Нафақат Англия, балки жаҳон тарихида шу кунга қадар Шекпирдек кенг кўламли драматург дунёга келмади. Мана 450 йилдирки, унинг ўлмас асарлари дунё театрлари саҳнасидан тушмайди.
Машҳур япон режиссёри Акира Курасава томонидан суратга олинган “Қирол Лир”, “Макбет” фильмлари шарқона бетакрор талқини билан шекспиршуносларни ҳайратга солди. Ўзбек Миллий академик драма театрида Маннон Уйғур томонидан саҳналаштирилган “Ҳамлет” спектакли (Ҳамлет – А.Ҳидоятов) ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида энг талабчан мутахассислар томонидан юксак эътироф этилди. Аброр Ҳидоятов ижросидаги Отелло англиялик мутахассисларнинг-да, олқишига сазовор бўлди. Ҳисоб-китобларга қараганда, Шекспир ҳали-ҳануз йилига тахминан йигирма миллион одамни иш билан таъминлар экан.
Буюк драматург ҳақида унинг пьесаларидан ташқари яна нималарни биламиз? Унинг шахсий ҳаёти қай тарзда кечган? Жамият тараққиётида катта роль ўйнаган Шекспирнинг асарлари юзага келишига ким ёки қандай омиллар сабабчи бўлган? Шекспирнинг ўзбек китобхонларию томошабинларига кўп ҳам маълум бўлмаган маълумотларни излаб, тегишли илмий асарларга мурожаат қилдик. Шекспир ва унинг ижоди тўғрисида беҳисоб асарлар ёзилган. Аммо “Шекспир феноменининг сири нимада?” деган саволга ўзбек театршунослиги ва адабиётшунослигида аниқ жавоб йўқ.
1981 йилда Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида чоп этилган Уильям Шекспирнинг танланган асарлари биринчи жилдининг дастлабки саҳифасида академик Воҳид Зоҳидовнинг “Бадиий даҳо мужассами” номли мақоласида қуйидаги маълумотлар келтирилади:
“Уильям Шекспир 1564 йилда Англиянинг унчалик катта бўлмаган Стрэтфорд шаҳрида дунёга келади.Унинг отаси шу шаҳарнинг йирик савдогарларидан ва айни замонда, кўзга кўринган сиёсий арбоблардан эди. Бир неча вақт шу шаҳарнинг бошлиғи бўлиб ишлаган ҳам. Уильям мактабни тамомлагач, Лондонга келиб, театрда дастёр бўлиб хизмат қила бошлайди. Сўнгра Англия яқинида ташкил этилган, янги “Глобус” номли халқ театрида 1612 йилга қадар актёрлик қилади ва репертуар адабиёт масалалари билан шуғулланади. Кўп ўтмай ўз пьесалари билан катта шуҳрат қозонади. Ҳаёти жуда мураккаб ва қийин шароитларда, янгилик билан эскилик орасидаги кескин олишувлар жараёнида ўтади”.
Шу каби маълумотларни бошқа манбаларда ҳам учратиш мумкин. Лекин булар Шекспир ижоди билан чуқурроқ танишиш ниятида бўлган мутахассис ёки оддий ўқувчида туғиладиган қатор саволларга жавоб бўлолмайди.
Шекспир 1564 йилнинг 26 апрелида чўқинтирилади. Бу ҳақда Стрэтфорддаги муқаддас Троица ибодахонасининг масъул ходими Жон Бретчгерлд “Кирим дафтари”да қайд қилган. Христиан дини ақидаларига кўра, фарзанд дунёга келгач, уч кун ўтиб чўқинтирилган. Шу анъанадан келиб чиқадиган бўлсак, Уильям Шекспир 1564 йилнинг 23 апрель куни дунёга келган бўлади.
Ота-онаси Жон Шекспир ва Мэриларнинг биринчи фарзанди Жоан исмли қиз бўлиб, у 1558 йилнинг 15 сентябрида дунёга келган. Уларнинг иккинчи қизи Маргарет эса 1562 йил 2 декабрда туғилган.
Аммо у орадан кўп ўтмай қазо қилади. Бу ҳақдаги маълумотлар ҳам ўша “Кирим дафтари”да қайд қилинган.
Шекспир дунёга келган Стрэтфорд шаҳарчаси Эйвен дарёси ёқасида жойлашгани боис уни “Эйвен бўйидаги Стрэтфорд” деб аташган. Бунинг ҳам кичик тарихи бўлиб, ўша ерлик Клоптон исмли савдогар Лондонга қатнаб, катта маблағ орттиради. Умрининг поёнида эса ўз шаҳрига қайтиб, Эйвен дарёси устига ўз маблағи ҳисобидан кўприк қурдиради. Бу кўприк сайёҳлар учун Лондон шаҳрига элтувчи йўл бўлган. Шу даврдан бошлаб “Эйвен бўйидаги Стрэтфорд” шаҳри деб юритила бошлаган.
Стрэтфордга расман шаҳар мақоми берилишида қирол Ричард I нинг хизмати катта бўлиб, у шаҳар ҳудудида ҳафтанинг пайшанба кунлари катта бозор ташкил этиш тўғрисида қарор чиқарган. Авваллари шаҳарни кесиб ўтадиган учта кўчанинг чорраҳасида хоч ўрнатилган бўлиб, у бозор ўрнини билдириб турган. Бу воқеалар тахминан 1500 йилнинг бошларига тўғри келади. Кейинчалик Шекспир яшаган даврда хоч ўрнида усти ёпиқ каттагина бозор бўлиб, унда озиқ-овқат, кийим-кечак қишлоқ хўжалик асбоб-ускуналари ва бошқа нарсалар сотиладиган расталар бўлган.
Эдуард IV даврида қирол шаҳодатномасига асосан, шаҳар мустақил деб эълон қилиниб, алоҳида муҳри, бошқарувчи ҳокими, унинг тўртта бошқарувчи ҳамда ўн тўртта ижрочилардан иборат сайлаб қўйиладиган ташкилоти юзага келади.
ХV асрнинг ўрталарига келиб Англияда тўқимачилик саноати ривожлана боради. Чорвачилик аста-секин деҳқончилик соҳасини сиқиб чиқара бошлайди. Натижада қишлоқларда деҳқончилик билан шуғулланган ёшлар иқтисодий танг аҳволдан қутилиш учун ҳунар ўрганиш мақсадида шаҳарларга кўча бошлайди.
ХV асрга келиб, шаҳар ҳудуди кенгайиб, янги бинолар қад кўтаради. Марказдаги бутхона ёнбошида мактаб очилади. Мактаб бепул бўлиб, унда асосан лотин тили грамматикаси ва адабиёти ўргатилган. Шекспир ҳам шу мактабда таҳсил олган.
Стрэтфорд шаҳридан шимолий-шарқ томон тахминан уч-уч ярим километр юрилса, сўлим Снитерфельд қишлоғи кўзга ташланади.1529 йилларда Шекспирнинг буваси Ричард Шекспир шу қишлоққа келиб ўрнашади. Бу жойнинг бирдан-бир кўрки бўлган муқаддас Буюк Жеймс ибодатхонасининг кўкка бўй чўзган баланд қуббаси қишлоқнинг кўрки бўлган. Шекспирнинг буваси Ричард шу ердаги қаровсиз далаларни ижарага олиб, деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланган.
Шекспирнинг бобоси ўз қатлами орасида анчайин бадавлат одам бўлиб, у қазо қилган 1561 йил 10 февралда тузилган “Мол-мулкни баҳолаш дафтари”да марҳумга тегишли мол-мулкнинг умумий қиймати 38 фунт, 17 шиллинг миқдорида баҳолангани қайд этилган. Бу ўша даврдаги нарх-наво билан таққосланганда катта бойлик ҳисобланган. Тахминларга қараганда, Ричард Шекспирнинг икки ўғли бўлган. Тўнғичи Генри Шекспир 1589 йилда қазо қилганлиги Хэмптон-Люси ибодатхонасининг “Кирим дафтари”да қайд қилинган. Унинг иккинчи ўғли Жон Шекспир, яъни, драматургнинг отаси ўз ерини ижарага берган Роберт Арденнинг қизи Мэрига уйланган.
