Добшинада бозор бўлган кунлари Карханиха кампир черков ёнида рўмолча сотиб ўтиради. Яқин-атрофда Юраш юрганини кўриб қолса, ўша заҳоти мовий ҳошияли қизил рўмолчаларини қутисига беркитади.
Нега дейсизми? Сабаби бор. Беш йил олдин Юраш Маруша Пухаловага худди шундай рўмолча сотиб олганди. Гарчи тўрт йилдан кўпроқ қизнинг кўнглини овлаб юрган бўлса-да, уйланмади.
Шундан буён Юрашнинг бу хил рўмолчаларни кўргани кўзи йўқ. Доим жанжал кўтаради:
– Нега бундай рўмолчаларни сотяпсан, кампир?
Беш йил олдин ҳам Добшинада бозор бўлди. Юраш бу ерга Маруша билан бирга келди, унга рўмолча олиб бериб, шаҳар қовоқхонасида меҳмон қилди, қайтишда эса (Гнилсагача тўрт соатлик йўл бор-да) муҳаббат изҳор этди.
Ушбу ажойиб кун оқшомга яқин икки жандарм Юрашни Спишка Нова Весга – судга олиб кетди. Сабаби – ўрмонда рухсатсиз ов қилган ва ҳукумат одамларига очиқчасига қаршилик кўрсатган.
Бечора Юраш! У Марушани уйига кузатиб қўйган ва хурсандчиликдан Радикникида анча-мунча отган эди. Шу ерда граф Андраши ўрмонга овга чиққани ҳақида эшитиб қолди.
– Менинг графдан нима камим бор? – деди у севги ва ичкиликдан боши айланаркан. Қийшиқ ўриндиқдан шарт турди-да, уйига жўнади. Марҳум отасининг қўшоғизини олиб, ўрмонга равона бўлди.
Водийдаги дарё ёқалаб кетаркан, ўрмончи Пехурага дуч келди.
– Йўлдан қоч, Пехура, – деб маслаҳат берди у дастлаб мулойимлик билан.
Қуролини ўқламай кетаётган ўрмончи Пехура курткасининг чўнтагидаги узун пичоққа қўл чўзди.
– Ўзи эплолмади, кейин жандармларни жўнатди, – деб ҳикоя қилди Юраш кейинчалик. – Пехурадан пичоқни олиб қўйдим, ичагини бошига сават қилишимни айтган эдим, тиз чўкиб қолди. Ердан чиқдими, осмондан тушдими – жандармлар пайдо бўлди… Шундан кейин…
Бир сўз билан айтганда, суд Юрашни олти ой қамоққа ҳукм қилди.
Жазонинг тўртинчи ойида Юрашнинг бўлмасига Оравес исмли бир йигитча келди. У Предная Гутадаги қишлоқ оқсоқолига: “Дарёга ирғитаман!” деб таҳдид қилгани учун бир ҳафтага қамалган эди.
– Гнилсада жуда ғаройиб ишлар бўляпти-да, – деди Оравес биринчи куни. Сўнг катга чиқиб, уйқуга кетди.
Кейинги куни Юрашга ўгирилиб:
– Маруша ҳам… – деди.
Ниҳоят учинчи куни гапини тугаллади:
– Маруша эрга тегяпти.
Юраш дўппослашидан қўрқиб, Оравес бу гапни назоратчи овқат олиб келган пайтда айтди.
Лекин барибир интизомий жазо тариқасида Юрашни тўртинчи бўлмага олиб ўтишди, бир неча кун қора карцерда ўтириб чиқди. Чунки интизом низомида ёзиб қўйилган:
“а) агар маҳбус бошқа бир маҳбусга зўравонлик қиладиган бўлса, у…”
Марушага келсак, ҳақиқатан ҳам, эрга тегиш тадоригида эди. Юрашни жандармлар олиб кетганини эшитиб, қиз ўша куннинг ўзидаёқ қаллиғи муҳаббат изҳор қилган тонгни ва у олиб берган мовий ҳошияли қизил рўмолчани унутди. Отасига эса:
– Юраш – ғирт безори. Унга теккан қизнинг шўрвасига шўр тўкилади, – деди.
Кейинги якшанба Маруша Васкога фотиҳа қилинди.
Васконинг катта тегирмони бор эди. Мовий курткасига эса оғир кумуш тугмалар қадалганди. Юраш бўлса каталакдеккина уйда яшар, конга пистакўмир ташиб тирикчилик қилар, мовий куртка ўрнига тўқа тақилган кўйлак киярди. Устига устак, ярамас ва безори эди.
