Матёқуб ва Матюсуф Харратовлар
Хоразм…
Эски китобларимизда «Ховаразм» деб юритиларди. Кўпчилик ўша вақтдағи хонликнинг пойтахти бўлган Хева шаҳрининг номи билан «Хева» деб атарди. Бу иккала номни билмасдан «Урганч» деб айтадиганлар ҳам бўларди. Хуллас, букун жумҳуриятимизнинг олисрак бир округи ҳисобланган Хоразм инқилобғача Туркистон аҳолисининг кўпчилиги учун «Жобилға, Собилса» ўлкалари сингари хаёлсумон бир мамлакат эди. Бунга, албатта, Хоразмнинг жуғрофий вазияти, яъни Туркистон ўлкасининг маркази ва марказга туташган жойларидан олислиги, асл обод вилоятлардан чеккалиги, қатнов ва қулай йўллардан маҳрумлиги, бирдан-бир дарё йўли ҳисобланган Аму йўлида ўнғай қатнов воситаларининг бўлмаганлиги эди. Ахир Хоразм қўшиқчиси машҳур Сафо Муғанний* Ўзбекистон оқсоқоли ўртоқ Охунбобоевни Хоразм меҳнаткашлари номидан ашула билан қаршиларкан:
Хоразм бир узоқ округ,
Йўллари йўқ, бузуқ кўпрук, –
деб шикоят қилди-ку! Шу учун эмасмики, жумҳуриятимизнинг раҳбарларидан биронтаси бориб қолса, Хоразм меҳнаткашлари учун катта бир тўй бўлади ва у шодлик дарҳол шеърда (ашула) ва чолғу (куй)да акс этади.
Буюк инқилоб олисларни яқин қилди, масофаларни камайтирди, эскиларча айтсак, «ернинг танобини тортди», ажралганларни бирлаштирди, яширинганларни очди, кўлагада қолғанларни ёруқлиққа олиб чиқди. Бугун мамлакатимизнинг ёши-қариси унинг муҳим бир бўлаги бўлган Хоразмни билади, танийди, унинг санъаткорлари билан юзма-юз келиб танишди, унинг тарихин ўқуб билди, кечмишдаги қора саҳифаларини варақлади, хонларнинг қонли даврини ва у хонларга қарши кўтарилган кўпчилик ҳаракатларини ўрганди. Бугун Хоразм меҳнаткашлари ҳам бутун Ўзбекистон, бутун Ўрта Осиё ва бутун Иттифоқ меҳнаткашлари билан бирга ўз вилоятларида социализм қуриб, янги, тўқ ва қувноқ турмуш йўлида жон куйдириб, пахта далаларида юксак меҳнат намуналарини кўрсатиб турадилар.
Бир замон Хоразмнинг сарой адабиётини ўқуй олганлар унинг шеърдаги катта устозларини – «Мунис»*, «Огаҳ»* ва «Комил»ларини* – бир қадар билардилар. Биз «Комил» (ўзича айтсак, Комил Хоразмий) кейингирак даврнинг одами бўлганидан уни дурустгина билардик.
Шунда ҳам биз кўп нарсаларни билмас эканмизки, бундан 70 йиллар бурун Хоразмнинг пойтахти бўлган Хева шаҳрида Қурбон ака деган бир харрот (дукчи) яшар экан. Ўзининг кичкинагина дукчилик дўконида ёғочдан эшик, дук (йиг), чиғириқ, сумак, теша, болта соплари ва ўқлоғ қилиб тириклик қилар экан. Унинг шогирди ва халфаси бўлмаган. Унга дукчилик ишларида ўғли Матёқуб кўмаклашар экан. Эслик ота ўғлининг билимга ва чолғуға ҳавасини кўргач кўп ўйлаб турмасдан уни тўппа-тўғри ўша замоннинг катта шоир ва уста чолғучиси бўлган Комилнинг ёнига олиб борган, «Шуни менга яхши одам қилиб беринг», – деган.
Партия марказий органи бўлган «Правда» газетасининг шу йил 12 сентябрда чиққан сонида мўйсафид ва нуроний бир чолнинг танбур машқ қилиб ўтурган сурати босилиб чиқди. Сурат остида шундай дейилади: «Тошкентга Хоразмнинг энг қари халқ ашулачиси ва чолғучиси Матёқуб Харратов* келди (ёши 70 да). У Хоразмнинг бутун классиқ мақомларини ва халқ чолғусини билади. Унинг ашулалари Тошкентда грамўфўн лаппакларига олинажак».