У отаси ва акасига ўхшаб деҳқончилик қилишни истамагани сабабли оиласи билан 1550 йилларда Снитерфельд қишлоғидан Стрэтфорд шаҳрига кўчиб келади ва қўлқоп тикиш ҳунарини ўрганади.Ўша даврда жорий этилган тартибга биноан, ҳунар ўрганишни истаган ҳар бир ўспирин устага шогирд тушиб, унинг хизматини қилиб, ҳам ҳунар ўрганиши керак бўлган. Бу соҳада унга Томас Диксон деган киши устозлик қилган. Афтидан, бу ҳунар билан яхши даромад топиш мумкин бўлган. Қўлқоп тикиш ва уни кийиб юриш инглизларгагина хос бўлиб, бошқа давлатларда бундай ҳунар билан шуғулланувчилар бўлмаган.
Жон Шекспирнинг номи 1552 йил 29 апрелда шаҳар тозалигини назорат қилувчи бошқарма томонидан чиқарилган жарима тўлаш тўғрисидаги суд қарори ёзилган қоғозда қайд этилади. Унга кўра, Жон хонадонидан чиққан ахлатни Хенли-стрит кўчасига тўкиб кетганлиги учун бир шиллинг жарима тўлашга тортилган.
Юқоридаги жарима қоғозидан яна шу нарса маълум бўладики, Жон Шекспир Хенли-стритдаги уйларнинг бирида ё ижарада ёки хусусий уйида истиқомат қилган. Шунингдек, у 1556 йилда шаҳарлик Жорж Тернердан шаҳардан ташқарига олиб борадиган Гринхил-стрит кўчасида жойлашган каттагина боғли ҳовлини сотиб олади. Кейинчалик бу кўчанинг номи ўзгариб, “Мор-Таунос-энд” деб юритила бошланган. Шу йилнинг ўзида у яна Эдвард Уэста деган кимсадан Хенли-стритда жойлашган каттагина экин майдонига эга мулкни ҳам сотиб олган.
Худди шу йили шаҳарда вабо тарқалади ва бир неча кун ичида 237 кишининг ёстиғи қурийди. Аммо вабо Шекспир хонадонини четлаб ўтган. Август ойида Муниципалитет (ўзини-ўзи бошқариш бирлашмаси) кенгаши аъзолари мажлисни ҳар эҳтимолга қарши тор хонада эмас, очиқ ҳавода, чорраҳадаги черков боғида ўтказишади. Мазкур йиғилишда ҳозир бўлганлар рўйхатида Жон Шекспирнинг ҳам фамилияси бор. Йиғилишда асосан, вабодан азият чеккан хонадонларга ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама қилинган. Хайриятки, 1566 йилнинг декабрь ойига келиб, совуқ тушиши билан вабо чекинади. 1566 йил 13 октябрида Жоннинг иккинчи ўғли Гилберт Шекспир “Муқаддас Троица” ибодатхонасида чўқинтирилади. 1569 йилнинг 17 апрелида Жон Шекспирнинг Жоана исмли қизи ҳам худди ўша ибодатхонада чўқинтирилгани “Кирим дафтари”да қайд қилинган. Жон кенжа фарзанди Эдмундни 1580 йил 3 май куни Троица ибодатхонасида чўқинтирган вақтда унинг ёши бир жойга бориб қолган эди. Эдмунд балоғат ёшига етгач, акаси Уильямга эргашиб Лондонга келади ва актёр сифатида сайёр театрларда ишлайди. Аммо айнан қайси театрларда ишлаганлиги маълум эмас. Унга отаси ва акасига ўхшаб узоқ умр кўриш насиб этмаган. Бор-йўғи 29 йил умр кўрган бўлиб, 1602 йилининг 31 декабрь куни Лондондаги муқаддас Мария Овери ибодатхонаси ҳудудидаги қабристонга дафн этилган.
Уильям Шекспирнинг отаси давлатманд бўлганлиги ҳақида архив ҳужжатларида маълумотлар бор. Агар у шаҳарнинг оддий фуқароси бўлганида шаҳар бошқаруви ишларига аралаштирилмаган бўларди. 1567 йилда Жон Шекспир шаҳар судининг бейлифлигига (суд қарорлари чиқарувчи ҳамда ижрони назорат қилучи оқсоқол) номзоди кўрсатилган уч киши орасида унинг ҳам номи бўлган. У 1568 йилнинг биринчи октябридан бейлифлик вазифасини бажаришга киришади. Жон икки ҳафтада бир марта бўлиб ўтадиган суд йиғилишида раислик қилган. Шаҳар фуқароларининг мол-мулкини мусодара қилиш, эгасиз мол-мулкни назорат қилиш, бозордаги нарх-наво устидан мунтазам назоратни амалга ошириш бейлиф зиммасида бўлган. Шунингдек, у бозор кунлари икки ёки тўрт назоратчи қуршовида бозорни айланиб, ҳамма учун мақбул нарх-навони белгилаган. Шаҳар оқсоқоллари томонидан чиқарилган қонунларни бажаришдан бўйин товлаган фуқароларни ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарган. Демак, бейлиф шаҳарда Қироллик номидан иш кўрувчи мансабдор шахс бўлган. Жон Шекспир ўзининг мавқеи, шаҳар бошқарувидаги хизматларини инобатга олган ҳолда ўзи ва авлодлари учун “Дворянлик” унвони – герб беришларини сўраб, Қироллик палатаси аъзоларига бир неча бор мурожаат қилган. Аммо нима сабабдандир унинг илтимоси қондирилмаган. Шундан кейин жамоат ва давлат ишларидан ўзини тортган бўлиши мумкин.
Жон Шекспир 1601 йил 8 сентябрь куни вафот этади ва “Муқаддас Троица” қабристонига дафн қилинади.
Шоирнинг ўзига келадиган бўлсак, у Қироллик қонунида белгиланган тартибда ўқитилган. 1552 йилда Қиролича Мария Тюдор томонида жорий этилган “Йўриқнома”нинг қирқ биринчи бандида ўрта мактаблардаги таълим бериш услуби қатъий белгиланган бўлиб, Англияда Христиан динининг протестантлик мазҳаби таомили бўйича ибодат қилиш, болаларни ўқитиш билан машғул бўлган шахслар илоҳий билимларга нисбатан ўқувчиларда ҳурмат ва эҳтиром туйғусини уйғота билишлари ҳамда ўқувчиларда диний эътиқодни мустаҳкамлашга эришмоқлари лозимлиги кўрсатиб ўтилган.
Шекспирнинг қайси мактабда ва қандай ўқиганлиги тўғрисида маълумотлар сақланмаган. Орадан қарийб юз йиллар ўтиб, 1709 йилда шекcпиршунос Николас Роу қуйидаги фикрни олға суради: Жон Шекспир ўзининг шоир ўғлини маҳаллий бепул мактабга ўқишга берган бўлиб, бўлғуси шоир лотин тилини мукаммал эгаллаган. Николас Роу тилга олган “Эйвен бўйидаги Стрэтфорд шаҳридаги ягона ўқув даргоҳи “Қироллик мактаби” бўлиб у, Шекспирлар оиласи яшаган Хенли-стритдан ярим чақирим нарида жойлашган.
Шекспир ўқиган Стрэтфорддаги янги Қироллик грамматика мактабининг бошқа ҳудудлардаги шундай мактаблар орасида услубий таълим тизими, шарт-шароити билан нисбатан пешқадам ҳисобланган. 1553 йилдаги мактаблар рўйхатида мазкур мактаб ўқитувчиси йилига 20 фунт ҳамда бепул ётоқхона билан таъминланган. Бошқа мактаб ўқитувчилари эса йилига атиги 10 фунт маош олишган.Турли йилларда Шекспирга сабоқ берган ўқитувчилар Англиядаги Оксфорд университетини битирган юқори малакали мутахассислар бўлган. 1566-1572 йилларда Оксфорд университетининг магистранти Томас Женикс ҳам шу мактабда дарс берган.
