Николай Рубцов (1936-1971)

Николай Рубцов 1936 йили Архангельск вилоятига қарашли Емецк қишлоғида дунёга келди. 1940 йили у туғилган оила Вологдага кўчади. Уруш бошланган йили отаси фронтга жўнайди ва шу йили жангларда ҳалок бўлади. Кўп ўтмай онаси ҳаётдан кўз юмади. Етим қолган гўдак болалар уйида тарбияланади. У ерда 7-синфни тамомлаб, Ўрмончилик техникумига ўқишга киради. Лекин денгизга бўлган кучли интилиши туфайли у бу ўқишни 2-курсидан ташлаб кетади. Ва бир муддатдан кейин “Архангельск” номли улкан юк кемасига ўтёқар ёрдамчиси бўлиб ишга киради. Кичик жуссали ва нимжонлиги туфайли унга бу иш оғирлик қилади ва у олис Шимолдаги Кровск шаҳри тоғ-кимё техникумида ўқишни давом эттиради. Техникумда бирга ўқиган ўртоғининг эслашича: “Рубцов талабалар ўртасида ўтказиладиган қувноқ кечаларнинг ҳамиша фаол иштирокчиси бўлган, бу кечаларда у Есенин ва Бёрнс шеърларини ёддан ўқиган… Кўп кунларини эртадан-кечгача шаҳар кутубхонасида ўтказиб, Гегель, Кант, Аристотель, Платонларнинг фалсафий рисолаларини мутолаа қилган…”
1954 йили ёзги таътил даврини у Тошкентда ўтказади ва бу ерда бир туркум шеърлар ёзади.
1956–59 йилларда эса Шимолий флотда ҳарбий хизматни ўтайди. У бу даврда Сергей Есенин шеърияти билан яқиндан танишади ва Россия қалбини ўзича кашф этади.
Н.Рубцов 1962 йили Ленинград Адиблар уйида ёш шоирлар мушоирасида қатнашиб, шеър ўқийди. Бу ерда у Глеб Горбовский ва бошқа ленинградлик ижодкорлар билан танишади. Шоир шу йили 37 шеърдан иборат “Тўлқин ва қоялар” номли илк қўлёзма китобини 6 нусхада тайёрлайди. Бу қўлёзма китобга унинг сара шеърлари жамланган эди. Лекин бу тўплам дунё юзини кўрмайди.
1962 йили Н.Рубцов Адабиёт институтига ўқишга киради ва Москвадаги адабий тўгаракнинг фаол аъзосига айланади Кейинчалик “сокин лирика” оқимининг намояндалари бўлган С.Куняев, А.Передреев, В.Соколов ва И.Шкляровский сингари шоирлар шу тўгаракдан чиққан эдилар.
Н.Рубцов Адабиёт институтини тугата олмайди. Ётоқхонадаги “жамоат тартибини бузганлиги учун” институтдан ҳайдалади. Гувоҳларнинг айтишича, у ётоқхона қаватларидаги классиклар –Пушкин, Лермонтов, Гоголь, Блок суратларини ўз хонасига олиб киради ва стол атрофига териб қўяди. Курсдошлари унинг “Александр Сергеевич, сизнинг соғлиғингиз учун!.. Михаил Юрьевич, сизнинг соғлиғингиз учун!..” деб буюклар билан қадаҳ уриштираётгани устидан чиқишади. Эрталаб ётоқхона бошлиғи назоратида суратларни жой-жойига иларкан: “Ажойиб даврада хаётимда бир бор ўтиришга ҳам қўйишмади…”, дея тўнғиллайди…
Шоирнинг 1965 йили “Октябр” журналида катта шеърий туркуми эълон қилинади. Икки йил ўтгач чоп этилган “Далалар юлдузи” номли шеърлар тўплами унга чинакам шуҳрат келтиради. 1968 йили шоир Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинади.
1969 йили шоирнинг “Мудом қалбимда”, 1970 йили “Қайинзорлар қўшиғи” номли шеърий тўпламлари нашрдан чиқади.
Етимликда ўсган шоирга шахсий ҳаётда омад кулиб боқмайди. Шоир турмушни янгидан бошлаб, рўшнолик топмоққа умид қилади. Бироқ кўнгил боғлаган аёли унинг ҳаётига зомин бўлади.
Шоирнинг ўзи “мен ўларман қаҳратон қишда” деб каромат қилганидек, 1971 йили 19 январида ҳаётдан фожиали тарзда кўз юмади.
Бугунги кунда Н.Рубцов асарлари халқчил шеърият сифатида эҳтиром қозонган ва севиб ўқилмоқда.

ТУН

Қақшамаса асаб басма-бас,
Ҳайдамасдим уйқуни бутун.
Ойнадан ҳеч нарса кўринмас —
Тун, қоронғу тун!

Куним кечди — тўла ғам, қайғу,
Тоқатим тоқ бўлди узун кун.
Юпанч бўлди фақат ўзи, бу —
Тун, қоронғи тун!

Олис юртда дўстим бор — пурғам,
Шошдим кўмак бермаклик  учун
Ёрдам қўлин чўзгин менга ҳам —
Тун, қоронғу тун!

Қанотингнинг остида бир дам
Исинайин, қувмоқда қуюн.
Ўтиб кетди совуқ жонимдан —
Тун, қоронғу тун!

