳам XIX аср ҳаёти ранглари берилгани, асарнинг реалистик чизиқларини кучайтирган. Достон сюжетига Шарқ адабиётидаги ишқий-романтик достонларнинг анъаналари ҳам сингдирилган. Жумладан, достоннинг ҳар томонлама поэтик мукаммал, ўқишли чиқишида, хусусан, образлар психологиясини очишда муҳим восита саналмиш турли шеърий шакллардан фойдаланишда Навоийнинг баъзи ғазалларига мурожаат яхши натижа берган. Дунёқараши, ўз эстетик принципидан келиб чиқиб, вазиятга, образлар ҳолатига мос ғазаллар, мухаммаслар яратди. “Гул” радифли ғазали Навоий лирикасининг гўзал намуналаридан бири. Мана, ушбу ғазалнинг матлъаси:

Оразингни боғ аро чун кўрди, ҳайрон бўлди гул,
Баргсиз қолди, нединким, бас паришон бўлди гул…

Ғазал жами беш байт. Қолган байтлари ҳам шу хилда давом этади. Ғазал лирик планда, ишқий мавзуда. Шоир “гул”,”булбул” поэтик образлари орқали лирик қаҳрамоннинг қалб зиддиятидан сўз очади. Мулланафас ғазалнинг бадиий хусусиятлари достон воқеаларига ҳамоҳанглигини, қаҳрамоннинг мавжуд вазиятдаги ҳолатига мос тушишини ҳис қилган. Ва достоннинг бир эпизодида Навоий ғазали шаклидан фойдаланиб “гул” радифли олти байтлик ғазал ёзади. Ғазалнинг айрим байтлари билан танишинг:

Гул билен билбил гелип, гул ичре сейран кылды гул,
Гул тамашасын гөруп, өз беркини ган кылды гул.
Багбаны мен бу гун, баг ичре гөрдум билбил,
Билбилиң, сурун, гөруп чәки гирибан кылды гул[6]

Шеърлар бир хил жанрда. Иккаласи ҳам ғазал. Вазни, қофияси, радифи, бўғин ўлчовлари бир. “Гул”, “булбул” рамзлари икки ғазалда ҳам бор. Мулланафас ғазали алоҳида олиб қаралганда, мустақил шеърга ҳам ўхшаб кетади. Ғазалларнинг ички мазмуни жиддий фарқланади. Поэтик образлар ҳам ҳар хил вазифани бажаради. Навоий ғазалидаги “гул”, ”булбул” образлари Мулланафас достонида конкрет шахсларга нисбат берилади. Мулланафас талқинида “гул” – Зуҳра, “булбул” эса Тоҳир. Мулланафас шеърида Навоий ғазалида учрамайдиган учинчи бир образ бор. Бу – “боғбон” образи. Достонда ҳикоя қилинишича, Ҳасан боғбон тушки пайт боғ оралаб юрганида, Тоҳир билан Зуҳранинг бир дарахт тагида яширинча суҳбатлашиб ўтиргани устидан чиқиб қолади ва кўрганларини Зуҳранинг отаси Бобохонга етказади. Мулланафас Ҳасан боғбон тилидан Зуҳрани боғдаги гулга, Тоҳирни эса булбулга қиёслаб “Гул” радифли ғазални келтиради. Ғазал достон воқеасига, образлар ҳатти-ҳаракатига шундай пайвандланадики, алоҳидалиги мутлақо сезилмайди. Мулланафас бу усулни достоннинг бошқа эпизодларида ҳам қўллаган. Шу билан бирга, шоир Навоий лирикасидан достон руҳига мос, образлар психологиясини очиш имконини берадиган ғазалларни танлаб, уларга ё назира ёзади, ёки мухаммас боғлайди.

XIX аср туркман адабиётининг Камина, Сейидий, Зелилий, Зинҳорий, Толибий, Котибий сингари шоирлари ҳам Алишер Навоийни ўзларига устоз деб билган. Каминанинг ишқий шеърларида, юмор ва сатирасида, Сейидийнинг ватанпарварлик мавзусидаги ғазал ва шеърларида, Зелилийнинг ахлоқий-таълимий характердаги мухаммас, ғазал, мусаддас ва мусамманларида, Зинҳорийнинг Шарқона услубда ижод этган турли жанрдаги назм бўстонида Шарқ мумтоз адабиёти, жумладан, Алишер Навоий шеъриятининг ҳам таъсири борлигини фақат қайд этиш билан чекланамиз.