Англия Қироллик мактабидаги жорий тартибга кўра, дарслар эрталаб еттида бошланиб, соат ўн бирда қисқа нонушта учун вақт ажратилган, сўнг машғулотлар соат бирга қадар давом этган. Соат бирда тушлик учун бир соат танаффус берилган. Шундан сўнг дарслар соат беш-олтига қадар узлуксиз чўзилган.
Асосий синфлардаги ўқишнинг биринчи йилида асосан лотин тили ва талаффузини ўрганишга эътибор қаратилган. Ўқитиш услуби ҳозирги бошланғич синф дарсларига ўхшаб кетади. Яъни, ўқувчи лотин тилидаги ўзига таниш сўзларни Уильям Лилининг китобидан қидириб топишлари, сўзнинг мазмун-моҳиятини тушунтириб беришлари керак бўлган. Бундан ташқари мактабда Леонхардус Кулмануснинг “Болалар учун насиҳатнома” китобидан ҳам фойдаланилган. Иккинчи ўқув йилида Эразм Роттердамскийнинг ноёб фикрлар тўплами – “Катона” китобини ўрганишга ўтилган. Шунингдек, Эзоп қолдирган ноёб фикр дурдоналари ҳам ёд олинган.
Учинчи ўқув йилида эса Теренций, Плавтни ўқиб ўрганишган, ёд олишган. Маълумотларга кўра, сўзларни осонроқ ўзлаштириш учун номлари зикр этилган муаллифларнинг асарларидан айрим саҳналарни ўқувчилар ижро этишган. Шу тариқа Шекспир беш қисмли комедия қандай яратилишини ўрганиб борган бўлса ажаб эмас. Мактабнинг кейинги синфларида Цицерондан нотиқлик санъати, топика (сўзларни кўчма маънода қўллаш) ўрганилган. Ўзлаштирилган билимдан фойдаланган ҳолда турли мақсадларда мактуб ёзишни, нутқни ирод қилиш машқ қилинган. Дарсдан сўнг назм сирлари ўргатилган.
Шу тариқа ўқувчилар Овидий, Вергилий, Горацийларга тақлидан лотин тилида шеър ёзишни машқ қилган. Шекспир ҳам шеър ёзишни ўқувчилик вақтидаёқ бошлаган. Айниқса, Овидийнинг “Метамарфоза” китоби бир умрга Шекспирнинг энг суюкли китоби бўлиб қолади.
Шекспиршунос Т.У.Болдуни ўзининг Шекспир тўғрисидаги китобида шундай изоҳ беради:
“Шекспир ўша даврда Антик адабиёт юзасидан грамматика мактаби берган билимни мукаммал эгаллагани ўз давридаги энг юксак мақомдаги ёзувчидан кам эмаслигининг исботидир. Стрэтфорддаги грамматика мактаби лозим бўлган барча илмларни ўқувчиларга бера олган”.
Афтидан, Уильям, шаҳардаги “Қироллик мактаби”ни тамомлай олмаган. Инглизларнинг оилавий муносабатларига кўра балоғат ёшига етган ҳар бир ўспирин ўз мустақил ҳаётини йўлга қўйиши лозим. Бундай одатга ҳануз амал қилиб келинади. Ўн беш ёшга тўлган йигитча, агар у дворян оиласига мансуб бўлса, қирол саройига паж (Саройдаги паст амаллардан, дастёрлик, югурдаклик вазифаларини бажарувчи) сифатида ишга кириши керак бўлган. Оддий оила фарзандлари эса бирон-бир ҳунарни эгаллаш учун устага шогирд тушган. Жон Шекспирда дворянлик унвони бўлган-бўлмагани маълум эмас. Шу боис, Шекспир ўз отасининг қўлқоп тикиш ҳунарини ўрганишга киришгани ҳақиқатга яқинроқ.
1582 йилнинг баҳор ойларида Шекспир Стрэтфорддан бир чақирим нарида жойлашган Шотерн қишлоғига боради. У ерда Энни исмли қизни учратади ва унга кўнгил қўяди. Уларнинг иккинчи учрашуви тахминан август ойларида рўй бериб, ошиқ-маъшуқларнинг эҳтирослари натижасида Энни ҳомиладор бўлади. Бу вақтда Шекспир эндигина ўн саккиз ёшда бўлиб, (ўша давр қонунларига кўра балоғат ёши деб йигирма бир ёш белгиланган эди) Энни эса ундан саккиз ёш катта эди. Эннининг тобора кўзга ташлана бошлаган қорни ҳар иккисини ташвишга солган. У вақтларда ҳали “Никоҳ гувоҳномаси” жорий этилмаган. Шунинг учун 1582 йилнинг 27 ноябрида келин томонидан икки киши Фалк Сендлис ва Жон Ричардсон Стрэтфорддан 21 чақирим узоқдаги Вустер шаҳрида жойлашган “Консистер суди”дан “эрта никоҳ”га рухсат олиш учун йўлга тушадилар. Куёвнинг ҳали балоғат ёшига етмаганлиги сабаб “алоҳида рухсат” сўралган. Мазкур рухсатнома ёшларни расман турмуш қуришлари мумкинлигини тасдиқловчи ҳужжат эди. Никоҳ маросимида шоирнинг отаси Жон Шекспир иштирок этмаган. Демак, бу никоҳга Шекспир ота-онасининг розилигини олмаган. Уильям ва Энни 1582 йилнинг 27 ноябрида никоҳланган бўлса, орадан олти ой ўтиб уларнинг тўнғич қизи Сюьзан дунёга келади.
Улар Стрэтфорддаги Хенли-стритдаги ота хонадонида яшайдилар. 1585 йил 2 февралда бу хонадонда эгизаклар Гамнет билан Жудит Шекспирлар дунёга келади. Уильямнинг гарданига ўзидан ташқари яна уч жонни боқиш ташвиши тушади. Ўша даврдан қолган узуқ-юлуқ маълумотларга кўра, уни гоҳ қассоб ёрдамчиси, гоҳ қўлқоп тикувчи уста, гоҳ бой хонадонларда ёлланма ўқитувчи бўлиб ишлаган. Лекин Стрэтфордда театрга, адабиётга алоқадор бирон юмуш билан шуғулланганлиги тўғрисида аниқ маълумот йўқ. Аммо 1587 йилда “Қиролича жаноби олиялари театри” труппаси Стрэтфордда томоша кўрсатганлиги ва бу томошада иштирок этган актёрларга 20 шиллинг, синган курсилар учун 16 пенс ҳақ тўланганлиги шаҳар мэрининг кирим-чиқим дафтарида қайд қилинган. Ёшлар учун сайёр труппалар томонидан онда-сонда кўрсатиб туриладиган томошалардан бошқа кўнгилочар жой бўлмаган. Шунинг учун ҳам бир спектакль шаҳарда беш-ўн кунлаб намойиш этилган. Табиийки, Шекспир ўз тенгдошлари билан бундай томошаларни биронтасини ўтказиб юбормаган.
Шекспир ижоди билан шуғулланган мутахассисларнинг тахминларига кўра, Уильям шу йили бирон-бир сайёр труппага эргашиб, ўз бахтини синаб кўриш учун Лондон шаҳрига равона бўлган. Лондон ўз даврда ер юзидаги энг катта, энг мукаммал шаҳар бўлган. Шаҳарнинг барпо бўлиши янги эранинг 43 йили Рим императори Клавдий Лондинумнинг Британия давлатини босиб олиши билан боғлиқ бўлиб, аввалига императорнинг номи билан “Лондинум деб юритилган. Римликлар шаҳарни ташлаб кетганларидан кейин кўп йиллар у қаровсиз қолган. Кейинчалик шаҳар атрофига англасаксонлар келиб ўрнаша бошлайди. Улар Лондинумдан четроқда янги марказ қуришга киришадилар ва унинг номини “Лондон”, яъни, “Савдогарлар шаҳри” деб атайдилар.