* * *

Олса бўлар қаламга нени?
Бизда эрк йўқ бу ишда аммо.
Бу бепоён ёруғ дунёни
Куйлолмайсан бир ўзинг асло!

Агар бўлсанг денгизга мафтун,
Шеърда ўзни отсанг бағрига.
Далалару тоғлар бошқа кун
Кириб келар дўстинг шеърига.

Дилда дардинг бўлмаса, лекин,
Қўшиқларинг чиқмас жарангдор.
Минг чираниб нени ёзмагин,
Ёлғон бўлар, барчаси бекор!

ЎТМИШ САДОСИ

Хона тўла  саноқсиз меҳмон,
Янгилик, май, егулик бисёр.
Хўп еб-ичиб кулдилар шодон,
“Катюша»ни тинглашиб кўп бор.

Кайфи ошиб қолгач бир одам
Солинтириб бир ёнга бошин —
Эслаб қолди негадир бирдан
Кўҳна, ғамгин йўқлов қўшиғин:

“Ўлсам дафн қиларлар,
Ёт юртда қолар таним.
Дўстлар қайдан биларлар —
Қайдадир қабрим маним?..”

— Эҳ, болалар, дод солгим келар!
Ўлар ҳамма — еган-емаган.
Барча бир кун дунёдан кетар,
Ҳеч ким унга устун бўлмаган.

Бирдан чўкар кўзларга ғусса,
Алам билан дийдалар боқар.
Йигитнинг оқ юзидан эса
Йирик кўз ёш томчиси оқар.

‘Бировларнинг қабрида
Ёзин-қишин гул турар.
Менинг ғариб гўримда
Хас-чўп, хазон шитирлар…”

— Ироня, сен чекмагин қайғу,
Нима ғаминг бор, ахир, сенинг.
Тобуткашинг, йиғичинг бор-ку?
Кўмадиган кимим бор менинг?

Бошладилар икков дийдиё,
Гўё улар бахтсиздир мутлоқ.
Ҳиқиллашар боладек. Гўё
Кўзлар оддий кўз эмас, булоқ.

Қўшиқ тинглаб, йиғлашар ҳўнг-ҳўнг,
Хаёллари учар кўк томон.
Бу кўз ёшлар, бу қўшиқдан сўнг
Бирдан ҳамма бўлар шодумон.

Давра кулар бирдан гуриллаб,
—Ҳа, дў-ўст! Қани, йигитлар, ўйнанг!
“Катюша”ни қаттиқроқ куйлаб
Рақсга тушиб кетишди хуррам!

КИМНИ РАНЖИТДИМ?

Тоза эди хонам чиннидек,
Деразадан кирди шовқинлар.
Улар кирди  худди чивиндек,
Уйдан чиқмай ётдим кўп кунлар.

Туни билан эсладим вайсоқ
Кампирларнинг қора қилмишин,
Тарқатарди улар тор сўқмоқ,
Кўча бўйлаб  ёвуз миш-мишин.

— Эй, одамлар, — дер эди улар,
— Қувиш керак уни бу ердан…
Гала жаврар — бўрондек гувлар,
Мен қаламни ирғитдим бирдан.

Момолар бор — юраги хаста:
Қалби нурдек тоза, мусаффо.
Аммо булар! Эшикни шартта
Қулфлаб ташла! Киролмасин то!

Кўрдим — улар иғвони секин
Кузатмокда яна йўлларга.
О, Русь! Кимни ранжитибман мен?
Қулоқ солма шум кампирларга…

КУЗ КЎРИНИШИ

Уйғонасан чордоқда саҳар,
Ҳуштак чалиб тентирар шамол.
Дарёда шўх ўйнар тўлқинлар,
Ивиган боғ чайқалар беҳол.

Судралади толзорлар аро
Тобут ортган эски арава.
—Элтмоқдадир чуқурга момо
Бир бобони, — дер қизга она.

Сен ғам ема! Тингла ёмғирни,
Сўзлар зулмат ва ёвқур шамол.
Девор тўсиб турган гулларни
Асра, улар топмасин завол.

Балки бунда бўлмайди такрор,
Шамол, ғувлаш ва қисирлашлар.
Чоҳга элтар бобони момо,
Учиб кетар жанубга қушлар…

КЕЧУВДА ОҚШОМ

Куз тугади. Шамоллар унинг
Изларини ўчирмоқ истар.
Ботқоқликда музлаган сувнинг
Юзида шўх ўйнар юлдузлар.

Санар эди ўзини жаннат
Пичан ўрим қизиган кезлар.
Энди эслаб оҳ чекар фақат
Чириётган бўш сарой бўзлар…

Ҳеч кимса йўқ, шу дамда гўё
Ўсимликлар, ботқоқлик, дала —
Ҳар биттаси тўлқинлар аро
Чўкаётган қандайдир кема.

Сўнгра ёлғиз бир қайиқ чиқар,
Бандаргоҳда кезар қоровул.
Ғира-шира атроф. Туюлар
Энг охирги одамзоддек ул…

ИСТАК

Бу ҳаёт оқими шунча тездирки —
Кўрсатиб дунёнинг чиройин бир-бир,
Мени шамол бўйлаб кездирди,
Чорсу бозорига келтирди охир.

Қошгача бостириб кийиб қалпоқни,
Театр, идора… барига бордим.
Томиримда жўшиб йигитлик қони,
Қай ерни хоҳласам, шу жойда юрдим!

