Редакцияга хат
Ҳурматли редакция!
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида Иброҳим Ғафуровнинг тарихчи олим Неъматилла Иброҳимов номига ёзган мактуби билан танишиб, «Ибн Баттута ва унинг Ўрта Осиё бўйлаб саёҳатлари» китобини ўқиганимда кўнглимдан ўтган ўйларга ҳамоҳанг мулоҳазаларни топиб беҳад қувондим.
Ушбу тўплам тарихимизни ўрганиш соҳасида жиддий тадқиқот эканлигига шубҳа йўқ. Бу ҳақда чуқур ва ҳаяжонга тўла фикрларни айтилиб, заҳматкаш олим меҳнати холис баҳоланганидан миннатдорман. Ҳақиқатан ҳам бундай теранлик, муаммодан қочмаслик, виждон билан ишлаш ва тадқиқ қилиш кўп олимларимиз учун ибратдир.
Биз оғир даврларни бошдан кечирдик. Болалигимиздан билиш шарт бўлган оддий ҳақиқатларни англаш учун қисқа умримизнинг ярмини бериб қўйдик. Бизни гўё ҳавосиз бўшлиқда ушлаб турдилар, бировларни маънавий ўлдириб, бошқаларни мажруҳ этдилар ва кўпларни лоқайдлик ниқоби билан яшашга кўниктириб қўйдилар. Бугун эса маълум бўлдики, кўксимизни тўлдирадиган ҳаво, ярамизга шифо бўлғувчи малҳам, юзимиздаги лоқайдлик ниқобини тортиб олиб ташлашга қодир куч — тарих экан. «Тарих кафанларни юлқиб, ўликларни уйғотувчи, дилларга ҳаёт қонини қуювчи, тилларга сўз бахш этувчи, кунпаякун салтанатларни қайта яратувчи, ўтиб кетган асрлар силсиласини бутун ҳаяжонлари, авторлари билан кўз ўнгимизда намоён этиб, ҳаётимиз сарҳадларини кенгайтирувчи мўъжизадир. Унинг маънавий қудрати ила биз барча кечмиш замонларнинг одамларига ҳамдаму ҳамнафас бўламиз, улар билан гоҳ суйиб, гоҳ куйиб, дилимизни рағбатлантирувчи ҳисларимизга озуқа берувчи турли воқеалар, ажабтовур феъл-атворлар дунёсига шерик бўламиз ва буларнинг барчаси нақадар фойдали эканлигини ўйламасдан роҳатланамиз» (Н. М. Карамзин).
Тарих, у ҳақда қиссалар сўйлагувчи бадиий асарлардан фарқли равишда, ўз саҳифаларини шошма-шошарлик билан варақлаб чиқишга йўл қўймайди. Фақатгина мунтазам тадқиқот ва изчил ҳавас бор жойдагина у хасислик билан ўз хазиналарини оча бошлайди. Тарихга, файласуф М. Вульфсон айтганидек, ҳеч қачон нуқта қўйиб бўлмайди. Келажак авлод муаррихлари кеча, бугун ёзилган китобларни тўлдириб борадилар, ёлғон сўзларни ўчириб қайта ёзадилар. Шу сабабдан ҳам тарих варақлари ёлғон билан қанчалик тўлдирилмасин, улар шу ёлғонлар битилган давр хусусияти бўлиб қолаверади. Тарих раққоса киядиган ҳашам либосда эмас, коржома билан ишлайди. — Биз ўтирган курси, биз ўтадиган кўча, биз ухлайдиган тўшаккача тарихга таъсир қилишини унутмаслик керак. Муаррихлардан бири: «Агар Клеопатра бурни бироз узунроқ ёки озгина пучуқ бўлганида инсоният тарихи бутунлай бошқа йўлдан кетган бўларди», деб ёзганида айнан мана шуни назарда тутмаганми? Балки Искандар Мақдунийнинг жаҳонга эгалик даъво қилишига, одамлар тақдири билан қўғирчоқ ўйнагандек муносабатда бўлишига, унинг жисмоний камчилиги — оёғи қийшиқлиги сабаб бўлгандир. Балки шунинг учун ҳам қадимий китобларда Анушервон — бир кўзли, Яздижард Алқама ал-Фаҳл ибн Қайс, Темур — чўлоқ, Абу Суфён хасис бўлгани бекор ёзилмагандир.