Шекспирнинг пойтахтга келиши тахминан 1590 йилларга тўғри келади.
Бу даврда Англия Уйғониш даврининг энг қайноқ палласига кирган бўлиб, саноат, ишлаб чиқариш, диний ва дунёвий билимлар бир-бири билан кескин курашга киришган тарихий жараён эди. Бир томондан католик мазҳабининг ақидапарастлик оқими. Ҳур фикрлилик кушандаси “инквизиция” ўз мавқеидан ажралиб қолишдан қўрқиб жон-жаҳди билан ўз ғояларини ҳимоя қилаётган бўлса, иккинчи томондан инсонпарварлик ғояларини илгари сураётган янги кўринишдаги фалсафий оқим, инсонни ўз-ўзини англаш орқали табиат ва жамиятга таъсир эта олиш салоҳиятига эга эканлигини ҳис қилиши, унинг дунёқараши ва эътиқодига таъсир ўтказмасдан иложи йўқ эди.
Шаҳарни қишлоқдан ажратиб турувчи Темза дарёси шаҳар деворларини айланиб ўтиб, шимол томонга қараб оққан. Шаҳарга кириб-чиқувчилар дарёдан қайиқлар орқали ўтишган. Шекспирнинг дарбадарлиги, иш қидириб дайдиб юрганлари, театр билан боғлиқ ҳаёти айни мана шу қирғоқда кечган. Чунки барча кўнгилочар масканлар шаҳар ташқарисидаги кенг майдонларда жойлашган эди. Аслида биринчи халқ театри шаҳар ичида 1551 йилда қурилган бўлиб, унинг номи “Ер шари” деб аталган. Кейинчалик бу театр халқ тилида “Глобус” деб атала бошлаган. Аммо театр шаҳар ичида бўлиши, қора халқ, дайдилар, тўс-тўпалонларга сабаб бўлиши, шунингдек, оломон тўпланган жойда касаллик тез тарқалиши мумкин, деган важ билан шаҳар ташқарисига кўчирилган.
Бу воқеа 1576 йилда содир бўлган. Касби дурадгор бўлган Жеймс Бербедж театр соҳасида катта чўққиларни забт этган буюк актёр бўлиб, у ўз лойиҳаси асосида театр биносини қурган. Бу театр актёрлари бошқа касб билан шуғулланмай, фақат томоша кўрсатиб, кун кечирган. Шунинг учун ҳам улар профессионал театр тарихида муҳим рол ўйнайди. Бу ҳақда унинг ўғли Катберт Бербедж шундай битикларни қолдирган: “Отам биринчи бўлиб театр биносини қурган ҳамда ёшлик йилларида ўзи роллар ижро этган.У театр қуриш учун катта фоиз эвазига қарз кўтарган. Театрни ижарага олинган ерда қурганлиги учун ер эгаси билан суд орқали доимий тортишувлар бўлиб турган. Кейинчалик бу тортишув ва талашлардан безор бўлган театр актёрлари бошқа жойдан ер олиб, “Глобус” театрини қуришади”.
Театр томошалари шаҳар ичида ҳам намойиш этилган. Аммо махсус биноларда эмас, “Қўнғироқ”, “Буқа”, “Қизил арслон”, “Тўнғиз калла” каби майхоналарда мунтазам равишда намойиш этилган. “Глобус” театри кўчиб ўтган шаҳар ташқарисида театр томошаларидан ташқари, айиқ, ит, хўроз уриштириладиган жангоҳ бўлиб, байрам кунлари бу ерлар ҳам томошабин билан тирбанд бўлган. Театр томошалари, ҳайвонлар жанги кундузлари тушдан кейин кўрсатилган. Томошалар вақтида одамлар ҳар томонга юрган, овқатланган, шу ернинг ўзида савдо-сотиқ билан шуғулланган.
Шекспир Лондонга қадам қўйганида унинг ёнида сариқ чақаси ҳам бўлмаган. Тайинли ишга жойлашиш учун эса нуфузли бирор амалдорнинг кафиллик хати талаб қилинган. Бу тамойил ҳануз Англияда ўз кучини йўқотмаган. Шундай қилиб, Шекспир уни ҳеч ким танимаган вақтда тирикчилик ўтказиш ва шаҳарга ўрнашиш учун ҳар қандай қора ишдан қайтмаган.
Шекспирнинг Лондондаги ҳаётининг дастлабки йиллари тўғрисида 1743 йилда публицист Роберт Шейелсом томонидан тузилган “Британия ва ирландиялик буюк шоирларининг ҳаётий лавҳалари” китобида Шекспир ҳақида тўлиқроқ ва нисбатан ишонарли маълумотлар келтирилган: “Шекспир Лондонга келган дастлабки кунларида унда на пул, на таниш-билиши бўлган ва ёрдам сўраб кимга мурожаат қилишни ҳам билмаган. У даврларда ясан-тусан извошларда юриш одат тусига кирмагани учун шаҳарлик олифталар томошаларга от миниб келишган. Шекспир уларга ўз хизматини таклиф қилган ва то от эгалари томоша кўриб чиққунларига қадар жониворларга қараб турган. Томоша тугагач, от эгаларини отга минишларига кўмаклашган, эвазига чой-чақа ишлаган. У сўзамоллиги, ақл-фаросати, билимдонлиги билан бошқалардан ажралиб турганки, бора-бора кўпчилик отларини фақат унга ишониб топширган. Шу боис, шунча отга қараб туришни бир ўзи эплолмаганидан шу ерлик болакайларни ишга ёллаган. “Қоровул”нинг театр соҳасидаги билимлари, яхши ижрони ёмондан осонгина ажрата олиши актёрлар эътиборини жалб қила бошлайди. Уни оммавий саҳналарда иштирок этишга таклиф этишади. Ўрни келганда суфлёрлик ҳам килади. Бир сўз билан айтганда, Шекспирнинг билими, шоиртабиатлиги, ҳар қандай одам билан тезгина тил топишиб кета олиш қобилияти уни эшик тагидан ичкарига етаклаб киради”.
Биз Шекспирнинг “Ҳамлет” асаридан сайёр актёрлар Дания қироли саройига келгани ва ўша ерда Шаҳзоданинг буюртмаси асосида томоша кўрсатганларини биламиз. Шекспирни ичкарига таклиф этган труппа аъзолари “Жаноби олиялари Қиролича хизматкорлари” дея юритилган. Бунинг устига 1583-1584 ва 1587-1588 йилларнинг қиш мавсумида бу труппа аъзолари Қиролича саройида ўн етти марта томоша кўрсатгани ва хизматлари эвазига 10 фунт стерлингдан мукофот пули олишганини эътиборга олсак, бу актёрлар жуда ҳам бечораҳол турмуш кечирмаган кўринади. Чунки ўша даврда мактаб ўқитувчисининг бир йиллик даромади 20 фунт стерлинг бўлгани ва у катта маблағ ҳисоблангани тўғрисида юқорида айтиб ўтилди.
Ўша даврда асосан иккита театр труппаси шуҳрат қозонган бўлиб, бири “Жаноби олиялари Қиролича хизматкорлари”, иккинчиси Граф Сассекс хизматкорлари” деб юритилган. Граф Сассекс труппаси учун асосан Кристофер Марло асарлар ёзган бўлса, Қиролича театри учун Роберт Грин асарлари асқотган. Иккала шоир ҳам ўз даврининг энг машҳур шоири бўлган. Айниқса, Кристофер Марло асарларининг қаҳрамонлари, баландпарвоз, дабдабали монологлари билан томошабинларни ўзига ром этган бўлса, Грин асарларидаги воқеалар тизимининг ўткирлиги, қаҳрамонларнинг жўшқин сўзлари томошабинга кучли таъсир ўтказа олган. Кристофер Марлонинг “Тамерлан” асари ўша даврда томошабинлар орасида жуда машҳур бўлган.
Шекспир номи фақат ХVII-ХVIII асрларга келиб машҳур бўлиб кетади. Ўзи яшаган даврда эса оддий бир актёр ва пьеса тўқувчи шоир ҳисобланган. Шунинг учун ҳам у ҳақда тўлиқ маълумот бизгача етиб келмаган.
