Аслият асарларида бўлгани сингари таржимачилик ҳам ўзининг олис ва яқин тарихида ёрқин намояндаларига эга. Бу, аввало, таржима қилинаётган асарнинг қиймати ва аҳамиятлилиги билан шартланган бўлса, иккинчидан, таржимон малакаси ва истеъдоди айрича роль ўйнайди. Гоҳо шундай ҳам бўладики, таржима сифати аслиятникидан ўтиб тушади. Бу, шубҳасиз, таржимоннинг маҳорати ва тажрибасига бевосита боғлиқ. Ана шундай “аслиятдан ўтказиб” таржима қилган ижодкорлардан бири, ҳеч шубҳасиз, Мирзиёд Мирзоидов эди. Олдиндан айтиб қўя қолайлик: узоқ йиллардан бери телевидение экранидан тушмай келаётган “Иван Васильевич касбини ўзгартиради”, “Қушдай енгил бўлинг…”, “Ишдаги ишқ”, “Қароқчи чоллар” сингари эл қалбига ўчмас из солган фильмларни эслашнинг ўзи кифоя. Аммо Мирзиёд Мирзоидовнинг бадиий асарлар таржимаси борасида қилган меҳнати, чеккан заҳматига ўлчов йўқ дейиш мумкин.
Мирзиёд Мирзоидов нисбатан қисқа – бор-йўғи 50 йилгина умр кўрди. У 1930 йилда Тошкент вилоятининг Юнусобод қишлоғида таваллуд топди. Отаси Мирзоид Мирҳамидов 1941 йилда вафот этгач, ёш Мирзиёд жамоа хўжалиги ташкилотчиларидан бири, соҳибкор боғбон Мирҳамид бобо қўлида тарбияланди. Ўрта мактабни 1947 йилда кумуш медаль билан битирган Мирзиёд Ўрта Осиё Давлат университети – САГУ (ҳозирги Миллий университет)нинг филология факультетига ўқишга кирди. Ўқишни битиргач, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётига ишга кирди, бу масканда бўлажак таржимон муҳаррир ва катта муҳаррир лавозимида фаолият олиб борди.
1965 йилда Мирзиёд Мирзоидов Ёзувчилар уюшмасига аъзоликка қабул қилинди.
Мирзиёд Мирзоидов ўша вақтларда А.Қодирийнинг “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романларини қайта-қайта мутолаа қилар эди. Ижодий қалами чархланишига асосан мана шу икки китоб катта таъсир кўрсатганини Мирзиёд ака фахрланиб гапирар эди. А.Қаҳҳор, Ойбек, Ҳ.Олимжон сингари ўзбек адабиётининг улкан намояндалари билан шахсан танишлиги ва улар асарларини қунт билан ўрганиши унинг таржимачилик салоҳияти тинмай ортиб боришида муҳим аҳамият касб этди. Хусусан, А.Қаҳҳор, М.Исмоилий, А.Охундийларнинг таржима соҳасидаги маҳоратлари ўрта авлодга мансуб Мирзиёд аканинг ижоди гуркираб ўсишига омил бўлди ва кўп ўтмай унинг ўзи ҳам республикамиздаги таржимачилик мактабининг етакчи намояндаларидан бирига айланди. Агар “Эллада қаҳрамонлари”, Л.Пантелеев, Г.Белихнинг “Шкид республикаси” каби асарлари таржималарини М.Мирзоидов фаолиятининг бошланғич паллалари деб оладиган бўлсак, Г.Севунцнинг “Теҳрон” (2-китоб), В.Варманинг “Жҳансий маликаси”, Оноре де Бальзакнинг “Гобсек”, А.С.Шишковнинг “Саркаш дарё” (1-китоб) асарлари таржималари унинг ижодий муваффақиятлари чўққисини ташкил этади.
Айтиб ўтганимиздек, М.Мирзоидовнинг бадиий фильм таржималари унинг ижодида алоҳида ўрин тутади. Фильм қаҳрамонларини ўз тилида гапиртира олиш маҳорати у таржима қилган фильмларда яққол намоён бўлди. Таржимон жами ўн икки фильм, тўрт пьеса, тўрт телеспектаклни рус тилидан она тилимизга ўгирди. Тўлиқ бўлмаган рўйхатда М.Мирзоидов қаламига мансуб ўттизга яқин роман ва қисса номларини ўқиш мумкин. Тургенев, Горький, Шолохов, Фадеев, Артур Конан Дойль, Мустай Карим асарлари Мирзиёд Мирзоидов таржимасида ўзбек маданиятининг меросига айлангани асло муболаға эмас.