Фақат ўзимизга мос нарсаларнигина тарихдан юлиб олиб ўрганиш, охир-оқибатда тарихни билмасликка, энг даҳшати чала саводхонликка олиб келади. Фақат тўла ҳақиқатгина тарихнинг бош мезони бўла олади «Ҳақиқат эса, — Ф. Достоевский ёзганидек, Некрасовдан баланд, Пушкиндан юқори, халқдан юксак, Россиядан улуғ, бутун борлиқдан устивордир ва шу сабабдан санъаткор ҳар қандай йўқотишу таъқибларга қарамай ёлғиз ҳақиқатга хизмат қилмоғи керак». Қадимгилар айтганидек. «Тарих ҳаёт муаллимидир». Тарих сабоқларини билган одамгина ўзидан аввалгилар йўл қўйган хатолардан тийина билади. Биз келажакка тисарилиб кирамиз, деган экан бир доно одам.
Ҳар биримизга болаликданоқ касаллик варақаси очилади. Ҳақиқий шифокор беморнинг ўша касаллик тарихини ўрганиб чиқибгина тўғри хулоса чиқара олади. Тарих, инсоният тараққиётининг касаллик варақаси эмас, балки унинг дарду қувончлари, ғалабалару мағлубиятлари, яратувчилик қудрати-ю барбод этувчи қора кучлари, жасорат ва хиёнат, оқ ва қоранинг шиддатли тўқнашувлари ҳақида ҳикоялар битилган кундалик дафтардир.
Сизга қўшилиб менинг ҳам сўрагим келади: «Қачон тугайди бу ўз тарихи, ўз хазиналарига лоқайдлик!» Шундай деб айтишга сабаблар борлиги учун ҳам бағримиз куяди, изтироб чекамиз. Тарихи минг йиллар билан ўлчагулик маданий мероримиз ўрганилмаётгани ҳақида ёзишга умримизнинг қолган қисми етармикан. Ахир, «Эзгу ишнинг кечи йўқ», деб юрган неча-неча бизга орқадош авлодлар нес-нобуд бўлиб кетди. Шу пайтгача сиз санаб ўтган Ибн Хурдодбек, Ибн ал-Фатиҳ, Ал-Муқаддасий, Ёқут ал-Ҳамавий, Ибн Арабшоҳ, Ал-Умарий, Клавихо, Марко Поло, Вамбери асарларидек зарур бўлган Ота Малик Жувайний, Ибн Асир, Рашидиддин Фазлуллоҳ Ҳамадоний, Минҳожиддин Усмон Жузжоний, Муиниддин Муҳаммад Исфизарий ва бошқа жуда кўп тарихчилар битган асарлар ҳанузгача таржима бўлиб, нашр этилмаганини қандай изоҳлаш керак? Ватанимиз тарихида муҳим ўрин тутган воқеалар ва шахслар ҳақида маълумот берувчи Муҳаммад Насавий, Шарафиддин Али Яздий, Ҳофиз Абрў, Шомий, Абдураззоқ Самарқандий, Хондамир, Мирхонд, Абулғози, Аҳмад Дониш қаламига мансуб асарлар-чи? В. Бартольд, И. Крачковский, Н. Веселовский, В. Вяткин, А. Якубовский, Н. Бичурин, Л. Гумилёв, М. Вирский, С. Толстов, М. Хаников ва бошқа жуда кўп олимларнинг ўтмишимизга оид асарлари, В. Жирмунский, А. Бертельс, Н. Конраднинг адабиётимиз меросига, аввало, Алишер Навоий ижодига багишланган мақолаларнинг бирортаси ҳанузгача ўзбек китобхонига етказилмаганини ким тушунтириб бера олади? Аждодларимиз ҳақида дастлабки маълумотларни берган Геродот, Арриан, Страбон, Сима Цянь, Карпини, Рубрук, Мецоплик Фома битикларини ўрганмай туриб тарихимизни ўрганиш мумкинми? Шу пайтгача «Қуръон» ўзбек тилига таржима қилинмагани-чи? Ахир бутун ўтмиш маданияти ислом ақидалари асосида дунёга келганини билиб туриб нега ўзимизни билмаганга оламиз? Бутун Шарқ фалсафаси хазинасига қибланамо бўлгувчи шу китоб эмасми? Нега уни билмай, ўрганмай фалсафабозлик қиламиз? Сабабини биладиган борми?
Улуғ боболаримизнинг ҳаммаси қомусий билимга эга бўлганлар. Шу сабабдан ҳам улар баҳс юритмаган фан соҳаси бўлмаган десам адашмайман. Уларнинг инсоният маданияти хазинасига кирган асарлари маданиятли халқлар томонидан аллақачонлар амалда ўрганилиб бўлган бир пайтда биз уларни ўрганиш зарур лиги ҳақида ваъз айтишимиз фожиа эмасми?