У вақтларда театр актёрлари ўзларига ёққан асарларни муаллифдан сотиб олишган ва у театрнинг мулкига айланган. Пьесаларни чоп этиш эса деярли фойда келтирмаган. Фақат мамлакатда вабо тарқалиб, театрлар ёпиб қўйилган кезларда, актёрлар пулсиз қолиб, ўз мулклари ҳисобланган пьесаларни ноширларга сотишган. Бундай вақтларда пьеса муаллифларининг номи кўрсатилишига кўп ҳам эътибор берилмаган. Шекспирнинг номи расман 1593 йилда тилга олинади.
Тақдир қудратини қарангки, бир шаҳардан чиққан икки шахснинг бири ўзи англамаган ҳолда иккинчисига умрбоқийлик бахш этишда жонбозлик кўрсатган. Гап Стрэртфорд шаҳрида Шекспирдан уч йил кейин туғилган Ричард Фильд ҳақида бормоқда. У Лондонга келиб Блэкфрайзердаги босмахона эгаси Жон Бенсонга шогирд тушади. Уқувли шогирд тез орада ноширлик сирларини мукаммал эгаллаб олади. Ана шу Ричард Фильд 1593 йилда ноширлар гильдиясида “Венера ва Адонис” номли китобни рўйхатдан ўтказади.
Шекспир бу поэмани ўша давр анъаналарига кўра, сарой аъёнларидан ҳисобланган лорд Саутгемптонга бағишлайди. Чунки “катта шаҳар”дан омад излаб келган бошқа шоир ва актёрлар каби у ҳам ўзи учун “пушти паноҳ” – ҳомий топиши керак эди. У Шекспирдан тўққиз ёш кичик бўлган. Лордлар палатасининг аъзоси, олий насабли йигитча Саутгемптон шеърият ва санъатга қизиққан. Шу боис, ўзига ҳомий қидирган Шекспир эътиборини тортган. Шекспир унга қуйидаги сўзларни ёзган: “Марҳаматли Олийҳиммат давлатпаноҳ! Ожизона сатрларимни сизга бағишлаш билан Сиздек марҳаматгўйнинг кўнглига озор етказиб қўймадиммикан, деб қўрқаман. Саёз фикрларим учун Сиздек қудратли пуштипаноҳни танлаб кўнглингизга озор етказган бўлсаму Сизнинг маломатингизга гирифтор бўлсам, ўзим учун буни юксак мукофот сифатида қабул қилиш билан биргаликда қолган умримни Сиз олийжанобнинг номини шарафлашга арзигулик асарлар ёзишга бағишлагум. Агар тасаввурим тўнғичи, хунук ва бесўнақай чиққан бўлса, Сизнинг олийжаноб фатволарингизга умидворлик қилганим учун қаршингизда кўнглим вайрон, ижод маҳсулимга яхши ишлов бера олмаганим боисидан юзим шувит. Бундан кейин минбаъд бемаъни маҳсулот ёзмасликка онт ичаман.
Ўзимнинг илк фарзандимни Сизнинг марҳаматингизга ҳавола қилар эканман, Сизга ҳузур-ҳаловат тилаган ҳолда кўнглингиздаги барча орзу-ҳаваслар мустажо бўлишига тилак билдириб марҳаматингиздан умидвор итоаткор қулингиз Уильям Шекспир”.
Шекспирнинг “Венера ва Адонис” поэмаси ўзи ҳаётлигида ўн беш марта қайта нашр қилинган. Асар Лондондаги “Блэкфрайзэ” босмахонасида 1593 йилнинг 18 апрелида “Ноширлар ширкати”да рўйхатдан ўтказилган. Шекспирнинг ҳамюрти Ричард Стэнли уни тўрт пенсига сотиб олган биринчи ўқувчи сифатида китоб дўконидаги “кирим-чиқим” дафтарида қайд этилган. Буни Стэнли ҳам кундалигида қайд қилган бўлиб, ана шу кундалик Шекспирнинг ХVIII асргача қоронғу бўлиб келган тарихига ойдинлик киритишга асос бўлган.
Шекспир иккинчи достони “Лукреция”ни ҳам Саутгемптонга бағишлаган. Китобнинг муқаддимасида аввалгисига қараганда қисқа ва камтаринроқ бағишлов сўзлари бўлиб, “Итоаткор қулингиз Уильям Шекспир”, дея имзо қўйилган.
Ўша даврда Шекспирдан ташқари театр учун пьесалар ёзган ёзувчилар кўп эди. Аммо улардан икки кишигина Шекспир билан ижодий баҳсга қодир бўлиб, бири Кристофер Марло, иккинчиси Роберт Грин эди. Агар Роберт Гриннинг асарларида тарихий ва афсоний мавзулар устивор бўлиб, воқеа ва ҳодисаларнинг ўзгариши, ташқи кучларнинг асар мазмунига таъсири катта бўлса, Кристофер Марло асарларида шахснинг ички руҳий ҳолатларидан келиб чиқадиган эҳтиросли ҳолатлар, шахс ва жамият ўртасидаги мувозанатни бузилиб, издан чиқариши фожиалар мазмунини ташкил қилган. Шекспир ҳар икки шоирнинг услубидан ўринли фойдаланган. Шахс ва жамият, инсонлар билан маъбудлар ўртасидаги тўқнашувлар унинг асарлари мавзусини ташкил этади.
Гриннинг Шекспирга нисбатан муносабатида рақобат бўлган. 1592-1598 йилларда халқ театрларида энг кўп қўйилган асарлар Роберт Грин қаламига мансуб. Булар “Альфонс – Арагон қироли”, “Жеймс У”, “Англия ва Лондон учун кўзгу”, “Роҳиб Бэкон ва Банги” каби тарихий, ишқий-саргузашт асарлар оддий томоша ишқибозлари учун мўлжалланган. Шекспирнинг драматург сифатида майдонга чиқиши билан боғлиқ маълумотларни Роберт Грин битикларидан топиш мумкин. Хусусан, Шекспир тўғрисида ёзилган мана бу аччиқ ва истеҳзоли иборалар Роберт Гринга тегишлидир: “Улар (ёзувчилар) ўртасида “ола қарға” (выскочка ворона) ҳам бор. Унинг ҳам пати бизникидан бўлиб, “масхарабоз терисига бурканган шерюрак, ўзининг оқ шеърлари билан саҳналарни титратмоқчи бўляпти. У ўзини устаcи фаранг ҳисоблаб, саҳнани ларзага келтирувчи ягона шахсман, деб ўйлайди”.
Ноёб қобилият эгалари учун ўз жамиятида яшаб, ижод қилиш ва уни бошқаларга манзур қила олиш ҳамма даврда ҳам осон бўлмаган. Шекспир Гринга қарши эътироз билдириб, мактуб ёки раддия ёзмаган.
Уильям ижодий фаолиятини актёрликдан бошлаб, аста-секин ўз труппаси учун драматик асарлар ёза бошлаган. Грин Шекспирни асарларида ҳаддан ташқари шафқатсизликка урғу берганликда айблайди.
Кристофер Марлога келсак, у Шекспир тўғрисида муайян фикр билдиргани тўғрисида аниқ маълумот сақланмаган. Унинг трагедияларида бошқалардан фарқли ўлароқ, қаҳрамонларнинг ички руҳий кечинмаларига кўпроқ эътибор қаратилган. Агар Грин асарларида воқеалар берилган шарт-шароит, вазиятларнинг тез-тез ўзгариб туриши ва қаҳрамонларнинг кулгили ҳолатлари акс эттирилган бўлса, Марло асарларида қаҳрамонларнинг руҳий ҳолати, атроф-муҳитга, мавжуд вазиятларга нисбатан исёнкорона кечинмалари акс этади. Қаҳрамонлар бундан изтиробга тушадилар, баландпарвоз, тантанавор сўзлар билан томошабинни ларзага солишга ҳаракат қиладилар. Айниқса, унинг Амир Темурга бағишланган (Бу асар ўша даврда Буюк соҳибқирон ҳаётини бадиий шаклда акс эттирган илк асар эди.) “Тамерлан” трагедияси ўша даврда кенг омма орасида жуда машҳур бўлган. Асар халқ театридан ташқари университет талаблари, ҳаваскор гуруҳлар томонидан ҳам саҳналаштирилиб, қовоқхоналарда, ўқувчилар орасида мунтазам ижро этилган. Шекспир ҳар икки драматург асарларидан пьеса ёзиш сирларини, драматик вазиятларни келтириб чиқарувчи омилларни, қаҳрамонларнинг ички ҳолатини монологлар орқали томошабинга етказиш ва уни ҳам ҳайратга, ҳам ларзага солиш маҳоратини ўрганган.
