Туркия президенти девони ёлғон маълумотлардан эҳтиёт бўлишга чақирди

Туркия президенти девони Ахборот-коммуникация бошқармаси мамлакатда 6 февраль куни рўй берган кучли зилзилалар муносабати билан аҳолини, шунингдек, миллий ва халқаро журналистларни манипуляция руҳидаги ахборотдан эҳтиёт бўлишга чақирди.

Қайд этилишича, мамлакатни ларзага солган зилзила оқибатларини бартараф этиш учун ваколатли муассасалар, хусусан, Туркия фавқулодда вазиятлар агентлиги (AFAD) туну кун фаолият юритмоқда.

Аҳоли ва ОАВ вакилларига ахборотни расмий манбалардан олиш, табиий офат ҳудудидаги ватандошларга эса хавфсизлик чораларига риоя этиш тавсия қилинган.

Туркия президенти девони Ахборот-коммуникация бошқармаси раҳбари, профессор Фахриддин Алтунга кўра, мамлакат мушкул синовни бошдан кечираётган пайтда дезинформация ва сохта ахборотлар тарқатиш йўқотишлар кўламини ошириб, қутқарув амалиётига халал бериши мумкин. Шунга кўра у ижтимоий тармоқлар, хусусан, Twitter маъмуриятини  дезинформациянинг олдини олиш бўйича амалий чоралар кўришга чақирган.

Ижтимоий тармоқларда ҳақиқатга тўғри келмайдиган пост ва маълумотларни тарқатиш Туркия жиноят кодексига мувофиқ жазоланиши эслатилган.

Ахборот-коммуникация идораси дезинформацияни аниқлаш хизматини ҳам йўлга қўйган.

Минтақа аҳолисига ахборот ва мулоқот учун қулайлик яратиш мақсадида барча GSM операторларининг қуввати оширилгани, интернет хизмати сифати кучайтирилгани маълум қилинган.

Туркиянинг жануби-шарқий Онадўли минтақасида 6 февраль тонгида бошланган зилзилалар натижасида кўплаб вилоятлар, айниқса, Газиантеп ва Каҳраманмараш катта талафот кўрди. Табиий офат, шунингдек, Ҳатай, Адияман, Диёрбакир, Малатя, Усмония, Элазиг, Килис, Шанлиурфа, Адана вилоятларида ҳам машъум из қолдирди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон қутқарув амалиётига бошчилик қилиш учун AFAD марказига келган. У 6 февраль кунги табиий офатни 1939 йил Арзинжон зилзиласидан кейин кузатилган энг катта ҳалокат деб атаган. Эрдўғон 85 миллионли аҳоли ягона юракка айланмоғи лозимлигини таъкидлаган.

Туркияда зилзила қурбонлари хотирасига ҳурмат рамзи сифатида 12 февралга қадар мотам эълон қилинган.

Мавзуга доир мақола:

Туркия: AFAD фавқулодда вазиятларда қандай чора-тадбир кўради? 06.02.2023