Биз фақат мунажжим ва давлат арбоби сифатида билган Мирзо Улуғбекнинг «Тарихи арбаъ улус» («Тўрт улус тарихи») номли тарихий асари борлигидан ортиқ бу асар ҳақида яна нимани биламиз? Ҳолбуки, бу китоб юртимизнинг Чингизхон тасарруфига тушиб қолган даври ҳақида жиддий маълумотларга эгалиги билан қимматли.
Ёки мутафаккир бобомиз Алишер Навоий қаламига мансуб «Тарихи мулки Ажам»ни олинг. Беш аср муқаддам яратилган ушбу асар цадимий Эрон тарихига бағишланган бўлиб, бизга афсона бўлиб туюладиган тарихий воқеа-ҳодисотларни ойдинлаштиришда шуҳим манбаъ ҳисобланади.
Очиғини айтиш керак, биз ўз тарихимиздан шу қадар узоқлашиб кетдикки, болаларимиз 1878 йилда Хева қандай забт этилгани ҳақида умуман тушунчага эга бўлмаган ҳолда, 1812 йилги Москва ёнғини ҳақида керагидан ортиқ тафсилотларгача гапириб бердилар. Луғатларимизни очиб қаранг, даҳшатга тушасиз. Бундан юз йилча бурун яшаган ўзбеклар ажнабийлару биз эса бошқа сайёрадан келиб қолгандекмиз. Гўё инқилоб халқимиз тарихини иккига бўлиб ташлагандек. Ҳолбуки, инқилоб ундан олдинги авлодлар томонидан тайёрланган эмасмиди?
Яқинда бир шоир дўстим: «Сиз нима қиляпсиз ўзи, классик турк шоирларини таржима қилиб бўладимй? Уларни боболаримиз таржимасиз тушунган бўлса-ю, биз таржима қилиб ўтирсак уят эмасми?» деб юзимга солди. У ҳақ эди. Рости ҳам, биз қандоқ қилиб тили бир қардошларимизни таржима қиладиган, ўз бобо шоирларимиз ғазалларини шарҳу изоҳсиз тушунмайдиган бўлиб қолдик. Менимча, бу ўйламай-нетмай янги имлога ўтганимиз, узоқ йиллар давомида тарихимизни, маданий меросимизни ўргаииш ўрнига уни нуқул қоралаш билан шуғулланганимиз оқибати. Ҳалигача бирор бир мутахассис нима учун Навоий, Бобур, Ҳамза, Чўлпон тили бугунги адабий асарлар тилидан ер билан осмончалик фарқ қилишининг асл сабабларини бизга тушунтириб беролмаяпти? Бундай ноқулай аҳвол тарихимизни ўрганишда йўл қўйилган хатолар билан боғлиқ эмасми?
Шу нарса ачинарлики, бой тарихга эга эканимизга қарама-қарши тарзда тарихчиларга бой эмасмиз. Йиллар давомида айниқса, 30-40 йиллардаги даҳшатли қатағон даврида она халқи тарихи билан шуғулланган одамларни миллатчиликда айблаб, уларнинг юзига қора чаплаб, қувғину таъқибларга дучор қилганимиз учун ҳам одамлар бу даргоҳ дарвозасини очишга журъат тополмай қолдилар. Аммо бари бир ҳар қандай йўқотишу таъқибларга қарамай фақат ҳақиқатга хизмат қилиши кераклигини англаганлар оз бўлса-да, топилди. Биз уларни қадрлашимиз, меҳнатларини муносиб баҳолашимиз керак.
Мана шундай заҳматкашларнинг бири ҳурматли тарихчимиз Бўрибой Аҳмедов. Мен у киши билан кейинги пайтларда кўп мулоқотда бўлдим. Шундай суҳбатларнинг бирида Мирзо Улуғбекнинг ҳаёти ҳақида китоб ёзиб беришларини илтимос қилдим. Ахир биз Улуғбек ҳақида Шукур Бурҳон ўйнаган фильмдан, Мақсуд оғанинг фожиасидан, Одил аканинг романидан ортиқ нимани билардик? Бадиий адабиёт мезони тарих мезони бўла олмайди. Л. Толстой «Санъаткор билан тарихчининг вазифалари ўзаро фарқлидир» деганда ҳақ эди. Агар бадиий асарда Улуғбек билан Хўжа Аҳрор ўртасидаги тўқнашув, адабиёт мезони талабларидан келиб чиқиб киритилгани ўзини оқласа, тарих бу икки улуғ сиймо вақт тақозосига кўра учрашмаганини очиқ-ойдин ҳужжатлар асосида исботлайди. Ёки Абдуллатиф шахсияти-чи? Ўз отасини ўлдиришда қатнашганидан ортиқ яна нималарни биласиз? Тарих эса у ота илми билан ҳам жиддий шуғулланганини айтади. Яқинда Бўрибой ака китобни ёзиб тугатдилар. Асар китоб бўлишдан аввал «Ёшлик» журналида босилиб чиқади. Аммо мен айтмоқчи бўлган гап бошқа: Бўрибой ака тарих соҳасида узоқ вақт давомида баракали ишлади. Шу пайтгача олимнинг юзлаб мақолалари Москва ва Ленинград, қатор иттифоқдош республикаларда нашр этиладиган илмий журналларда чоп этилди, қатор китоблари нашр қилинди. Менинг назаримда, бугун Бўрибой Аҳмедовнинг 3-4 жилддан иборат сайланмасини чоп этиш масаласи кун тартибига қўйилмоғи шарт. Қоғозни китоб дўконларида чанг босиб ётган жилд-жилд сайланмаларга сарфлашдан кўра, халқимизга, аввало, ёш китобхонларга об-ҳаводек зарур китобларни чиқарсак, кўнгилдаги иш бўлмайдими?