Бир сафда чизилди йўқотмишларим,
Телба куч измида юрган маҳалим.
Тубсиз хаёлларга толдим баъзан жим:
Не камдир — олдинда турибди ҳали.

Тийсам ҳам бўларди ҳасратдан тилни,
Қалбимда бир олов гурлар, ёнади.
Тентираб юраман — тинч қўймас мени —
Лим тўла бир жомни сипқорган каби.

Кемага тушганнинг жони бир ахир,
Ҳеч кимса бир четда кетмасин қочиб.
Ҳаёт мажбур қилар — ҳарбий кемадек —
Бор деб тўлқин сари тикка йўл солиб!

ЮЗ МАРТА “ЙЎҚ”

Деразадан ёғилур
Ғалати ва лойранг нур.

Йўқ, ўзимни осмайман,
Йўқ, ақлдан озмайман.

Юз йил умр кўрарман,
Юз йил сенсиз юрарман.

Юрак, дарди йўқдайман,
Йўқ, юз марта “йўқ” дейман!

ХАЗОНРЕЗ

Тўкилмоқда дарахтдан япроқ,
Ҳар доим шу — кўнар қисматга.
Баргга куйма. Даркор ачинмоқ
Ўтиб кетган пок муҳаббатга!

Шир-яланғоч қолсин дарахтзор,
Сен бўронни сўкма ҳеч қачон.
Наҳот кимдир бўлса гуноҳкор
Тўкилса ҳам дарахтдан хазон?

ҚАЙТИШ

Яқин келар ўлим дамба-дам,
Мана, мана, у келиб етди —
Кампир чолга ёпишди маҳкам,
Бирдан қалби ёришиб кетди.

Ҳаёт баҳор нафаси янглиғ,
Енгилгина учди сездирмай.
Сой шарқираб тўлиб оқар лиқ,
Худди қутлуғ кўклам  киргандай.

Ўтган қайтмас — яхши, ёмонми,
Яхши дерлар доим ўтганни,
Завқли ўтган ҳар лаҳза, онин,
Ним қоплаган баҳор тумани.

—Бари яхши. Худога шукур.
Чол ненидир аста ғўлдирар:
Озроқ яшаб турсинмиш кампир,
Сўнгра бирга ўлармиш улар.

— Йўқ, — дер кампир, — тортяпти тупроқ,
Энди чўзиб  бўлмайди асло.
Худойига вино ол озроқ,
Кўп ичмагин сен ўзинг аммо.

Товуш пастлаб, сўнгра оқибат,
Ҳаёт шамъин пуфлади ўлим.
Том устида зорланиб фақат
Алам билан дириллайди сим.

Аъзам Ўктам таржимаси

ЭСИМДА…

Учгин, учавергин, умр елканим,
Ҳаёт уммонида тинма бир нафас.
Фақат йиллар ўтиб – қарилик маним
Букилмас вужудим дол қилмаса, бас!

Лекин хотиралар чулғаб дамо-дам,
Кўнглим тубларидан кетмаслар нари;
Гўё сузиб чиқар туман ичидан
Олис болаликнинг манзаралари…

Эсимда – ченада сирпанган қирлар,
Қиров ойналарга чизган нақшлар…
Эсимда – чорпаҳил, алпқомат эрлар
Куйлаган қўшиқлар, жайдари рақслар.

Эсимда – буғдойзор адир бағрида
Сергак юмронқозиқ – боқар мен сари;
Эсимда – кеч кузнинг саҳарларида
Жунжиккан қушларнинг ғамгин саслари.

У пайт сирли эди уфқлар – йироқлар,
Мўъжиза учрарди қадамда – ҳар он.
Энди улар барин ёдида сақлар
Қуюқ қайинзор ва арчазор ўрмон!…

ҚАЁҚҚА УЧАМИЗ?

–Ҳур, эркин бўламиз қушлардек, – дея
Шивирлайсан, кўнглинг орзуда ёқиб;
Бўрон шиддатини туясан гўё,
Уммон узра учган қушларга боқиб.

Бироқ орзунг қалбим ёндирмас тақир,
Гарчи тўла унда энг эзгу ҳислар.
Сен қушсан – парвози ўзгача, ахир,
Айтгин, қаёқларга учамиз бизлар?

УЙДАН ЧИҚИБ КЕТГАНДА

Шамолни севаман баридан кўпроқ!
Бўзлаши юракка солгайдир титроқ!
Ахир, ким унингдек тинмай оҳ тортар!
Оҳ тортгани сайин ҳасрати ортар!

О, шамол! Қулоғим остида зувлар!
Теграмда тирик жон мисоли увлар!
Бетаскин дард ила қалбинг тилар у,
Сенга дунё ғамин сўйлай билар у.

Раҳмат, шамол! Аён англадим барин –
Ҳам азоб, ҳам таскин менга дардларинг!
Танишдир сендаги ҳар нола, ҳар ун!
Мен ҳам ташлаб кетдим уйимни бутун…

Ғуссага лиммо-лим менинг ҳам қалбим,
Бироқ сендек бўзлай олгайми дардин?
Йўлим ҳеч унмайди – уфқлар хира.
Бироқ шамол увлар. Тин олмас сира..