Икки ҳафтадан сўнг Васко Пухалаларникига Марушанинг қўлини сўраб келди. Пухалалар оиласининг улуғи тўйга розилик берди. Бироқ эртаси куни Васко бели оғриётганини айтиб, узр-маъзур қилди. Юрашнинг дўстлари тегирмонда пойлаб турган экан, тутиб, адабини беришибди.
Буни эшитган долинкалик ўрмон мудири бир гал Добшина нотариусига:
– Халқимиз жуда романтик-да, – деди завқ билан.
Юраш қамоқдан чиққач, романтика устига романтика қўшилди.
Юраш Васконинг тегирмони атрофида изғиб юрганини ҳамма кўрди.
– Энг қизиқ воқеалар ҳали олдинда, – деди ўрмон мудири Добшина чойхонасида шаҳар нотариусига.
Ҳақиқатан ҳам, ўта ғаройиб воқеалар содир бўлди.
Юраш тегирмон ёнидаги ўрмон ичида ётиб, Васкони диққат билан пойлай бошлади.
– Бўлди, чиқ энди, ҳов, эркак! – деб бақирди Юраш тегирмончига. – Сен билан гаплашиб олишим керак!
Деразада Васконинг эзгин қиёфаси намоён бўлди.
– Эй, чиқасанми-йўқми? – деб яна бақирди Юраш.
Васко эҳтиёткорлик билан деразани очди:
– Юраш, оғайни, аччиғинг чиқмасин…
– Эшикни оч! – деб бақирди Юраш. – Сен билан бир масалани ҳал қилишимиз керак.
– Юрашжон, – деди Васко, – очолмайман, мени урасан.
Юраш деразага яқин келди-да:
– Охирги марта сўрайман, ичкарига киритасанми-йўқми? – деди бутун ўрмонни бошига кўтариб.
Васко оёғини зўрға судраб келиб, дарвозани очди ва Юрашни ичкарига киритди.
– Яхши, – деди Юраш ва хонага йўл олди. Кетидан Васко эргашди. Иккалалариям ўтиришди.
– Юрашжон, аччиғинг чиқмасин, дўст. Балки ичарсан? – титроқ овозда сўради Васко.
– Ичаман, нега ичмаслигим керак, – деб рози бўлди Юраш. – Мен сен билан нима ҳақида гаплашмоқчилигимни биласанми?
– Аччиғинг чиқмасин, ошна, – деди Васко. – Бунақа бўлганидан ўзим ҳам хурсанд эмасман. Қиз дегани дарахт япроғига ўхшайди. Бугун бу ерда, эртага у ерда.
– Васко, вино олиб кел, – деб маслаҳат берди Юраш. – Кейин одамларни дераза ёнидан ҳайдаб юбор.
Шу пайт қишлоқнинг салкам ярми учрашув нима билан якунланишини кутиб турарди.
Кўп ўтмай Васко вино кўтариб келди, қуйди, иккалалари ҳам ичишди.
– Яхши вино, – деди у. – Яграда сотиб олганман. Нордон ҳам эмас, ширин ҳам эмас.
– Жим бўл! – деди Юраш. – Сенинг ёнингга нимага келганимни биласанми?
– Қадрдоним, ошнажоним, – деб гап бошлади Васко, – қўй энди шу гапларни. Биз ҳамиша дўст эдик… Тушун, у менга ёқди, мен ҳам унга…
– Мен бу ҳақда сўраётганим йўқ! – бақирди Юраш. – Яқинроқ ўтир, винодан қуй! Бунча эшикка қапишяпсан?
Юраш қадаҳни бўшатди-да, Васкога оҳиста деди:
– Марушага олиб берган рўмолчам менга икки гульденга тушган эди. Васко, менга шу пулни тўла, кейин – орамиз очиқ…
– Кўрдингми, оғайни, – деди бироздан сўнг Юраш пулни ўнгиган белбоғига жойлар экан, – биз ҳамиша дўст эдик, бундан кейин ҳам дўст бўлиб қоламиз…
– Гемерда романтика қолмади, – деб гап бошлади эртаси куни долинкалик ўрмон мудири Добшина чойхонасида ва воқеани бир бошидан сўзлай кетди.
Ориф Толиб таржимаси
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 1-сон