«Правда» орқали бутун Иттифоққа, балки бутун дунёга танилган бу одам – ўша дукчи Қурбон аканинг ўша биз айтган ўғли Матёқубнинг худди ўзи. У Комил (Паҳлавон Ниёз)нинг, кўпрак унинг ўғли шоир ва чолғучи Матрасул Мирза (тахаллуси «Мирза»)нинг тарбиясини кўриб етишади. Ҳозир 70 ёшда бўлган бу одам, юқорида айтилгандек, Хоразм классиқ мақомларини (шашмақомнинг Хоразм вариантини) «Хоразм чизиғи» деб машҳур бўлган Хоразм ноталари билан бирга мукаммал билади. Хоразм халқ куйлари (кўпрак достон йўллари)дан ҳам яхши хабардор. Ўзининг «Харратий» деган бир куйи ҳам борки, шашмақомға қўшулади. Асосан танбур чолса-да (танбурни мукаммал билади)*, чанг машқ қилишда ҳам маҳорати катта. Ўзи жуда хушхат, ўз умрида икки юзга яқин китобни чиройлиқ хат билан кўчириб чиққан. Кўп ҳикоя, чўпчак, латифаларни билади. Суҳбати ширин. Фасоҳат* билан, сўзга оро бериб гапиради. Соғлиқни сақлаш хусусида бу одамнинг ўзига хос бир усули бор: у бутун умрида кўпрак қатиқ ва нон еб ўтган. Иложи бўлганда қатиқни бир кун ҳам тарк қилмайди. Ёши 70 га борса ҳам, ўзини йигитдек сезади. Қувватли ва қувноқ… кўп юради, кўп ишлайди, чарчамайди. Тошкентга келганида пиёда юришда ўз ўғлини шошириб қўйган. Ўзи соғлом ва тетик кўринади: шу учун бўлса керак, Тошкентдаги ўғлига тегишкан: «Ўғлим, сен қариб қолибсан», – деган…
Илгари Хоразм музика техникумида ишлаган, кўп шогирд етишдирган. Ҳозир Янги Урганчда давлат тиётрида чолғучи бўлуб ишлайди. Ҳозирги тиётр, чолғу, рақс масалаларига қизиқади, «Бир оз ёш бўлсам, оврупоча нота ўрганардим, – дейди чол, – аммо ёшим 70 га етганда эп келмас. Ёшлар ўргансин, албатта ўргансин».
Чолнинг бу насиҳатини бошлаб ўз ўғли Матюсуф Харратов* қулоғиға олади. Матёқубнинг ўз ўғли билан Оврупо нотасига ёзган куйлари 15 га етади. Матюсуф оврупоча музика илмининг бошланғич асосларини билади. Ёши қирқдан ўтганда Самарқанддаги Музика институтида (1930 – 1931 йиллар) нота билан скрипка ўрганди. Унинг «Хоразм чизиғи нотасини Оврупо нотасига уйдуриш», «Ерли чолғу асбобларини нота усулига уйдуриш» деган асарлари бор.
Матюсуф 1889 йилда туғулди. Умуман, чолғуни ўрганишда Матрасул Мирза билан ўз отасидан таълим олди. Чангни унга Қаландар Дўнмас ўргатди: ашулани Хоразмнинг биринчи ҳофизи ва тамбурчиси бўлган Матёқуб Пазочидан ўрганди. Тамбур билан чангни яхши билади; бундан ташқари, ғижжак, скрипка, гармон, дутор ва доира (чилдирма) чалади. Доира усулларига ошно ашула қилади.
Харратовнинг бошқа бир қанча эски ҳофиз ва чолғучиларимиздан айрим яхши сифати шуки, ўзи куй чиқариш ва халқ куйларини ишлаш ҳамда уларни ўзи нотага олиш билангина қолмасдан, музика соҳасида қўлидан келганча илмий асосларда ишлашга урунади. Юқорида айтган икки китоби бунга далил. Бундан ташқари, у ўзининг Шарқ (ўзбек) чангини қайтадан ишлаб Оврупо товуш қаторлари усулига солди, яъни чангда ҳар қандай Оврупо куйини тўғри чала биладиган бир иш қилди. У ҳозир тамбурни ҳам мукаммаллаштириш устида ишламоқда.
Унинг «Хоразм мусиқий тарихчаси» деган китоби 1925 йилда Масковда босилди. Унинг ижод қилған ва нотага солған куйлари социалистик қурулишнинг энг актуал мавзуларига бағишланган. Бу нарса уларнинг номлариданоқ кўриниб туради: «Колхоз куйи», «Ғайрат – пахтага!», «Пахтани теринг», «Қизил аскар», «Мудофаа марши», «Яшасин Совет!» – булар ҳаммаси ўзбекча; бундан бошқа тожикча уч куйи бор (ашулалари билан): «Шавем қижлоқ равона», «Зиндабўд деҳқоний!», «Чиндани пахта».
Хоразмда хонлик ағдарилған кунлардан бошлаб* инқилоб ишларига яқиндан ва фаол аралашади. Хоразмда биринчи маориф назоратини ташкил қилишади. Хоразмда музика техникуми ташкил қилиб, унда мудир бўлади. Ўзбекистон маркази Самарқандда эканда Маориф комиссарлиги чақиртириб олади. Бунда у Музика институтини ташкил этиш(да қатннаш)ади ва институтда тўрт йил муаллимлик қилади. Самарқанд радиосида муттасил 7 йил ишлайди.
Ҳозир Тошкент радиосида ишламоқда.
