Кенг осмонни хира булут босса, Нигорахоннинг ойдек чеҳрасига қора соя тушиб, руҳи ҳорғин тортади. Ўл-а қолсин-а, бугун ҳам шу аҳвол: эрталабдан ҳовлининг юзи ҳам хира осмондан ранг олибди, ёзнинг ўнинчи кунида-я! Нон ҳиди уфуриб турган қўлини пахса қилиб, осмонга, қўрғошинранг булутларга қараб, эри Мамажонни эслаб, кўнгли ўксиди. Тоғу тошда, кимсасиз арчазорлар орасида, ғорда яшагандан кўра каттагина ҳовлисига қайтса, ҳаҳ савил-а, бир жойи камайиб қолардими?! Биронта одам: “Нигорахон, эринг бир йилдирки, тоғдан бери келмайди, ёрдам берайликми”, демайди-я! Ўзи ҳам бир эмас, тўрт-беш борди, ялинди, ёлворди, изини ўпгудек бўлди, аммо аввалги Мамажондан “м” ҳарфи ҳам қолмаган. “Нигор, сендан розиман, уйга борақол”, деди.
Бугун ҳам кўнглида илинж билан яна боряпти, балки бу сафар гапга кўнар; ўртада болалари, норасидалари бор. Кўкқишлоқда бош кўтариб юриши – бир азоб, “Эри уйдан безор бўлган экан-да” деган миш-мишлар – ўн азоб, болаларнинг “Отам қачон уйга келади?” деб хархаша қилиши – минг азоб. Тунов куни қариндош-уруғдан узилиб қолмай деб, олтмишга тўлган Аҳад тоғасининг юбилейига борди. Негадир оёғи тортмаганди – ҳамма унга қарайди, денг: хотин-халаж, бола-чақа; ўқрайган кўзлар, қош-қовоқли кишилар; уятдан ер ёрилмади, ерга кириб кетса! Қизарди, бўзарди, қулоқлари тошга айланди, аъзойи бадани чўғдек қизиб, келинчак пайтлари тиктирган “сафсар кўйлаги” жиққа ҳўл бўлди. Бўлмаса, денг, эрталабдан бошланган афғон шамоли ҳамон эсар, кун иссиқ эмасди, лекин ўша кун ҳам осмондаги хира булутлардан юраги бир титратди, бир титратдики, ўзидан ўтганини ўзи билади. Яна денг, ясан-тусан хешу тобар аёллар орасига ўзини урганда, олдига қўйилган ошга пашша тушгандек, дилини сиёҳ қилишганига нима дейсиз. Тешик қулоқ эшитади, эшитмаса ҳам бошқа эди, осмондаги булутларга ҳам эътибор бермаган бўларди, лекин олифта янгаси, Аҳад тоғасининг хотини Мўътабархон: “Нигорми?! Баққа ўтказ уни, ҳов ана фаррош аёллар минан ўтирсин! Ўқиганлар орасида пишириб қўйибдими унга!” деганда миясига болға тушгандек бўлди. Бели зирқираб оғриб, тили калимага келмай қолди. Ҳаҳ, янгаси-я, янгаси! Ундан бу гапни кутмаган эди. Одамнинг дили вайрон бўлса, тўкин дастурхон татирмиди?! Татимайди-да! Остидаги юмшоқ кўрпача ҳам тошдек ботиб, ўтирган жойида депсинди. Аёлларнинг ҳиринг-ҳиринг кулгисидан боши зирқираб, ваража тутгандек, аъзойи бадани қалтиради. Бундай пайтларда энг сабрли одам ҳам уйга сиғмай қолади. Пича ўтирай, деб ҳарчанд ўзини босди, аммо сабри чидамади ва охири тоза ҳавога чиқиб келай, деган баҳона билан ўрнидан қўзғалди. Унинг тумшайиб қолганини сезган овсини Маҳбуба ҳам ортидан эргашди. Ҳовлида уни чертга тортиб: “Ҳей, Нигор, нима бўлди санга, бирдан рангинг сомон қайтди, тинчликми ишқилиб?!” деб сўради хавотирланиб. Нигора аввалига дардини ичига ютиб, яширишга уринди, аммо Маҳбуба қистовга олгач, ёрилди қўйди.
Гул юзида ётқан икки нозанин
бемори бор.
Маҳбуба мийиғида кулди, аммо бу ҳолати Нигорага бир оз оғир ботганини сезмади. Кўчада бир йигитнинг: “Аҳад аканикида базму жамшидми?! Ундан кўра, Мамажонни ўйласа бўлмайдими!” дегани қулоққа чалинганда, Нигора лабини бурди ва ўксиб: “Келмасам бўларкан, овсин!” деди.