НОН

Халтамга жойланди емишлар бутун…
Ширинлик ҳам солдим – керак, биламан.
Нонни олганим йўқ –
Узоқ йўл учун
Ўзимга юк қилиб нима қиламан!
Бироқ оқсоч бувим тўхтатди мени,
Эртамни олдиндан кўргандек аён,
Деди:
– Болажоним, тингла гапимни,
Оғирин солмаган ҳеч кимсага нон..


АЙИҚ

Нохуш садо ўрмон тинчини бузди,
Овчи айиқ кўксин кўзлаб ўқ узди.
Қадалди баданга қайноқ қўрғошин,
Ўлдирмоқ бўлдилар не учун, ахир.
Улкан айиқ ночор тўкди кўз ёшин:
Йўқ эди-ку унинг гуноҳи тақир!
Айиқ уйи томон кетди бағри хун,
Ўз уйига бориб ўкрамоқ учун…


ҚАРҒА

Эски шох узра бир қарға ўлтирар,
Кўзлари атрофга қараб мўлтирар.
Кўринмас кўчада улов шарпаси,
Чунки бошланмишдир аёз палласи.

У ёқдан-бу ёққа сакрайди шўрлик,
Борми, ахир, бундан баттарроқ хўрлик!
Теварак-атрофда ушоғу дон йўқ,
Қишдан паналайин деса имкон йўқ…

ҚАЛДИРҒОЧ

Чуввос солар кўкда қалдирғоч,
Тушиб кетди ерга полапон.
Қийқиришиб болалар қийғос,
Тўпланишди қошига шу он.

Топиб келиб бир парча темир,
Мен қабрча қаздим ер узра.
Учар эди қалдирғоч гир-гир,
Ишонмайин бу ҳолга сира.

Фарёд чекди кўкда ноилож,
Қолди балки уйи беэга…
О, қалдирғоч! Шўрлик қалдирғоч,
Қарамадинг болангга нега?

ЧУМЧУҚ

Чирқиллашга ҳоли йўқ ҳатто,
Дилдирайди чумчуқ бечора.
Қор тагини титкилар гоҳо,
Топсам дея бир ушоқ, зора.

Дон топар у – демак саломат,
Шукур қилар омонлигидан.
Ҳеч кимсага қилмас маломат,
Аҳволининг ёмонлигидан…


ҚУЁН ҲАҚИДА

Қуёнга дуч келдим ўрмонда,
Қайтар эдим уйимга ёлғиз.
Қўрқиб кетган жонвор шу онда
Рўпарамда тош қотди, ҳолсиз!

Бир лаҳза у турди карахт, лол –
Тор кўринди дунё кўзига.
,,Ҳайт!’’ дея мен сас бердим алҳол,
Шўрлик шунда келди ўзига.

Сўнг ортига сакради шу он,
Чакалакзор эди яқинда.
Балки ётиб ўйлади қуён,
Ўзи ҳақда ва мен ҳақимда.

Оҳ тортди у овлоқда бетин,
Юрагида ғуссаси орта.
Чунки Мазай бободан кейин,
Қолмаганди дўсти бирорта.


ХОТИРОТ

Тинмас бунда бўронлар ҳаргиз,
Қиш қаҳридан тушмайди сира.
Кўринар бир ёғоч уй ёлғиз,
Учқунлаган қор ичра хира.

Эсимдадир юлдузлар бунда,
Нурин сочар эди равшан, хўб.
Эсимдадир, бўрилар тунда
Изғир эди ҳадиксиз, тўп-тўп.

Бари сингди йўқликка рўй-рост!
Оғриқ туяр дилларим менинг!
Бунча шошқин, бунча жаранггос –
Солиб учди йилларим менинг!

О, мен ҳамон кўзимни юмсам,
Кўраман у кулбани тағин.
Изғиринлар жунжиктирса ҳам,
Жимирлайди юлдузлар ёрқин.

Тинмас унда бўронлар ҳаргиз,
Қиш қаҳридан тушмайди сира.
Кўринар бир ёғоч уй ёлғиз,
Учқунлаган қор ичра хира…


ҚАРАҒАЙЗОР

Яна руҳим чирмар хаёллар,
О, бу гўша – тенгсиз очунда!
Кумуш еллар, оқтўш шамоллар
Баҳслар қуриб тинмайди бунда.

Ўрис қавмин туққан қишлоқлар!
Шовуллаган, о қарағайзор!…
Қораяркан уфқ, ўтлоқлар,
Қалбим менинг нурланар такрор.

Овлоқ туман меҳмонхонаси.
Ўлтирибман ўқиб, ёқиб печ.
Тун уйқусиз кечар, чамаси,
Бундай пайтлар ухлаб бўлмас ҳеч!

Қандоқ ухлай, зулмат комидан
Келар мозий саслари шоён
Ва рўбарў деразалардан
Қорга тушар шуълалар ҳамон.

Майли, бўлсин режалар бекор,
Тонгда пушмон олсин қасдига,
Қулоқ тутиб ётгум мен бедор
Қарағайзор шовуллашига…


ТУНГИ ТАШРИФ

Итлар овоз берди бевақт, дафъатан,
Тағин – ярим тунда, бу қандайин ҳол! –
Кимнингдир шарпаси кўринди шу дам,
Келарди далани кесиб бемалол…

Меҳмонлар йўқ эди – келишди мана,
Қанча гурунг керак – тинглагин, яйра!
Қирмиз барг толларнинг остига яна
Шинам жой тўшалди – бошланар байрам!…

Кечиргин сен бизни, ҳориган дала,
Сингил ё оғадек кечиргин бизни:
Балки биз сўнгги бор қилиб ҳафсала,
Ловуллатдик юрак гулханимизни.

