Ўзбекистондан Озарбайжонга сафар қилганлар сони 6 баравар ошди

2022 йилда Ўзбекистондан Озарбайжонга сафар қилганлар сони 6 бараварга ошди. Шу тариқа Ўзбекистон фуқаролари Озарбайжонга энг кўп ташриф буюрган мамлакатлар орасида 11-ўринни эгаллади.

Маълумотларга кўра, Озарбайжонга ўтган йили 178 мамлакатдан 1 млн 602 минг хорижлик ташриф буюрган. Бу 2021 йилга қараганда икки баравар юқори кўрсаткичдир (791 минг).

Озарбайжон давлат туризм агентлиги раҳбари  Фуад Нагиев 2026 йилга қадар йиллик сайёҳлар кўрсаткичи 4 миллионга етказилишини маълум қилган. Айни чоқда, ички туризм салоҳияти 6 миллионни ташкил этади.

Шарқу Ғарб чорраҳасида жойлашган Озарбайжон Буюк ипак йўлининг муҳим шохобчаси сифатида асрлар давомида савдогарлар ва сайёҳларни ўзига жалб этиб келган. Энтони Женкинсон (XVI аср), Афанасий Никитин (XV аср) каби машҳур сайёҳлар ушбу ўлкада меҳмон бўлган. Улуғ ёзувчи ва сайёҳ Александр Дюма ҳам Озарбайжон бўйлаб саёҳат қилган.

Бой тарихий-маданий меросга эга мамлакат дунёнинг турли минтақаларидан сайёҳларни жалб этмоқда. Каспий денгизи, мўътадил иқлим ва бетакрор табиат манзаралари эса пляж, ов туризмларини ривожлантириш имконини беради.

Пойтахт Бокунинг эски шаҳар қисми – “Ичери шеҳер” тарихий-меъморий қўриқхонасидаги қатор тарихий обидалар ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Шеки, Габала, Нахичеван, Ганжа каби шаҳарлар ҳам сайёҳлик марказлари саналади. Айни пайтда ишғолдан озод этилган Қорабоғ ва Шарқий Зангезур минтақаларида сайёҳликни ривожлантириш дастури амалга татбиқ этилмоқда.