Энди бир муҳим хабарни айтмоқчиман. Шу йил сентябрнинг бошида СССР Нашриёт, полиграфия ва китоб савдоси ишлари давлат комитетининг коллегияси қайта қуриш руҳига мос қарор қабул қилди. Хизмат тақозосига кўра у билан танишиш имкониятига эга бўлдим. Ушбу қарорда шу пайтгача нашр этилмаган ва нашр этилганидан буён анча вақт ўтган СССР халқлари тарихига оид илмий-тарихий асарларни чоп этиш кенг миқёсда амалга оширилиши кераклиги ҳақида сўз юритилади. Унга илова тарзида РСФСР нашриётларида нашр этиш зарур китоблар рўйхати берилган. Рўйхатда шу пайтгача буржуа олимлари сифатида қораланиб келган бир қатор рус тарихчилари асарлари, инқилобга қарши курашган оқ гвардия раҳнамолари: Деникин, Врангель, Юденич ёзган эсдаликлар, фашист генералларининг хотиралари ва бошқа жуда кўп тарихий-илмий асарлар киритилган. Қарорнинг 4-бўлимида иттифоқдош республикалар Нашриёт, полиграфия ва китоб савдоси ишлари давлат комитетлари Ресспублика партия комитети қошидаги партия тарихи институти, республика Фанлар академиялари, олий ўқув юртларидаги ижтимоий фанлар кафедралари билан ҳамкорликда маҳаллий халқ тарихчилари, файласуфлари, иқтисодчилари, ҳуқуқшунослари, партия ва давлат арбоблари асарлари, мамлакат ва миллат тарихига тегишли узоқ вақт босилмаган ёки умуман, шу кунгача нашр этилмаган асарларни чоп этиш режалари ишлаб чиқилиши зарурлиги таъкидланган.
Мазкур масала, қарорда айтилгандек, фақат Давлат комитетига тегишли бўлиб қолмай, балки республикада яшовчи ҳар бир зиёли ва илмий ташкилотнинг фаол иштирокида амалга оширилиши мумкин бўлган ишдир. Агар шу мавзуда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида Давлат комитети, партия тарихи институти, республика Фанлар академияси қошидаги илмий-текшириш институтлари, олий ўқув юртларидаги ижтимоий фанлар кафедралари вакиллари ва ёзувчилар иштирокида давра суҳбати уюштирилса ва унда қайси асарларни тезликда, қайси асарларни кейинчалик чоп этиш, босилиши шарт бўлган асарларнинг мундарижаси, уларни нашр этиш учун қандай муаммоларни ҳал этиш ҳақида жиддий ва теран ўйланган фикр-мулоҳазалар ўртага ташланса, эзгу иш бўларди.
Яна бир истагим, республиканинг йирик нашриётларидан бири бўлмиш Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида «Машҳур кишилар ҳаёти» ва сиз айтган «Тарих хазинаси» туркумида китоблар чоп этиш амалга оширилиши лозим, деб ўйлайман. Бу ишни фақат «Ёш гвардия» нашриётига ташлаб қўйсак, яқин йиллар ичида бу борада зарур самарага эришиш мумкин бўлмайди. Шунингдек, «Юлдузча» нашриётида шу соҳада болаларбоп китоб ва тўпламларни чоп этишни жиддий ўйлаб кўриш керак. Радиода, айниқса «зангори экран»да тарих ҳақида, маданий меросимиз тақдири ҳақида сўз юритувчи радио-тележурналларни ташкил қилишни тезроқ амалга ошириш зарур. Шу сабабдан ҳам «Ёшлик», «Саодат», «Гулхан» журналларида тарих ва унинг сабоқлари ҳақида ҳикоя қилувчи янги фасллар очилаётганини билиб чин дилдан бу ташаббусни қутлагим келади.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 1 январь