Балки охирги бор ташрифимиз бу,
Балки биздан кейин келмаслар истаб…
Хазонрез боғ ичра – маъюс бир ёғду,
Барглар шивирлайди ғамгин, оҳиста.

Жўшди дилда бир зум ҳислар талоши –
Юртим, фарзандингман, бўл мендан рози…
Биз яна отландик йўлларга шошиб,
Ортда қолиб кетди итлар овози.


ҚИШ КЕЧАСИ

Кимдир қабристонда инграр, оҳ тортар,
Кимдир тақиллатар эшикни бот-бот:
Ичкари киролмай хуноби ортар
Ва боқар дарчадан бир қиёфа – ёт.

Бўрон увиллаган тунда бемаҳал
Ким экан кулбамга йўлини бурган?
Ким экан кўрмоққа бунча зор, маҳтал,
Лекин бурчакларда беркиниб турган?

Бироқ оқсоч қуюн йўлдан нарида
Фарёд солиб қолар боладайин нақ.
Даҳшатли бир сир бор булар барида,
Тунги оҳ-нолалар бежизмас мутлақ.

Ғичирлай бошлайди эски том тинмай,
Чироқни кўтариб ва ҳовучлаб жон –
Ҳайдаш учун ин қурган ажина-жинни,
Чиқаман зинадан мен чердак томон.

Қочади шарпалар бурчак-бурчакка…
– Ким у? – сас бераман титроқ ва бўғиқ.
Бошлар зина узра кимдир юрмакка,
Тушар-кўтарилар… Сира нажот йўқ!

Кимдир қабристонда инграр тун бўйи,
Кимдир қолиб кетар бўронда буткул…
Менга туюлади беркинган кўйи
Кимдир деразамга термилар нуқул…

НОМАЪЛУМ КИМСА

Ёғаётган қорда дилдираб
Борарди у уйсиз, оч, хаста.
Тақиллатди қишлоқ четида
Турган уйнинг эшигин аста.

Қўйишмади уни ичкари.
Бир қўрс кампир тирғалди шу он
Ва кўксидан уни итариб,
Деди: – Дайди. Йўқ, ўғри, аён…

У кетди. Қор, уриб турган қор
Йўлларини босди қалинроқ!
Бир пайт боқса олдинга абгор,
Қаршисида – муз қотган қирғоқ!

Чўчиб тушди, ўзига келди.
Кетди, аёз – ўнгдаю сўлда…
У фарёдсиз, овозсиз ўлди,
Билар эди ўлишин йўлда.

Кўмди еллар уни қор билан,
Сўнг миш-мишлар тарқади ҳар ён.
У ҳақида билган-эшитган
Деди: – Дайди. Йўқ, ўғри, аён…

ХОТИРАМ ЛАВҲАЛАРИ

Йўқликка маҳкумдир ҳамма-ҳаммаси,
Бироқ мен ортимга боқиб сўнгги дам –
Туяркан юракда видо шарпасин,
Эсларман юртимни, кўзларимда нам.

Ҳамон эсимдадир – қирғоқ четида
Ҳовур пуркаб турган қора мўрчалар;
Чана изи кумуш қорлар бетида –
Ойдин кечаларда ажиб куй чалар.

Ўрилган буғдойзор жимжит, мунғайган,
Сўнар яшил ўрмон ғалаёнлари;
Уфққа талпинган қушлар сасидан
Маъюс, ғамгин титрар кузак тонглари.

Сарғайган қирларга галалар пастлаб,
Емиш илинжида қўнарлар сўнг бор.
Гарчи топарлар дон, гарчи топмаслар,
Йўл олис – ҳаяллаб бўлмайди зинҳор.

Эсимда, денгизчи – бир кетган кўйи
Хизматини ўтаб қайтган у, бешак.
Эсимда, ҳаммомда ғамлардан куйиб
Ўзин осиб қўйган абгор бир эркак.

Хушхон кезган ёшлар – тин билмайин ҳеч,
Тошар қалбларидан завқи-қувончи;
Эски қалпоғига ғалат тўғноғич
Тақиб олган эди кекса гармончи…

О, умр сафоси – ажиб армонлар,
Орзулар, шодликлар, ғамгин нигоҳлар…
Ҳамма-ҳаммасини қуюқ ўрмон ва
Яшил арчазорлар ёдида сақлар!

ТОНГ

Юксак қарағайзор учларин зарга
Чулғаркан қуёшнинг нури илк саҳар,
Дов-дарахт сояси тушиб сувларга,
Қишлоқ кўчасида ўйнар шуълалар.

Қаршиларкан мовий тонгни ҳамма тенг –
Тўларкан ҳовлилар хандон-жарангга,
Баланд тепаликка чиқаман-да мен,
Дунёни кўраман энг ёрқин рангда.

Кўркам от, паст томлар жазб этар мени,
То мудом уларга юрагим илҳақ.
Йўқотиб қўйсам гар бу гўзалликни,
Топа олмагайман ўзгасин мутлақ…

* * *

Энкайган ёғоч уй қароргоҳида –
Оқтан қайинларни оралаб хушҳол
Кезаман, мевалар териб гоҳида –
Кеч кузак шафағи товланганда ол.