Энди Алишер Навоий асарларининг туркман тилига таржималари ҳақида. Туркман ўқувчиларини шоир ижоди билан таништиришга ўтган асрнинг бошларида киришилган. 1925 йилда Абдулҳаким Гулмуҳаммедов таржимасида шоирнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” асари китоб ҳолида босилади. Бу – Навоий ижодидан намуналарни ҳозирги Туркманистон ҳудудига олиб киришдаги биринчи қадам эди. 1941 йилда шоирнинг “Хазойин ул-маоний” девонидан саралаб олинган туркум ғазаллари таржимаси “Чор девон” деган номда чоп этилди. Китобдаги ғазалларни Б.Кербобоев, Ё.Носирли, П.Нурбердиев, Б.Сейтақов, Д.Оғамаммедов, К.Ишанов каби ижодкорлар туркманчалаштирган. 1948 йилда туркман тилида Навоийнинг навбатдаги  “Сайланан эсерлер”и ўн минг нусхада нашр қилинди. Тўпламнинг олдингилардан фарқи шундаки, китобга Навоий ғазалларидан ташқари, рубоий ва туюқлари, шунингдек, “Фарҳод ва Ширин” достонидан парча ҳам киритилган. Таржимонларнинг сафи ҳам кенгаяди. Тилга олинган таржимонлар қатори Ш.Кекилов, Ҳ.Исмоилов, Р.Алиев, А.Аламишев, Р.Сейидов каби таниқли ижодкорлар билан тўлдирилган. Ҳар ҳолда бу таржима китоб Навоий ижодининг ранг-баранг қирралари тўғрисида туркман ўқувчиларига қисман бўлса-да, маълумот беради.

1965 йилда таниқли туркман олими ва таржимон Р.Режепов томонидан “Фарҳод ва Ширин” достонининг ўн минг нусхада туркман тилида босилиб чиққани адабий ҳаётнинг муҳим воқеаси сифатида эътироф этилди. Китобга таржимон қаламига мансуб Алишер Навоий ижоди, айниқса, “Фарҳод ва Ширин” достонига доир катта кўламли мақоланинг сўз боши ўрнида илова қилингани таржиманинг аҳамиятини янада оширди. Илмий аспектдаги бу иш Р.Режеповни нафақат йирик таржимон, балки Шарқ мумтоз адабиёти, хусусан, Алишер Навоий ижоди, “Фарҳод ва Ширин” достонининг моҳир тадқиқотчиси эканини ҳам кўрсатди.

Алишер Навоийнинг нодир асарларини туркман тилига ўгириш ишлари Туркманистонда ҳеч қачон тўхтаган эмас. Ҳамиша мутаржимлар эътиборида бўлиб келди. Қардош адабиётнинг машхур адиблари улуғ шоир мероси билан ўз халқини баҳраманд этишда ибрат намуналарини кўрсатишди. Бу ўринда К.Гурбаннепесов, Н.Гуллаев, Т.Гурбанов, А.Маммедов, А.Атабоевдек таниқли ижодкорларнинг Навоийдан қилган таржималарини мамнуният билан тилга оламиз. Бу таржималар адабий алоқаларимизнинг ҳам муҳим ҳалқасидир. Таржималар келажакда таржимашунослик илмининг тадқиқот объектига айланса, нур устига нур бўларди.

       «Жаҳон адабиёти» журнали, 2019 йил, 2-сон

_______________________

[1] Андалып. Лирика. Ашгабат, 1976., 77-сахыпа.

[2] Магтымгулы. Сайланан эсерлер. 2 томлук. 1 т., Ашгабат, 1983., 67-сахыпа.

[3] Магтымгулы. Сайланан эсерлер. 2 томлук. 1-том, Ашгабат, 1983., 101-сахыпа.

[4] Магтымгулы. Сайланан эсерлер. 2 томлук. 1-том, Ашгабат, 1983., 210-сахыпа.

[5] Молланепес. Лирика. Ашгабат, 1973., 117-сахыпа.

[6] Молланепес. Зохре-Тахыр. Ашгабат, 1959., 27-сахыпа.