М.Мирзоидов 1980 йил 6 апрелда оламдан ўтди. Заҳматкаш ижодкорнинг жонли, тўлақонли, шу билан бирга ўта мувофиқ таржималари ўзига хос маҳорат мактаби бўлиб қолди. Санжар Сиддиқ, Мирзакалон Исмоилий, Абдулла Қаҳҳор каби йирик устозлар бошлаб берган таржимачиликнинг шонли йўлини муваффақиятли давом эттирган ва ривожлантирган энг ёрқин ижодкорлардан бири, шубҳасиз Мирзиёд Мирзоидов бўлди.
Аслида, чинакам таржимон танланган асарнинг сўзларинигина она тилига ўгириб қўймайди, балки унинг руҳи ҳам китобхон қалбига етиб борадиган даражада ифода этилишига ҳаракат қилади. Шу маънода ўзбекча тафаккурга хос сўзлар нафақат миллий бадиий асарларда, айни чоғда таржима асарларда ҳам узукка кўз қўйгандай ярашиб туради. Айни чоғда бу ҳол таржимоннинг маҳорати, кузатувчанлиги ва синчковлигини кўрсатади. Таржима санъати сир-синоатини ўрганмоқ истагидаги ёшлар учун устозлар маҳорати ибрат мактаби вазифасини ўтайдики, айни ўринда сўз юритилаётган мутаржим Мирзиёд Мирзоидов қаламидан чиққан асарлар шу жиҳатига кўра ҳам қимматлидир.
Устоз таржимоннинг сўзни танлаб-танлаб, саралаб-саралаб ишлатиши, кам қўлланиладиган, аммо маъно нозиклигига эга иборалардан ўринли фойдаланишига қуйида эътиборингизга жузъий қисқартиришлар билан ҳавола этилаётган И.С.Тургеневнинг “Ғолиб севги қўшиғи” асари таржимасида ҳам ишонч ҳосил қилиш мумкин.
“Вскоре он вступил в брак с Валерией” жумласидаги “вступил в брак” иборасини бугун кўпчилик, эҳтимол, “никоҳдан ўтди” ёки “никоҳланди” тарзида она тилимизга ўгириши мумкин. Ҳолбуки, сўзлашувимизда икки ёшнинг умр йўлларини боғлаши маиший турмушдан келиб чиққан ҳолда гўзал ибора билан ифодаланадики, таржимон ҳам бу ўринда айни иборани қўллайди: “Кўп ўтмай у Валерия билан бир ёстиққа бош қўйди”.
“Почтенная вдова пролила несколько слёз при мысли о разлуке с любимым детищем” жумласидаги онанинг изтироб ва қувончларини таржимон “маржон-маржон ёш тўкди” тарзида ўгиради. Бу бир жиҳатдан мунис она учун танлов нақадар оғир бўлганини, у муттасил шу ҳақда ўйлаб, аламини тинмай кўз ёшдан олганини кўрсатса, бошқа жиҳатдан образлилиги боис китобхон тасаввурида ҳолатни ёрқинроқ намоён қилади.
Асар қаҳрамони Муций она шаҳрига қайтиб келганида “кўзлари илгаригидан кўра киртайгандек кўринарди”. Бу жумла рус тилида “…глаза казались углублённее прежнего” шаклида ифодаланган. Ҳолбуки, узоқ сафар машаққатларини бошидан кечирган киши ҳар қанча тетик кўринишга уринмасин, йўл азоби – уйқусизлик, ҳорғинлик, чарчоқ кўзларида акс этади. Бинобарин, ўзбек таржимони айни маъноларни тўкис ифода эта оладиган инжа сўзларимиздан “киртаймоқ”ни топа билган.
Бадиий асар тилнинг ифода имкониятлари бор бўйича акс этадиган ноёб воситадир. Турли сабаблар билан гоҳида унутилгандай туюладиган, хира тортган сўзлар ҳам агар муваффақиятли қўлланилса, бадиий асарда ярақлаб кетади. Она тилимизда биттагина сўзнинг ўнлаб маънодошлари борлиги эса ижодкорга катта имконият беради. Масалан, “Ғолиб севги қўшиғи”да шундай жумла бор: “Фабию почудилось, что на тёмном лице Муция мелькнуло два белых пятнышка…” Болалигидан қорача бўлган, устига-устак, саҳро ва денгиз оша саёҳат қилган Муцийнинг юзи, малайялик малайнинг илму амали туфайли, янада ажабтовур кўринишга киради. Буни М. Мирзоидов “Фабийнинг назарида, Муцийнинг қopaтўри юзида иккита оппоқ доғ милт этиб кўрингандек бўлди…” тарзида она тилимизга ўгиради. Хуллас, таржима ҳам она тили бойлигини муносиб акс эттирувчи восита экани М.Мирзоидовдек таржимонлар меҳнати билан янада яққолроқ намоён бўлади.
Амир Файзулла,
Отабек Сафаров
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 5-сон