Ҳаммаси ўша мудҳиш кундан бошланди, ўлган ўлиб кетди, энди иложи йўқ, бева қолдим, пешонам шўр экан, дея тақдирга тан берган эди, лекин Мамажон эри оламдан ўтган куннинг эртаси Кўкқишлоқ кенг осмону фалакдан тош ёғилгандек, бир эмас, юз қалқиб тушди: эрталаб қоровул не кўз билан кўрсинки, қабр ўпирилиб очилиб қолган, жасад жойида йўқ, аммо қабр атрофида оёқ излари билиниб турарди. Бу – Мамажоннинг изи эди, қоровул анойи эмас, дарҳол чўтлади, ўнг ён оёғида зиёди бор, ўзи қабрга қўяётганда, кафан очилиб, шунга кўзи тушгани эсида. Қоровул келиб, ажабтовур воқеадан элни хабардор этгач, дарҳол маҳалла посбонига маълум қилишди. Юзи кетмондай катта посбон силлиқ бошини қашиб: “Оббо! – деди ҳомуза тортиб. – Тоза машмаша-ку бу! Бир замонлар Чарли Чаплин дунёга достон бўлганди, энди Мамажон дангозага навбат етибди, шекилли!”
Э биродарлар, ажаб замонда яшаяпмиз-да: посбон билиб айтган экан, шу куни қишлоқдаги барча телефонлар бу хабарни оламга ёйди. Бир зумда Кўкқишлоқ дунёга машҳур бўлиб кетганига нима дейсиз. Ана, бизнинг оташ замон!
Энди Мамажондан эшитинг: уч деганда, изтопар итлар ҳид олиб, тўрт посбон ва Нигорни Ҳисор тоғининг ичкарисига, Гароб бува деган зиёратгоҳдаги ғорга бошлаб борди. Олтингугурт ҳиди уфурганидан аввалига изтопар ит бир оз гарангсиб қолди. “Изни йўқотди, лаънати, – деди посбон чирт тупуриб. – Мамажоннинг ўлигини шу томонларга келтириб ташлашган бўлишса, энамизди кўрамиз ҳали!” Нигоранинг лаблари титради ва “наҳотки? Эримнинг душмани йўқ эди-ку!” деб кўзи намланди.
Лекин бўрибосар Сиртлон яна изни топди ва чопди, тўғри ғадир-будир тоғ бағридан отилаётган олтингугурт шаршара ёнидаги фил баробар келадиган ғор оғзида туриб вовуллади. Бу вовуллаш оҳангида сал мақтанчоқлик сезилиб турарди! Шуниси Мамажонга ёқмади шекилли: “Итингни ол, ука!” дея ғордан чиқиб келди: ажабо, оқ кўйлак-иштон кийиб олган эдики, арвоҳдай кўрингани учун ҳамма ҳайиқди. Нигора: “Вой, дадажониси!” дея додлаб юборди.
Посбоннинг ёнидаги ингичка мўйлов йигит қўлидаги телефони билан уни шу туришда бир неча бор расмга олди, Сиртлон пастга тушиб, баланд тут дарахти соясига узала тушиб, қип-қизил тилини осилтириб, увлади.
Посбон чирт тупуриб:
– Ака, бўлақолинг, олдимга тушинг! – деди беозор оҳангда.
Ғор оғзида турган Мамажон:
– Руҳ олий ҳилқатдан узилиб, бегона унсурга тушган, фойдаси йўқ, – дея қош қайирди. Бу қанақа одам ўзи, олдида жуфти ҳалоли, ҳамқишлоқлари турсаю таранг қилса, ғашингизга тегмайдими?!
Посбон унинг ёнига чиқиб борди.
– Ака, одамни гапга қўйманг, Худо сизга яна тириклик ато этибдими, шукр қилинг!
– Машойихлар: “Нарсаларнинг табиатига яраша яша!” деган. Шу қоидага амал қилиб яшамоқчиман, ука, аравангни орқага тортиб кетавер! – деди Мамажон осмондан кўз узмай.
Оддий одамнинг қайсарлиги посбоннинг ғашини келтирди:
– Ҳеҳ, ака, таранг қилманг бунча, индамай олдимга тушинг! Ҳеч бўлмаса, янгани ҳурмати!
– Ким сизларга ўлимни даҳшат, деб айтди! Нега ўзингиз билмайдиган нарсадан қўрқасиз?! Бу дунёда бизни доимо бетоблик, қаҳру ғазаб таъқиб этади. Тўрт тарафдан қувғинга учраган бандалармиз. Бундай ҳолат бегона уйида яшаётганингизда содир бўлиши мумкин. Шундай экан, нега ўз уйингизга қайтишдан қўрқасиз?
