Ол Маҳмуд (1936)

Мир Абдушшукур Ол Маҳмуд (আল মাহমুদ) — машҳур бенгал шоирларидан бири. У ижодини журналист сифатида бошлаб, 1950 йилларда адабиёт оламида кўрина бошлайди. 1963 йилда чоп этилган шеърий тўпламидан сўнг шоир сифатида тан олинади. У роман, ҳикоя ва эсселари билан ҳам эл оғзига тушган. 1971 йилги Бангладеш озодлиги учун бўлган урушдан сўнг “Ганаканта” газетасида бош муҳаррир ўринбосари вазифасида ишлайди.

ХОТИРА ТУЙНУКЛАРИ

Нега унутмайсан, унутолмайсан?
Ҳилол йўлдош бўлган сайрларни унут.
Ўтлоқдаги майсалар, шабнамни унут.
Чўнтагимга солиб муздек қўлларинг
“Ёрдам беролмайман, кечиргин” дердинг.
Бакул* бутоғининг ёриқларидан
Булбул қаҳқаҳасин садоси келди.
Нега ўчирмайсан, ўчиролмайсан?
Девордаги кўмир изларин ўчир.
Юзим қизартирган нозларинг ўчир.
Хавотирлар олиб яшрин ғазабдан,
Титраб кетарди-ку маржон шодаси
Нозик бўйнингдаги, айтгин, юракдан,
Тўхтатиб бўларми висол бодасин?
Томинг тепасида турибди ҳилол,
Етса жасоратинг, нурин беркитвол.
Қара, дарё сувин тоширар ўрдак
Ўзининг минг турли қилиғи билан!
Унда гуноҳ бўлса, бўлса агарда,
Қурит дарёларни илдизи билан.
Муҳаббат, муҳаббат, топта, қил яксон
Зиё ва соянинг хунрез тузоғин.
Нега топтамайсан, қилмайсан вайрон?
Ахир, бор эди-ку илож-имконинг.

МАФТУНИНГМАН

Заминни, дунёни кезиб, тентираб,
Мен яна эшигинг қоқиб турибман.
Сен учун йўқсиллик қиличин тираб,
Сен учун ўзимдан мағлуб турибман.

Мен сенинг мафтунинг, боргум қай сари,
Истасанг, ўлимнинг зулматин ёргум.
Ошкор ўпичлар-у гулдирак билан
Қучиб олгум сени, … ва ожиз қолгум.

Ям-яшил дарахтнинг бўйи бўлсайдим,
Зим-зиё зулматда ярақлаган уй.
Қора балиқ бўлиб сенга етсайдим
Елкага тилла тош ортмоқлаган кўй.

Аквариумга ўхшар бошпанам,
Шинам, тоза, ойдайин ёруғ.
Мовий денгиз бир парчасидан
Макон топгил, ҳой, тилла балиқ.

Кафтимда сувпари айлайди хиром,
Қара, тиллоларин ҳар ёна сочиб.
Кириб оладими ичингга шамол
Ўзидан-у мендан, дунёдан қочиб?

Мен яна эшигинг қоқиб турибман…

Инглиз тилидан Севара Алижонова таржимаси
__________
Бахул – дарахтнинг бир тури. Эл орасида “Қушлар дарахти” дея ном олган.