Кўм-кўк, мовий осмон бағрида бу дам
Учади турналар солиб арғимчоқ;
Қайиқ из қолдириб сувда кумуш ранг
Жилар жимжит ўрмон ичига шу чоқ.

Ҳаво жунжиктирар ва соф – нақ биллур,
Қирғоқни қиёқлар ҳиди этмас тарк.
Дарахтда – бир лаҳза титрар-да масрур,
Ерга учиб тушар намхуш хазон-барг.

Оддий туйғулардан вужуд осуда,
Қалб эса қалқийди уфқдан нари, –
Кўм-кўк , мовий гумбаз осмон остида
Учаётган бир тўп қушлар сингари…

ҚОР ЁҒМОҚДА…

Қор ёғмоқда тинсиз гупиллаб,
Борлиқ оққа беланар обдон!
Юрак урар ажиб дукиллаб,
Маст бўлгандек худди шаробдан.

Оқарган тор йўллар четидан
Кумуш еллар эсарлар узун,
Қишнинг заррин зийнати билан
Фусунланар шаҳарча бутун.

Гўдакларга завқ улашар заб,
Яшнаб кетар ҳатто дов-дарахт;
Гўё бутун Россия бўйлаб
Ёғар қормас – ёғар бир фараҳ.

Қор ёғмоқда – юрагим, алқа!
Заррасида гўзаллик нақши,
Ҳаёт гоҳо шифодир қалбга…
Баъзан шундоқ бўлгани яхши!

ТУҚҚАН ЮРТДА БИР КЕЧА

Юксак ўсган эман ва зангори кўл,
Ҳар ёнда соялар тўкис, хотиржам.
Бунда жимлик ҳоким ва ҳаловат мўл,
Табиат кўрмаган ҳеч бир заҳа-ғам.

Бу замин осмони сокин шу қадар,
Томни титратмаган тунлар қалдироқ!
Эшитилар бир барг қилт этса агар,
Бундан эпкинларнинг жунбуши йироқ.

Укки сайраб қолар аҳён ва аҳён…
Мен-ку қайтиб келдим – кечмиш ҳеч қайтмас.
Нима ҳам қилардик! Ушбу ажиб он,
Бир неча лаҳзага узайса гар, бас.

Токи юрак ғамни унутсин мутлақ –
Борлиқда фароғат бўлсин мужассам;
Гўё сен бахтга ҳеч эмассан илҳақ,
Гўёки кўзларинг бўлмагай ҳеч нам.

Бутун борлиғингни ажиб бир ғусса
Комига сўроқсиз тортар шу они,
Бамисли сокин шом ойдин бир шуъла
Чулғай бошлагани янглиғ дунёни…

* * *

Табиатнинг ажиб кошонасида –
Гавжум қайинларнинг сояси аро
Жилдирар найсоний сувлар осуда,
Таралар ғилдирак саслари гоҳо.

Дарё ёқасида кексайган уйлар
Чулғанади ҳарир туманлар ила…
Руҳингни чулғайди адоқсиз ўйлар
Ва бир ажиб ғусса озурда қилар !

Фараҳлан бир нафас, мунаввар шуур!
Бироқ вужуд нега титрайди шу он?
Қовжираб тўкилар чечаклар бир-бир –
Зулматда оқариб кўринган аён.

Ва бир хилватдаги исмсиз қабр
Фикринг олиб учар йироқ-йироққа.
Ярим тун – самони маъсум этган нур
Солади қалбингни хазин титроққа…

ЭЛЕГИЯ

Қоқдим бир чўнтакни – унда ел ўйнар,
Қоқдим иккинчисин – эҳ, бўм-бўш у ҳам.
Чиройли факрлар, о, зўр фикрлар –
Кетдилар қайгадир олмоқ учун дам.

Бироқ унутгум мен турмуш заҳрини,
Шамолга чиқаман бошяланг, юпун –
Кечган йилларимнинг ҳасратларини
Қолган сочларим-ла юпатмоқ учун.

Тўкилар ўйларим қўлимдан қумдек,
Оёғим остидан сирғалар ёшлик.
Ботувчи ҳар бир кун умргадир чек,
Сурурсиз дамлардан – кўнгилда ғашлик.

Қоқдим бир чўнтакни – унда ел ўйнар,
Қоқдим иккинчисин – ўйларим маҳзун…
Бир кун машҳур бўлиб кетсам мен агар,
Бораман Ялтага дам дам олмоқ учун…

ОҚ ҚАЙИН

Севаман қайинлар шовуллашини,
Боқаман улардан учган хазонга.
Сездирмай артаман кўзим ёшини –
Ва теран титроқлар тушади жонга.

Хотирам беизн уйғонар шу он,
Мудроқ шууримга талотум ташлар.
Кимдир ушбу дамлар дардли ва шоён
Гўёки севгидан шивирлай бошлар.

Билдим, инсон ризқи ҳасратдир тайин,
Қалбни жунжиктирар аламнок кунлар.
Қайин шовуллайди зотан шундайин –
Онам қабрида ҳам таратиб мунглар.