Посбон бош бармоғини чеккасига қўйиб “томи кетиб қолибди бунинг!” дегандек шерикларига ишора қилди.
– Ҳей, ака, бундай телба-терсик гаплар минан бошни қотирманг! Сиздан бошқа ташвишларим кўп! Қани, олдимга тушинг: томингиз кетиб қолган бўлса, даволатамиз!
Мамажон ака хотинига қаради:
– Ҳеч бўлмаса, сен тушунарсан мени!
Нигора нозик қўлини ориқ кўксига босиб пичирлади:
– Биламан, дадаси, биламан!
Мамажон ака яна кўкка боқди:
– Мен буюк қуллик йўлини танладим! Энди адашсам, ҳалокат!
Посбон яна чирт тупирди:
– Эй ака, гўрдан чиқиб, файласуф бўп кетибсиз! Ўзингиз бир оддий тирракторчи бўсангиз, олифталигингизга ўлайми?! Худо умрингизни қайтариб берганига шукр дея бола-чақанинг ёнига қайтсангиз бўлмайдими?!
– Менимча, қўполлик илдизи илмсизликка бориб тақалади.
– Мени илмсиз деяпсизми?! Ўйлаб гапиринг, ака, мен хизматдаман, посбонни ҳақорат қилганлари учун…
Мамажон ака қўлини пахса қилди:
– Ҳей, ука, шайтоннинг гапини вайсама, бор, йўлингдан қолма, мен Мамажоннинг арвоҳиман, холос! Бошингизга тушган иш пешонангизга ёзилган бўлади. Одамлар орасига қайтмоқчи эмасман, ука! Мен безганман улардан! Нигора, сени ва болаларни Худонинг паноҳига топширдим!
Ит ғингшиб улиди. Овози аллақандай сеҳрли, жозибали, аммо ғамгин эди.
Нигоранинг юраги титраб, жигари эзилди. “Дадаси!” – деди зорланиб ва уятдан қизариб, титроқ қўллари билан юзини тўсди. Аммо қўлларини олиб эри томонга қараганда, ғорнинг оғзи бўм-бўш эди: Мамажон ерга кирдими, осмонга учдими, билмай қолди.
Посбон чирт тупурганча: “Бўпти, ўзи билади!” – деди ва шерикларига “кетдик” дегандек ишора қилди.
– Опа, юринг, кетдик, эрингизнинг чиндан ҳам томи кетиб қолганга ўхшайди, дўхтир юборармиз! – деди ачинган овозда.
Нигора бўғриқиб деди:
– Дадаси!
Ичкаридан Мамажоннинг овози келди:
– Ақл ожизлик қилган жойда вақт ёрдамга келади!
– Унақа деманг, дадаси, юринг уйга кетамиз, ўзим сизни олиб кетгани келдим!
Ғор ичида бир нарса ерга тушиб, чил-чил синди:
– Эй онаси, нариги дунёдан бирорта инсоннинг қайтиб келганини кўрганмисан?!
Нигора жим бўлиб қолди, тили тош қотгандек, ҳарчанд ўзини зўрламасин, жавобга сўз тополмади.
Посбон йигит унинг енгидан тортиб:
– Опа, юринг, бефойда, дўхтирларни жўнатсак, ўзлари билади, – дея шивирлади.
Нигора аёл-да, ожиза, кўз ёшларини тиёлмади, ғордан пастга тушиб, шаршаранинг кумушдай сувига юзини чайди, гуп этиб урилган олтингугурт ҳидидан боши айланиб, кўнгли айниди. Ғор томонга хавотирли қараб қўйди-да, ориқ бўйнини эгиб йўлга тушди.
…Кейин нима бўлганини анчагача билолмай юрдим, чунки ўша куннинг эртаси Тошкентга қайтгандим, фақат тунов куни Сариосиёдан келган таниш йигитдан Мамажонни сўрадим. Унинг айтишича, асаб касалликлари шифохонасидан бир гуруҳ мутахассислар Нигора билан бирга ғорга бориб, Мамажонни топишолмабди. Ерга кирганми, кўкка чиққанми, ҳеч ким аниқ бир гап айтолмаган эмиш. Буни эшитиб, ўйланиб қолдим: чиндан ҳам, нариги дунёдан ҳеч ким ортга қайтмаган, аммо Мамажонга имкон берилган эди-ку, нега у оиласи ва дўстлари бағрига қайтишни истамади? Ёки ростдан ҳам унинг мияси суюлиб қолган эдими?!
“ЎзАС”дан олинди.