Саййид Шамсул Ҳақ (সৈয়দ শামসুল হক) – таниқли адабиётшунос. У назм, наср ва драматургияда ҳам бирдай ижод қилади. Шоир асарлари Бангладеш мактаб ва коллеж дарсликларига киритилган. У адабиётда маданий, тарихий ҳодисаларни кўпроқ акс эттиради. Шунингдек, Шекспирнинг “Макбет” асарини бенгал тилига таржима қилган.
ЎЗЛИК
Бенгал диёрида дунёга келдим,
Бенгал лисонида чиқди саводим.
Минг йиллар йўл юрдим, эгри-бугри йўл.
Унут бўлиб кетди оёқ излари,
Покиза қалбларга ташлагандим қўр.
Дарёлар сўроқлар: “Қаердан келдинг?”
Келдим Чҳаряпада* алифбосидан,
Савдогар қайиқлари элтди бу ерга.
Мен Коиборто қишлоғиданман,
Мен ўша Паланинг* чизмаларида.
Келдим Паҳарпурдан, Буддахонадан,
Жўра* ибодатхонасидан келдим.
Барендранинг Сона масжиди– Ватан,
Бенгал театр томошасидан келдим.
Жангчи Баро Бҳуиястомондан келдим,
Камала Дигҳи, Моҳуадан* яралганман мен.
Титумир, Ҳожи Шариат*, инсондан келдим,
“Гитанжали”*, “Агни Вина”* – менинг кечмишим.
Ҳудирам ва Суря Сен* менинг насабим,
Жайнулу Абан Тҳакур* авлодиданман.
Шайх Мужибур Раҳмондир* наслим,
Тил-чун қон кечганлар замониданман.
“Яшасин, Бангладеш!” шиори – ўзим,
Озодлик жангидан чиқдим мен омон.
Минглаб қадамларни қолдириб қайтдим.
“Йўлдан не келтирдинг?” сўрайсан ҳамон.
Билмайсан, бенгал ўтмиши недир.
“Инсон – ҳақиқат, ўзгаси ҳечдир”.
Биз биргамиз, яшаймизбирга.
Барҳам беражакмиз ул сўқирликка.
Ўзлигим шудир менинг, бенгал одами,
Қиличларга қалқон шонли тарихим.
Бенгалнинг ғаними менинг душманим,
Орзуларга тўла келажак куним.
Сиртмоқларга қўйгум бу бошни
Табассум-ла най чалганча жим.
Ўзгаси синдирмас тоқатни, жомни,
Далил ўзи удир, исбот – ўтмишим.
Менинг отам Шайх Мужибурмиди?
Тарихни унутсам – қандай ўғилман?
Кўзда осмон, қалбда ишонч, тупроқ қадамим,
Мен – унинг сайёҳи, мен ўзи йўлман.
__________
* Чҳаряпада – буддизмдаги самовий шеърлар тўплами. У VII–XII асрлар мобайнида эски бенгал, орий ва бошқа тилларда ёзилган.
* Пала қироллиги – ҳозирги Шарқий Ҳиндистон ва Бангладеш ҳудудларида VII–XII асрларда ҳукмронлик қилган салтанат.
* Жўра Бенгал ибодатхонаси Бангладешнинг Мадарипур шаҳрида жойлашган бўлиб, XVII асрда рожа Рам Рой томонидан қурилган.
* Камала Дигҳи, Моҳуа – Шарқий Бенгалиянинг фольклор балладалари.
* Титумир, Ҳожи Шариат – ХIX асрда Британия мустамлакачиларга қарши курашган бенгал жангчилари.
* “Гитанжали” – Рабиндранат Тагорнинг 1912 йилда инглиз тилида чоп этилган шеърий тўплами.
* “Агни Вина” – Қози Назрул Исломнинг 1922 йилда эълон қилинган инглиз тилидаги илк шеърий тўплами.
* Ҳудирам, Суря Сен – Ҳиндистон мустақиллиги учун курашган қаҳрамонлар.
* Жайнул, Абан Тҳакур – Бангладеш санъатини дунёга танитган рассомлар.
* Шайх Мужибур Раҳмон – бенгал халқ қаҳрамони, Бангладешнинг 1971 йилда Покистон мустамлакасидан озод бўлишида раҳнамолик қилган.
Инглиз тилидан Севара Алижонова таржимаси