Ёв ўқи маҳв этди отамни жангда.
Ёдимда қайинзор, четанли қўрғон –
Совуқ куз ёмғири хониш қилганда
Учар сариқ барглар аридек ғужғон…

О, Русь, қайинларинг севаман бирам!
Сен-ла бирга ўсдим – ёшликдан ғамдош.
Шу боис қуруқшаб қолган кўзимдан
Ёноқларим узра оқар бехос ёш…

БАРГЛАР ТЎКИЛДИЛАР…

Барглар тўкилдилар
теракдан дув-дув,
Қаҳрабо эпкинлар эсдилар такрор.
Сен у хазонлар деб чекмагин қайғу,
Менинг муҳаббатим асрагин, дилдор!
Дарахтлар яланғоч қолсинлар, майли,
Қарғама елларни хазон чоғида!
Ахир,
ким ҳам айбдор эпкин туфайли
Дарахтдан баргларнинг узилмоғида?

* * *

Мен кўнглимга ахтариб таскин,
Бас, кетгайман ушбу дунёдан.
Майли, мени узоқ излашсин
Устимдаги ғамгин дарёдан.

Майли, жаннат этсинлар ваъда
Ва фароғат – қўллардан келмас.
Менга керак на уй, на кулба,
Энди гул ҳам мен-чун шарт эмас…

Русчадан Мирпўлат Мирзо таржимаси

***

Жўнагайман мен бу қишлоқдан…
қолар музга айланиб дарё.
Fижирлайди эшик тун билан,
Ҳовлиларда балчиқлар пайдо.

Жилмаймасдан ухлайди онам…
Унутилган бу кулранг ўлка.
Ҳиёнатим тўларсан оқшом
Беланчакнинг қошида, эркам…

Ботқоқликлар, тўнкалар тилсиз
Тўйғазгандай кафтда оқ қушни,
Меваси — ла ўрмоннинг у кез
Мени боқдингйўқотдинг ҳушни?!…

Сарой бўйлаб шамол шовқини,
Эшит, қизча тушда жилмайди?
Фаришталар ўйнатар уни
Қизча ерга қайтиб келмайди.

Андуҳ чекма! қайноқ қирғоқда
Кемаларни баҳорда кутма!
Кел, ичайлик видоли чоғда,
Маъюсгина меҳрим унутма.

Бир қирғоқда кутамиз нени,
Бизлартурфа қушлар, ишонгин,
қайтаролмас ҳеч нарса мени,
Балким қайтиб келарман бир кун…

***

Барча бир лаҳзада тушуниб етган
Сўзларни термоқлик эмас ақидам.
Коля Беляковни унутолмайман.
Ва унинг ажойиб сози ҳақида.

Зарбалари кучли, шафқатсиз ҳаёт.
Севаман, ногоҳон эшитсам узоқ,
Гитара куйларимовийранг ҳайрат,
Маънодор, жарангдор ҳар оҳанг, титроқ.

қора дуб остида ўзимга — ўзим,
Дердим бу ғамларнинг бордир охири.
қўполлик қилмайман, қизлар, чин сўзим!
Ва… майхўр бўлмайман отам сингари…

Орзу… Орзу… Буткул ўзгадир ҳаёт,
Гўё майхонасиз яшаб бўлмайди.
«Бу не?»  — сўрсам, Коля берар маслаҳат,
Бошқасидан сира кўнгил тўлмайди.

Бироқ бошқа маҳал топилар албат, —
Сўзларни термоқчи эмасман ҳозир.
Сўзлаб бермоқ учун ажойиб фурсат
Коля Беляков ва созига доир.

НОМАЪЛУМ ОДАМ

Зулматларда, қор қучоғида
Кетар эди оч, уйсиз, ночор.
Кенг ўрмоннинг чет қишлоғида
Бир эшикка етди ҳокисор.

Чорлашмади. Бир бефаросат
Кампир унга сочгандай қаҳрин:
Яқинлашди қора сукунат:
— Дарбадардир, эҳтимол, ўғри…

Кетар эди ғамгин ва мудҳиш,
қорга тўлиб борар қучоғи.
Кутиб олди ҳаёти сўлғин,
Совуқ боққан дарё қирғоғи.

Сесканди — ю, босилди титроқ,
Ҳушдан кетди тебраниб олдга…
Узилди жон, бесўз йўлдаёқ
Олган каби ўлимни ёдга…

У жон берди. қорлар куйлайди,
Бошланади шов — шувлар сайри.
Эҳ, одамлар, ҳамон ўйлайди:
— Дарбадардир, эҳтимол, ўғри…

ПОЕЗД

Поезд елиб борар ғулдираб, увлаб,
Поезд елиб борар жаранглаб, ғувлаб.
қаршисидан чиқар тўзонли кенглик,
Сарғиш оловларнинг галалари тик.

Поезд елиб борар, бу шижоатким,
Ақл бовар қилмас қудрат бебаҳо.
Буяқин ҳалокат қошидир балким,
Мустаҳкам — мустаҳкам оламлар аро…

Поезд елиб борар, шиддатли туйғу,
қайлардадир чангал, тўқай дунёси.
Яқин ҳалокатнинг боши балким шу,
Номсиз ҳодисотлар, ранглар видоси…

Мана, у, оловранг кўзлари чақнаб,
Учиб кетаётир… Йўл бер, пиёда!
қайсидир саройнинг ёнибекатда
Мени олиб кетди кўтариб девдай!

Тўзонли кенгликда у билан бу дам
Оромни ҳаёлга келтира олмам.
Еламанқайгадир жаранглаб, ғувлаб,
Еламанқайгадир ғулдираб, увлаб.