Таржумаи ҳол қабилидан бўлган бу маълумотлар билан кифояланмакчи эмасмиз, албатта. Айниқса, ҳали отасига нисбатан ёш, истеъдодли ва ғайратли бўлган ўртоқ Матюсуф тўғрисида, унинг бундан кейинги йўли ва қилажак ишлари хусусида фикримизни айтмасдан ўтолмаймиз. Ўртоқ Матюсуф, боя айтганимиздек, бизга Оврупо музика билимининг кераклигига ҳеч бир шубҳа қилмайди. Отаси ҳалигидек деб турганидан кейин жиндак шубҳа қилса ҳам айб бўлар эди. Фақат ўртоқ Матюсуф, у билан бирга бошқа кўп чолғучиларимиз ҳам билишлари керакки, Оврупо музика билими фақат бошланғич назариядан (нота ўрганишдан) иборат эмас; унинг гармония (оҳанг илми), кўнтрапункт сингари жуда муҳим, лекин оғир поғоналари бор. Оврупо музика билими зинасининг биринчи поғонасиға қадам қўйганлар нариги поғоналарға ҳам тирмашиб чиқмасалар чала билим билан музика соҳасида кўп нарса қилолмайдилар. Ҳолбуки, ўртоқ Матюсуф кўп нарса қилмоқчи; бу хусусда унга кўмак бермаганлардан койиб гапиради. Лекин, ҳаммага маълумки, бизда билим ортдириш учун имконлар катта. Бу йўлда ҳар кимга ҳар қандай ёрдам кўргазилади. Фақат кишининг ўзидан ғайрат талаб қилинади. Ўртоқ Матюсуф шу ғайрат билан қуролланиши лозим.
У Оврупо музика билимини етарлик даражада ўрганиб, ундан кейин Шарқ классиқ мақомлари ва халқ куйларини ҳам яхшилаб текшириб, Шарқнинг эски музика билимлари билан ҳам танишиб майдонга чиқса қимматбаҳо асарлар берган бўлар эди.
Рост, унинг ҳозирги ишларига совуқ қараган, айниқса, чангдаги ўзгаришларга аллақандай қуруқ билимдонлик билан яқинлашиб, конкрет ва тўғри йўл кўрсатмаган кишилар бор. Унинг баъзи илмий асарларини йиллаб «сақлаб» ётган, нусхасини йўқотған, қадрлай олмаган идоралар бор. (Ўзнашр ва Санъат институти.) Биз улар тўғрисида қичқиришдан тўхтамаймиз. Лекин дўстлик кенгаши яна Матюсуф аканинг ўзига оид бўлади. У кенгашни эса биз бердик.
____________________
«Гулистон» журналининг 1936 йил 1-сонида «Чўлпон» имзоси билан эълон қилинган. «Адабиёт надир» тўпламида қайта нашр этилган.
«Гулистон» журнали асосида нашрга тайёрланди.
Сафо Муғанний (тахаллуси, ҳақиқий исми-шарифи Сафо Оллоберганов) (1882 – 1939) – ўзбек шоири, бастакор-созанда ва жамоат арбоби.
Мунис Хоразмий (тахаллуси, асл исм-шарифи Шермуҳаммад Авазбий ўғли) (1778 – 1829) – ўзбек шоири. Ижодида халқчиллик, тараққийпарварлик ғоялари етакчилик қилган. «Мунис ул-ушшоқ» девонига тартиб берган, тарихий воқеаларни баён этувчи «Фирдавс ул-иқбол» асари муаллифи
Огаҳ (Огаҳий) (тахаллуси, асл исм-шарифи Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли) (1809 – 1874) – ўзбек шоири, муаррих ва таржимон.
Комил Хоразмий (тахаллуси, асл исм-шарифи Паҳлавон Ниёзмуҳаммад) (1825 – 1899) – ўзбек шоири, мусиқанавис, таржимон ва хаттот.
Матёқуб Харратов (1867 – 1939) – халқ созандаси (танбур, дутор, ғижжак), мақомчи ва хаттот. Қурбон Ҳаррот (дурадгор) ўғли. К.Хоразмий ихтиро этган «Хоразм танбур чизиғи»ни такомиллаштириш ва унинг воситасида Хоразм мақомларини нотага олишда ижрочи, тадқиқотчи ва хаттот сифатида Муҳаммад Расул Мирзабоши билан ҳамкорлик қилган. Муҳаммад Раҳимхон саройидаги созанда ва мақомчиларга устозлик қилган.
«Танбурни мукаммал билади» – созанданинг танбурни, айниқса, яхши билиши назарда тутилмоқда.
Фасоҳат (араб.) – равон, ёқимли, услубнинг чиройлилиги.
Матюсуф Харратов (1888 – 1952) – хонанда, созанда, бастакор ва шоир. Тахаллуси Чокар, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби.
«Хоразмда хонлик ағдарилган кунлардан бошлаб» – 1920 йил 2 февралда Хива хони Саид Абдуллахон тахтдан туширилган.