Шекспир ижоди билан қизиқиб қолган лондонлик Фрэнсис Мерез “Илоҳий арифметика” китобида қуйидагиларни қайд этган:
“Римликларда Плавт билан Сенека комедия ва трагедияда энг иқтидорли ҳисобланган бўлсалар, инглизларда Шекспир саҳна асари –пьеса ёзиш бўйича ҳар иккисидан устунлик қилади. Комедия жанрида унинг “Вероналик икки йигит”, “Бесамар севги”, “Самарали севги мукофоти”, “Ёз туни ғаройиботлари”, “Венециялик савдогар” асарлари машҳур бўлса, трагедия жанрида “Ричард II ”, “Ричард III”, “Генри VI”, “Қирол Жон”, “Тит Андроник” ҳамда “Ромео ва Жульетта” асарларини санаб ўтиш мумкин”.
Фрэнсис Мерез Шекспирни кўкларга кўтариб мақтар экан, уни инглиз тилини бойитишдаги хизматларини бир неча ўринда таъкидлаб ўтади. Шунингдек, Шекспирнинг сонетлари адабиёт мухлислари ўртасида машҳурлиги, ёшлар орасида қўлма-қўл бўлиб ўқилишини эътироф этади.
1594 йилнинг 26 декабрь куни Гринвичдаги Қиролича саройида муқаддас Стивен ҳамда 28 декабрь “Норасидалар куни”да Елизавета ҳузурида ўйналган спектакллар учун “Лорд Камергер хизматкорлари” – актёрлар Уильям Шекспир, Уильям Кемпом ва Ричард Бербеджларга хазинадан ҳақ тўланганганлиги “кирим-чиқим” китобида қайд қилинган. Мана шу қайдлар Шекспирни актёр сифатида томошада қатнашганлиги ва у труппанинг етакчи актёри бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади. Демак, Шекспир “Лорд Камергер хизматчилари” труппасида бир йўла учта: актёр, драматург, молиявий ташкилотчи вазифаларини бажарган.
Англия қироличаси Елизавета ўткир сиёсий арбоб, давлат бошқарувини одилона олиб боришга ҳаракат қилган, антик адабиётни яхши билгани ҳолда санъатнинг барча турларига хайрихоҳлик қилган, ўрни келганда моддий қўллаб-қувватлаган. Шекспир замондошларининг ёзишича, саройда намойиш этилган “Генрих VI” спектаклидаги Фальстаф образи қироличага ёқиб қолган. Қиролича муаллифга (Шекспир) ўн кун ичида Фальстаф тўғрисида асар ёзиб, саройда намойиш этишни топширган. Қиролича буюртмаси асосида ёзилган “Виндзорлик қизиқчилар” айтилган фурсат ичида ёзилиб, саройда намойиш этилган.
Англияда тарихий асарларга қизиқиш катта бўлган. Айниқса, XI–XII асрлардаги инглизлар тарихига бағишланган спектаклларга томошабиннинг қизиқиши катта бўлган. 1519 йилдан то 1603 йилга қадар тарихий мавзуларда 56 та асар ёзилган бўлиб, шулардан 36 таси бизгача етиб келган. Шекспирнинг “Ричард II”, “Ричард III”, “Генрих IV”, “Генрих V”, “Макбет” асарларида ёзувчининг чегарасиз бадиий тўқималаридан ташқари тарихий жараёнлар, ўтмиш воқеалари театр санъати талабларидан келиб чиққан ҳолда моҳирона акс эттирилган.
Шекспирнинг ёзувчилик салоҳияти тўғрисида унинг яқин дўстлари, театрдаги ҳамкасблари Хеминг ва Кондалнинг қуйидагича сўзлари мавжуд: “Унинг фикрлари қаламдан ортда қолмасди. Ўйлаганларини шу қадар осонлик билан қоғозга туширардики, шоирнинг ёзганларидан биронта нуқсон ёки тузатилган сўзларни топиб бўлмасди”.
Шекспир табиат инъом этган буюк қобилият эгаси эди. Унда антик адабиёт, Англия тарихига оид билимлар етарли эди. Шекспир драматургия соҳасида юксак чўққиларга кўтарилган, шунингдек, ўша даврда ҳар бир ёзувчи учун синов мактаби бўлган сонет жанрида бетакрор натижага эришган шоир сифатида машҳурдир. Дастлаб у ўз имкониятларини синаб кўрган “Тит Андроник” асари Роберт Грин томонидан ёзилган. Асарда Рим императори Тит Андроникнинг фожиавий ҳаёти акс эттирилган эди. Пьесадаги қонли тўқнашувлар, ўлим саҳналари, ҳайвоний вахшийликлар ҳаддан зиёд кўп бўлиб, улар тарихий ҳақиқатга асосланган эди. Шекспир бу асарни ўзи ёлланган театр саҳнасида кўргач, унда асар воқеаларини, бошқачароқ талқин этиш мумкин, деган фикр туғилади ва уни қайта ишлашга киришади. Бироқ бу асар “Глобус” театри репертуаридан мустаҳкам ўрин эгаллай олмайди. Лекин Шекспир умидсизликка тушмай, яна тарихий асарлар яратишга қарор қилади. Англия тарихига мурожаат қилиб, асосий манбани Рафаэл Холиншеднинг “Англия, Шотландия, Ирландия тарихи йилномаси”дан олади.
Шекспир ўзидаги шоирлик салоҳиятини саҳна асарлари ёзишга қаратади. Унинг бадиияти ва тасаввури юксак даражада ривожланганлиги саҳнабоп шоҳ асарлар яратишга кенг имкон берган.
Шекспир асарларининг чоп этилиш борасида манбаларда кўрсатилишича, унинг “Тит Андроник” пьеса-китобини ношир Жон Дантер 1594 йилнинг 6 февралида ноширлар гильдиясида рўйхатдан ўтказган. Томас Миллингтон эса уни ўзининг китоб дўконида сота бошлаган. Шу йилнинг 4 мартида “Генрих VI” ҳамда “Қийиқ қизнинг қуйилиши”, “Ромео ва Жульетта” асарлари босилиб чиқади. Бу пьесаларнинг биринчи нашри бўлиб, унда муаллифнинг исм-фамилияси учрамайди. Аммо 1599 йилда пьесалар иккинчи бора нашр этилади. Китобда изоҳ келтирилган бўлиб, унда қайд этилишича, пьесалар қайта тузатилиб, ўзгартиришлар киритилган. Бу асарлар “Ромео ва Жульетта”, “Ричард II”, “Ричард III”, шунингдек, “Генрих IV” ва “Бесамар муҳаббат” асарларининг муаллифи сифатида У.Шекспир номи қайд этилган. Шекспирнинг қолган пьесалари унинг қадрдон дўстлари Хеминг ва Кондел ҳаракати билан 1623 йил 8 ноябрда ноширлар гилдиясида рўйхатга олинган “Жаноб Шекспирнинг комедия, хроника ва трагедиялари” номли китоби чоп этилиб, унда “Бўрон”, “Ўн иккинчи кеча”, “Юлий Цезар”, “Макбет”, “Қирол Жон”, “Перикл”, “Ёз туни ғаройиботлари”, “Қирол Лир”, “Отелло”, “Ҳамлет” асарлари жамланган.