Еламанқайгадир зўр шиддат билан,
Жумбоқли коинот ҳамон мендай сир.
Балким ҳалокатнинг нақ бошидаман.
Ҳайқираман сўнг бор кимгадир: “Хайр!”

Бас, етар! Йилдан йил жаҳонда куч — ла
Улғайиб бораркан бу тез ҳаракат.
Шунча одамларга тўла поездда
қандай рўй бериши мумкин ҳалокат!

***

Бўйчан эман. Туби йўқ сувлик,
Соя қоплар атрофни фақат.
Шу қадар тинч, сокин шунчалик,
Изтироб небилмас табиат!

Сукунатга суюмли қучоқ, —
Ҳовуз бўйи сесканмас шамол.
Ким эшитган бундай қалдироқ!
Шилдирамас ҳовлида похол…

Ўрмон қуши куйлар аҳёнда…
Мен — ку қайтдим, ўтмишим қайтмас.
Неки ўтган бўлса, қай онда
Шундай қолсин. Узайсин бироз

Қалбнинг ғамдан озод лаҳзаси,
Шарпа беун силкинган маҳал
Шу қадар тинч, ҳатто ғам саси
Хаёлга ҳам келмайди малол.

Қалб ачинмай воз кечди недан
Чўмилади сир, малоҳатга
Ой нурига чулғанган маскан,
Юрак эса тиниқ ҳасратга.

КЕМА БИЛАН ВИДОЛАШДИНГ…

Юзда табассум — ла, кўзда ёш билан
Денгиз қирғоғида ёлғиз сен қолдинг,
Яна довуллар — ла ўйнашар елкан,
Севгим, ҳасратимни ўйинга солди!

Бетиним ташвишнинг ижодиман—мен,
Денгиз қуши янглиғ ёргум бўронни.
Шу абадий туғён, нолалар учун
Севиб қолдим қаҳри қаттиқ уммонни.

Севиб қолдим ўзга қутб шаҳрини,
Сафардан қайтаман яна бағрига.
У тота билади совуқ қаҳрини,
У ҳузур тотади азоб қаърида.

Яна унинг қўйни овозга тўла,
Унда ғам билан бахт тўқнаш маҳалда,
Юзда табассум — ла, кўзда ёш ила
Видолашдинг кема билан шамолда…

***

У ҳалиям гўдакдир, гўдак,
Тиниқ нигоҳ, майингина сас.
Яшайди унозикдир юрак,
Шўхликларга, ўйинга ҳавас.

— Айланайлик қалин ўрмонда!
— Уйғотайлик булбулларни ҳам!
Менга эса йўлка томонда
Тикилади ёлғиз курсичам.

— Югурайлик далалар томон!
— Кел, боқайлик, бу тонг — ку, ахир!
Истамасдан бўйин эгаман,
Нималардир дейман негадир.

Туйғуларим туғён солганда
Керагидан ортиғин билдим.
Бизлар тез — тез ёлғиз қолганда
Мени эзган ёлғизлик бўлди.

Яқинлашди энг сўнгги висол —
Fамгин боқар қаршимдаги гул.
Эҳ, сўзларим нақадар чигал!
У ўзини йўқотар буткул.

Нима учун кездик ўрмонда?
Булбулларни нечун уйғотдик?
Нима учун йўлка томонда
Ҳамон ёлғиз турар ўриндиқ!…

Ойгул Суюндиқова таржимаси

* * *

Борлиқ заъфар сасларга тўлди
Янграганда андуҳ навоси.
Қулоғимга келгандек бўлди
Видо айтган аёл овози.

Ёғиб кулранг осмондан қор,
Кузнинг оловлари ўчдилар.
Офтобсиз кун кўрмоғи душвор
Турналар ҳам бир-бир кўчдилар.

Ҳорғин юрак қон бўлиб кетди
Сўнган севги бергач зарбалар.
Ахир, англаш фурсати етди,
Қаттиқ севганларим шарпалар.

Бу маконлар омонат чоқда
Улардан ҳам кечиб бўлмас воз.
Кулранг осмон, муҳаббат ҳақда
Торлар мунграб айтишади роз.

Ва барибир ўшал мунглиғ роз
Билан ўтар яқин-йироқлар.
Эшитилиб суюкли овоз,
Шитирлайди заъфар япроқлар.

Мангуликка дахлдор бу дам,
Йўқотмоққа имкон йўқ вақтда.
Маҳзун наво янграганида
Очмангиз гап ҳеч нима ҳақда.

* * *

Ғира-шира ёриган арча,
Тун қаърида ўқтин-ўқтин сас.
Дил ёзсайдим. Қолганман чарчаб,
Лекин хона совуқ ва бекас.

Қизиқ… вақтни қилмаяпман фарқ,
Гўё кечмиш ичра кезяпман.
Мен ўзимни қачонлардир ғарқ
Бўлган кема ичра сезяпман.

Алаҳсираш устма уст фикр,
Хотиралар тўда кўланка.
Аниқ товуш ҳамда аниқ нур
Базўр етиб келади онгга.

Ўй-хаёллар, беҳуда ғулу
Диққатвозлик жонга тегарлар…
Шодлик ўрнин босади қўрқув,
Ором ўрнин азоб эгаллар.

Бир кун арча қаршисида тек
Турганимча мени ҳойнаҳой
Уйқу босиб қоладигандек,
Чулғагандек чаланг ёки лой.

Матназар Абдулҳаким таржимаси