Шекспирга замондош Жеймснинг қайд этишича, “Шекспир ўз даврининг театр ходимлари ичида бошқа театр ходимлари ҳамда шоирларга ибрат бўларлик даражада ҳалол ва сидқидилдан хизмат қилган. Тарихда Мольердан бошқа ҳеч бир актёр ёки ёзувчи бундай ишлар билан шуғулланмаган.”
Лекин қадимий пьесаларни тўпловчи Жеймс Райтнинг ёзишича, “Шекспир шоир сифатида актёрликдан бир неча поғона юқори турган.”
Шекспирнинг драматург, актёр сифатидаги хизматлари ҳамда театр спектаклларидан оладиган даромади йилига ўртача 200 фунт атрофида бўлганлигини Эдмунд Чемберс ҳисоблаб чиққан. Ўша даврга нисбатан бу жуда катта даромад саналган.
“Лорд Камергер труппаси” “Глобус” театрида спектакллар ўйнай бошлаши билан бу труппанинг иши юришиб кетган. Даромади ҳам шунга яраша бўлган. Шекспир ҳар йили ўртача иккитадан асар ёзган. 1598-1601 йиллар оралиғида “Генрих V”, “Беҳуда шов-шув”, “Юлий Цезар”, “Бунисига нима дейсиз”, “Ўн иккинчи кеча”, “Ҳамлет” асарлари ёзилган. Шунингдек, бу труппа аъзолари 1598 йилдан то 1602 йилдаги Рождество байрамларида икки мартадан саройда спектакллар кўрсатишган.
1595 йилларда Шекспир Лондон шаҳрида ижарада яшаган. Солиқ йиғувчилар рўйхатида Шекспирнинг ҳам номи кўрсатилган бўлиб, умумий мол-мулки 5 фунт миқдорида бўлганлиги сабабли 5 шиллинг солиқ тўлаши кераклиги кўрсатиб ўтилган. 1597 йилдаги парламент қарорига кўра, Шекспир 13 шиллинг 4 пенс миқдорида солиқ тўлаши керак бўлган. Шундан маълум бўладики, Шекспир шаҳар ичида истиқомат қила бошлаган.
Шекспир Лондонда яшаган вақтида ўзи туғилиб ўсган Стрэтфорд билан алоқаси бўлганми, деган табиий савол туғилади. Шекспир ҳаётини атрофлича ўрганган Обри ўзининг “Шекспир ҳақида қисқача маълумот” китобида ёзишича, у ҳар йили бир марта ўз юртига бориб турган. Бундан ташқари, унинг ўғли Гамнет 1596 йил 11 август куни тўққиз ёшида вафот этгани тўғрисида ва унинг дафн этилгани ҳақида черковнинг “Кирим” китобида қайд қилинган. Гамнет вафот этгач, Шекспир авлодининг давомчиси бўлмиш эркак зоти қолмаган.
Шекспир Стрэтфордда ўз оиласи учун сотиб олган кўркам ва дабдабали иморат Чэпел-стрит билан Чэпл-лейн кўчалари кесишган жойда бўлиб, бу кошона “Нью-Плейс” деб аталган. Бу ҳақда шаҳарнинг савдо-сотиқ билан боғлиқ солиқлар қайд қилинадиган дафтарда ёзилган.
1603 йил Англия тарихида алоҳида из қолдирган воқеа содир бўлади. Қарийб эллик йил Англияга ҳукмронлик қилган “Олтин давр” ҳукмдори Елизавета ўз умрининг сўнгги кунларини кечираётган пайтда “Лорд Камергер хизматкорлари” шу йилнинг 2 февраль куни Елизаветанинг хоҳишига кўра саройда спектакль намойиш этадилар. Кўрсатилган спектаклнинг номи ҳеч ерда қайд этилмаган. Аммо у Англия тарихига оид асар бўлиб, спектаклдан сўнг қиролича ўзини ёмон ҳис қила бошлаган. Сарой табибларининг уринишлари зое кетади. Қиролича ўринга ётса, қайтиб тура олмаслигидан қўрқиб, кечалари ўтириб чиқадиган бўлади.
Англия давлатини қолоқ феодал мамлакатдан ўша давр учун энг ривожланган қудратли давлатга айлантира олган Елизавета 1603 йилнинг 24 март куни абадий уйқуга кетади.
Унинг ўлими олдидан қилган васиятига кўра, Шотландия Қироли Жеймс VI Англия қироли сифатида Жеймс I бўлиб тахтга ўтиради. Шундай қилиб, Англия тарихида Тюдорлар сулоласи ҳукмронлиги тугаб, Стюартлар сулоласи ҳукмронлиги бошланади. 1604 йилнинг 26 декабрь куни Шекспир ўз труппаси билан янги Қиролнинг кўнглини хушнуд қилиш учун шаҳардаги Уайтхол саройининг байрам маросимлари ўтказиладиган залида “Аччиқни аччиқ кесади” (“Мера за меру”) спектаклини намойиш этишади. Бу спектакль орқали Шекспир труппаси алоҳида имтиёзга эга бўлади. Шу кундан бошлаб бу труппа аъзолари “Қирол актёрлари” деб юритила бошлайди. Бу янги ном актёрларга берилган Қиролнинг ёзма патенти – ўз касби билан эркин шуғулланишга рухсат берадиган махсус ҳужжат билан тасдиқланган. Ҳужжатда қуйидагилар илова қилинган: “Бизнинг хизматчиларимиз бўлмиш Лауренс Флэтчер, Уильям Шекспир, Ричард Бербедж, Огастин Филиппс, Генри Кондел, Ульям Слай, Роберт Армин, Ричард Каули ва уларнинг шериклари ўз санъатлари билан эркин шуғулланишлари, маҳоратларини ишга солиб, комедия, трагедия, тарихий асарлар, интерлюдиялар, моралите, драмалар ва бошқа кўнгилочар томошаларни фуқароларимизнинг, шунингдек, ўзимизнинг хордиқ чиқариш вақтимизда намойиш этишлари мумкин. Юқорида номлари зикр этилган хизматчиларимиз ўз маҳоратларини хоҳ бизнинг ҳузуримизда, хоҳ ўзларининг “Глобус” деб аталмиш ўйингоҳларида, қироликка қарашли шаҳарларда барча ҳокимлар, судьяларга нисбатан авваллари бўлгани каби ҳурмат ва эҳтиром ила бизнинг шарофатимиздан хайрихоҳлик кўрсатсинлар”.
Мазкур ҳужжат труппа аъзоларига кенг имтиёзлар бериши билан бирга кенг омма олдидаги нуфузини оширади. “Глобус” театрининг шуҳрати кундан-кунга орта боради. Шекспир труппаси 1604 йилдан то шоирнинг ўлимига қадар Қирол Жеймс учун 187 марта спектакль намойиш қилади. Саройдаги маросимларни рўйхатга олиб борувчи Эдмунд Тилнинг рўйхатида қайд қилинишича, 1604 йилнинг 1 ноябридан то 1605 йилнинг 31 октябрига қадар ўн битта спектакль ўйналган. Унинг еттитаси Шекспир қаламига мансуб бўлган. Кўрсатилган спектакллар орасида ”Ҳамлет”, “Қирол Лир”, “Макбет”, “Антоний ва Клеопатра” каби асарлар бўлган.
Шекспирнинг қисқача таржимаи ҳолини ёзиб қолдирган Обри Шекспирнинг шахси тўғрисида: “У келишган, чиройли, суҳбатлашганда одамнинг кўнглини топиб гапирадиган, ҳозиржавоб, ўткир зеҳн эгаси эди. Унинг кўнгли очиқ, хатти-ҳаракати, юриш-туришида такаббурлик эмас, аксинча, мулойимлик ва камтаринлик барқ уриб турарди. Лондонда ҳам Стрэтфордда ҳам жуда кўп юқори табақага мансуб олийжаноб инсонлар билан дўст тутинган”, деб ёзади. Ҳатто унга рақиб бўлган касбдошларидан Бен Жонсон ҳам Шекспир тўғрисида бирон-бир ножўя гап айта олмаган: “Мен бу одамни чиндан ҳам яхши кўрар эдим. Шунинг учун ҳам унинг хотирасини ёдда сақлайман, ҳатто унинг хотираси қаршисида тиз чўкишга ҳам тайёрман. У табиатдан покиза инсон эди. Очиқ кўнгил ва бирон–бир кимса олдида тили қисиқ эмасди. Унинг тасаввури жуда бой ва ҳар томонлама кенг бўлиб, нафислик ила ифодалай олар, гўзал ифода воситалари тўхтовсиз қуйилиб келаверар эди.
1608 йилда “Шериклик бошқарув” аъзолари Ричард Бербедж ва Уильям Шекспирлар Лондондаги муқаддас Павел черковининг шарқий-ғарбида жойлашган Блэкфрайзер театр биносини қўлга киритишга муваффақ бўлади. Бу театр Лондон шаҳрининг ичида жойлашган бўлиб, илгари ташландиқ бир монастир бўлган. Бинонинг усти ёпиқ, унда театр хўжалиги учун зарур ашёлар, декорация, бутафория, кийиниш хоналари, оркестр ўтирадиган жой учун етарли алоҳида майдонлар мавжуд бўлган. Бинонинг шифтида шамдонлар бўлиб, саҳнани ёритишга хизмат қилган. Бу бинога тахминан 700 томошабин сиққан. Томошабинлар учун болохонада, партерда етарлича ўриндиқлар ўрнатилган, ичкарига кириш тахминан 6 пенс атрофида бўлган. Албатта Блэкафрайз театри “Глобус” театрига нисбатан кичик бўлган. Чунки “Глобус” театрида спектакллар кундузлари, очиқ осмон остида ўйналган бўлса, эндиликда ёпиқ бинодаги спектакллар кечқурун ҳам ўйналиб, томоша муҳити бошқача бўлган. Шекспир кейинги пьесаларини айни мана шу бинода қўйишни назарда тутиб ёзган кўринади. Шекспир замондошларидан Саймон Форман шу театрда “Қиш эртаги”, “Макбет” спектаклларини кўрганлигини ўз кундалигида ёзиб қолдирган.
1609 йилда ноширлар Ричард Бонион ва Генри Уолл “Троил ва Крессида” асарини чоп эттириб, ноширлар гильдияси рўйхатидан ўтказган ҳамда китобнинг муқовасига “Пьеса Уильям Шекспир томонидан ёзилган” деган жумлани киритган.
1613 йилнинг март ойида Шекспир Блэкфрайз театри биносига ёндош бўлган қўрғоннинг бир қисми бўлган уйни сотиб олади. Аммо Шекспир бу уйда яшаган-яшамаганлиги номаълум бўлса-да, у кўчмас мулк сифатида Шекспирга тегишли бўлгани аниқ. Худди шу 1613 йилнинг 29 июнь куни саҳнада “Генри VIII” спектакли намойиши вақтида “Глобус” театри биноси ёниб кетади. Воқеа шоҳидларининг қолдирган сўзларига кўра, спектаклдаги Қирол шарафига замбаракдан ўқ узиб, уни қутлаш саҳнасида отилган ўқ театрнинг похол томига тушган ва ёғочдан қурилган бино бир зумда куйиб кул бўлган. Театр бир йилда қайта қурилган. “Глобус” театрининг мустаҳкам ғиштлар билан қайта тикланган биносида 1614 йил 30 июнь куни “Генрих VII” спектакли ўйналган. “Глобус” театрининг янги биносини тиклашда Қирол ҳам ҳомийлик қилган.
1612 йилда Шекспирнинг укаси Гилберт Шекспир вафот этади. Орадан бир йил ўтиб, иккинчи укаси Ричард Шекспир ҳам дунёдан кўз юмади. Жон Шекспир авлодидан фақат Уильям Шекспир ва унинг синглиси Жоангина тирик қолади. Маълумотларга қараганда, у 1613 йилдан бошлаб, вақтини кўпроқ ота макони Стрэтфорд шаҳрида ўтказган. Шу йилдан бошлаб, унинг актёрлик фаолияти тўғрисида ҳеч қандай маълумот учрамайди. 1613-1616 йиллар оралиғида “Бўрон” асари ёзилган ва “Глобус” театрида ижро этилган. Асар кўп ҳам муваффақият қозонмаган шекилли, спектакль тўғрисида ҳам маълумотлар сақланмаган.
1616 йилга келиб, Шекспирнинг соғлиғига путур етади. Бу дунё билан видолашиш фурсати яқинлашганини сезган шоир васиятнома ёзиб қолдиради ва қуйидаги сўзларни битади:
“Худо номи билан, омин! Мен, Уильям Шекспир, Худога ҳамду сано айтган ҳолда ақли хушим жойида чоғида азалий удумга мувофиқ, ўз жонимни Яратганнинг қўлига топшираман ва ишонаманки, Оллоҳнинг ўғли, менинг халоскорим Исус Христос марҳамати ила абадий ҳаётга даҳлдор бўламан, танамни эса ўзи яралган ерга топшираман”.
Унинг васиятига кўра, қизи Жудитга 150 фунт, катта кумуш жом, Жоан Хартга 20 фунт, унинг учта ўғлига 5 фунт, Стрэтфорддаги камбағалларга 10 фунт, Лондондаги дўстлари Жон Хеминг, Ричард Бербедж, Генри Конделларнинг ҳар бирига “Хотира узуги” харид қилиш учун 26 шиллинг, 8 пенсдан ҳадя қилиниши кўрсатилган.
Шекспир 1616 йилнинг ўзи туғилган 23 апрель куни вафот этади. Шоир Троица черковининг шимолий томонига кўмилади. Черков ичидаги ернинг чекланганлиги боис, вақт ўтиб қабрлар қайта кавланиб, у ердаги суяклар бошқа жойга олинади ва ўрнига бошқа майитлар дафн этилган. Буни билган Шекспир ўз суяклари безовта қилинишини олдини олиб, қабр тоши учун шеър ҳам ёзиб қўйган. Шоир дафн этилгач, ўша шеър қабр тошига ўйиб ёзиб қўйилади:
Худо ҳаққи кавлама, дўстим
Бу ер бағрида ётади ҳоким.
Қабрга тегмаган топғуси камол,
Унга қўл теккизган топади завол!
Шоир ният қилганидек қабр тоши ва унинг устидаги ёзув ҳамон ўз ўрнида сақланиб турибди. 1653 йилда шоирнинг яқинлари ташаббуси билан, унинг қабр устига ўз даврининг машҳур ҳайкалтароши Герарт Янсен томонидан ишланган Шекспирнинг ҳайкали ўрнатилган.
1623 йилда, яъни, шоир ўлимидан олти йил ўтиб, дўстлари Хеминг ва Кондел унинг 16 та пьесасини биринчи марта яхлит тўплам ҳолида нашр эттиришади. Китобда Шекспирнинг Мартин Дройсхут томонидан ишланган расми ҳам чоп қилинган бўлиб, бу расм Шекспирнинг бизгача етиб келган суратларининг андозаси ҳисобланади.
Шекспирнинг беваси Энни эрининг ҳайкалини ўз кўзи билан кўрган, аммо пьесалар тўпламини кўриш унга насиб этмаган. У 1623 йили 6 август куни вафот этган. Бу ҳақда Троица черковининг “Кирим” китобида 1623 йил 8 август санасида қайд этилган. Шекспирнинг қизи Жудит 77 йил умр кўриб, 1662 йил 9 февраль куни қазо қилади. Унинг вафоти билан Шекспирлар авлоди шажараси тугаган. Лекин Шекспирнинг Нью-Плейсдаги уйи ёнида буюк шоир ўз қўли билан ўтқазган тут дарахти ҳамон яшнаб турибди. Шекспирнинг уй-музейини зиёрат қилгани келувчи сайёҳларнинг бу кўҳна тутни кўрмоққа иштиёқлари баланд.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 12-сон